Қирғин ва даромад: Хитой ҳукуматига яқинлашаётган дунё уйғурларни унутиб қўйдими? Yangiliklar Xitoy Uyg'urlar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Ибрат Сафо
- Role, BBC Uzbek
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
75 йил аввал Бирлашган миллатлар ташкилоти Геноцид конвенциясини қабул қилганди. Бу сана муносабати билан чиқарган баёнотида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Фолкер Турк уйғурлар қисматини тилга олмади.
"Геноцид огоҳлантиришларсиз бошланмайди. У ҳар доим ирқ, этник келиб чиқиш, дин ё бошқа жиҳатлар, ҳамда озчилик ва жамоага нисбатан сиёсат шаклини олган йирик инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларининг оқибати бўлади", деди БМТ Инсон ҳуқуқлари комиссари.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жаноб Турк ўз баёнотида геноциднинг ўтмишдаги мисоллари, жумладан Холокост, ҳамда Камбоджа, Руанда ва Югославиядаги қирғинларни тилга олди. Аммо, Хитойнинг Шинжон ҳудудидаги уйғурлар ва бошқа туркий озчиликларнинг аҳволини кузатувчи фаоллар норозилигига кўра, у Шинжонни умуман эсламади.
2021 йил январида АҚШ Давлат департаменти Хитой ўз Шинжон ҳудудида уйғур ва бошқа аксар мусулмон озчиликларга нисбатан геноцид ва кенг кўламли инсониятга қарши жиноятларни амалга оширмоқда дея расман эълон қилганди. Икки йил олдин эса Лондондаги уйғур трибунали Хитой уйғурларга қарши геноцидни, яъни ирқий қирғинни амалга ошираётганини айтди.

Британия ҳукумати расман тан олмаган бу Трибунал хулосаси Хитойнинг Шинжон ҳудудидаги гувоҳлар кўрсатмаларига асосланган. Уларда уйғурлар учун очилган махсус лагерлардаги систематик шафқатсизлик, қийноқлар, жинсий зўрлашлар, аёлларнинг бичилиши, мажбурий меҳнат, очиқликда эса қаттиқ кузатувлар амалга оширилгани тасвирланади.
Хитой ўзи қайта тарбиялаш марказлари деб атайдиган бу лагерларни пандемия даврида ёпганини айтган. Лекин, ундан бери уйғурлар Шинжон ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидаги далалар ва корхоналарда мажбуран ишлатилаётгани бўйича айбловлар ўртага чиқди. Хитой буни ишсизликни бартараф этиш ҳаракати дея изоҳламоқда.
АҚШда 2022 йил июнидан кучга кирган қонунга кўра, Америкага Шинжон ҳудудидан маҳсулотни импорт қиладиган ҳар бир компания бу маҳсулотлар мажбурий меҳнат маҳсули эмаслигини исботлашлари керак. Қонунга биноан, хусусан, ўтган ҳафта АҚШ Хитойдан шакар, тармоқ узатгичлари ва тола импорт қилувчи учта компанияга тўсиқ қўйди.
"Хитой ўша махсус лагерлардаги 1 ва 3 миллион ўртасидаги уйғурларнинг бир қисмини қамоқ жазосига ҳукм этди, бир қисмини озод қилди, яна бир қисмини эса мажбурий ишлатиш учун заводларга ўтказди", - дейди уйғур ёзувчи Тоҳир Ҳамут Изгил.

Тоҳир Ҳамут Изгил Лондонда Геноцид конвенциясининг 75 йиллиги ва Уйғур трибунали хулосасининг 2 йиллигига бағишланган тадбирда Би-би-си билан суҳбатлашди. У ушбу тадбирда ўзининг "Тунда ҳибсни кутиб" номли асарини тақдим қилди.
У ўтмишда уч йил Ҳитой турмасида жазони ўтаб чиққан, аммо 2017 йилги қатағонлар бошланганида мамлакатдан қочишга қарор қилган. Унинг айтишича, қатағонлар тўлқини аввал ҳам бўлган ва 2-3 ой давом этган, лекин 2017 йилги репрессияларнинг айри жиҳати бор.
"Хитойда Шин Жинпин дейдиган диктатор давлат тепасига келди. Хитойда этник озчиликларга нисбатан икки хил сиёсат бўлган. Бир сиёсатга кўра, Хитойдаги озчиликлар, жумладан уйғурларни аста-аста Хитойга ассимиляция қилиш (хитойлаштириш). Иккинчи сиёсат эса зудлик билан ассимиляция қилишни кўзда тутган. Олимлар орасида шу иккита назария бор. Бу икки қараш бир-бири билан курашиб келган. Коммунистик партия бошидаги бурунги бошлиқлар буни сал босиб туришган. Президент Ши (Хитой инқилобчи раҳбари) Мао Цзедунгга тақлид қилади. Шунинг учун унинг қўли остида озчиликларни зудлик билан хитойлаштириш ёки йўқ қилишни истаган тарафдорлар устун келди. Халқаро саҳнада эса бу пайта Доналд Трамп президент бўлди, Европада эса суриялик қочқинларнинг катта оқими туфайли ўнг-қанот кучлар устун бўлди. Мана шундай тарихий ташқи ва ички омиллар туфайли Хитой уйғур ва бошқа туркий миллатлар, қозоқ, қирғиз, ўзбекларга қарата бу зулмни бошлади", - дейди адиб.
Баъзи таҳлилчиларга кўра, шу пайтгача уйғурларнинг мустаҳкам ҳимоячиси бўлиб келган АҚШ, Австралия ва Буюк Британия каби давлатларнинг охирги вақтда Хитой билан мулоқот қилишга оғишаётгани хавотирлидир.
"Жаҳон лидерлари келишувларни имзолаш учун кетма-кет Пекинга ташриф буюришяпти ва Хитой раҳбарияти билан глобал инқирозлар бўйича ҳамкорлик қилишга интилишяпти. Лекин, бизнинг халқимизга нисбатан амалга оширилаётган хунрезликлар ҳақида биронта сўз айтишмаяпти", деб ёзди Омер Қанат The Diplomat сайтидаги мақоласида.
Ўтган ой Президент Ши АҚШга сафар қилди ва Президент Жо Байден билан илиқ учрашди. Рейтерс хабарига кўра, Ши Америка бизнес лидерлари олдида чиқиш қилганида, бир эмас, уч марта уни тикка туриб олқишлашди.
"Шарқий Туркистон (Шинжон ҳудуди)даги туркларнинг қони билан келган маҳсулотларни сотиб олиш - жиноятга шериклик бўлиш демак. Буни Ғарбдаги фуқаролар тушуниши керак. Инсон олдидаги манфаатини ўйлайди. Лекин, адолат ва манфаат ўртасида зиддият бор. Бу ишни қандай бир тарафлик қилиш шу давлатларнинг ақл-фаросатига боғлиқ. Шахсан мен "Хитой билан савдо қилма, бир нимасини олма", демайман ва дея олмайман, чунки давлатлар халқаро алоқа қилиши керак. Аммо, айни дамда, халқаро ҳамжамият Хитойнинг иқтисодий манфаатлар номидан инсон ҳуқуқларини топташи, қирғинни бостиришига жим қараб турмаслиги керак", - дейди Тоҳир Ҳамут Изгил.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













