Коронавирус - Ўзбекистон масжидларни ёпиб, Наврўзни бекор қилиши керакми?

Ўзбекистон қўшнилари Тожикистон ва Қозоғистон , аллақачон, оммавий тадбирлар ва йиғинларни бекор қилди.
Ўзбекистонда ҳам жамоат йиғинларини вақтинча тақиқлашга эҳтиёж борми?
Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол Тошкент кўчаларидаги одамлар фикрларини ўрганди. Видео лавҳамиз:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Масжидлар ёпилди
Тожикистон ҳукумати қошидаги Диний ишлар қўмитаси тавсияси билан мамлакатдаги барча масжидлар ёпилган.
Расмийлар одамларга намозни жамоат бўлиб ўқимасликни айтганлар.
12 март куни Ўзбекистоннинг бошқа ён қўшниси Қозоғистон эса Наврўз дохил барча оммавий байрам ва тадбирларни тўхтатиб туришга қарор қилди.
Президент Тўқаев бу борада ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилган.
Жаҳон Савдо ташкилотига аъзо мамлакат вазирларининг июнь ойига режаланган Қозоғистондаги анжумани ҳам бекор қилинган.
Президент Трамп коронавируснинг тарқалишига қарши кескин қарор олди:
Дональд Трамп 26 Европа мамлакати фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлади.
Италияда эълон қилинган карантин ортидан эса мамлакат шаҳар-қишлоқлари ҳувиллаб қолган.
Ўзбекистон нима қилмоқчи?

Коронавирус муаммосига президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ҳам эътибор қаратмоқда.
11 март куни аҳоли саломатлигига бағишлаб ўтказилган йиғилишда президент коронавируснинг мамлакатга кириб келмаслигини таъминлашга кўрсатма бергани хабар қилинмоқда.
Бироқ олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳали Ўзбекистонда коронавирус ҳолати аниқланмаганини таъкидлаганди.
Аммо у мамлакатга бу вируснинг кириб келиши хавфи юқорилигини инкор этмаган.
Бироқ Ўзбекистон мулозими Наврўз каби оммавий байрам тадбирларини тақиқлашга, ҳозирча, асос йўқлигини билдирган.
"Бугунги кунда мамлакатда касалланиш ҳолатлари мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, биз фақат халқаро тадбирларни чекламоқдамиз. Ички тадбирлар, жумладан, Наврўзни нишонлаш билан боғлиқ масала ҳозирча кўриб чиқилмаган" - маълум қилган вазир Шодмонов.
Айни пайтда ҳукумат 14-15 март кунлари умумхалқ ҳашари ўтказиш борасида қарор ҳам қабул қилган.
Байрам ва ҳашарлар хавфлими?
Ўзбекистонда ҳам жамоат жойларида йиғилиш, байрам ва ҳашарларни тақиқланиши керакми?
Би-би-си Тошкент кўчаларида одамларнинг фикрларини ўрганди.
Биз суҳбатлашган одамларнинг фикрича, байрам ва тадбирларни бекор қилишга ҳозирча асос мавжуд эмас.
"Қирқ йил қирғин келса ҳам, ажали етган ўлади. Нима қиламиз байрамларни тўхтатиб?" - деган саволни ўртага ташлайди бир аёл.
Пандемияга айланган коронавирус
Чоршанба куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус дунёни тутиб, пандемияга айланганини эълон қилди.
Пандемия — бирон касалликнинг бир вақтнинг ўзида дунёнинг қатор давлатларида тарқалиши.
ЖССТ раҳбари Доктор Тедрос Аданом Гебреисусга кўра, коронавирус пандемияси эълон қилинган бўлсада, қайси давлатларга бориш ҳақидаги маслаҳатлар ўзгармай қолмоқда.
Жаноб Гебреисус дунёдаги барча давлатларни "тезкор ва кескин чоралар" кўришга чақирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












