Хитой АҚШ ни ортда қолдирди - Ўзбекистон ва дунё, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Хитой АҚШ ни ортда қолдирди - ўзининг дунёга бугунги иқтисодий таъсир кучини кўрсатди. Ўзбекистон ҳам ҳозир Хитойнинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги бўлади.

Агар, куни-кеча эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, ўтган йил ҳам Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси энг юқори давлат яна Хитой бўлиб чиққан.

Хитой сўнгги йилларда кузатилаётгани каби бу гал ҳам Ўзбекистоннинг анъанавий савдо-иқтисодий шериги Россияни ортда қолдирган.

Ўзбекистоннинг 2020 йилда Хитой билан ташқи савдо айланмаси $6,4 миллиард долларни ташкил этган.

Бундан $1,9 миллиард доллари экспорт, $4,5 миллиард доллари эса, импорт ҳисобига тўғри келган.

Ўзбекистоннинг 2020 йилда ташқи савдо айланмаси энг юқори давлатлар ўнлигида Америка Қўшма Штатлари кўзга ташланмаган.

Хитой ва Россиядан кейин бу рўйхатни Қозоғистон, Корея ва Туркия давом этдирган.

Европа давлатлари орасидан эса, фақат Германия ва Чехиянинг юқори ўнталикдан жой ола билишгани кўрилади.

Хитой жорий пайтда Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларининг асосий кредиторларидан саналади.

Минтақадаги энг йирик ётиримчи давлат сифатида ҳам эътироф этилади.

Мавжуд вазият аксарият экспертлар орасида минтақада Хитойнинг иқтисодий экспансиясига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Хитойнинг қудрати

Xitoy

Сурат манбаси, Getty Images

БМТ якшанба куни эълон қилган янги рақамларга кўра, Хитой тўғридан-тўғри хориж инвестициялари келиши бўйича етакчи давлат АҚШдан ўзиб кетган.

Ўтган йили хорижий компаниялардан келадиган инвестициялар ҳажми ярмига қисқариб, АҚШ бу борадаги пешқадам мавқеини бой берган.

БМТ берган рақамлар кўрсатишича, Хитой фирмаларига хориждан келадиган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 4 фоизга ошган ва шу билан у глобал етакчига айланган.

Бу борадаги юқори даража Хитойнинг жаҳон иқтисодий саҳнасидаги таъсири ўсиб бораётганини кўрсатади.

БМТнинг Савдо ва Ривожланиш бўйича конференцияси ҳисоботида айтилишича, ўтган йили Хитойга $163 миллиад долларлик инвестиция кирган, АҚШда эса бу кўрсаткич $134 миллиарддир.

2019 йилда эса, АҚШ $251 миллиард, Хитой $140 миллиард доллар инвестиция қабул қилган эди.

Хитой янги хорижий инвестициялар бўйича олдинга чиқиб олган бўлса ҳам, инвестицияларнинг ялпи миқдори бўйича АҚШ ҳамон пешқадам.

Бу АҚШнинг кенгайиш истагидаги хориж компаниялари учун ўн йиллар давомида жуда жозибадор жой бўлиб келгани сабаблидир.

Аммо экспертларнинг таъкидлашича, бу рақамлар Хитойнинг шу кунгача дунёнинг энг катта иқтисоди бўлмиш АҚШ эгаллаб келган глобал иқтисод маркази томон силжиганини кўрсатади.

Британиядаги Иқтисод ва Бизнес тадқиқотлари Марказига кўра, ҳозирда АҚШ билан савдо урушига бориб қолган Хитой 2028 йилга бориб, бир сакрашда энг юқори ўринни эгаллаши башорат қилинмоқда.

Трамп инқирози

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

2016 йилда АҚШга келган инвестициялар миқдори ўз чўққисига чиқиб, $472 миллиард долларни ташкил қилган. Бу вақтда Хитойники $134 миллиард эди.

Ўшандан бери Хитойга йўналган инвестициялар ўсиб борди, АҚШники эса 2017 йилдан туша бошлади.

Трамп маъмурияти Америка компанияларини Хитойдаги фаолиятини тўхтатиб, бизнесини АҚШнинг ўзига кўчиришга ундади.

Бу маъмурият, шунингдек, миллий хавфсизликни рўкач қилиб, Хитой компаниялари ва инвесторларини, агар Америкага инвестиция киритса, жиддий текширувларга юз тутиши билан огоҳлантирди.

Ўтган йили Ковид-19 пандемияси сабабли АҚШ иқтисоди қийин аҳволга тушиб қолган бўлса, Хитой иқтисоди тезлик олди.

Шу ой эълон қилинган расмий маълумотга кўра, Ялпи Миллий Маҳсулотини ҳисобга олсак, Хитой иқтисоди 2020 йилда 2.3 фоизга ўсди.

Бу эса Хитойни ўтган йили иқтисоди қисқармаган ягона йирик давлатга айлантирди. Аксар иқтисодчилар унинг бирдан оёққа туриб олганидан ҳайратда, айниқса, унинг АҚШ билан таранг муносабатларини назарда тутсак.

Умуман олганда, глобал тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) 2020 йилда 42 фоизга камайган, дейилади БМТ ҳисоботида. ТХИ одатда бир компания хориждаги бошқа бири назоратини қўлга олишни англатади.

Британиядан янги хорижий инвестициялар ҳажми 100 фоизга тушган, 2019 йилда $45 миллиард бўлган бўлса, ўтган йили $1.3 миллиард бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek