Исроилнинг ядро дастури ҳақида маълумот сиздирган одам ким? Мордехай Вануну ҳақида

Сурат манбаси, Reuters
Ўтган ҳафта Исроил Эронга қарши "Қалқаётган шер операцияси" номли ҳужумни бошлагач, Бош вазир Бенямин Нетаняху: "Биз Эроннинг қуролланиш дастури юрагига зарба бердик", деб баёнот берди. Бу сўзлар Исроилнинг урушдан мақсадларини очиқ-ойдин кўрсатди.
Эрон ўзининг ядро дастурини тинчлик мақсадларида юритаётганини таъкидлаб келади. Аммо Исроил уни ядро қуроллари устида яширин ишлаётганликда айблайди. Ўз навбатида, Исроилнинг ўзи ядро арсеналига эгалигини на тасдиқлайди, на инкор этади – бироқ дунё ҳамжамияти кенг миқёсда бу давлатда ядро қуроллари борлигига ишонади.
Бу ишонч бир инсон номи билан боғлиқ: Мордехай Вануну. У Исроилнинг яширин ядро дастурини фош этиб, мамлакатнинг ядро қудратига эга давлат сифатида тан олинишига сабаб бўлган. Бироқ унинг бу қарори унга деярли 20 йиллик эркинликка тушди.

Сурат манбаси, AFP
Тарихий фош этиш
1986 йил октябрида The Sunday Times газетаси "Исроилнинг ядро арсенали фош этилди" сарлавҳаси остида мақола чоп этди – бу Британия журналистикасидаги энг муҳим фош этишлардан бири сифатида тан олинган. Манба исроиллик ядро техниги Мордехай Вануну эди.
Вануну Негев чўлида, Қуддусдан 150 км жанубда жойлашган Димона махфий ядро тадқиқот марказида ишлаган. Ишдан кетишидан аввал у ядро қуроллари тайёрлашда фойдаланиладиган ускуналар ва лаборатория моделлари суратларини яширинча олган.
Газета Исроил дунёдаги олтинчи ядро давлатига айланганини ва тахминан 200 та атом бомбага эга бўлиши мумкинлигини эълон қилди.
"Кайфиятимиз таранг, чарчаган эдик – ўша ерда ишлаётганларнинг аксарияти ҳаётида бундай йирик ҳикояни ёритмаган эди," дея эслайди The Sunday Times газетасининг суриштирувчи журналисти Питер Ҳунам BBC билан суҳбатда.
Аммо айнан The Sunday Times ушбу мақолани чоп этган куни – 5-октабрда – уларнинг асосий манбаси ғойиб бўлди.
Хоинми ёки фош қилувчи?

Сурат манбаси, Getty Images
Жаноб Ҳунам Ванунуни биринчи марта ўша йил август ойида Австралиянинг Сидней шаҳрида учратган ва унинг ташқи кўриниши ҳамда ўзини тутишидан ҳайратда қолганини айтади.
"Вануну қаршимда пайдо бўлганида миттигина, озғин, бироз сочлари тўкила бошлаган, иккиланган алфозда, оддийгина кийинган одам эди – у ядро олими деган тасаввурга ҳеч тушмасди," дея эслайди Ҳунам.
"Бироқ у Димонада кўрганларини дунёга ошкор этиш қарорида қатъий эди," деб қўшимча қилади у.
Вануну 1985 йил охирида ишдан кетган ва Осиёга саёҳатга отланганди. Исроилнинг фаластинликларга нисбатан сиёсати ҳамда ядро қуроллари ишлаб чиқараётганидан ҳафсаласи пир бўлганди. Аввал Австралияга, кейин эса Лондонга борди ва The Sunday Times журналистларига мурожаат қилди.
Бўшашидан олдин, у ядро заводидан икки рулонлик фильм тасмасини олиб чиқди – бу тасмаларда радиактив моддаларни қурол ишлаб чиқариш учун ажратиб олиш ускуналари ва термоядро қурилмаларининг лаборатория моделлари акс этган эди.
Бу қарор уни аввал Лондонга ва The Sunday Times'га олиб келди, сўнг Римга кетди, у ерда Исроил разведкаси Моссад томонидан ўғирланди, Исроилга қайтарилди ва узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
"У камерани тасмасиз ҳолда қандай яшириб олиб кирганини, тасмани кейинроқ пайпоғига яшириб олиб кирганини ва кечаси ҳамда эрта тонгда яширинча суратга олганини ҳикоя қила бошлади", дейди Ҳунам.
The Sunday Times таҳририяти Ҳунамга Ванунуни Лондонга олиб келиб, ҳикояни чуқурроқ текширишни тавсия қилди.
Хавотирларига қарамай, Вануну Буюк Британияга учишга рози бўлди. The Sunday Times уни Лондондан ташқаридаги сокин бир қишлоқ меҳмонхонасига жойлаштирди.
Аммо у безовта бўла бошлагач, Лондондаги бошқа меҳмонхонага кўчирилди. Сўнг кутилмаган воқеалар бошланди.
Ҳунам эслашича, "Ўша ҳафта охирида у кўчада юрганида бир аёл билан танишган эди. У билан бир неча бор кўришган, ҳатто кинога ҳам бирга боришган. Мен ундан: «Бу аёл чин дилдан дўстлашяптими, ишончингиз комилми?» деб сўраганман."
Вануну Лондонда бўлиб турган вақтида Ҳунам унинг хавфсизлигидан тобора кўпроқ ташвишга туша бошлади, ундан мунтазам хабар олиб турди. У охирги суҳбатларини шундай эслайди:
"У менга: «Мен Англия шимолига бир неча кунлик сафарга кетмоқчиман, ҳаммаси жойида бўлади», деди. Мен унга: «Нима қилишингиздан қатъи назар, менга кунига икки марта қўнғироқ қилинг – хавфсиз экканингизни билиб туришим керак», дедим."
Орадан бир ой ўтиб, Исроил ҳукумати Вануну ҳибсга олинганини эълон қилди. У классик "асал тузоғи"га тушиб қолган ва ҳушсиз ҳолда қайиқда Исроилга яширинча олиб кетилган эди.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил ичида қамоққа олиб кетилаётган пайтда, Вануну ўзининг ўғирлаб кетилгани тафсилотларини қўлининг кафтига ёзиб, фургон ойнасига босиб турган ҳолда журналистларга кўрсатишга муваффақ бўлди.
Унинг айтишича, у Лондонда келиб чиқиши америкалик Моссад агенти Шерил Бентов билан танишган, у ўзини турист сифатида таништирган эди.
30 сентябрь куни у билан Римга "таътил"га йўл олган ва у ерда ҳушсизлантирилиб, ўғирлаб кетилган.
1987 йил март ойида Вануну хиёнат ва жосусликда айбланиб, 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу йилларнинг ярми бир кишилик камерада ўтди.
"Мен дунёга нима бўлаётганини айтмоқчи эдим... бу хиёнат эмас, балки дунёни огоҳлантириш эди, бу Исроил сиёсатидан фарқ қилади," деди Вануну қамоқдаги ёзиб олинган интервьюсида.
У 2004 йил 21 апрелда озод қилинган, аммо шу пайтгача Исроилдан чиқишга рухсат берилмади.
Озодлик шартларини ёки пробация қоидаларини бузганликда айбланиб, у бир неча бор яна қамоққа тиқилган.
2009 йилда яна ҳибсга олинаётганда Вануну шундай қичқирди: "Сиз 18 йилда мендан ҳеч нарса ола олмадингиз; уч ойда ҳам олмайсиз. Уят сенга, Исроил!"

Сурат манбаси, Getty Images
Сирли келишув
Ванунунинг фош қилишига қадар, Исроилнинг ядровий салоҳияти ҳақида ҳатто унинг энг яқин иттифоқчилари ҳам кўп нарса билмас эди.
Эҳтимолга кўра, Исроил ядровий дастурини 1948 йилда давлат ташкил топганидан кўп ўтмай бошлаган.
Душманлари сон жиҳатдан кўп бўлган Исроилнинг илк Бош вазири Давид Бен-Гурион ядровий тийиб туришнинг аҳамиятини англаган, бироқ беқарор минтақада бундай қуролга эга бўлиш орқали дўст давлатларни ранжитишни истамаган.
Шунинг учун Исроил Франция билан яширин келишув тузиб, Димона ядровий заводини барпо қилди. Тахминларга кўра, бу завод 1960-йиллар бошларида ядровий қурол ишлаб чиқариш учун зарур материал тайёрлай бошлаган. Исроил эса уни "тўқимачилик фабрикаси" деб атаган.
1960-йилларда АҚШ инспекторлари бу заводга бир неча бор келган, аммо ертўлалар, лифтлар ва кириш жойлари ғишт билан беркитилиб, суваб ташлангани сабабли улар бу жойлардан бехабар қолган.
Ҳозирда Исроилда тахминан 90 та ядровий қурол мавжуд бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Қуролларни назорат қилиш ва тарқатмаслик маркази (Center for Arms Control and Non-Proliferation).
Шунга қарамай, Исроил ядровий имкониятлари борасида расман "ноаниқлик сиёсати"ни сақлаб қолмоқда ва исроиллик етакчилар кўп бор "Исроил Яқин Шарқда биринчи бўлиб ядровий қуролга эга чиқмайди," деган баёнотни такрорлаб келган.
1970 йилдан буён 191 та давлат Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган – бу битим ядровий қуроллар тарқалиши олдини олиш ва қуролсизланишни тарғиб қилишга қаратилган.
Бешта давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой ушбу шартнома 1967 йил 1 январида кучга киришидан олдин ядровий қурол ишлаб чиқаргани ва синовдан ўтказгани боис, уларга бундай қуролларга эгалик қилишга рухсат берилган.
Исроил эса бу шартномани имзоламаган давлатлардан биридир.
Вануну Исроилда кўплар томонидан хоин сифатида қораланса-да, 2004 йилда унинг озод этилганини тарафдорлари нишонлади. Уни "тинчлик қаҳрамони" деб атаганлар ҳам бўлди.
У озод бўлганидан сўнг, BBC га берган илк интервьюсида "ҳеч қандай афсусим йўқ," деганди.
"Мен қилган ишим – дунёга яширин нималар бўлаётганини кўрсатиш эди. Мен келиб, "Исроилни йўқ қилайлик», ёки «Димона заводини вайрон қилайлик», демадим. Мен шунчаки: мана, уларда нималари бор – қаранг ва ўзингиз хулоса чиқаринг, дедим."












