Моссад: Исроил жосуслик агентлиги нималарга эришиб, нималарни бой берган?

Исроил байроғи устидаги ўқ илма-тешик қилиб ташлаган автомобил, вайрон этилган бино ва портлаган пейжер

Сурат манбаси, EPA, Getty, Maxar, BBC

    • Author, Би-би-си Араб хизмати
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Сўнгги кунлардаги кетма-кет зарбалар давомида Исроил Эроннинг асосан ғарбий ҳудудларида ҳамда пойтахт Теҳрон атрофидаги ядро иншоотлари, ҳарбий объектлари ва хусусий уйларни нишонга олди.

Зарбалар ҳаводан амалга оширилганига қарамай, Исроил разведкаси – Моссад нишонларни аниқлаш ва амалиётларни ерда бошқаришда муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин, деб гумон қилинади.

Хусусан, Моссад агентлари Эрон ҳудудига яширинча олиб кирилган дронлар орқали ҳаво мудофаа тизимларини нишонга олгани айтилмоқда. Эрон расмийлари эса бундан аввал Исроил разведкаси мамлакат хавфсизлик тизимига кириб олган бўлиши мумкинлигини тан олган эдилар.

Алоқадор мавзулар

13 июндан бошлаб Исроил уюштирган ҳужумлар натижасида бир қатор муҳим ҳарбий шахслар ва ядро олимлари нишонга олиниб ўлдирилдилар.

Бу эса Исроил уларнинг жойлашуви ҳақида аниқ разведка маълумотларига эга бўлганини кўрсатади.

Моссаднинг бу жараёндаги роли тўлиқ очиқланмаган – Исроил одатда разведка фаолиятларига изоҳ бермайди, бундан ташқари, мамлакатда разведканинг бошқа тармоқлари ҳам мавжуд.

Бироқ агентликнинг илгари амалга оширган йирик операциялари ҳақида айрим маълумотлар бор.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Моссаднинг муваффақиятлари
Ҳамас сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания(чапда) Эрон Инқилоб қўриқчилари қўмондони Ҳусайн Саломий (ўнгда)

Сурат манбаси, Anadolu via Getty

Сурат тагсўзи, Теҳронга ташрифи пайти Ҳамас сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания(чапда) Эрон Инқилоб қўриқчилари қўмондони Ҳусайн Саломий (ўнгда) билан кўришган эди. Иккиси ҳам Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлдилар

Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияга суиқасд

2024 йил 31 июл куни Ҳамас сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания Теҳронда, меҳмон уйида бўлган пайтда ўлдирилди.

Дастлаб Исроил бу суиқасдга алоқадорлигини тан олмади.

Бироқ орадан бир неча ой ўтиб, Мудофаа вазири Исроил Кац Ҳаниянинг ўлдирилишида айнан Исроил иштирок этганини эътироф этди.

Ҳаниянинг ўлими тафсилотлари ҳануз аниқ эмас.

Ҳамаснинг юқори мартабали расмийси Халил ал-Ҳайя матбуот анжуманида гувоҳларга таянган ҳолда, ракета уни "тўғридан-тўғри" урганини айтди.

Бироқ The New York Times газетаси етти расмийга таянган ҳолда хабар беришича, Ҳания аслида икки ой олдин меҳмон уйи биносига яширинча ўрнатилган бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлган.

BBC бу икки версияни мустақил тарзда тасдиқлай олмаган.

Ҳания 2023 йил 7-октабр куни Ҳамаснинг Исроил жанубига қилган ҳужумидан сўнг Исроил томонидан нишонга олинган кўплаб ҲАМАС раҳбарларидан бири бўлди.

Улар қаторида Ҳамаснинг Ғазодаги раҳбари Яҳё Синвар, унинг укаси Муҳаммад, ҳарбий қанот раҳбари Муҳаммад Дойф ва унинг ўринбосари Марвон Исо ҳам бор.

"Ҳизбуллоҳ" қурилмалари портлаши

Пейжери портлаши оқибатида ҳалок бўлган "Ҳизбуллоҳ" жангчисининг дафн маросими

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пейжери портлаши оқибатида ҳалок бўлган "Ҳизбуллоҳ" жангчисининг дафн маросими

2024 йил 17-сентабр куни Ливаннинг турли ҳудудларида – айниқса "Ҳизбуллоҳ" кучли таъсирга эга жойларида минглаб пейжерлар бир вақтда портлади.

Портлашлар қурилмалардан фойдаланган ва уларнинг ёнида бўлган одамларни ўлдирди ёки оғир яралади, аҳолида орасида ваҳима ва саросима юзага келтирди.

Орадан бир кун ўтиб, яна шундай тарзда рация қурилмалари ҳам портлади.

Бу ҳужумлар натижасида яна юзлаб одам ҳалок бўлди ёки тан жароҳати олди.

Бу пайтда Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги тўқнашув кучайиб бораётган эди – Ҳамас ҳужумидан бир кун ўтиб "Ҳизбуллоҳ" Исроил позицияларига ўт очган эди.

Орадан икки ой ўтгач, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу ҳужумлар учун Исроил масъул эканини тан олди, деб хабар берди Исроил ОАВлари.

Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкори CBS телеканалига интервью берган икки собиқ Моссад агенти айтишича, портловчи қурилмалар рация қурилмалари ишлатадиган батареяларга яширинча ўрнатилган бўлган.

Улар одатда фойдаланувчи кўкрагига яқин жойда, жилет ичида тақилган бўлади.

Уларнинг айтишича, "Ҳизбуллоҳ" бу рация қурилмаларини 10 йил аввал "яхши нархда" сохта компаниядан сотиб олган эди. Кейинчалик улар 5 000 дона пейжер ҳам сотиб олган, деб ёзади CBS.

Портлашлар бутун Ливанда катта шов-шувга сабаб бўлди – айниқса, одамлар бу қурилмаларни супермаркетларда ва бошқа жамоат жойларида олиб юрган пайтда содир бўлган портлашлар кенг тарқалди.

Шифохоналар жароҳатланган одамларга тўлиб кетди.

Жабрланганларнинг кўпчилиги жиддий ногирон бўлиб қолди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк бу воқеани "уруш жинояти" деб атади.

Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши

Автомобил ойнасини илма-тешик қилиб ташлаган ўқ излари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Эроннинг етакчи ядро олими Муҳсин Фахризоданинг ўлими ортида Моссад турган деб кўрилади

2020 йил ноябрида Эроннинг энг машҳур ядро олимларидан бири Муҳсин Фахризодани олиб кетаётган кортеж Теҳрон шарқидаги Абсард шаҳарчасида ҳужумга учради.

Фахризода сунъий интеллект билан бошқариладиган масофавий автомат қурол ёрдамида ўлдирилган.

«Ҳаракатланаётган нишонни бундай аниқликда, тинч аҳолига зарар етказмасдан йўқ қилиш – бу ерда мавжуд бўлган реал вақтдаги разведка маълумотлари натижаси», деб ёзган эди ўша вақтда Би-би-си Форс хизмати мухбири Жиёр Гул.

2018 йил апрел ойида Бош вазир Бенямин Нетаняҳу махсус матбуот анжуманида Эроннинг ядро дастурига оид бўлган ўнлаб папкаларни намойиш қилган эди.

Бу ҳужжатлар Моссад томонидан Теҳрондан атиги 30 км узоқликдаги омборхонадан олиб чиқиб кетилган бўлиб, кейинчалик Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний бу воқеани тасдиқлаган эди.

Ўша анжуманда Нетаняҳу айнан Муҳсин Фаҳризоданинг Эроннинг яширин ядровий қурол дастуридаги ўрнини алоҳида таъкидлаб, «Доктор Муҳсин Фахризода бу исмни ёдда сақланг», деган эди.

Эрон аввалроқ 2010–2012 йиллар оралиғида яна тўрт нафар ядро олими Исроил томонидан ўлдирилганини даъво қилган эди.

Маҳмуд ал-Мабҳуҳ бўғиб ўлдирилди

Mahmoud al-Mabhouh's images on a poster

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Mahmoud al-Mabhouh was given an electric shock and then strangled

2010 йилда ҲАМАСнинг юқори лавозимли ҳарбий раҳбари Маҳмуд ал-Мабҳуҳ Дубайдаги меҳмонхонада ўлдирилди.

Дастлаб бу табиий ўлимдек туюлган эди, бироқ Дубай полицияси кузатув камераларини синчиклаб таҳлил қилгач, бу суиқасд экани аниқланиб, ҳужум гуруҳи аъзолари фош этилди.

Полициянинг кейинчалик берган баёнотига кўра, ал-Мабҳуҳ дастлаб электр токи билан шокка туширилган, сўнг бўғиб ўлдирилган.

Мазкур операция ортида Моссад тургани тахмин қилиниб, бу Бирлашган Араб Амирликларининг кескин дипломатик норозилигига сабаб бўлди.

Бироқ Исроил дипломатлари Моссаднинг ушбу суиқасдда иштироки борлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқлигини айтишди.

Яҳё Айёш ва портловчи телефон

Яҳё Айёш суратлари Фаластин рамзига айланган

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Яҳё Айёш суратлари Фаластин рамзига айланган

1996 йилда Ҳамаснинг асосий бомба ясовчиси Яҳё Айёш портловчи модда жойлаштирилган Motorola Alpha мобил телефони орқали ўлдирилди.

Қурилма ичига 50 грамм портловчи модда яширин тарзда жойлаштирилган эди.

Айёш Ҳамаснинг ҳарбий қанотидаги муҳим шахс бўлиб, у бомба тайёрлашдаги маҳорати ҳамда Исроилга қарши мураккаб ҳужумларни уюштиришдаги роли билан танилган эди.

2019 йил охирида Исроил бу суиқасдга оид айрим тафсилотларга нисбатан цензура чекловларини олиб ташлади.

Орадан кўп ўтмай, мамлакатнинг "13-канали" телеканали Айёшнинг отаси билан қилган сўнгги телефон суҳбати ёзувини эфирга узатди.

"Биродарлар" операцияси

Моссад жосуси Судандан яширин олиб чиқилган Эфиопия яҳудийлари ўтирган автомобил олдида

Сурат манбаси, Raffi Berg

Сурат тагсўзи, Моссад жосуси Судандан яширин олиб чиқилган Эфиопия яҳудийлари ўтирган автомобил олдида

1980-йиллар бошларида Бош вазир Менахем Бегиннинг буйруғи билан Моссад Суданнинг Қизил денгиз бўйидаги соҳилида сохта шўнғиш курортини ташкил этди ва шу йўл билан 7 000 дан ортиқ эфиопиялик яҳудийларни яширин тарзда Исроилга олиб чиқди.

Судан Араб Лигаси аъзоси ва Исроилга душман давлат бўлгани боис, операция мутлақо махфий олиб борилган.

Моссад агентлари курортни ташқи кўринишда оддий туристик маскан сифатида очганлаар, кундузлари ўзларини меҳмонхона ходимларидек тутганлар, кечаси эса Эфиопиядан яширинча етиб келган яҳудийларни ҳаво ва денгиз йўли орқали олиб чиқишган.

Бу операция камида беш йил давом этган.

Фош этилган вақтга келиб, Моссад агентлари аллақачон мамлакатни тарк этишга улгурган эди.

Мюнхен суиқасдига жавоб

Исроил спортчилари Мюнхен олимпиадаси стадионида фаластинлик жангарилар ўлдирган ватандошларини хотирлаш маросимида қатнашдилар. 1972 йил 6 сентябри

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Исроил спортчилари Мюнхен олимпиадаси стадионида фаластинлик жангарилар ўлдирган ватандошларини хотирлаш маросимида қатнашдилар

1972 йилда "Қора сентябр" номли фаластинлик жангарилар Мюнхен Олимпиадасида Исроил терма жамоасининг икки аъзосини ўлдириб, яна тўққиз спортчини гаровга олишди.

Ғарбий Германия полицияси томонидан ўтказилган қутқарув операцияси муваффақиятсиз якунланди ва гаровдаги барча спортчилар ҳалок бўлди.

Фаластинлик қуроллилар 1972 йили Исроил олимпия жамоаси қароргоҳига бостириб кирдилар, исроиллик 11 спортчи ўлдирилди. They are (top left to right): Yosef Gutfreund, 40; Moshe Weinberg, 33: Yoseph Romano, 32; David Berger, 28; Mark Slavin, 18; Yaacov Springer, 52; (bottom left to right): Ze'ev Friedman, 28; Amitsur Shapira, 40; Eliezer Halfin, 24; Kehat Schorr, 53; Andre Spitzer, 27

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фаластинлик қуроллилар 1972 йили Исроил олимпия жамоаси қароргоҳига бостириб кирдилар, исроиллик 11 спортчи ўлдирилди

Кейинги йилларда Моссад ушбу ҳужумда иштирок этганликда гумон қилинган шахсларни нишонга ола бошлади.

