Президент "айтганини қил, қилганини қилма"ми? – Мирзиёев, Путин, Трамп, O'zbekiston ва дунё

Сурат манбаси, Getty Images
Президент айтганини қил, қилганини қилма-ми? - Владимир Путин, Дональд Трамп, Шавкат Мирзиёв , Мелания Трамп ва Зироатхон Мирзиёева - сўнгги икки ой худди шу каби савол билан бирлари жаҳон матбуоти, бошқалари эса, кибер фазодаги кўпчиликнинг диққат эътиборини ўзига тортган ва тортаётган давлат раҳбарлари кам бўлмади. Улар фонида биринчи хонимлар ҳам назардан четда қолмади.
Оддий ҳукумат мулозимлари қолиб, Бош вазир ва ҳатто президентлар ҳам глобал коронавирус пандемияси манзарасида ўзлари жорий этган қатъий карантин чораларини ўзлари бузишди.
Бирлари юз ниқоби, махсус ҳимоя либосларисиз кўриниш берган бўлишса, бошқалари яна ижтимоий масофани ҳам писанд билишмади.
Президент "айтганини қил, қилганини қилма"ми? Мирзиёев, O'zbekiston, дунё - BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Коронавирусни жиловлаш учун киритилган кескин чекловлар эса, оддий халқ учун озмунчага тушмади.
Одамлар яқинларининг дийдорига тўйиш бахти ва ҳатто, марҳумларини сўнгги йўлга кузатиш, улар билан охирги бор видолашиш имкониятидан мосуво қолишди.
Чекловларга риоя этмаганлари эса, жазога юз тутишди - карантин шароитида катта миқдорда жаримага тортилишди.
Худди шу манзарада "қоидабузар" давлат раҳбарлари алоҳида аҳамият касб этган, қизғин муҳокамаларга сабаб мавзулардан бирига айланди, сарлавҳаларга ҳам чиқди.
Жаҳоннинг етакчи нашрлари эса, давлатининг нуфузига қараб, бу каби лидерларнинг хос ўнталигини тузишгача боришди:
Дональд Трамп

Сурат манбаси, courtesy
Дунёдаги энг кўп коронавирус ва ундан ўлим ҳоллари ҳам айнан Америка Қўшма Штатлари ҳисобига тўғри келади.
Штатларда ҳозирга келиб жаъми коронавирусга чалинганлар сони расман қарийб 2 миллион кишига етган.
Апрелнинг биринчи ҳафтасида бутун Америка Қўшма Штатлари бўйлаб юз ниқобисиз жамоат жойларида кўриниш тавсия берилган. Айрим штатларида эса, тартиб мажбурий қилиб қўйилган.
Президент Дональд Трамп унга амал қилишдан бош тортган ва буни яшириб ҳам ўтирмаган.
"Ниқоб тақишни истамаслиги"ни ошкора баён қилган.
Дунё лидерлари билан Оқ уйнинг Овал кабинетида ниқобда учрашишини тасаввур ҳам қила олмаслигини айтган.
Худди шу манзарада унинг Оқ уй ташқарисида ҳам бундай қилиш ниятини йўқлиги кўринган.
АҚШ Президенти 21 май куни "Ford"нинг сунъий нафас олиш аппарати ишлаб чиқаришга ўтган корхонасини кўргани борган.
Унга корхонани кўрсатаётган барча юз ниқобида экан, Трамп биттасини тақиб олишдан яна бош тортган.
Мухбирлар нега бундай қилганини сўраб, жон-ҳолига қўйишмаганида эса, камералардан четда юзида ниқоби бўлганини айтиб, жавоб берган.
Шунчаки "прессага буни кўришдек завқ"ни беришни хоҳламадим деркан, бироз тушунарсиз оҳангда "ниқобда яхшироқ кўриниши"ни ҳам илова қилган.
Трамп кўргани борган "Ford"нинг корхонаси эса, айнан жамоат жойларида юз ниқобида юриш шарт қилиб қўйилган Мичиган штатида жойлашган.
Штат Бош прокурори бундан ҳайратга тушмаганини айтаркан, президентни "тартиб-қоидаларга бўйинсўнишни истамайдиган қайсар бола"га қиёс берган.
Худди шу манзарада Америка Қўшма Штатларининг биринчи хоними Мелания Трамп ўзгача йўл тутган.
Масъулларнинг юз ниқобига оид тавсияларининг муҳимлигини урғулаб, видео чиқарган.
Ижтимоий тармоқларда юз ниқобида тушган суратини ҳам улашган.
Америка Қўшма Штатларида коронавирусдан жаъми ўлим ҳоллари 100 мингдан ортган.
Владимир Путин

