Навоий ва Чўлпон шеърларини инглиз тилида қайта тирилтирган шоир O'zbekiston Britaniya Dunyo

Станиланд Георгий Гуржиевнинг 1963 йилги «Ажойиб одамлар билан учрашувлар» асарида Ўзбекистон ҳақида ўқиши ортидан у ерга боришга аҳд қилган.

Сурат манбаси, Andrew Staniland

Сурат тагсўзи, Станиланд Георгий Гуржиевнинг 1963 йилги «Ажойиб одамлар билан учрашувлар» асарида Ўзбекистон ҳақида ўқиши ортидан у ерга боришга аҳд қилган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси британиялик шоир Андрю Станиланднинг янги китоби тақдимотини ташкил қилди. Китоб «12 Ghazals By Alisher Navoiy, 14 Poems By Abdulhamid Cho'lpon» («Алишер Навоийнинг 12 ғазали ва Абдулҳамид Чўлпоннинг 14 шеъри») деб номланади.

Аммо, бу бир тилдан иккинчисига қилинган оддий таржима эмас - Станиланд ўзбекистонлик ҳамкорлари билан ҳар бир сўз ва ҳар бир мисрани таҳлил қилган ва инглиз тилида уларни қайта тирилтирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Элчихонада ўтган шеърият кечасидан сўнг Би-би-си мухбири Ибрат Сафо у билан суҳбатлашди ва, аввало, таржима учун нега айнан шу икки адиб танлангани ҳақида сўради.

Станиланд: Улар бошқа-бошқа давр шоирлари, лекин ўрталарида боғлиқликлар ҳам бор. Уларни танлашимга бир нечта сабаб бор эди: Агар Навоий шеърларини таржима қилсангиз, масалан инглиз ўқувчи нуқтаи назаридан қарасак, уни 15-асрда Афғонистонда яшаган шоир деб қабул қилишади. Уни Ўзбекистонга алоқадор деб кўришмайди. Шундай экан, уни Чўлпон билан бир китобга кирита туриб, унинг ўзбек адабиётига боғлиқлигини кўрсатдим. Чўлпонга келсак, назаримда, Чўлпон ва унинг замондошларисиз Навоийни ўзбек адабиётининг отаси дея тан олмаган бўлишарди. Яна бир сабаб, турфахиллик. Агар кимдир китобни ўқиб, Навоийга унча кўнгли тушмаса, марҳамат, Чўлпон бор. Таржимон сифатида, мен ҳам ўзимга бироз танлов бергим келди. Ўқувчи учун ҳам бу турфахиллик қизиқ бўлади деб ўйлайман, чунки икковини солиштиришлари ҳам мумкин. Навоий ғазалларини бир ё иккитасини ўқиб, ҳузур оласиз. Бир ўтиришда ҳамма ғазалларини ўқиш жоиз эмас. Чўлпонда эса, биз танлаган шеърларида, воқелар давомийлигини кўрасиз. Ундан чарчасангиз, яна бир шингил Навоий ғазалини ўқий деб Навоийга қайтасиз. Турли таъмларни татиб кўргандек.

Би-би-си: Иккала шоир ҳам жуда катта мерос қолдирганлар, минглаб ғазаллар ва шеърлар. Айниқса, Алишер Навоий. Сиз қайси ғазал ё шеърни таржима қилишни танламаган экансиз, буни сизга сиз билан Ўзбекистондан туриб ишлаган ҳамкорларингиз танлаб беришган. Мана шу танланган ва сиз ишлаган асарларда қандай фалсафа ва мавзуларни сездингиз? Сиз кўплаб бошқа хорижий шоирлар асарларини ҳам таржима қилган экансиз, уларга ўхшашликлар борми? Масалан, муҳаббат ва йўқотиш каби глобал мавзулар ўзбек шеъриятида ҳам бир хил эканми?

Шоир ўзбекистонлик ҳамкорлари Аидахон Буматова ва Авазхон Ҳайдаровлар билан биргаликда ишлаган.

Сурат манбаси, Andrew Staniland

Сурат тагсўзи, Шоир ўзбекистонлик ҳамкорлари Аидахон Буматова ва Авазхон Ҳайдаровлар билан биргаликда ишлаган.

Станиланд: Навоий ғазалларидаги мавзуларга келадиган бўлсак, уларнинг кўпчилигидаги ўхшашликларни кўрдим. Шунинг учун айтдим, уларни бирданига ҳаммасини ўқиш ярамайди. Ҳар бирини алоҳида ўқиб, таъмини тотган яхши. Ундаги такрор-такрор мавзу - севгилисидан айрилиш. Бу севгилиси шахс бўлиши мумкин, ёки қувғинлик давридаги ҳукмдор, ёки Худо. У, айниқса Худо мисолида, ҳеч ўша севгилисининг висолига ета олмайди. Навоийда яна сезганим шуки, у қаерда адабий ва қаерда аниқ гапни айтаётганини билмайсиз. Масалан, у тарки дунё қилгани ҳақида ёзади. Лекин, у тарки дунё қилмаган, биз буни биламиз - у давлат девонидаги юқори даражали маъмур эди. Балки у тарки дунё этишни истаган, ёки балки буни адабий қурол сифатида қўллагандир. Мен билмайман, балки олимлар билар. Менимча, буни талқинга очиқ қолдирган афзал. У ҳақиқий адабиёт одами деган бўлардим.

Би-би-си: Чўлпон-чи?

Станиланд: Чўлпон жуда фарқ қилади. Чўлпон учун унинг миссияси, жадидлик миссияси шеъриятдан кўра муҳимроқ эди. У яхши шеър ёзишдан кўра, шеъридаги мужда одамларга етиб боришини муҳим кўрган. Ўзим шоир бўлганим учун, бошқа шоирлар нега муайян қарорни олганини тушуна оламан. Ва унинг қарори - жадидлар муждасини халққа етказиб бериш эди. Агар бу мужда шеърни бузса, майли буза қолсин деган.

Би-би-си: Мисол учун, сиз танлаган шеърлардан бири аёллар озодлиги ҳақида. Лекин, сизнинг айтишингизча, бу юзаки маъно, ва унинг асл, яширин маъноси - миллат озодлиги эди. Демак, Чўлпондаги энг асосий мавзу - миллат озодлиги ва у бутун ижодини шунга бағишлаган.

Станиланд: Ҳа, ўша шеърни олсак, агар ғарблик одам миллат озодлиги ҳақида гапиришни истаса, у бунинг учун яширин маъно қидириб ўтирмайди. Лекин, Чўлпон учун бу яширин бўлиши керак эди ва унинг учун жуда муҳим эди. Ҳа, бу яхши мисол.

Би-би-си: Сиз Чиғатой ва замонавий ўзбек тилини бироз ўқий оласиз, лекин ундаги шеъриятни таржима қиладиган даражада эмас, шундайми?

Станиланд: Мен баъзи сўзларни танийман, холос.

Одамлар шеър таржимаси деганда, тўғридан-тўғри қайсидир тилни билиб ўша тилдан таржима қилишни тушунишади. Лекин, сизнинг усулинг буткул бошқача, шундай эмасми?

Станиланд: Ҳа. Сиз айтган усул аслида энг яхши усул. Лекин, тўғридан-тўғри таржима қилолмасангиз, унда нима қиласиз? Ўзбекистондек мамлакат учун бу жуда муҳим савол. Масалан, Францияни олсак, француз тилидан инглиз тилига асар таржима қилиш зарурати бўлса, буни қила оладиган одамлар жуда кўп. Улар икки тилда ҳам бемалол гапирадилар, икки маданиятда ҳам ўзларини қулай сезадилар. Лекин, агар сиз Ўзбекистон бўлсангиз ва ўз адабий асарингизни бошқа тилга таржима этилишини истасангиз, буни эплай оладиган одам пайдо бўлишини кутишга мажбурсиз.

Би-би-си: Ва у одам ўзбек тилини ўрганишга бир неча йиллар сарфлаган бўлиши керак…

Станиланд: Ҳа, шундай одам келишини кутишдан бошқа иложингиз йўқ. Ва у одам нафақат тилни ўрганган бўлиши, балки шеър ёзиш маҳоратига эга бўлиши ҳам керак. Тилни билиши мумкин, лекин балки шеъриятни билмас? Шундай экан, шу тилни ташувчилар ёрдамида таржима қилиш усулини қўлладик. Ҳеч бир таржима идеал эмас, ҳеч бири мукаммал эмас. Шу сабаб, бу усул амалий, ҳамда муросали бир йўл. Умид қиламанки, бу китобимиз тилни билмай туриб ҳам шеър таржима қилиш мумкин эканига яхши мисол бўлади. Ўзаро ҳамкорликда ишлаш жуда муҳим - икки томон ҳам яхши мақсадларга эга бўлиши керак. Ўзбекзабон таржимоннинг бу мисраларни менга етказиши учун, нозик жиҳатларини тушунтириши учун инглиз тилиси ҳам яхши бўлиши керак ва мен ёзганларимни ҳам тушуна олиши керак. Биз томондан эса, шу тилни тотиб кўрган, у давлатга ҳеч бўлмаса бир марта борган ва у давлатни севган одам бўлиши талаб қилинади. Бу жуда муҳим. Ана шу барча омиллар бирлашсагина, инглиз ўқувчи асл ўзбекча адабиётни тушунса бўладиган таржимани тақдим қила оламиз.

Andrew Staniland

Сурат манбаси, Andrew Staniland

Сурат тагсўзи, Бу китобга шоирнинг Ўзбекистонга сафари илҳом бўлди.

Би-би-си: Ва сиз Ўзбекистонга сафар қилгансиз.

Станиланд: Ҳа, фақат бир марта.

Би-би-си: Ва ҳатто палов ҳақида ҳам шеър битибсиз-а? Буни аввал бошқа хорижлик қилмаган бўлса керак, сиз балки биринчисисиз.

Станиланд: Биринчиси, ва эҳтимол охиргиси эмас. Ва мен ўзим вегетариан бўла туриб, шундай шеър ёздим. Шундай экан, бу фидокорона бир амал бўлди. Ҳа, мен пандемия бошланишидан бирозгина аввал Ўзбекистонга бориш бахтига муассар бўлдим. Сафардан қайтганимда, «A New Diwan (h/t Alisher Navoiy)» («Янги Девон») номли янги шеърлар тўпламимни ёздим. Уни ёзишимга мени Алишер Навоий илҳомлантирди. Уни ҳали яхши билмасам-да, ўқий олганларим асосида ёздим. У менинг тасаввуримдаги илҳом париси эди. Ўзбекистонда кўрганларим, бошимдан ўтган воқелар ҳам бу тўпламни ёзишга руҳлантирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek