Саида Мирзиёева Қуръондан оят келтирди, Комил Алламжонов жадидлардан бошлади - Ўзбекистон, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Saida Mirziyoyeva

Сурат манбаси, courtesy

Сурат тагсўзи, "Яшашдан мақсад - шунчаки кун ўтказиш эмас"

Ўзбекистон: Саида Мирзиёева Қуръондан оят келтирди, Комил Алламжонов жадидлардан бошлади - ҳар икковлон ҳам бугунги Ўзбекистонда илмнинг аҳамиятини хосан урғулашди. Саида Мирзиёеванинг Қуръон ояти билан бошланиб, ҳадиси шариф билан якунланган нутқи замонавий Ўзбекистон тарихида кузатилмаган воқеълик экани билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди.

Бирлари бу йўлда ўзлари тўқнаш келган қийинчиликлардан ҳам гапирди, иккинчилари эса, ўз сўзларига мисол қилиб, дунёдаги энг муваффақиятли ишбилармонлардан бири Илон Маскни ҳам тилга олди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ва ўринбосарининг чиқиши, таъбир жоиз, ўзининг ғайриодатийлиги билан якшанба куни маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларининг эътиборини ўзига энг кўп тортган мавзулардан бири бўлди.

Илмнинг аҳамиятини урғулаб, очиқча, ошкора қилинган бу даъват ва эътирофлар бир куннинг ўзида устма-уст сарлавҳаларга чиқди.

Kasting

Сурат манбаси, courtesy

Ҳар икковлон ҳам "Заковат" интеллектуал клубининг 28 февраль кунги кастинги очилиш маросимида чиқиш қилишган.

Кастинг илк бор Ўзбекистондаги энг йирик спорт саройларидан бири бўлган Humo Arena да катта байрам тадбири сифатида ўтказилган.

Унда ҳудудлардан рўйхатдан ўтган минглаб кўнгиллилар иштирок этишгани айтилган, имконли бўлган тасвирлардан аренада бирор бир бўш ўриндиқнинг борлиги кўзга ташланмаган.

"Биз бу ерга ягона ва улкан мақсад - мамлакатимизни жаҳон интеллектуал майдонида юқори даражага чиқариш учун йиғилдик", - деркан, Саида Мирзиёева ўз нутқини Қуръоннинг хос ояти билан бошлаган.

Мужодала сурасидан келтирилган оятни дастлаб аслидагидек араб тилида талаффуз этаркан, "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...", дея, бунинг ортидан унинг сўзма-сўз таржимасини ҳам келтириб ўтган.

Саида Мирзиёева ўз чиқишида, "Яшашдан мақсад - шунчаки кун ўтказиш эмас"лигини таъкидлаган.

"Сиёсий жараёнлар, жамиятдаги вазият, турли сабабларни кўрсатиб, ҳаракатсизликни оқлашга уриниш - буларнинг ҳаммаси шунчаки баҳона" эканини айтган.

Humo arenasi, ochilish marosimi

Сурат манбаси, courtesy

"Заковат клуби - эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини, интеллектларни бирлаштирувчи макон, мамлакатни олдинга етаклайдиган куч" эканини урғулаган.

"Ораларида қизлар ҳам борлигидан жудаям хурсандлиги"ни баён қилган.

Саида Мирзиёеванинг айтишича, "Танлов эркинлиги - инсонга тақдим этилган бебаҳо неъмат".

"Пастга қараб кетамизми ёки гап-сўздан қўрқиб, жойимизда қотиб турамизми, ёки юқори кўтарилиб, бошқалар ета олмаган чўққиларга интиламизми, хуллас, эртанги кунимиз ўзимизга боғлиқ. Танлов ўзимизда", - дея хитоб қилган у.

Саида Мирзиёева Қуръони Карим ояти билан бошлаган нутқини ҳадиси шариф билан якунлаган.

Мирзо Улуғбек томонидан Бухородаги мадраса эшигига битилган мазкур ҳадиси шарифда ҳам "Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз экани" айтилганини таъкидлаб, ўз сўзига якун ясаган.

Саида Мирзиёеванинг Қуръон ояти билан бошланиб, ҳадиси шариф билан якунланган нутқи замонавий Ўзбекистон тарихида кузатилмаган воқеълик экани билан ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.

Komil Allamjonov

Сурат манбаси, courtesy

Ўз нутқини бундан юз йилча олдин миллат жадидларидан бири Мунавварқори Абдурашидхоновнинг сўзлари билан бошлаган Комил Алламжонов эса, илм олиш йўлида шахсан ўзи тўқнаш келган қийинчиликлар ҳақида ҳам ошкора гапирган.

Профессионал ҳаёти ҳам силлиқ кечмаганини, озмунча мушкулотлар билан рўбарў келмаганини ҳам очиқча эътироф этган.

Жадид Мунавварқори Абдурашидхоновнинг "Бугунгача Оврўпо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, оврўполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврўпо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади", деган сўзларини тилга оларкан, "қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан", - деб айтган.

"Яқинда бир пост ёзгандим, орангизда балки уни ўқиганлар ҳам бордир. Хуллас, унинг мазмун маъноси шундай эди: Бирлашган Араб Амирликлари тадқиқот ўтказиш учун космик аппаратларини Марсга учириб мақтанаётган бир пайтда биз асосан икир-чикир, майда-чуйда масалалар ёки иғво-ғийбатлар билан оворамиз.

Бу пост анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Улар орасида Мунавварқорининг ҳозиргина айтилган сўзларига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим. Қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан. Тузум ўзгарган, сиёсат ўзгарган, давр ўзгарган, бизнинг дунёқарашимиз эса ҳали ҳам ўша-ўша", дея қайд этган фонд раиси ўз нутқида.

Humo arenasi, ochilish marosimi, kasting

Сурат манбаси, courtesy

Комил Алламжонов бунинг ортидан, "Нега ўзимизда бундай янгиликлар деярли йўқ? Нега илм-фандаги инқилобий ўзгаришларни фақат телевизорда томоша қилишимиз ёки интернетда ўқишимиз керак?", - дея устма-уст савол қўйган.

Бунинг ортидан, "Ҳар биримиз бугун дунёқарашимизни кенгайтирмас эканмиз, ўз-ўзимизга қўйган чегараларни олиб ташламас эканмиз, муаммога дуч келганда, дарров ҳафсаламиз пир бўлаверса, фақат кимдандир, нимадир кутиб яшайверсак ва қуруқ гаплардан амалий ишга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ", - дея таъкидлаган.

Ўз нутқининг сўнггида эса, Комил Алламжонов, "клубнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қараш, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилиш, ўз устида ишлаш, орзуларини чекламаслик, ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақирган".

"Майдонда якка-ёлғиз қолгандан кўра, билим атрофида жиплашишса, бирга бўлишса, катта натижаларга эришишлари"ни айтиб, ўз сўзини якунлаган.

Humo arenasi, ochilish marosimi

Сурат манбаси, courtesy

"Заковат" 20 йиллик тарихга эга теледастур бўлади.

Дастлаб "Ёшлар" телеканалида очилган, бунинг ортидан, "Ўзбекистон", кейин эса, Комил Алламжонов муассислигидаги "Миллий" телевизион каналида эфирга узатила бошланган.

Ўтган ой пойтахт Тошкентдан клуб ҳали-ҳануз фаолиятда бўлса-да, "Заковат"нинг намойиши бутунлай тўхтаб қолганига оид хабарлар олинган.

Худди шу янгилик фонида қатор интернет нашрлари "Заковат"нинг ёпилишига оид гап-сўзлар анчадан бери муҳокама марказида бўлганига ҳам ўз диққатларини қаратишган.

Улар бу борада расман ахборот берилмагани ҳақида ҳам ёзишган, бунинг асосий сабаби ўлароқ, теледастур "рейтингининг пасайиб кетгани"ни тилга олганлар ҳам бўлган.

Бунинг ортидан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ва ўринбосари Саида Мирзиёева "Заковат" лойиҳасини ўз оталиғига олганига оид хабарлар бўй кўрсатган.

"Заковат" интеллектуал лойиҳаси ёпилмаслиги айтилган.

Дастур муаллифи Абдурасул Абдуллаев ҳам бу масалада "Миллий" телеканали муассиси Комилжон Алламжонов билан учрашгани маълум бўлганди.

Январь ойи охирида Комил Алламжонов "Заковат" интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти тузилишини маълум қилган.

10 февраль куни янги ташкилотнинг Ўзбекистон Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтгани хабар берилганди.

Humo arenasi, ochilish marosimi

Сурат манбаси, courtesy

Орадан ўн кун ўтиб, "Заковат" интеллектуал клубига аъзолик учун онлайн аризалар қабул қилишнинг дастлабки босқичи якунланган, ариза берганлар сони 13 минг кишидан ортганига оид хабарлар олинган.

Дастур муаллифлари "Бунчалик кўп иштирокчи билан ўтказилган интеллектуал ўйин ҳали дунёда бўлмаган"ини ҳам айтишган.

28 февраль куни эса, Humo Arena саройида Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти учун интеллектуал кастинг бўлиб ўтган.

Худди шу манзарада интеллектуал кастинг ва турнирларнинг ҳар бир ҳудудда ўтказилиши ҳам айтилган.

Бунинг сабаби хабарларда минглаб инсонларнинг узоқ йўл босиб, Тошкент шаҳрига келиб, кетиб, овора бўлиб юрмасликлари олдини олиш мақсади билан изоҳланган.

Маълум бўлишича, "Заковат" турнирлари учун 1 млрд 690 млн сўм ажратилган.

Ажратилган маблағ брейн-ринг танловлари ташкил этилиб, унда ғолиб бўлган жамоаларга тақдим этилади.

Ўзбекистонда жорий 2021 йил - "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили".

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлатидир, сони ҳозир расман 34500 миллион кишидан ортади.

Агар, президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи яқинда келтирган ҳисоб-китобларга қаралса, Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи айнан ёшлар ҳисобига тўғри келади.

Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, айнан 18-30 ёшлилар орасида бугунги ишсизлик кўрсаткичи қарийб йигирма фоизни ташкил этади.

Экспертларга кўра эса, Ўзбекистонни янада юксалтиришда ёшлар нуфузининг улканлиги бу - катта потенциал.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek