Ўзбекистон учун Хитойдан бошқа йўл йўқми? Видео

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон ва Хитой. Томонлар янада яқинлашмоқда.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон – Хитой юз миллиардлаб доллар сарфлаётган Макон ва Йўл лойиҳасининг айни юраги. Хитой саноатининг энергияга бўлган кескин талаби айни ҳудуд орқали қониқмоқда. Шунингдек, Хитой минтақанинг энг йирик кредит ҳамкорларидан.
Шарқий қўшни минтақага фақат қарз ва дипломатик сиёсат билан эмас, балки йўллар ва инфратузилма орқали ҳам яқинлашмоқда. Ўзаро муносабатлар газ қувурлари ва қўшма баёнотлар билан чекланмай, яқин келажакда сиёсий ҳамкорлик даражасига чиқиши мумкин.
Аммо тил, маданият ва ҳатто яқин тарих жиҳатидан ҳам турфа бўлган бу икки ҳудуд бир-бирига нега керак? Шиддат билан мустаҳкамланиб бораётган алоқаларнинг сабаб ва оқибатлари нимада?
"Бир макон, бир йўл" Хитойни қуруқлик орқали Ғарбга ва Форс кўрфазига олиб чиқади. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон айни ишланманинг қоқ марказида жойлашган. Лойиҳа доирасида, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон магистрал темир йўлининг қурилиши Ўзбекистон учун ҳам янги имкониятларни очади.
Темир йўл ишга тушиши билан Ўзбекистон ва Қирғизистон Хитой экспорти учун муҳим транзит мамлакатларга айланади. Ҳар икки давлат минтақавий ва глобал савдодаги иқтисодий ролини ошириши ҳамда транзит тўловларидан сезиларли фойда олиши мумкин.
Алекс-Жасур-Мавлонов бир неча йиллардан буён Шанхайдаги логистика хизмати билан ишлайди. У Хитойдан Ўзбекистонга оғир техникаларни етказиб беради. Бунда юк машиналари асосий транспорт воситаси. Бироқ, йўллар мавсумий. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши унга катта умид бермоқда. Сабаби, темирйўл ишончли, тезкор ва қиш мавсумида ҳам доимий бўлади.
"Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам жуда кўп инфратузилма қурилмоқда. Шу сабабдан ҳам биз иложи борича кўпроқ логистика сервисларини очишга ҳаракат қиляпмиз. Агар инфратузилма, йўллар ва ҳамма нарса текис бўлса, бу жуда яхши. Аммо қуруқлик транспортидан фойдаланиш бу мавсумий. Мисол учун, қиш мавсумида Марказий Осиё ва чўлларда об-ҳаво жуда ёмонлашади. Қор кўп ёғади. Йўллардаги вазиятни тахмин қилиш қийинлашади. Темирйўл қурилиши эса энг муҳим нарса, доимийликни таъминлайди. Қор ёғадими, ёмғир ёғадими, бунинг аҳамияти йўқ. Юклар ҳеч бир қийинчиликсиз манзилга осонгина етиб боради," дейди у.
Temiryo‘l qurilishi eng muhim narsa, doimiylikni ta’minlaydi. Qor yog‘adimi, yomg‘ir yog‘adimi - ahamiyati yo‘q. Yuklar hech bir qiyinchiliksiz manzilga osongiga yetib boradi.
Бироқ, салкам 30 йил деганда ҳақиқатга кўчган ташаббусда эҳтимолий хавф ҳам бўлиши мумкин. Сабаби, қурилиш илк босқичининг ўзиёқ хавотирларни уйғотмоқда. Тахминан 532 километрга чўзиладиган ушбу темир йўл лойиҳасининг қиймати 8 миллиард АҚШ доллари.
Гарчи харажатларнинг ярмидан кўпи аллақачон Хитой томонидан молиялаштирилса-да, Қирғизистон ўз улушидаги харажатларни қоплаш учун Хитойдан кредит сўраган. Бу ёндашув Қирғизистонни Хитойнинг қарз тузоғига тушириши мумкин, дейди кузатувчилар.
Ўзбекистон зиммасидаги тўловни қандай амалга ошираётгани жамоатчиликка маълум эмас. Бироқ, қурилиш 2030 йилда якунланиши ва кейинги 30-40 йил ичида ўзини оқлашига умид боғланаётганлиги ҳисобга олинса, иқтисоди ҳалича барқарор бўлмаган Ўзбекистон учун лойиҳа жиддий юк бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзаро савдо алоқаларида кўпчилик нотенг деб ҳисобловчи тенденция мавжуд. Бунда Ўзбекистон асосан истеъмолчи бозор ва ресурс етказиб берувчи, Хитой эса инновацион ва ишлаб чиқарувчи томон сифатида кўринади.
Ўзбекистоннинг Хитойга экспортини асосан табиий қазилмалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил қилади. Жумладан, сўнгги Остона cаммитида ҳам электр энергияси савдосини йўлга қўйиш алоҳида муҳокама этилган.
Шунга қарамасдан ўзаро алоқалар ривожланишда давом этмоқда. 2023 йилга келиб, Хитой Ўзбекистон билан савдо айланмасида илк бора Россияни ортда қолдириб, мамлакатнинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорига айланди. Хитой технологиялари минтақадаги завод ва фабрикалардан тортиб, қишлоқ хўжалигигача аллақачон етиб бормоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тошкент яқинидаги Демонстрация боғи ушбу ҳамкорликни намоён этади. Бу ерда Хитойда ишлаб чиқилган технологиялар асосида парваришланган 6 000 та олма дарахти ўсмоқда. Улар маҳаллий навларга қараганда каттароқ мева беради, шунингдек, ширинлиги ва тузилмаси жиҳатидан юқори сифатга эга.
Мевалардан ташқари, демонстрация боғида сабзавотлар учун иссиқхоналар ҳам мавжуд. Хитой ошхоналарига хос янги сабзавотлар бу ерда катта талабга эга. Иссиқхоналар Хитой кўмагида қурилган. Ҳар бир иссиқхона ярим тоннагача ҳосил бера олади.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Бироқ, минтақа учун Хитойдан бошқа яна қандай ҳамкорлар мавжуд?
Россия уч йилдан ошибдики Украина уруши билан банд. Бу федерациянинг Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга бўлган таъсирини ҳам сезиларли камайтирган. Савдодаги рақамлар ҳамда ижтимоий мулоҳазалар айни фикрни яққол исботлаши мумкин.
Жумладан, Россиянинг минтақага бўлган агрессив муносабати беш республика учун Хитойни янада жозибалироқ кўрсатётгани тез-тез айтилади.
Сўнгги вақтларга келиб, Европа ва АҚШнинг минтақага қизиқиши ортган бўлса-да, бу амалиётда ҳалича сезилгани йўқ. Аксинча, Россия-Украина уруши манзарасида кўпгина маҳаллий компаниялар ҳануз Ғарбнинг санкциялар нишони остида турибди. АҚШ эса Трамп ҳукуматга қайтиши билан минтақа учун қатор янги чекловларни жорий қилди.
Гарчи Самрқанд саммити каби учрашувлар ўзаро муносабатларда ижобий силжишдан белги берган эсада, айрим мутахассислар Европа ҳануз минтақага яқинлашишда иккиланаётганини, Хитой эса аллақачон амалий қадамлар қўяётганини айтади.

Сурат манбаси, Rasmiy
Сиёсий таҳлилчи Юнис Шарифли йиллардирки? Марказий Осиё ва Хитой муносабатларини ўрганиб келади. Унинг фикрича, айни вақтда минтақа учун Хитойдан бошқа энг маъқул келадиган иқтисодий ҳамкорни топиш анчайин қийин.
"Европа Иттифоқининг ҳозирги қизиқиши, ўйлайманки, фақатгина Россия-Украина урушига боғлиқ. Агар уруш тугайдиган бўлса, мен айни қизиқиш ҳозиргидай давом этади деб ўйламайман. Сабаби, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида ҳамкорлик бўйича шартномалар имзоланганига қарийб 20 йил бўлётган бўлса, биз атиги бир неча ўринлардагина ўсишни кўрдик. Аммо Хитой минтақада аллақачон амалий фаол. Агар уруш бўлмаганда, Европа Иттифоқи минтақага қизиқиш билдирмаган бўларди. Хитой бўлса, 2013 йилдан буён минтақада фаоллашишни бошлаган. Буни биз барча соҳаларда, қишлоқ хўжалигида, саноатда, газ ва нефт экспортида ҳам кўришимиз мумкин. Шу билан бирга, биз Тожикистонда кўраётганимиз каби Хитой аллақачон минтақанинг хавфсизлик тизимига ҳам кириб келмоқда. Ҳеч бир давлат Россия билан яқинлашишни истамайди. Россиянинг ўзи эса уруш билан банд. Европа Иттифоқи ва АҚШга келадиган бўлсак, ҳа, улар бу борада фаоллик кўрсатяпти. АҚШ нодир металларга қизиқиш билдирмоқда. Европа Иттифоқи эса бошқа соҳаларда ҳам йўллар излаяпти. Аммо бу қизиқиш жуда чекланган ва ҳалича амалиётда кўрингани йўқ. Хитой эса минтақага жуда кўп имкониятларни таклиф қилмоқда. Аммо минтақа ҳукуматлари иложи борича тезроқ кўп векторли ташқи сиёсатга ўтиши керак. Сабаби, ҳозирги вақтда Хитой билан алоқаларни мувозанатлаштириш мумкин бўлса-да, аммо бу узоқ муддатда ҳар томонлама қарамликка олиб келиши мумкин."
Халқаро геосиёсий майдондаги таранглик ошиб борар экан, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари ҳам турли томондан қараганда фарқлича талқинда қолмоқда. Аксар кузатувчилар мамлакат учун айни вақтда Хитой энг маъқул иқтисодий ҳамкор эканлигини айтса, тадқиқотлар аҳоли орасида ушбу муносабатларга нисбатан салбий қараш ортиб бораётганини кўрсатади. Ўз навбатида, ҳукуматлар орасида қўшма лойиҳалар ҳамда шартномалар вақт сайин ортиб бормоқда.












