Коронавирус ва Президентлар: Трампдан Мирзиёевгача - Ўзбекистон, Америка, Хитой

мирзиёев

Сурат манбаси, President

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни пандемия деб эълон қиларкан, давлат раҳбарлари у билан курашиш ва олдини олишга фаол киришди. Шавкат Мирзиёев 11 март куни соғлиқ масаласида йиғилиш ўтказди. Трамп Американи Европа давлатларига ёпди.

Президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига коронавируснинг олдини олиш учун карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар бергани хабар қилинмоқда.

Расмий хабарда айтилишича, коронавирус каби юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни барвақт аниқлаш, ҳисобини юритиш, таҳлил ва статистикасини тўғри йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида коронавирус касаллигини аниқлайдиган ускуналар Германиядан олиб келиб ўрнатилганини айтди.

Айни дамгача, Ўзбекистонда хорижда бўлиб қайтган ва улар билан яқин муносабатда бўлган 8 мингдан ошиқ шахслар шу каби марказларда вирус бор ё йўқлиги текширилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирусни юқтирмаслик учун қўлларни тез-тез илиқ сувда совунлаб ювиб туришни маслаҳат беради.

Бироқ Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ҳам тоза ичимлик суви ва уни иситиш учун газ ва электр ҳар доим бўлмаслиги айтилади.

АҚШда коронавирусга чалинганлар 1000 нафардан ошганидан сўнг Президент Дональд Трамп халққа мурожаат қилиб, аксар Европа давлатларига Америка эшикларини ёпганини маълум қилди.

"Янги ҳолатлар ҳудудимизга кириб келмаслиги учун биз келаси 30 кун Европадан АҚШга барча сафарларни тўхтатамиз", деган Трамп.

Трамп Европа деганда Шенген визасини жорий қилган 26 давлатни назарда тутган. Бу чекловларга Буюк Британияга нисбатан жорий қилинмайди.

Америка Президенти мамлакатдаги бизнесни қўллаш учун миллиардлаб долларлик кредит ажратилишини билдирди.

"Ушбу фоизи кам қарзлар кичик бизнесларни вирус сабаб келадиган иқтисодий зарарлардан сақлаб қолади", дейди Дональд Трамп.

Шунингдек, президент АҚШ иқтисодига ёрдам бериши учун конгрессдан солиқ имтиёзларни қабул қилишни сўради.

Трамп мамлакатдаги қарияларга уйига уларни вирус юқтиришдан сақлаш учун тиббий эҳтиёж бўлмаса бормай туришликка чақирди. У ёши катта одамларни эҳтиёж бўлмаса одамлар кўп тўпланадиган жойлардан сақланишни сўради.

Мутахассислар коронавирусга чалинганлар орасида ўлим ҳолати қариялар орасида нисбатан кўплигини айтишади.

Хитой президенти Ши Жинпинг вазият назорат остида эканлигини кўрсатиш учун коронавирус ўчоғи Ухан шаҳрига келган.

xitoy

Сурат манбаси, Reuters

Сўнгги кунларда Хитойда коронавирусга чалинганлар сони кундан кунга камайиб бораётгани айтилмоқда.

Айни дамда Хитойда 14 831 киши коронавирусдан даволанмоқда. Касалликка чалинганларнинг 77 фоизи ёки 62 мингдан ошиқ одам ундан даволанган.

мирзиёев