Хитойни бойкот қилиш фойда берадими? Сиёсат ва Иқтисод Xitoy dunyo yangiliklar

Xalqaro Olimpiya qo'mitasi

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Намойишчилар Ўйинлар сабаб Халқаро Олимпия Қўмитаси биносини нишонга олишди
    • Author, Дэн Роан
    • Role, BBC Sports муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар халқаро спортда деярли доимий мавзуга айланган. Аммо бир нечта муҳим воқеаларгина Пекин Олимпиада ўйинлари каби баҳс-мунозараларга сабаб бўлган...

2022 йилги Қишки Олимпиада ўйинлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан ваҳшийликлари ҳақидаги кенг тарқалган айбловлар туфайли Америка Қўшма Штатлари, Австралия ва Буюк Британия каби давлатлар томонидан дипломатик бойкотларга юз тутмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Икки йирик давлат - Хитой ва АҚШ ўртасида Ўзбекистон, хусусан, Шавкат Мирзиёев нима қилмоқчи? Видео лавҳамизни кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб ҳукуматлари Хитойни Шинжон минтақасидаги геноцидда айбламоқда. Хитой буни рад этиб, бу қамоқхона лагерлари тармоғи уйғурлар ва бошқа мусулмонларни "қайта тарбиялаш" учун ташкил қилинганини даъво қилмоқда.

Гонконгдаги сиёсий эркинликлар ва демократия учун намойишларнинг бостирилиши, шунингдек, Хитой ҳукуматининг юқори мартабали амалдорини жинсий зўравонликда айблаганидан сўнг омма эътиборидан ғойиб бўлган теннисчи Пен Шуай билан боғлиқ сўнгги хавотирлар муносабати билан ҳам вазият янада кескинлашди. Гарчи Хитой расмийлари Пен Шуайнинг иши ҳақидаги гап сўзларни "ғаразли спекуляция" деб танқид қилган бўлса-да, унинг тақдири борасидаги хавотир сақланиб турибди.

Ўз вакиллари иштирок этмаслигини айтган бир неча Ғарб ҳукуматлари учун бу ҳаракат Хитойга нисбатан танқиднинг осонроқ йўли бўлиб, шу билан ўз спортчиларини очиқ бойкот орқали мусобақаларга юбормасликдек анча мунозарали қадамлардан тийилади.

Бу янги тактика эмас. Бундан уч йил аввал Европанинг бир қанча давлатлари, жумладан, Буюк Британия ҳам Солсберидаги новичок билан заҳарлаш воқеасидан кейин Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатига дипломатик бойкот эълон қилган эди.

Олимпия ўйинлари тадбирларига сиёсатчиларни юбориш хавфи шундаки, бу муқаррар равишда Президент Си Цзиньпин ҳукуматини сўзсиз маъқуллаш сифатида кўрилади, чунки бу ўйинлар унинг учун жуда катта аҳамиятга эга.

Хитой Қўшма Штатларни Олимпия ўйинларидан сиёсий мақсадда фойдаланишда айблаб, "кескин қарши чоралар" кўришга ваъда берган бўлса-да, айниқса, Италия ва Франция каби давлатлар бойкотга қўшилишдан бош тортганидан ҳайратга тушгани эҳтимолдан узоқ. Президент Макрон бу бойкотни "рамзий ва аҳамиятсиз" деб атаганди. Албатта, бу ўйинларни бевосита ёки узоқдан томоша қилганлар учун ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

#NoBeijing2022 кампаниясини ўтказаётган тибетлик, уйғур, жанубий мўғулистонлик, гонконглик ва тайванликлар инсон ҳуқуқлари гуруҳлари коалицияси дипломатик бойкотни олқишлаган бўлса-да, кўплаб тарғиботчилар у етарли эмас демоқда ва Хитойга ҳақиқатан ҳам босим ўтказиш учун спортчиларнинг ўзлари, корпоратив ҳомийлар ва йирик телерадиокомпаниялар ҳам чора кўриши зарур, деб ҳисоблайди.

Faollar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фаоллар дунё давлатларини Хитой мезбонлик қилувчи Ўйинларни бойкот қилишга чақиришди

Баъзилар агар геноцидда айбланаётган мамлакат ҳозир тўла бойкот қилинмаса, қачон қилинади деб сўрамоқда? Дарҳақиқат, Аёллар Теннис Ассоциацияси (АТА) Пен Шуайнинг аҳволи ҳақидаги хавотирларга жавобан Хитойни барча турнирларда самарали бойкот қилгани учун Ғарбда олқишланди. Шундай катта тижорат бозори бўлган мамлакатга қарши бундай ишга қул уриш спорт ассоциациялари орасида кам учрайди.

Олимпиадада иштирок этишдан бош тортиш, Хитойга қўйилаётган айбловларга эътиборни кўпроқ тортиши мумкин ва унда иштирок этиш эса Хитойга шерикдек кўрсатиши мумкин, бошқа томондан, йиллар давомида бундай имкониятга тайёргарлик кўрган спортчилар учун бу жуда адолатсиз бўлиб туюлиши мумкин.

Бойкотга мухолифларнинг таъкидлашича, Совуқ уруш даврида - 1980 ва 1984 йиллардаги ўйинларнинг бойкот қилиниши сиёсий таъсирга деярли эга бўлмаган, жабрини эса спортчилар тортган. Бошқалар эса, 1970 ва 80-йилларда Жанубий Африкадаги апартеидга қарши спорт бойкотлари иш берганини мисол келтиради.

Баъзилар бу далилнинг оёғини осмондан қилиб, бойкот эмас, балки спорт мусобақаларида қатнашиш спорт дипломатияси учун имконият яратади ва ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган халқаро кузатув бўлади, деб таъкидламоқда. Бу Британия Футбол Ассоциацияси 2022 йил Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳақида сўралганда таъкидлаётган аргументдир. Бу мамлакатда ислоҳотларга қарамай, ишчилар ҳуқуқлари инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун асосий хавотирли ҳолат бўлиб қолмоқда ва гомосексуализм ноқонуний ҳисобланади.

"Биз ўзгаришларга ҳамкорлик билан эришилади, деб ҳисоблаймиз, шу орқали тўғри саволлар бера оламиз ва бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ўз ташвишларимиз ҳам борлигини доимо ёдда тутамиз", дейилади ассоциациянинг сўнгги баёнотида...

"Келаётган ушбу футбол бўйича жаҳон чемпионатидан сўнг, шунингдек, Қатардан ташқарида, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлган минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам реал ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик имконияти вужудга келади".

Ҳамма ҳам бунга рози эмас. Хитойда 2008 йилги Пекин Ёзги ўйинларидан кейин, Россияда эса 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари ва 2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатидан кейин бундай ўзгаришлар кузатилмади.

Аммо спортчилар, ҳукуматлар ва спорт мухлисларининг 2022 йилги Пекин олимпиадасини тўлиқ бойкот қилишга унчалик ҳуши йўқдек туюлса-да, у ерга борганлар ниманидир ўзгартира оладими? Сўнгги йилларда фаоллик ўсганини ҳисобга олсак, бу ажабланарли эмас, чунки тобора кўпроқ спортчилар ирқчилик ва аёллар ҳуқуқларидан тортиб, руҳий саломатлигу атроф-муҳитга қадар бир қатор ижтимоий муаммолар ҳақида гапирмоқда.

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) ўзининг 50-қоидасини яқинда юмшатган бўлса ҳам, бу қоида трибуналарда, расмий маросимларда ёки ўйин майдонида ҳар қандай сиёсий норозилик, намойиш ёки ташвиқотни тақиқлайди, олимпиячилар мусобақа пайтида айтадиган ёки қиладиган ишларини чеклайди.

Пен Шуай

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Пен Шуайнинг тақдири халқаро миқёсда танқид ва хавотирларга сабаб бўлмоқда

Сўз эркинлигига матбуот учун ажратилган ҳудудларда, аралаш зоналар ва ижтимоий тармоқларда рухсат берилади, аммо атлетлар бундай имкониятдан чет эллик журналистларни цензура қиладиган ва қўрқитадиган бир мамлакатда фойдалана оладими ёки йўқлиги мунозарали бўлиб турибди. Айниқса, АТА раҳбари Стив Саймон яқинда "2022 йилда Хитойда тадбирлар ўтказсак, барча ўйинчиларимиз ва ходимларимиз дуч келиши мумкин бўлган хавфлардан жуда хавотирдаман" деган эди.

Афтидан Хитой расмийлари спорт юлдузларининг қоралашларини хуш кўрмайди. "Boston Celtics"нинг дангалчи баскетбол юлдузи Энес Кантер президент Сини танқид қилиб, октябрь ойида Озод Тибетни қўллаб-қувватлаганида жиддий норозиликларга дуч келди. Унинг исми Хитойнинг "Weibo" ижтимоий тармоғида блокланган ва "Boston Celtics" ўйинларини узатиш бекор қилингани хабар қилинганди. Худди шундай, 2019 йилда собиқ ярим ҳимоячи Месут Ўзил уйғурларга бўлган муносабат ҳақида гапиргандан сўнг "Арсенал"нинг ўйини Хитой давлат телевидениесидан олиб ташланган эди.

Кўпгина адвокатлик гуруҳлари ХОҚдан ўйинлар учун янги жой топишни илтимос қилди. Аммо жойни ўзгартиришга энди кеч. 2022 йилда Пекин атрофидаги аччиқ баҳслар ташкилотнинг мезбонларни танлашига ва улар билан муносабатларга эътиборни кучайтирди.

Яқинда "Human Rights Watch" ташкилоти президенти Томас Бах уч карра Олимпия чемпиони Пен хоним борасидаги хавотирларни бартараф этиш мақсадида видеомурожаат қилганидан кейин ташкилот ХОҚни Хитой билан "ҳамтовоқлик"да айблади. ХОҚ бу айбловни рад этди ва "сокин дипломатия"дан фойдаланишни ҳимоя қилади. Аммо Хитойдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати Oлимпия қадриятларига қанчалик мос келади, деган саволга, қўмитанинг узоқ йиллик бошқарув кенгаши аъзоси Дик Паунд Пекинни мезбон сифатида танлаганидан афсусда эмаслигини ва ўсиб бораётган далилларга қарамай, айтилаётган ҳуқуқ топталишларидан "хабарсиз" бўлганини айтгани кўпчиликни хавотирга солмоқда.

"Билмаган нарсам учун менга танбеҳ беришингиз мумкин, лекин мен аниқ билмайман", деди у душанба куни "Deutschlandfunk Sport" нашрига.

Унинг сўзларига кўра, ХОҚ "сиёсий ўзгаришларни амалга оширишда ҳеч қандай роль ўйнамайди... биз ўйинларни қайсидир давлатга топширганимизда, буни ўша давлатнинг сиёсий мақсадларини қўллаб-қувватлаганимиз белгиси сифатида қилмаймиз".

Танқидчилар ХОҚнинг мутлақо нейтрал ва сиёсатдан холи экани ҳақидаги даъволарини кескин рад этади. Улар, масалан, 2018 йилда Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида ташкилот ўтказган музокараларни, Президент Владимир Путин "Сочи 2014"дан дунёга Россиянинг ва ўзининг кучини кўрсатиш учун фойдаланганини тилга олади.

Шубҳа йўқки, спортчилар Пекинни ўйинларга мезбонлик қилиш учун танламаган бўлсалар-да, геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда, улар ҳозирда у ерда мусобақалашиш ёки қатнашмаслик ҳақидаги янги саволларга дуч келмоқда ва қандай йўл тутишни ҳал қилишлари керак.

Кўпчилик ўзларини имконсиз ҳолатда тушиб қолгандек ҳис қилади.

BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek