Хитой иқтисоди инқироз ёқасидами? Ҳукумат чора кўриши кераклиги айтилмоқда -Янгиликлар

Хитой иқтисодининг ковиддан сўнг ўзига келиши қийин бўляпти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой иқтисодининг ковиддан сўнг ўзига келиши қийин бўляпти
    • Author, Ник Марш
    • Role, Би-би-си

Ўтган олти ой Хитой иқтисодиёти учун шум хабарлар мавсуми бўлди: секин ўсиш, ёшларнинг рекорд даражадаги ишсизлиги, паст хорижий инвестициялар, заиф экспорт ва валюта, инқироздаги мулк сектори.

АҚШ президенти Жо Байден дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиётини "соати ишлаётган бомба" деб таърифлаб, мамлакатда норозилик кучайишини башорат қилди.

Хитой раҳбари Ши Жинпинг мамлакат иқтисодиёти "мустаҳкам, улкан салоҳиятли ва яшовчан" дея жавоб қайтарди.

Хўш, ким ҳақ - жаноб Байденми ёки жаноб Ши? Кўпинча бўлгани каби, тўғри жавоб, эҳтимол, уларнинг ўртасидадир.

Иқтисодиёт тез орада портлаши даргумон бўлса ҳам, Хитой улкан, чуқур илдиз отган муаммоларга дуч келмоқда.

Мулк инқирози ва хонадонлар

Хитойнинг иқтисодий муаммолари маркази унинг мулк бозоридир. Яқин вақтгача кўчмас мулк унинг бутун бойлигининг учдан бир қисмини ташкил қилган.

"Бу мантиқсиз. Бемаънилик", дейди Антонио Фатас, Сингапурдаги INSEAD бизнес мактабининг иқтисод профессори.

Йигирма йил давомида хусусийлаштириш тўлқинида қурилиш сектори гуллаб-яшнади. Аммо 2020 йилда инқироз юз берди. Глобал пандемия ва маҳаллий аҳоли сони қисқариши давомли уй-жой дастури учун ижобий ҳол эмас.

China economy
Getty Images
Биз (Хитой) бурилиш нуқтасидамиз. Эски модель ишламаяпти, аммо эътиборни ўзгартириш учун жиддий таркибий ва институционал ислоҳотлар зарур.
Антонио Фатас
Иқтисод профессори (Батафсил: bbc.com/uzbek)

Хитой ҳукумати 2008 йилги Америкадаги каби инқирозлар бўлмаслиги учун, ишлаб чиқувчилар учун кредитлар ҳажмига чекловлар қўйди. Кўп ўтмай улар миллиардлаб қарзга ботдики, тўлай олишмасди.

Ҳозир уйларга талаб кескин камайиб, мулк нархи тушмоқда. Бу уч йил давомида коронавирус билан боғлиқ қаттиқ чекловларни бошдан кечирган хитойлик уй эгаларини қашшоқлаштирди.

Natixis активларни бошқариш фирмасининг Осиё бўйича бош иқтисодчиси Алисия Гарсия-Ҳерреро шундай дейди: "Хитойда кўчмас мулк аслида сизнинг жамғармаларингиздир. Яқин вақтгача бу фонд бозорига ёки паст фоизли банк ҳисобига инвестиция қилишдан кўра яхшироқ туюларди."

Шундай қилиб, Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, Хитойда пандемиядан кейин харажатлар кўпайиши ёки иқтисодий тикланиш кузатилмади.

меҳмонхона

Сурат манбаси, Getty Images

"Хитойликлар карантиндан кейин ақлдан озгандек пул сарфлай бошлайди, деган фикр бор эди, - дейди Гарсия-Ҳерреро хоним. - Улар саёҳат қилиши, Парижга бориши, Эйфел минорасини сотиб олиши керак эди. Лекин ундай бўлмади, улар уй-жой нархи тушиши туфайли жамғармалари камайиб бораётганини билишгач, нақд пулларини сақлаб қўйишга қарор қилишди".

Бу ҳолат нафақат уй хўжаликларини камбағаллаштирди, балки мамлакатдаги маҳаллий ҳукуматлар дуч келадиган қарз муаммоларини янада ўткирлаштирди.

Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг кўп миллиард долларлик даромадларининг учдан биридан кўпроғи инқирозга учраётган қурувчиларга ер сотишдан тушади.

Баъзи иқтисодчилар фикрича, бу мулк муаммосини бартараф этиш учун йиллар керак бўлади.

Номукаммал иқтисодий модель

Кўчмас мулк инқирози Хитой иқтисодиётидаги муаммоларни ҳам кўрсатмоқда.

Мамлакатнинг сўнгги 30 йилдаги ҳайратланарли ўсишига йўллар, кўприклар ва темир йўл линияларидан тортиб фабрикалар, аэропортлар ва уйларгача бўлган қурилишлар сабаб бўлди. Бунинг учун масъулият маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига тушади.

Бироқ, баъзи иқтисодчилар таъкидлашича, бу ёндашув ҳар маънода ўз йўлидан чиқиб кетмоқда.

Хитойнинг қурилишга муккасидан кетганига мисолларидан бирини Мьянма билан чегарага яқин Юнан провинциясида топиш мумкин. Маҳаллий амалдорлар бу йил янги, кўп миллион долларлик Ковид-19 карантин объектини қуриш режасини тасдиқлашди. Карантин ўтгач, карантин марказини қуришмоқчи.

Оғир қарзга ботган маҳаллий ҳукуматлар шу қадар оғир босим остида қолганки, хабарларга кўра, бу йил баъзилари қурилиш дастурларини молиялаштириш учун ерларини ўзларига ўзлари сотган.

Хулоса шуки, Хитой пулни беҳуда сарфлаб, бунча кўп обьектни қура олмайди. Мамлакат ўз халқи фаровонлигини таъминлашнинг бошқа йўлини излаши керак.

"Биз бурилиш нуқтасидамиз, - дейди профессор Фатас. - Эски модель ишламаяпти, аммо эътиборни ўзгартириш учун жиддий таркибий ва институционал ислоҳотлар зарур".

Масалан, унинг таъкидлашича, агар Хитой молия сектори ўз иқтисодиётини рағбатлантиришни ва АҚШ ёки Европа билан рақобатлашишни истаса, ҳукумат биринчи навбатда тартибга солишни сезиларли юмшатиб, катта ҳажмдаги ваколатларни хусусий секторга топшириши керак эди.

Аслида эса бунинг акси юз берди. Хитой ҳукумати молия сектори устидан назоратни кучайтирди, "ғарбпараст" банкирларга гедонизми учун танбеҳ берди ва "Alibaba" каби йирик технология фирмаларига қарши кескин чоралар кўрди.

Бунинг бир кўриниши ёшлар ишсизлигидир. Бутун Хитой бўйлаб миллионлаб ўқимишли битирувчилар шаҳарларда муносиб иш топишга қийналмоқда.

Хитой экспорти июл ойида кескин тушди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой экспорти июл ойида кескин тушди

Июль ойида, маълумотларга кўра, 16 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар ишсизлиги рекорд даражага 21,3 етди. Кейинги ой расмийлар рақамларни эълон қилмасликларини айтишди.

Профессор Фатаснинг сўзларига кўра, бу жуда кўп одамларга иш топиб бериш учун курашаётган "қаттиқ, марказлашган иқтисодиёт" учун синовдир.

Юқоридан пастга тизими янги кўприк қурмоқчи бўлганингизда самарали, лекин кўприк қуриб бўлинганда ва одамлар ҳали ҳам иш қидираётганда ноқулай.

Ҳукумат энди нима қилади?

Иқтисодий йўналиш ўзгариши сиёсий мафкуранинг ўзгаришини тақозо этади. Сўнгги пайтларда Хитой Коммунистик партияси (ХКП) одамлар ҳаёти устидан назоратни кучайтираётгани ва Президент Ши Жинпинг эса ХКП устидан назоратни кучайтираётганига қараганда, бундай бўлиши даргумон. Раҳбарият буни ҳатто керак эмас деб таъкидлаши мумкин.

Қайсидир маънода Хитой ўз муваффақияти қурбонига айланди. Ҳозирги ўсиш суръати ўтган йиллардаги ҳайратланарли даражада юқори суръатлар билан солиштирганда "секин" ҳисобланади.

