Саида Мирзиёева: Аллоҳ ҳаммамизнинг омадимизни берсин - Ўзбекистон, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Saida Mirziyoyeva

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонда Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси бўлган Саида Мирзиёева мамлакат қишлоқ хўжалигини янги даражага олиб чиқишга аҳд қилган уч қизнинг ташаббусини беэътибор қолдирмади. Қизларни "тўғри йўлда эканликлари"ни айтиб, "олға қадам босиш"га ундади.

Саида Мирзиёева кеча, 11 март куни Би-би-си Ўзбек хизматининг улар ҳақида тайёрлаган материалини ўз Facebook саҳифасида бўлишган.

У Наврўза, Дилдора ва Даниелланинг "ёниб турган кўзлари" ва бу аҳдларидан "жуда ҳам хурсанд"лигини ёзган.

Шаҳарда туғилиб ўсган бу қизлар Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида мамлакат агросаноатини Голландия каби ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш қийин эмаслигини айтишганди.

Уч қиз бунинг учун уч турли янгича ғояни илгари суришмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Наврўза ўзгача йўл билан маҳсулот етиштиришда муаммога дуч келаётган фермерларни молиявий рағбатлантиришни кўзлаётганини айтган.

Унинг деҳқончиликка асосланган видеоўйинлар бу мақсадда асқотади, деган фикрда экани маълум бўлган.

Дилдора ўзлари яратишга киришган махсус платформа ёрдамида "Ўзбекистон агросаноатига тартиб олиб кирмоқчи".

Асли касби маркетолог бўлган қирғизистонлик Даниелла эса, резавор меваларни даладан бевосита якуний истеъмолчига осон ва арзон йўлда етказиб бериш тизими устида ишламоқда.

"Осон эмас"

Navro'za

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, "Мен ишлаб чиққан платформа орқали одамлар видео ўйинлар ўйнайдилар ва улар ўйинлар учун сарфлаган пуллар фермернинг ҳисобига бориб тушади", - дейди Наврўза

Қизлар суҳбат чоғида агросаноатда фаолият юритиш қизлар учун осон эмаслигини ҳам эътироф этишган.

"Мен доим катта фермерлик хўжалигим бўлишини орзу қилганман. Аммо мутахассислигим ИТ бўлгани учун бу соҳани деҳқончилик учун уйғунлаштиришга қарор қилдим", - деркан, Наврўза "бироқ бу саноатнинг деярли тўлиғича эркаклар томонидан назорат қилиниши"га алоҳида тўхталиб ўтган.

Наврўза ўз ғоясини илгари суриш давомида "эркак амалдорлар ёш қизлар интилишини жиддий қабул қилмаслигига гувоҳ бўлгани"ни айтган.

"Уларга бундай ғоялар бемаъниликдек туйилиши" ҳақида сўзлаган.

Дилдора эса, қизлар "ожиза" сифатида кўрилмайдиган оилада улғайгани, яқинлари томонидан доим қўллаб-қувватланганини айтса-да, "бу соҳага янгилик олиб кириш доим ҳам осон кечмаслиги"ни таъкидлаган.

Dildora

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, "Биз жамоамиз билан буни англаган ҳолда платформамиз орқали соҳага тартиб олиб кирмоқчимиз", ўз ғояси ҳақида гапиради Дилдора

У, "бу саноатдаги барча - деҳқон бўладими, ҳайдовчи ёки қадоқловчи - ўзлари кўрмаган, билмаган, ҳис қилмаган нарсани ҳеч қачон тушунмасликлари"ни айтган.

Бундай муаммоларга қарамай, Наврўза Ўзбекистон агросаноатининг салоҳияти улкан эканига ишонишини билдирган.

Наврўза, ""Фермерларда иштиёқ борлиги, фақат уларни қўллаб-қувватлаш лозим", деркан, "агар бу йўналишда жиддий ишланса, Ўзбекистон агросаноати Голландия каби ривожланган давлатлар даражасига ета олиши"ни башорат қилган.

Шаҳарлик бўлган уч ёш қизнинг бу каби ташаббус билан чиққани мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган воқеълик бўлган.

Эркак ва аёл масаласи

Dubaydagi forum

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

Таъбир жоиз, Ўзбекистондаги эркак ва аёл масаласи Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сифатида Саида Мирзиёева сўнгги йилларда каттаю кичик минбарлардан алоҳида эътибор қаратиб келаётган мавзулардан бири бўлади.

Ўтган йил 8 март - Хотин-қизлар куни арафасида қилган чиқишида ҳам Саида Мирзиёева "барча аёллар каби ўзбек хотин-қизларининг ҳам орзулари чексиз экани"ни таъкидлаган.

"Кимдир учувчи, яна кимдир ҳарбий, архитектор, муҳандис, кашфиётчи, дастурчи, терговчи бўламан, дейди, қизиқади шу соҳаларга", деркан, Саида Мирзиёева, "аммо (аёллар - таҳр.) эркакларга нисбатан кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини тезда тушуниб олиши"ни айтган.

"Аёл бўлгани учунгина унинг қаршисида кўп эшиклар ёпилади. Ана шундай қилиб, умид сўнади, орзулар чилпарчин бўлади", - деганди.

Саида Мирзиёева, ўз ўрнида, "қанчадан-қанча аёлларнинг илм-фан ва маданиятда оламшумул зафарларга эришгани, дунё тан олган, ноёб мутахассис даражасига етгани"ни таъкидларкан, "оила, фарзандлар, яқинларига етарли вақт ажратиш билан бирга ютуқларга эришиш жуда мушкул"лигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтган.

O'zbekistondagi dala

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлатидир.

Сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир расман 34500 миллион кишидан ортади.

Хотин-қизлар мамлакат аҳолисининг тенг ярмига яқинини ташкил этади.

Уларнинг мамлакат ижтимоий, иқтисодий ва айниқса, сиёсий ҳаётида фаолликлари, иштироклари қанчалик шу рақамларга мос экани саволи эса, Ўзбекистонда ҳали-ҳануз ўзининг тўлиқ жавобини топмай келаётган мавзу, муаммолардан бири бўлади.

26 февраль куни Ўзбекистон президенти яна хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича махсус видеоселектор йиғилишини ўтказган.

"Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди", - деб айтган.

Шавкат Мирзиёевнинг, айниқса, сўнгги йилларда юз минглаб хотин-қизларни ишли қилиш, яна юз минглаб ўзбекистонликни камбағалликдан чиқариш режаси ва саъй-ҳаракатида экани ҳам кўрилган.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги

O'zbekistondagi dala

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон минтақанинг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган давлати бўлади.

Мамлакат аҳолисининг аксарияти чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади, асрларки, асосан деҳқончилик билан шуғулланиб келишади.

Ишсизлик ва камбағаллик эса, Ўзбекистоннинг айни шу ҳудудларида ҳамон долзарблигича қолаётгани кўрилади.

Асосан мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи катта сондаги ўзбекистонликнинг тирикчилиги ҳам, йилларки, деҳқончилик эмас, ташқи меҳнат миграцияси орқали ўтиб келаётгани кўрилади.

Имконли бўлган расмий рақамлар, дейлик, биргина Россиянинг ўзида юз минглаб ўзбекистонлик хотин-қизларнинг меҳнат муҳожирлигида банд эканликларига далолат қилади.

Ўзи қудратга келган ўтган тўрт йил ичида президент Шавкат Мирзиёев турли янгича ташаббуслар билан жонлантиришга уринаётган эса-да, аксарият экспертлар наздида, айнан қишлоқ хўжалиги Ўзбекистонда ҳали-ҳануз жиддий ва амалий ислоҳотларга муҳтож соҳа бўлади.

O'zbek qizlari

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Сурат тагсўзи, Шаҳарда туғилиб ўсган бу қизлар мамлакат агросаноатини Голландия каби ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш қийин эмаслигини айтадилар

Бунга ўзининг сўнгги постида Саида Мирзиёева ҳам тўхталиб ўтган.

Саида Мирзиёева, "аслида, Ўзбекистоннинг кўп соҳаларда орқада қолгани қайсидир маънода бизнес учун катта имконият, у 34 миллионлик эгалланмаган харидори бор бозор" эканини айтган.

Унинг ёзишича, "дунё олимлари забт этмаган чўққилар, яратмаган янгиликлар деярли қолмаган".

Шундай экан, "Биз фақат ўзимизга мос моделни олиб, уни сифатли жорий қилсак бўлди. Яъни, велосипед ихтиро қилиш керак эмас", - дея ўз постида давом этган Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева Ўзбекистондаги Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари ҳам бўлади.

"Бизнинг аграр соҳа эса, ақл-заковат ва илм бўлса, кони тиллодир", - деб ёзади у.

Саида Мирзиёевага кўра, "фақат бунинг учун қунт, метин ирода ва тинимсиз меҳнат керак".

"Бизнинг маҳсулотларимизни тўғри ва сифатли, дунё стандартига мос даражада етиштириш ва қадоқлаш йўлга қўйилса, нафақат ўзимизда, балки кўплаб ривожланган давлатларда ҳам харидор топса бўлади", - деркан, у ташаббускор уч қизга "фақат омад ёр бўлиши"ни тилаб қолган.

Ўзбекистондаги деҳқончиликни янги даражага олиб чиқишга аҳд қилган қизларни "тўғри йўлда эканликлари"ни айтиб, "олға қадам босиш"га ундаган.

Саида Мирзиёева ўз постини, "Аллоҳ ҳаммамизнинг омадимизни берсин", деган сўзлар билан якунлаган.

Saida Mirziyoyeva

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

У ўтган йили мустақил Ўзбекистонни Дубайда бўлиб ўтган бутунжаҳон форумида илк бор намоён этган.

Форумда қилган чиқишида Саида Мирзиёева, "Энди Ўзбекистон хотин-қизларининг ҳам гавдаларини тик тутишлари ва барча жабҳада ўз қобилиятларини қўрқув ва чекловларсиз кўрсатиш вақти келган"ини айтган.

Саида Мирзиёева бугун ўзбек аёлларининг мисли кўрилмаган тараққиётга эришганликларини таъкидларкан, "аммо янги таҳдидларга ҳам дуч келаётганлик"ларини ҳам шахсан ўзи эътироф этган.

"Ушбу жараёнларнинг олд қаторида турган аёллар қишлоқ жойларида ресурслар етишмаслигидан азият чекмоқда ва шаҳарларда ишлаш орқали оилавий мажбуриятини бажаришга ҳаракат қилиб, азобланаётгани"ни ҳам алоҳида тилга олиб ўтганди.

Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси бўлган Саида Мирзиёева ўтган йил мустақил Ўзбекистон тарихида аёл кишининг илк бор ҳокимликка тайинланиши воқеълигини беэътибор қолдирмаган, мазкур янгилик билан ҳам ўшанда ўзининг Facebook саҳифасида бўлишган.

Ўтган йил Ўзбекистондан 10 нафар аёл фермер Голландияда боғдорчилик, иссиқхоналарни юритиш ва фермерлик хўжалигини юритишда ахборот технологияларидан фойдаланиш сирларини ўрганиб қайтишгани ҳам хабар берилган.

Ўшанда мазкур сафар улар учун Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори томонидан уюштирилгани айтилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek