Коррупцияга ботганларни овлаш - Хитой усули

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Стивен МакДонелл
- Role, Хитой бўйича мухбир
Си Цзиньпиннинг коррупцияга қарши охирги чоралари банк сектори ва ядровий ракета кучларининг юқори мартабали расмийларини нишонга олди. Айримлар бу тадбирлар қачон ниҳоялар экан деб сўрамоқда.
Қисқа жавоб: ҳеч қачон.
Коррупцияга қарши кураш Хитой етакчиси учун бошқарувнинг марказий ўзаги бўлиб қолмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Коррупцияга қарши бу кампания ўзи танлаган йўлдан оққанларни жазолаш усули бўлгани учун Сининг сиёсати баъзан назоратдан чиқиб кетган Сталинча тозалашларга ўхшаб қоляпти.
Аммо бундай деб ўйламайдиганлар ҳам бор.
"Си юқори даражадаги коррупция ҳақида ваҳимага берилаётган бўлиши мумкин, аммо унинг қўрқуви асоссиз эмас", дейди Жоржия штат университетининг Хитой тадқиқотлари бўйича директори Эндрю Ведеман.
"У қўрқаётган коррупция, албатта, реал бор. Албатта, Си Цзиньпин репрессиядан сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш учун фойдаланаётгани ҳам ҳақиқат".
Раис Мао даврида коррупцияни партияга муҳаббат орқали назорат қилиш мумкин деб қаралар эди.
Кейин, Дэн Сяопин ва Цзиан Цземин даврида, одамлар ҳаёти яхшиланса, улар коррупциядан тийилади, деган ғоя кучайди.
Ху Цзинтао ҳокимиятга келганида, аксарият хитойликлар анча яхши ҳаёт кечиришди, аммо янада кўпроқ нарсани хоҳлайдиган ва бунга эришиш учун виждонсиз йўллардан фойдаланишга тайёр бўлганлар бор эди. Бу эса яна кенг тарқалган коррупцияга ҳисса қўшди.
Кўриниб турибдики, Президент Си муаммони ҳал қилишда партияга садоқатга катта эътибор бериб, Маонинг услубига қайтган.
Айнан партия орқали бу кампаниялар бошланади, терговлар партия қоидаларини бузганлик борасида бўлади. Асосан, бу уюшган сиёсат масаласидир, партия ўзи хоҳлаганча тергов қилади.
"Одамлар шунчаки ғойиб бўлади"
Шундай бўлиши мумкин, чунки Хитой жамиятида юқори лавозимларни эгаллаган одамларнинг аксарияти Коммунистик партия аъзоларидир - молиявий институтларда, спорт ташкилотларида, давлат идораларида ёки университетларда.
Партияга аъзо бўлгач, сиз баъзан жуда ноаниқ, ҳатто шахсий ахлоқ масалаларини ҳам қамраб олган партия интизоми бузилиши бўйича айбловларга дучор бўлишингиз мумкин.
Бу жараёнда Коррупцияга қарши комиссия гуруҳлари одамларни шунчаки йўқ қилади.
Назарий жиҳатдан, сўроққа олиб кетилишдан олдин уларнинг оилалари хабардор қилиниши керак, аммо бунга кафолат йўқ.
Бир куни шунчаки ғойиб бўласиз ва кейинги кун сизни ҳеч қандай қонуний вакилликсиз номаълум муддатгача сўроқ қилишлари мумкин.
Бу силлиқ жараёндек кўринса ҳам, репрессия акс таъсир кўрсатиши мумкин.
"Бу ҳол 1979 йилдан буён [Хитойнинг] иқтисодий ўсишига туртки берган ижодкорлик, тадбиркорлик ва таваккалчилик учун рағбатни пасайтиради", деди Торонто университети сиёсатшуноси Линетт Онг Би-би-сига.
Замонавий Хитойда "текис ётиш" иборасини тез-тез эшитасиз. Баъзан бу 20 ёшдан ошган, "каламушлар пойгаси"дан чиқиб кетган, ота-онаси уйида яшовчи ва ҳаётда ҳеч қандай амбицияси бўлмаган, соатлаб видео ўйинлар ўйнаб, ижобий келажакни кўрмайдиган лоқайд одамларга нисбатан айтилади.
Лекин бу ибора давлат корхоналари ёки хусусий сектордаги ўз иш жойларини сақлаб қолиш учунгина етарлича ишлаб турадиган расмийлар ҳақида ҳам айтилади. Улар инновацияларни илгари суриш ёки бошқалардан ажралиб туришдан қўрқишади.
Бир пайтлар Коммунистик партиянинг нуфузли The Study Times газетаси муҳаррири бўлган Ден Ювен: "Си Цзиньпин амалдорлар тоза ва меҳнаткаш бўлишини хоҳлайди", дейди.
"Аммо Си коррупцияга эътибор қаратгани учун улар шунчаки "текис ётибди". Си Цзиньпин, албатта, бунга йўл қўймоқчи эмас ва уларнинг коррупциялари фош бўлиб қолмаслиги учун қаттиқроқ ишлашини талаб қилади. Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтди, амалдорлар бунга кўникиб қолишди. Ишла деб қамчи урсангиз, мен бир оз кўпроқ куч сарфлайман. Қамчилашни тўхтатсангиз, мен бир муддат тинчланиб "текис ётаман".
Катта пул, катта пора

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо молия секторида сўнгги ойларда кузатилган тафтишларда шубҳали сабабларга кўра жуда юқори фаоллик кўрсатаётган юқори лавозимли раҳбарлар нишонга олинган. Йирик пора олишда айбланаётганлар орасида катта банкларнинг собиқ раҳбарлари ва собиқ назорат органлари ҳам бор. Ўтган йил давомида 100 дан ортиқ молия сектори ходими жазоланди.
"Жуда кўп амалдорлар ўн йиллар давомида молиявий коррупция билан шуғулланган. Вазиятни бир-икки йил ичида тузатиш иложи йўқ, - дейди жаноб Ден. - Ўтган йили банк сектори асосий нишон бўлган эди. Бу йил ҳам, кейинги йилда ҳам шундай бўлади".
Профессор Ведеманнинг айтишича, "Банк соҳасида жуда кўп жиддий коррупция бўлганини кутиш керак, чунки, ахир банклар катта пуллар жойлашган ер".
Бироқ, агар Хитойда пул банкда бўлса, унда катта куч ҳарбийларда.
Халқ озодлик армияси давлат армияси эмас, партия армиясидир ва партия уни мутлақ назорат остида ушлаб туради.

Сурат манбаси, .
Шундай қилиб, ракета-ядро кучларини бошқараётган генералларнинг, хусусан, мудофаа вазири Ли Шанфунинг тозаланиши Хитойда коррупцияга қарши кураш нақадар жиддийлашганини кўрсатди - ноқонуний харидлар ядро қуролида носоз жиҳозлар қўшилиб қолишига олиб келади.
"Биз нафақат ўғирлик ёки ўғирланганни қайтариб олиш ҳақида, балки Халқ озодлик армияси сотиб олаётган ва фойдаланиши мумкин бўлган сифатсиз ҳарбий техника ҳақида ҳам гапиряпмиз", деди Монреалда жойлашган Cercius геосиёсий консалтинг компанияси бош директори Алекс Паетт.
Ли Куан Ю номидаги сиёсат мактабидан Алфред Вунинг айтишича, ракета кучларидаги коррупция Си Цзиньпинга қаттиқ таъсир қилади.
"У ракета кучларига жуда катта умид боғлаган, - дейди профессор Ву Би-би-сига. "Агар унда қудратли ракета кучлари бўлса, келажакда у Тайван билан уруш қилса, бу жуда фойдали бўлиши мумкин."
У Халқ озодлик армиясининг ушбу муҳим қисмини қайта ташкил этиш Тайванни куч билан босиб олишни кечиктириши мумкин деб ўйлайдими?
"Албатта, албатта!"
Бироқ, Хитойда коррупцияга қарши курашни кузатаётган таҳлилчилар узоқ муддатда бу муаммоларни ҳал қиладиган тизимли ўзгаришлар йўқлигини Си Цзиньпиннинг ёндашувидаги катта нуқсон билан изоҳладилар.
"Партия ўзининг тартибга солувчи аппарати, интизомий қоидалар ва бошқаларни ривожлантириш уринишига қарамай, коррупцияни жиловлай олмади. Партия давлат ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга ягона ташкилот бўлиб қолаётганлиги сабабли, у инфратузилмадаги коррупцияни жиловлай олмайди", деди профессор Паетт.
Бир қанча мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш учун чинакам мустақил идоралар яратилган, улар шаффофликни оширди, қонун устуворлигини таъминлади ва мустақил оммавий ахборот воситаларига коррупция ҳақида хабар беришга имкон яратди. Хитой эса бунинг ҳеч бирини қилмаган.
Бунинг ўрнига, Коммунистик партия ўзини назорат қилади. Қолган нарса - чириган олмаларни чексиз қидиришдан иборат, аммо уларнинг чириши олдини олиш стратегияси йўқ.
Бундан ташқари, профессор Ведеманнинг фикрича, ижтимоий муносабатлар ҳам тубдан ўзгариши керак: "Коррупцияни камайтириш ва назорат қилиш нафақат қонунлар, қоидалар ва назорат тартибини ўзгартиришни, балки амалдорлик маданиятини чуқурроқ ўзгартиришни ва янги авлодларни ижтимоийлаштиришни ҳам талаб қилади. Бу авлодлар учун коррупция ва қоида бузиш энди одатий амалиёт эмас".
Си Цзиньпиннинг коррупцияга қарши кенг қамровли кампанияси баъзи амалдорларни, айниқса, унга очиқ ва қўрқмасдан маслаҳат бериши керак бўлган яқинларини чўчитиб қўйиши мумкин.
Бу кўпчилик учун уч йиллик Ковид инқирозидан кейин, дунёнинг қолган қисми қайта очилгандан сўнг ҳам, Хитой иқтисодиёти ёпиқ ва қаттиқ чекланган ҳолда қолганида ҳам аён бўлди.
"Шубҳасиз, унинг атрофида ақлли одамлар бор, - дея қўшимча қилади профессор Онг. - Аммо оммавий норозилик намойишлари бошланишидан олдин Сининг "Нол Ковид"ни талаб қилиши, у иқтисодни тушунадиганларни эшитмаётганини кўрсатади."
Бошқа Хитой кузатувчилари Си Цзиньпин ўзини "лаббайчилар" билан ўраб олганидан хавотирда.
"Айни дамда Си Цзиньпин дадил маслаҳат изламаяпти. У садоқат қидирмоқда", дейди профессор Паетт.
"Кўриниб турибдики, Си Цзиньпин лавозимга кўтарилиш илинжидаги кадрларнинг доимий мақтовлари қурбонига айланган. Агар у партиянинг дастлабки тарихига назар ташласа, партия кадрлари тозалашлардан омон қолиш ва партиянинг юқори бўғинларига кўтарилиш учун хушомадгўйликка берилганини билар эди".

Сурат манбаси, Getty Images
Маълум даражада, барча амалдорлар коррупцияга ботган (юқори даражадаги «йўлбарслар» ёки паст даражадаги «пашшалар») ва алоҳида кўриниб қолганлар, қандайдир сабабга кўра, жаноб Си учун таҳдид, деган фикр мавжуд.
Тахминан беш миллион киши репрессия пайтида турли йўллар билан жазоланди, баъзилари огоҳлантирилди ёки жаримага тортилди, бошқалари эса узоқ қамоқ ёки ҳатто ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Аммо кўпчилик мамлакат яхши бошқарилаётганига ишончни кучайтиришдан кўра, бу чоралар партиянинг кенг жамоатчилик орасидаги обрўсига путур етказади, деб ҳисоблайди.
Профессор Ведеман айтганидек: "10 йилдан ортиқ давом этган қатағон ва "қафасга солинган йўлбарслар"нинг чексиз манзараси, эҳтимол, жамоатчиликда лоқайдликни оширган деб ўйлайман.
Оддий қилиб айтганда, агар сиз йўлбарслар билан ўн йил давомида ҳаёт-мамот жангида бўлсангиз ва 10 йиллик овдан сўнг уларнинг сонини камайтира олмаганингизни кўрсангиз, бу сизнинг уларни йўқота олмаслигингизни кўрсатади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