1989 йилдан бери Хитой иқтисодиётининг ўртача ўсиш суръати йилига тахминан 9% ни ташкил этди. 2023 йилда бу кўрсаткич 4,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бу катта пасайиш, аммо барибир АҚШ, Буюк Британия ва аксарият Европа иқтисодларига қараганда анча юқори. Баъзилар таъкидлашича, бу Хитой раҳбариятига жуда мос келади.

Ғарб иқтисодлари одатда одамларнинг харажатлари ҳисобига ривожланади, аммо Пекин бу истеъмолчилик маданиятини ёмон кўради. Бу нафақат исрофгарчилик, балки индивидуалистик ҳам ҳисобланади.

Харид қуввати ортган истеъмолчиларнинг янги телевизор сотиб олиши, стриминг хизматларига обуна бўлиши ёки таътилга чиқиши иқтисодни рағбатлантиришга ёрдам бериши мумкин, бироқ бу Хитойнинг миллий хавфсизлиги ёки АҚШ билан рақобатига унчалик таъсир қилмайди.

Аслини олганда, Ши Жинпинг ўсишни хоҳлайди, лекин ўсишдан мақсад ўсиш бўлиши керак эмас. Бу яримўтказгичлар, сунъий интеллект ва яшил технологиялар каби илғор саноатнинг сўнгги гуллаб-яшнаши сабаби бўлиши ҳам мумкин. Буларнинг барчаси Хитойни глобал миқёсда рақобатбардош ва бошқалардан мустақилроқ қилади.

Бу фикр, шунингдек, ҳукуматнинг чайқалаётган иқтисодиётга нисбатан кўраётган чоралари чеклангани сабабини изоҳлаши ҳам мумкин. Ҳозирча у катта миқдорда маблағ жалб қилиш ўрнига қарз олиш чегараларини юмшатди ёки фоиз ставкаларини бироз пасайтирди.

Хитойдаги хорижий сармоядорлар хавотирда ва ҳукумат тезроқ ҳаракат қилишини хоҳлашади, аммо масъуллар узоқ ўйин ўйнаётганга ўхшайди.

Улар қоғозда Хитой ҳали ҳам ўсиш учун улкан салоҳиятга эга эканлигини билишади. Бу иқтисодий марказ бўлиши мумкин, аммо ўртача йиллик даромад ҳали ҳам атиги 12 850 долларни ташкил қилади. Аҳолининг деярли 40% ҳали ҳам қишлоқ жойларда яшайди.

Ши Жинпинг шу йил бошида учинчи марта ҳокимият тепасида қолишнинг уддасидан чиқди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ши Жинпинг шу йил бошида учинчи марта ҳокимият тепасида қолишнинг уддасидан чиқди

Шундай қилиб, бир томондан, сайлов цикллари йўқлиги сабабли Хитой бундай узоқ муддатли режаларни бемалол тузиши, арқонни узун ташлаб қўя олиши мумкин.

Аммо, бошқа томондан, кўплаб иқтисодчилар авторитар сиёсий тизим "юқори даромадли" мамлакатлардаги турмуш даражаси учун зарур қайишқоқ, очиқ иқтисодиёт турига мос келмайди, деб таъкидлайди.

Ши Жинпинг мафкурани яхши бошқарувдан ёки назоратни прагматизмдан устун қўйиши хавфи бор.

Аксарият одамлар учун иқтисод яхши бўлса, қолгани қандай бўлиши аҳамиятсиз. Аммо Хитойда уч йиллик карантиндан кейин кўпчилик иш топишда қийналмоқда, оилалар қашшоқлашган.

Бу бизга Байденнинг "соати ишлаётган бомба" ҳақидаги тавсифини эслатади. Бу эса фуқароларнинг ички норозилиги ва тартибсизлик ва бунга жавобан ҳукуматнинг қандайдир хавфли ташқи сиёсатга қўл уришига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ, бу ҳозирча тахмин. Хитой ўтмишда кўплаб инқирозлардан чиққан. Лекин, шубҳасиз, ҳозир мамлакат раҳбарияти олдида ўзига хос синовлар турибди.

"Улар ҳозирги вазиятдан хавотирдами? Албатта, улар рақамларни кўриб туришибди", дейди профессор Фатас.

"Улар нима қилиш кераклигини тушунишадими? Аниқ эмас, бунга ишончим комил эмас. Тахминимча, улар Хитой келажаги учун асосий бўлган баъзи нарсаларни йўқотмоқда."

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002