Сурат манбаси, official
Россия президенти ҳамманинг кўз ўнгида ўзини жисмонан бақувват, кучли кўрсатиш учун қаттиқ ҳаракат қилиб келади.
Коронавирус авжида экан, 24 март куни шарт-шароити билан яқиндан танишиш учун, ҳатто, Москва вилоятидаги махсус юқумли касалликлар касалхонасига ҳам боради.
Касалхонани махсус ҳимоя либосида кўздан кечирган эса-да, докторлар билан ҳеч қандай ниқобсиз юзма-юз мулоқот қилади. Яна Бош шифокор билан қўл ҳам сиқишади.
Жуда катта таваккалчилик қилади, чунки Путин билан учрашувидан саноқли кунлаб ўтиб, Бош шифокор Денис Проценкода коронавирус аниқланади.
Бунинг ортидан, Россия президенти ўзининг саломатлигига оид гап-сўзлар ҳам урчиб кетади.
Путин жамоатчилик кўз ўнгида деярли кўриниш бермай қўяди, мажлисларини қароргоҳидан туриб сиртдан - видеоанжуман шаклида ўтказишга ўтади.
Матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам "Reuters"нинг Россия Президентининг Кремлга қачон қайтишига оид саволини бежавоб қолдиради.
Орада Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ўзи ва рафиқасида ҳам коронавирус аниқланганига оид хабарлар олинади.
Ундан аввал Россия Бош вазири ҳам коронавирусга чалиниб, даволаниб чиқади.
Россия жорий пайтда дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учта давлатидан биттаси бўлиб турибди.
Ҳозирга келиб, Россияда коронавирусга чалинганларнинг жаъми сони расман 450 минг кишига яқинлашган. Улардан беш ярим мингги ҳаётдан кўз юмган.
Зиддиятли маслаҳат

Сурат манбаси, Reuters
Британия Бош вазири Борис Жонсон эса, коронавирус юқтириб, ҳатто, касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушиб чиққан дунёдаги биринчи давлат раҳбари бўлади.
Касалхонага тушмасидан сал аввал у ҳам одамларнинг ҳаракатланишига кескин чекловлар киритган.
Натижада тўйлар, бошқа оммавий тадбирлар кечиктирилган, дафн маросимлари ортга сурилган.
Худди шу манзарада Британия Бош вазирига мамлакатни карантинга олишни тавсия қилган профессор Нил Фергюсон Фавқулодда Вазиятлар бўйича Илмий Маслаҳат Кенгашидан кетишга мажбур бўлган.
Профессорнинг истеъфоси ўзи муносабатда бўлган аёлнинг карантин шароитида унинг уйига келганига оид газеталарда бўй кўрсатган хабарлар манзарасида кузатилган.
Нил Фергюсон "қарори янглиш бўлгани"ни тан олган, карантин тартиб-қоидаларини бузганидан таассуф билдирган.
Янгилик яна Британия Италияни ортда қолдириб, коронавирусдан ўлим ҳоллари бўйича Европада энг пешқадам давлатга айланган бир пайтда юзага чиққан.
Бунинг ортидан, Шотландиянинг юқори мартабали тиббиёт мулозимининг қилган иши оммавий-ахборот воситалари нигоҳига тушган.
У карантин чекловлари амалда экан, икки бор машинада бошқа бир уйига бориб келган.
Доктор Катрин Калдервуд ўз вазифасида қолишни режалаб, аввалига қилган иши учун ошкора кечирим сўраган.
Аммо, алал-оқибат, пресса ва жамоатчиликнинг босими остида истеъфо беришга мажбур бўлган.
Британия Бош вазирининг коронавирус бўйича бошқа бир маслаҳатчиси эса, карантин тартиб-қоидаларини бузганига қарамай, ўз ишида қолишга муваффақ бўлган.
Доминик Каммингс ҳам ҳаракатланишга чекловлар кучда бўлган бир пайтда ўз машинасида саёҳат қилган. Лондондаги уйидан Англия шимолидаги Даремга борган.
Бунинг ортидан, Британия Бош вазири кескин норозиликлар қаршисида қолган.
Маслаҳатчиси эса, қоидабузарлик қилмаганини айтиб, истеъфо беришдан бош тортган.
Полиция ҳам Доминик Камминг томонидан содир этилган тартиббузарликни арзимас деб топган.
Бошлиғининг мутлақ қўллови остида у ҳозирча ўз вазифасини сақлаб қолган.
Британия ҳозир ҳам энг кўп коронавирус ҳоллари бўйича дунёнинг иккинчи давлати бўлиб турибди.
Коронавирусдан жаъми ўлим ҳоллари бу ерда 40 мингдан ошган.
Қисқача тафсилот ўрнида

Сурат манбаси, EPA
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида президентлар, Бош вазирлар, ҳукумат мулозимлари ва бошқа давлат амалдорлари билан боғлиқ бунга ўхшаш ҳолатлар яна Исроил, Ҳиндистон, Малайзия, Нигерия ва Жанубий Африкада ҳам кузатилган.
Танқидлар остида қолишган, бирлари ўз амалларини оқлашган, бошқалари расман ва ошкор кечирим сўрашган.
Айримлари эса, омма кўз ўнгида карантин тартиб-қоидаларига риоя этишга ўтишган.
Яна бирларига президентлари "қонун барчага баробар" эканини тушунтириб қўйган.
Март ойи бошида Германиядан қайтибоқ, карантинда ўтиришнинг ўрнига, бошқарувдаги партиянинг мажлисига қўшилган Нигерия президенти маъмурияти қудратли раҳбари Абба Кьяра эса, дунёдаги коронавирусдан вафот этган энг юқори мартабали мулозим бўлган.
Худди ўша мажлисда мамлакат президенти, вице-президенти ва яна 16 штати раҳбарлари ҳам бўлишган.
Алал-оқибат, Нигериянинг ҳар икки раҳбари ҳам ўзларини коронавирусга текширтиришга мажбур бўлишган, натижалари манфий чиққан.
Минтақа, карантин ва президентлар

Сурат манбаси, .
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон минтақанинг расман коронавирус қайд этилган тўртта давлати бўлишади.
Айнан глобал пандемия сабаб, Тожикистон истисно уларнинг қолган барчасида қатъий чекловларга қўл урилган.
Ўзбекистонда кучайтирилган тартиб, карантин чоралари, Қозоғистонда фавқулодда ҳолат, Қирғизистонда эса бунга қўшимча комендантлик соати тартиби ҳам жорий этилган.
Тартиббузарлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка қадар жазо чоралари кўзда тутилган, хосан ишлаб чиқилган.


Сурат манбаси, official
Карантин шароитида кетма-кет юз берган табиий офат ва техноген ҳалокат сабаб, Ўзбекистон президентининг аввалига Бухоро, кейин Сирдарёга фавқулодда жўнаб кетишига тўғри келган.
Ҳар икки вилоятдаги вазият билан яқиндан танишар экан, Шавкат Мирзиёев ҳам жамоатчилик кўз ўнгида юз ниқобисиз кўрилган.
Кейинчалик пойтахт Тошкентдаги бошқа тадбирлар, ташриф ва вилоятларга қилган сафарлари чоғида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.
Бу ҳам ўшанда кибер фазодаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, қарама-қарши акс-садоларга сабаб бўлган, ўнлаб фикру мулоҳазаларга замин яратган.
Бирлари "қонун, тартиб-қоида барчага баробар бўлиши лозимлиги"ни урғулашган, бошқалари "президентларга ҳамма нарса мумкин"лигини айтган, яна айримлари ниқоб тақиш-тақмаслик "давлат раҳбарининг ўз иши" экани, "бурун суқишга ҳожат йўқ"лигини маслаҳат берган.
Орада бу халқнинг руҳияти учун муҳимлигини таъкидлаганларнинг ҳам оз эмаслиги кўрилган. Яна президентнинг саломатлиги ҳам ўзи ва ҳам халқи учун муҳимлигига оид фикрлар ҳам янграган.
Президентнинг ўзи ёки матбуот хизмати ҳозирча бу хусусда расман изоҳ бермаган.
Аммо мамлакат раҳбари қаерда бўлмасин, атрофидагиларнинг юз ниқобларида экани ва ижтимоий масофани сақлаб туришлари кузатилган.
Ўзбекистонда ҳам аллақачон карантин чораларини юмшатишга киришилган, аммо орада кечган вақт давомида одамлар кўз ўнгида юз ниқобисиз кўриниш берган айрим вилоят ҳокимлари ҳам ижтимоий тармоқдаги аксариятнинг норозилиги ва яхшигина танқидларига сабаб бўлмай қолмаган.
Уларнинг ҳамма қоидабузарлар учун бирдек кўзда тутилган жазо чораларига юз тутган-тутмаганликлари маълум эмас.

Сурат манбаси, official
Худди шу манзарада Рамазон ҳайити арафасида Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат жабрдийдалари ҳолидан хабар олиш учун юз ниқобида Сирдарёга ташриф буюрган мамлакат биринчи хоними ва тўнғич қизининг суратлари сўнгги ҳафталарда кибер фазода энг кўп улашилганларидан бири экани кузатилган.
Зироатхон Мирзиёева "Замин" халқаро жамоатчилик фонди Васийлик кенгаши раиси бўлса, Саида Мирзиёева Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари саналади.
Қолган Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда эса, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари юз ниқобидаги мунтазам кўринишлари билан эътиборга тушганлари бўлишган.
Айнан Қозоғистон ва Тожикистон ҳозир минтақанинг энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилган ва этилаётган давлатлари бўлиб туришгани кўрилади.

Сурат манбаси, official
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














