Ўзбекистон мустақиллиги юзи нега узоқ йиллар Каримов ва Тимур бўлди? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Рафаэль Гомез

Сурат манбаси, Rafael Gomez

Сурат тагсўзи, Рафаэль Гомез - Ўзбекистонга ошуфта бўлган бразилиялик.
    • Author, Рафаэль Гомез
    • Role, Журналист ва ёзувчи

"Ўзбекистонни нега бунчалик севасиз?"

Одамлар неча марта менга бу саволни берганлари ҳисобини билмайман.

Дарҳақиқат, изоҳлаш қийин.

Бразилиялик сифатида, менинг юртимда одамлар ҳатто эшитмаган, бу қадар олис, саҳролар ва дарёлар ўртасидаги бир диёрга талпиниш хаёлимга ҳам келмаган эди.

Илк танишув

1996 йил тасодифан польяк ёзувчиси Ришард Капусцинкининг "Империум" номли китобини ўқиб қолдим.

Тўғриси, китоб муқоваси ёққани учун сотиб олгандим.

Унда ёзувчи Ўзбекистонга 1967 йили қилган сафарини тасвирлаган экан.

Бухоронинг жигарранг, мисоли қуёш нурида куйган лойсимон сиймоси, Самарқанднинг мовий ва ложувард жилолари мени ром этди.

Буюк Ипак Йўли дурдоналари тасвири қалбимга ўрнашди.

Қандай сеҳрли диёр!

Она шаҳрим Сан Паулудан олисдаги рангларнинг турфа хил товланишлари мени ошуфта этди.

Бу ажойиб рангларни кўришни истадим. Аввалига улар тушларимга кира бошлади.

1999 йили Би-би-сига ишга кирдим.

Икки йил ўтиб, ўша хаёлий ранглардан маст бўлиб, раҳбаримга Совет империяси қулаганидан ўн йил ўтгач, собиқ Шўро республикаларида қандай ўзгаришлар кечаётгани ҳақида репортаж тайёрламоқчи эканимни айттим.

Репортажларни тайёрлаш учун бу мамлакатларга сафар қилиш керак эди.

Яхшироқ тасвирларни олиш учун сирли Марказий Осиёга боришни таклиф қилдим. Розиман, деди раҳбар. Фақат Тошкентга.

Тошкентга илк сафар

Ўзбекистонга борганимда 2001 йилнинг 10 сентябри эди.

Ҳаётимдаги энг ёдда қолар лаҳзалардан бири - қора чой, нон ва шўрва билан кечки таом чоғида ТВ экранида Эгизак биноларга учоқлар урилганини кўрган вақтим эди.

Мен таржимонимнинг уйида қолгандим.

Таржимон хушмуомала, бу мамлакат ҳақида ҳеч вақони билмайдиган бир ажнабийнинг уқувсизлигига чидарди.

Биз янгиликларни Россиянинг сунъий йўлдошли телеканали орқали кузатардик.

Мен ундан ҳужум ҳақидаги янгиликларни ўзбекча каналда ҳам кўрайлик деб сўрадим. У рози бўлди.

Кечки дастурда бу фожиа ҳақида лоақал бир сўз ҳам айтилмади.

Унинг ўрнига, адашмасам, Ислом Каримовнинг Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалигидаги ривожланишлар ҳақидаги нутқининг ўн дақиқали хулосаси берилди.

Яна Россия каналига қайтдик.

Москвада CNNдан олинган кадрларни дубляж қилиб, кейин Ўзбекистонга узатишаётган эди. Ўзимни дунёдан узилиб қолгандек ҳис қилдим.

Кейинги кун ҳам миллий телеканал яна Каримовни кўрсатди.

Буниси АҚШга бўлган ҳужум ҳақидаги нутқ эди.

У ўз нутқида дунёни шундай ҳодиса содир бўлиши мумкинлиги ҳақида неча марта огоҳлантиргани, аммо дунё уни эшитмагани ҳақида гапирарди.

Бугун нима ўзгарди?