Улардан бири – Маҳмуд Ҳамшари Париждаги квартирасидаги телефон аппаратига ўрнатилган портловчи қурилма портлаши натижасида оғир жароҳат олди ва кейинчалик вафот этди.

Энтеббе операцияси

Энтеббе учоғида гаровга олинганлар бир ҳафтадан кейин озод этилган эдилар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Энтеббе учоғида гаровга олинганлар бир ҳафтадан кейин озод этилган эдилар

1976 йилда Угандада ўтказилган "Энтеббе операцияси" Исроил тарихидаги энг йирик ва муваффақиятли ҳарбий амалиётлардан бири сифатида тан олинади.

Моссад зарур разведка маълумотларини тақдим этган, ҳарбий ҳаракатларни эса Исроил махсус кучлари амалга оширган.

"Фаластин озодлиги учун халқ фронти" гуруҳининг икки аъзоси ва уларнинг икки нафар немис шериги Париждан учаётган самолётни қўлга киритиб, Угандадаги Энтеббе аэропортига йўналтирган.

Улар самолётдаги йўловчилар ва экипаж аъзоларини гаровга олишган эди.

Исроил командоси аэропортга бостириб кириб, 100 га яқин исроиллик ва яҳудий гаровдагиларни озод қилишга муваффақ бўлди.

Операция чоғида уч нафар гаровдаги, тўрт нафар террорчи, бир неча угандалик аскар ва операцияга бошчилик қилган командир – Бенямин Нетаняҳунинг акаси Ёнатан Нетаняҳу ҳалок бўлди.

Нацист зобит Адолф Эйхманннинг қўлга олиниши

Адолф Эйхман Исроилдаги суд пайти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Адолф Эйхман Исроилдаги суд пайти

1960 йилда Моссад агентлари томонидан Аргентинадан яширинча олиб чиқилган собиқ нацист офицер Адолф Эйхманнни қўлга олиш операцияси агентлик тарихидаги энг машҳур разведка муваффақиятларидан бири ҳисобланади.

Эйхманн Иккинчи Жаҳон уруши пайтида нацистлар амалга оширган яҳудийлар қатлиоми – Ҳолокостнинг асосий ташкилотчиларидан бири эди.

У 6 миллион яҳудийнинг ўлимига сабаб бўлган бу геноцид марказида турган шахслардан бўлган.

Йиллар давомида турли давлатларда яшириниб юрган Эйхманн охир-оқибат Аргентинада қўним топган.

Моссаднинг 14 кишилик гуруҳи уни излаб топган, махфий операция орқали олиб қочган ва Исроилга олиб келган.

У Исроилда суд қилиниб, ўлим жазосига ҳукм қилинди ва қатл этилди.

Муҳим муваффақиятсизликлар

Қатор муваффақиятларига қарамасдан, Моссаднинг ҳамма режалари ҳам ўйланганидек якунланмаган.

2023 йил 7-октабр ҳужумлари

Исроил жанубига 2023 йил 7 октябридаги Ҳамас ҳужумлари оқибатида 1200 га яқин одам ҳалок бўлди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Исроил жанубига 2023 йил 7 октябридаги Ҳамас ҳужумлари оқибатида 1200 га яқин одам ҳалок бўлди

2023 йил 7-октабр куни Ҳамас Ғазо чегарасига яқин ҳудудлардаги Исроил аҳоли пунктларига кутилмаганда ҳужум қилди.

Таҳлилчилар бу ҳужумни олдиндан аниқлай олмагани учун Моссадни кескин танқид қилишди – бу ҳолат Исроилнинг Ҳамасга нисбатан қўрқитиш стратегиясидаги жиддий заифликни ва разведка тизимининг ишдан чиққанини кўрсатади, дейишади.

Исроил расмийларига кўра, ушбу ҳужумда 1 200 га яқин киши, асосан тинч аҳоли вакиллари, ҳалок бўлган.

Яна 251 нафар фуқаро гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган.

Ҳамас ҳужумига жавобан Исроил Ғазо секторига кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади.

Ҳамас бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бу уруш ҳозиргача 55 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли ҳисобланади.

Йом Киппур уруши

Two Israeli troops look across across the Suez Canal

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1973 йилдаги Араб-Исроил урушида Исроил қўшинлари Суэз каналини кесиб ўтдилар

Ярим аср аввал, 1973 йил 6-октабрда ҳам Исроил шунга ўхшаш кутилмаган ҳужумга учраган эди.

Ўша куни Миср ва Сурия бирдан Исроилга қарши уруш бошлаб, Синай яримороли ва Жўлон тепаликларини қайтариб олишни кўзлашган.

Ҳужум яҳудийлар учун энг муқаддас кун – Йом Киппур (Тавба куни)да бошланган бўлиб, бу Исроил қуролли кучларини илк босқичларда оғир аҳволга солиб қўйганди.

Миср армияси Сувайш каналидан ўтиб катта йўқотишсиз юриш қилди, сурияликлар эса Жўлон тепаликларидаги позицияларга ёриб киришга муваффақ бўлишди.

Совет Иттифоқи Миср ва Сурияни қуроллантирди, АҚШ эса Исроилга фавқулодда ҳарбий ёрдам йўллади.

Исроил охир-оқибат қарши ҳужумга ўтиб, душман ҳаракатларини тўхтатишга муваффақ бўлди.

Уруш 25-октябрда, БМТнинг оташкесим ҳақидаги резолюциясидан тўрт кун ўтиб якунланди.

Маҳмуд аз-Заҳарнинг нишонга олиниши

Mahmoud al-Zahar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Маҳмуд аз-Заҳар Моссаднинг энг қидирилаётган Ҳамас раҳбари бўлган

2003 йилда Исроил Ҳамас етакчиларидан бири – Маҳмуд аз-Заҳарнинг Ғазодаги уйига авиаҳужум уюштирди.

Заҳар ҳужумдан омон қолган бўлса-да, унинг рафиқаси ва ўғли – Холид, шунингдек бир нечта бошқа инсонлар ҳалок бўлди.

Портлаш натижасида бутун уй вайронага айланди.

Бу эса зич аҳоли яшайдиган ҳудудларда амалга оширилган ҳарбий ҳужумларнинг фожиали оқибатларини яна бир бор кўрсатди.

Барбод бўлган Холид Машъалга суиқасд

Холид Машъал

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Холид Машъал 1996 йилдан 2017 йилгачаа Ҳамас сиёсий раҳбари бўлган

1997 йилда Исроил ҲАМАС сиёсий раҳбари Холид Машъални Иорданияда заҳарлашга уринди. Ушбу операция йирик дипломатик инқирозга сабаб бўлди.

Суиқасд муваффақиятсиз тугади – исроиллик агентлар қўлга олинди, Исроил эса уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эвазига Машъалга қарши ишлатилган заҳарга антизаҳар етказиб беришга мажбур бўлди.

Ўша пайтда Моссад раҳбари бўлган Дани Ятом шахсан Иорданияга бориб, даволаш жараёнида иштирок этди.

Бу ҳодиса икки давлат ўртасида яқинда имзоланган тинчлик шартномасига қарамай, муносабатларнинг кескин совушига олиб келди.

Лавон можароси

Egyptian President Gamal Abdel Nasser satnding and waving to a crowd

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Миср Президенти Жамол Абдул Носир Суэз канали Миср тасарруфига ўтганини эълон қилди

1954 йилда Миср ҳукумати "Сузанна операцияси" номи билан танилган Исроилнинг махфий жосуслик режаларини фош қилди.

Режага кўра, Исроил агентлари АҚШ ва Британияга тегишли объектларга бомба жойлаштириб, Британияни Мисрдан – хусусан, Сувайш каналидан ҳарбий кучларини олиб чиқмасликка мажбурламоқчи бўлган.

Операция фош бўлди ва муваффақиятсизликка учради.

Бу воқеа тарихда "Лавон можароси" номи билан танилди, чунки ўша вақтдаги Исроил мудофаа вазири Пинхас Лавон бу режаларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этганликда айбланган.