СССРнинг қулагани ва Ўзбекистоннинг мустақил бўлганига 30 йил, менинг илк сафаримга эса 20 йил бўлди.

Бу орада нималар ўзгарди? Кўп нарса.

Аммо гапни Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳақида гапирмай бошлаб бўлмайди.

2016 йили унинг вафоти менга, бу мамлакатдаги дўстларим ва хориждаги ўзбекистонликларга бўлганидек, бомбадек таъсир қилди.

Мен учун Президент Каримов ва Амир Темур ҳайкали Ўзбекистоннинг мустақилликдан кейинги юзи эди.

Амир Темур мақбараси
Сурат тагсўзи, Самарқанддаги Гури Амир ичида.

Собиқ Совет Марказий Осиёсининг барча раҳбарлари бошқарувларидаги мамлакатларини ўз шахсий идеаллари асосида қурганини инкор этиб бўлмайди.

Юқорида ўтирган одамнинг қараши ҳар нарсада акс этиб турарди.

Шахс ва давлат

Советлардан кейин ҳам омон қолган элитанинг кўмаги билан уларнинг ғоялари янги мамлакатларни юзага келтирди.

Туркманистонда туркманбошининг ақл бовар қилмас шахсияти, Қирғизистонда Асқар Акаевнинг Ғарб илиқ қаршилаган (ва кейинчалик учта инқилобга йўл очган) прогрессивроқ ғоялари бошқарувга сингди.

Ўзбекистонда эса Ислом Каримов Амир Темурни улуғлади, демократия ёки сиёсий эркинликлар йўқ эди.

Айниқса, 1999 йилги Тошкентдаги портлашлардан сўнг эркинликлар янада чекланди.

2005 йили Андижондаги воқеалардан кейин эса чекловлар янада кучайиб кетди.

Каримов ҳамма ёқда душманни кўрарди, Вашингтон ва Москва ўртасида ўйин қиларди.

Каримов, керак бўлса, мамлакатни иҳоталаб олишга тайёр раҳбар эди.

Шундай бўлди ҳам. Ўзбекистон қарийб дунёдан узилиб қолди.

Туристлар учун эмас, албатта.

Бу юртга 2003 йилда яна бордим, сўнг 2013 йили, ниҳоят 2018 йили яна сафар қилдим.

Аммо кейинги сафарларимнинг барида, биринчисидан фарқли тарзда, турист сифатида бордим.

2013 йил у ерга саёҳат қилиш қанчалик осонлигини кўрдим.

Ҳа, виза керак эди, меҳмонхонага рўйхатга қўйиш каби сарсонгарчиликлар бор эди, аммо булар менга оғирлик қилмади.

Мени яна ўша таржимоним кутиб олди.

У мени Тошкентдаги Бродвей кўчасига тушлик қилгани олиб борди.

Яхши эслайман. Баланд, сербарг дарахтлар бизни ёзнинг куйдирувчи қуёши тафтидан асрарди.

Атрофда савдо-сотиқ авжида, шовқин, мусиқа, болалар ўйнашар, ҳаёт қайнарди.

Лекин туристлар кўринмасди.

Эски шаҳарга бордим.

Усмон мусҳафи сақланадиган мадрасани топгунимча жин кўчаларда адашиб ҳам қолдим.

Самарқанд сайқали

Рафаэль Гомез

Сурат манбаси, Rafael Gomez

Сўнг Самарқандга сафар қилдим.

Эсимда, Биби Хоним масжиди атрофи гавжум, ҳамма ерда одамлар нимадир сотарди.

Пиёдалар йўлаклари ёнида катта қозонларда палов пишириб сотишарди.

Ҳамма ёқда пахта ёғи ҳиди анқирди.

Бозорга кирганимни эслайман.

Саллали отахонлар бозор ичида суҳбатлашиб ўтиришибди.

Туристларга ҳам осонмас - бу ерда кўпчилик инглизчани билмайди.

Бозордан чиқиб, Улуғбек расадхонаси томон йўл олдим.

Бир амаллаб русчада одамлардан нималарнидир сўраб оламан, бундан ўзим ҳамон фахрланиб кетаман.

Бухоро ва Хива

Бухоро

Сўнг Бухорога саёҳат.

Тушдан кейин Лабиҳовуздаги тапчанда чой хўплаб, болаларнинг дарахт устига чиқиб, сувга сакрашини томоша қилиб, хордиқ чиқариб ўтирдим.

Кейин, ниҳоят, Хивага бордим.

Бир куни оқшом маҳали Ичанқалъа ёнида йўл сўрагани ҳатто бир русча биладиган одам топа олмай қолдим.

Аста-секин, бу манзара ўчди, ўрнини янги "замонавий" Ўзбекистон эгаллади.

Бу Ўзбекистон пули кўп, аммо аксарияти лоқайд, унинг тарихи, маданияти, ҳатто маҳаллий таомларига қизиқмайдиган туристлар учун мўлжалланди.

Айримлари "Тақиқланган Туркистон"га борганини бошқаларга айтиб бериш учун сафар қилади.

Кимлардир зерикканидан, янги нарса кўриш учун боради. Ва кейин, афсуски, ўзлари доимий яшайдиган муҳитларига ўхшаш жойга тушиб қолади.

Йўқотилган шаҳар

2012 ва 2018 йилларда Самарқандга саёҳатимда ҳайратга тушганман: бозордаги жўшқин ҳаёт ғойиб бўлганди, жуда сокин, тоза, аммо зерикарли эди.

2018 йилги саёҳатимда Регистон ва Биби Хоним масжиди атрофидаги анъанавий маҳаллалар олди тўсиб қўйилганини кўрдим.

Ғаройиб шаклдаги тартибсиз маҳаллаларга тўсиқдан ўтиб бориш, худди геттога ўтишга ўхшарди.

Бу эса - жуда уятли.

Туристлар борадиган жой атрофдаги жўшқин, ҳақиқий ҳаётдан узиб қўйилганди.

Самарқандга бориб, жиддий қайта қўрилган архитектура ёдгорликларидан бошқа ҳеч нарсани, ҳақиқий Самарқандни кўрмай кетаётган миллионлаб сайёҳлар ҳақида ўйладим.

Тошкентда ҳам шунга ўхшаш: эски шаҳарнинг катта қисми бузилиб, ўрнига янги Хасти Имом қуриб қўйилган.

Тўғри, Усмон мусҳафини кўриб, қайтиб кетишлари учун қулай шароит яратиб қўйилган.

2018 йили Бухорога борганимда Арк ва Лабиҳовуз ўртасидаги кўчалар бузиб ташланганини кўриб юрагим ачишди.

Бу ер Минораи Калоннинг Хитойда ясалган митти нусхалари сотиладиган савдо марказига айланса керак ёки айланиб бўлгандир ҳам.

2003 йилда кўрганим - анъанавий уйлар ғойиб бўлган. Улар энди фақат хотирамда яшамоқда.

Мирзиёев даври

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, FACEBOOK/SHAVKAT MIRZIYOYEV

Сурат тагсўзи, Кўп ўзбеклар бир гапни айтишади: Мирзиёев анча эркинликлар берди.

Кейин Мирзиёев ҳокимиятга келди.

Охирги сафаримда кўплаб одамлардан нима ўзгарди, деб сўрадим.

Нурота, Самарқанд, Термиз, Марғилон ва Қорақалпоғистонда ўзбекистонликлар билан суҳбатлашдим.

Жавоблар доим бир хил: "У бизни изоляциядан чиқарди. Бу яхши ўзгариш!"

Самарқанд-Панжикент чегара ўтиш нуқтасида айниқса одамлар шод эди.

Бу ер Каримов ва Раҳмоннинг ўзаро муносабатлари боис йилларча ёпиқ бўлган.

Самарқанддан ўша ерга бордим.

У ерда кўрганим биринчи нарса - Мирзиёев ва Раҳмоннинг қўл сиқишиб, жилмайиб тушган катта сурат турибди.

Паспорт текширувида навбатга турган одамлар шу ишлар бўлаётганига ишонолмаётгандек кўринарди.

Улардан бирининг олдига бориб аста сўрадим: бемалол ўта олиш қандай яхши, шундай эмасми?

У мени деярли қучоқлаб олди.

Бу гапни паспорт текшираётган чегара назоратчисига ҳам айтдим. Ёйилиб жилмайган жавобни олдим.

Чегаранинг нариги тарафида, Панжикент яқинидаги кичик меҳмонхона эгаси бу ўн йил ичидаги энг яхши янгилик бўлганини айтди.

"Ҳозир йиллар давомида кўрмаган қариндошларимизни бориб кўра оламиз. Панжикентдан топа олмаганимиз нарсани олис Душанбега бориб сотиб олиш шарт эмас, Самарқандга бориб, олиб келамиз. Сайёҳлар ҳам келишмоқда".

Хуллас, унинг ҳаёти бутунлай яхши томонга ўзгарибди.

Янги бошқарув, эски хислат

Президент Мирзиёев бошқарув даврининг яна бошқа томони ҳам бор.

Инсон ҳуқуқлари яхшиланганди, Каримовдан мерос қолган изоляция йўқ қилинди, қўшнилар билан муносабатлар яхшиланди, журналистларга муносабат ўзгарди.

Аммо шунга қарамай, сиёсий очилиш йўқ.

Мухолифат эркин ва адолатли сайловларда иштирок этиш имкониятидан ҳамон йироқда.

Ҳамма октябрь ойида ким президент бўлиб сайланишини ва балки ҳатто бир умр бу амалда қолиши эҳтимолини ҳам билади.

Нега шундай? Беқарорликдан қўрқувми? Ўзбек халқи сиёсий плюрализмга тайёр эмас, деган ишончми?

Баъзиларнинг айтишича, ҳеч бўлмаганда, Каримов даврида бўлгани каби, тазйиқ йўқ.

Мирзиёев ҳеч бўлмаганда мухолифликни қабул қилишга тайёр.

Бу оптимистларнинг ишонишича, вақт ўтиши билан Амударё ва Сирдарё ўртасидаги юртга ҳам сиёсий эркинлик келади.

Бош омон бўлса, кўз кўради.

Ҳозир аҳвол яхшими?

Ўзбекистонда

Сурат манбаси, Courtesy

Мустақил бўлганига 30 йил тўлгандан кейин Ўзбекистоннинг аҳволи яхшиландими?

Билмайман. Мамлакатни коммунизм даврида кўрмаганман.

Аммо олдинги рус шовинизми ва ягона мафкура кетгани аниқ.

Бироқ Каримовнинг эски ҳукмронлиги ўрнини миллатчилик, ўзбекларнинг этник доминантлиги, молпарастлик, умуман, капитализмнинг энг ёмон томонлари эгаллаётгандек туюлади.

Камбағаллик ҳамон кенг тарқалган, айрим одамлар бойигандан бойиб бормоқда.

Дин ҳамон баҳслар ўзаги бўлиб қолган.

Хуллас, қай бир маънода кўп нарса 30 йил давомида ўзгармаган.

Аммо ўзбеклар аввалгига нисбатан ўзлигини англай бошлашган.

Улар асраб-авайлаш ва жонлантиришга муҳтож ажойиб маданий ҳамда табиий меросга бой гўзал ватанлари билан фахрлана бошлашган.

Келгуси 30 йилда Ўзбекистон фуқаровий жамият, кўпмиллатлилик тушунчаларини қабул қилишини, сиёсий плюрализмни, атроф-муҳитга зарар бермай иқтисодни ривожлантиришларини истардим.

Бой сайёҳларни жалб этиш учун шаҳарларини Диснейлендга айлантириб юборишларини эса истамасдим.

Ҳаммасидан кўра, ўзбеклар ўз диёрларидаги бойликларни, дунёдаги мен каби кўплаб одамлар кўришни орзу қилган Ўзбекистон рангларини асраш масъулиятини ҳис қилишлари истардим.

Эслатма: Муаллиф фикри Би-би-си нуқтаи назарини акс эттирмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek