Ўзбекистон четдаги ўзбеклар учун қандай хорижга айланди?

Шоҳруҳ Соипов

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Шоҳруҳ Соипов - ўшлик ўзбек журналист.
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Ўш

Совет Иттифоқи қулаб, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўз мустақиллигини эълон қилишаркан, ҳаёти Ўзбекистон ё Тошкент билан кучли боғланган четдаги ўзбеклар янгича реалликка юз тутишди.

Улар Ўзбекистон учун буткул хорижий фуқароларга айландилар.

Совет давридаги ўзаро очиқ ва эркин чегаралар ҳақиқий тўсиққа айланди, баъзи ҳолатларда борди-келди ўта қийинлашди ва Ўзбекистон айрим қўшнилари билан чегара бўйлаб миналар ҳам ётқизди.

Бу эса четдаги ўзбеклар ҳаётида аксланмай қолмади.

Афғонистонда яшовчи бир неча миллионлик ўзбеклар Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистондан узилиб қолишганди.

Қирғизистон, Тожикистон ва ё Туркманистон ўзбеклари юз тутган ўзгаришлар эса айнан Ўзбекистон мустақиллиги ва, баъзи ҳолларда, Ўзбекистон ёхуд бошқа қўшни давлат тутган сиёсат билан белгиланди.

Ўшда

Сурат манбаси, Shohruh Soipov

Сурат тагсўзи, Қирғизистонлик ўзбеклар савдо ва ҳунармандчилик билан кўпроқ шуғулланишади.

Таълимдаги таъсир

Ўзбекистон Совет даврида Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Турманистондаги ўзбек мактабларини ўқув китоблари билан таъминлаб маданий тарафлама кўмак кўрсатиб келган.

Тошкентдаги Олий ўқув юртларида қўшни республикалардан ёшлар келиб таҳсил олишган.

Ўзбекистон лотин алифбосига ўтиши ортидан қўшни республикаларда ўзбек мактаблари учун дарсликлар етказиб бериш чекланган ва давлатнинг ўша пайтдаги раҳбарияти олиб борган сиёсат ҳам ўзаро муносабатларга салбий таъсир этган.

Фарғона водийсида Ўзбекистон билан чегаралари кесишган Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида яшовчи ўзбеклар мустақиллик йилларидаги муносабатларни қандай баҳолашади?

Даврон Насибхонов - Жалолобод, Қирғизистон:

Даврон Насибхонов

Сурат манбаси, Courtesy

Ўзбекистон мустақиллиги ташқаридаги ўзбеклар учун қандай кечди?

Мен туғилган қишлоқ Ўзбекистоннинг Наманган вилояти билан чегарадош.

Қишлоғимизга энг яқин шаҳар Наманган. Бозор-ўчар, олди-сотди Намангандан қилинар эди.

Шунинг учун қишлоғимиздагилар шаҳар деганда ҳозиргача Наманганни тушунадилар.

Ўш ёки Жалолобод шаҳарларини кўпчилик яхши билмас эди.

Олий таълим ҳам Ўзбекистон олийгоҳларида олинар эди.

1999 йили Тошкентда портлашлар юз бергунга қадар ҳаёт шундай кечди.

Аммо ўша йилдан бошлаб, Ўзбекистонда ўқиш имкони деярли йўқола бошлади.

Ёшлар Жалолобод ва Ўш шаҳарларидаги университетларда ўқишга ўтдилар. Жумладан, мен ҳам.

Бир пайтлар Тошкентда ўқийман деб ўйлардим.

Аммо Тошкент борган сари биздан узоқлашди.

Марҳум Каримов бош бўлган расмий Тошкент Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбекларни севмади.

Афтидан, Каримов режими ўз мафкурасига ташқаридан таъсир кўрсатилишини истамади, чоғи.

Узиб бўлмас ришталар

Аммо қирғизистонлик ўзбекларнинг Ўзбекистонда қариндош-уруғи, қуда-андаси бор.

Яъни буткул узилиб кетишнинг имкони йўқ.

Шунга қарамай, йил ўтган сари борди-келди мураккаблашиб бораверди.

Ёнма-ён бўлган қишлоқлар ўртасида чуқур ва узундан-узун хандақлар қазилиб, тиконли симтўрлар тортилди.

Чегарачилар дағаллашгандан дағаллашди.

Гапнинг қисқаси, мустақилликнинг илк йиллари Ўзбекистон бизга иккинчи ватандек эди. Кейинги йилларда эса хориж бўлди.

Бу орада эса мева-сабзоватларни Ўзбекистондан импорт қилиб келган Қирғизистонда иссиқхоналар кўпайди, ички маҳсулотлар бозорга чиқа бошлади.

Ўзбекистоннинг маҳсулотларисиз ҳам яшаш мумкинлиги аниқ бўлди.

Аксинча, Ўзбекистонга Қирғизистон орқали Хитой моллари ўтиши авж олди.

Чегаранинг ёпиқлиги, асосан, Қорасув бозоридаги савдога салбий таъсир қилди.

Сўнгги ўзгаришлар

Дўстлик учрашуви

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари яхшиланиб бормоқда.

Каримовдан кейин эса Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг алоқалари илиқлашиб, борди-келди осонлашди. Ниҳоят расмий Тошкент сайёҳлардан пул ишлаш мумкинлигини англай бошлади.

Қирғизистонлик ўзбеклар 2010 йилга қадар ўзбек тили, маданиятини сақлаш ва уни ривожлантириш учун самарали ишлар олиб борилшди.

Гарчи Ўзбекистон учун Қирғизистондаги ўзбек ижодкорлари, ўзбек мактаблари ва ёки бошқа маданий марказларнинг аҳамияти йўқдек туюлса ҳам, бу бизнинг ўзимизга керак, дея ҳаракат қилиб келдик.

Ўш фожиаси ўйлари

2010 йилда юз берган фожиадан сўнг эса ўзбеклар ўзини етимдек ҳис қилди десам, кимдир қарши бўлмаса керак.

Ўша вақтда бизнинг тақдиримиз Ўзбекистонга мутлақо қизиқ эмаслигини сездик.

Биз Ўзбекистон ёнимизда туришини истагандик.

Аммо Ўзбекистон учун Қирғизистондаги ўзбекларнинг ҳатто ўз она тилида таълим олиши, миллий маданиятини ривожлантириши ҳам аҳамият касб этмаслиги ойдинлашди.

Бунинг натижасида Қирғизистондаги ўзбек тилли мактаблар қисқарди.

Ўзбек тилида фаолият олиб борувчи ОАВ жуда камайиб кетди.

Зиёлилар қатлами ичида ўзбек миллатига мансуб шахслар озаймоқда.

Вақт ўтган сари бунинг оқибатлари яққолроқ сезилаверса керак.

2010 йилги Ўш воқеаларида юз минглаб ўзбекларнинг Ўзбекистонга қочиши ҳам Қирғизистон ўзбеклари ва ҳам Ўзбекистон учун бурилиш нуқтаси бўлди.

Табиийки, Қирғизистондаги ўзбеклар ўзини қирғизистонлик деб билади.

Қирғизистон - уларнинг ватани.

Аммо Ўш воқеаларида жабрланганларнинг бошпана истаб миллатдошларининг юртига ўтишида ҳеч бир тасодиф йўқ.

Бунинг устига, Ўшга энг яқин давлат - Ўзбекистон. Аммо Ўзбекистон қочқинларни тезда ортига қайтарди. Бу ўша пайтдаги сиёсат эди.

Ҳозир аҳвол қандай?

Ҳозирга вақтда Қирғизистонда ўзбекларга аввалгига нисбатан муносабат яхшиланди ёки маиший миллатчилик камайди, дейиш мумкин.

Ўзбеклар ҳам қирғиз тилини яхши ўзлаштиришмоқда.

Қирғизлар орасида ҳам 2010 йилдаги воқеа бошқа бир кучлар томонидан бошқарилганини, оддий халқ бир-бирисиз яшай олмаслигини тушуниб етаётганлар оз эмас.

Аммо Ўш воқеаларининг асл сабаблари, сабабчилари аниқланмагани, ҳаққоний баҳо берилмагани боис хавф бутунлай йўқ бўлди дейиш қийин.

Сўнги вақтларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг ўзаро ер алмашув келишувлари ортидан қирғизистонликлар ўртасида норозиликлар туғилганига қарамай, Ўзбекистон давлатига, ўзбекларга бўлган муносабат чин маънода илиқлашди.

Ўзбекистон расмийларининг Қирғизистонга ташрифи, совға-саломлар алмашишлари икки давлат ўртасида дўстлик алоқалари мустаҳкамланмоқда, деган умидни уйғотди.

Ўзбекистон томони Ўшда Алишер Навоий номида қирғиз ва рус тилида таълим олиб борилувчи ўрта мактаб биносини қуриб берди.

Ҳозирда Бобур номидаги Ўзбек академик театрида ҳам қурилиш ишлари бормоқда, уни ҳам Ўзбекистон молиялаштирмоқда.

Гарчи кўп ишларга кеч қолингандек сезилса ҳам, ҳечдан кўра кеч яхши.

Соҳиба Шокирова, Ўш:

Соҳиба Шокирова

Сурат манбаси, courtesy

Ўттиз йиллик мустақиллик Қирғизистон ўзбеклари учун катта ўзгаришларни англатди.

Каримов давридаги воқелик шундай эдики, Қирғизистон ўзбеклари ўзларини худди ҳеч қайси қитъага боғланмаган оролчада яшагандек ҳис қилишарди.

Ўзбеклар шу "оролчада" ўз-ўзини бошқариб, косиблик, ҳунармандчилик ва савдо ишлари билан шуғулланишди.

Кўпчилик Россияга, имконини топганлар Европа ва Америкага чиқишга ҳаракат қиларди.

Бугунги кунда қарийб ҳар бир оиладан бир киши Америка, Европа ёки Россияда.

Чунки ҳамма фарзандларини мигрантликка тайёрлади. Касб-хунар ўргатди, Россия ёки бошқа давлат учун қандай касблар талаб қилинса, ўшани болаларимизга ўргатдик.

Бу жараён мобайнида болаларга мустақил бўлиш ҳам уқдирилди. Шунга мажбур эдик.

2010 йилги миллий низо кўп оилаларнинг Россияда доимий яшаб, ўрнашиб қолишига сабаб бўлди.

Баъзилар қайтиб келишди, лекин Россиядаги шарт шароитлар Қирғизистондан катта фарқ қилгани учун яна у ерга қайтиб кетишмоқда.

Имконсиз, оиласида эркаги йўқ ёки кам маошга ишлайдиган ўқитувчиларимизгина мажбурият юзасидан миграцияга кетаолмасдан Ўшда кун ўтказаяпти.

Бу ерда ишлаш билан биргаликда қўшимча тадбиркорлик қилиб, нодавлат ташкилотлари ёки хорижий дастур ва фирмалар билан ҳам ишлашмоқда.

Аёллар атир-упа сотиш, ширинлик тайёраш курслари ёки бирон мутахасисликка ўқитиш, замонавий технологияни ўзлаштириш каби қўшимча касб эгалари бўлишмоқда.

Касб ё илм?

Бугунги кунда бизнинг шароитимиз ёмон эмас.

Ҳар бир оилада қандайдир бир касбни эгаллаган одам бор.

Аммо олий маълумотли ўзбеклар жуда камайиб кетмоқда.

Давлат тизими, юридик йўналишда ишловчи, йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёки обрўли инсонларнинг фарзандларигина давлат ишларининг қайсидир бир жабҳаларида ишлашмоқда, холос.

Улар учун олий маълумот олиш муаммо бўлмади.

Ваҳоланки, бизда университетга топшириб, олий маълумотли бўлиш муаммо эмас.

Шундай бўлса ҳам фарзандларимиз кўп ўқишмаяпти.

Охирги пайтларда университетга кираётган қирғизистонлик ўзбеклар жуда озайгандек кўринади.

Агар кимнингдир давлат идоралари танишлари бўлса, қаердадир ишлаши мумкин.

Тил ва таълим қайғуси

Охирги пайтларда бизни кўп ўйлантираётган нарса, ўзбек тилли мактаблардаги мутахассис масаласи.

30 йил мобайнида ишлаётган ўқитувчиларимиз нафақа ёшидан ўтиб, етмиш ёшда ҳам ишлаётганлар бор.

Уларнинг ўрнига ўзбек тилида дарс берувчи мутахассис етишмаганлиги учун физика, математика каби фанлар бўйича ўзбек мактабларига ҳам қирғиз тилида ўқиган ўқитувчиларни олишга мажбур бўлаяпмиз.

Чунки ўзбекзабон мутахассис йўқ. Бу ҳозир энг долзарб масала.

Ваҳоланки, ўқитувчининг ойлиги 15 минг сўмдан юқори.

Шу шароитда ҳам ёшларимизни ўқишга жалб қила олмаяпмиз.

Ўзбек мактабларининг шарт шароити, кадрлар масаласини хал қилмасак, яқин 10 йилда ўзбек мактабларини умуман ёпишга ёки қирғиз тилли мактабларга айлантиришга тўғри келади.

Шахсан мен, ўз фарзандларимни ўзбек мактабида ўқитмадим.

Сабаби, ўзим филолог бўлганим учун фарзандаларим ўзбек тилидаги китобларни кўп ўқиб, эркин гаплашиб, ёза олади.

Бироқ, касби ё иши тилига алоқадор бўлмаган оилалар фарзандлари рус ёки қирғиз тилида таҳсил олишса, асосан ўша тилда гаплашишади.

Бу бизнинг ўзбек тилимизни аста-секин ассимляция бўлишига олиб келиши мумкин.

Тилимизнинг кўп қисми қирғиз тили билан уйқашиб кетди. Сабаби, ўзбек тилидаги газета, журнал ва китобларни ўқимаяпмиз ва уларнинг сони ҳам жуда оз.

Мирзиёев ва ўзбеклар

Мирзиеёв президентликка келганидан бери Қирғизистоннинг жанубида яшовчи ўзбекларга яхши эътибор қаратиляпти.

Маданий алоқаларни тиклаб олдик. Театр гастроллари келаяпти, байрамларга қўшиқчиларни юборишяпти.

Биз Ўзбекистонга бориб, илмий иш, симпозиумларга қатнашаяпмиз.

Ёзувчилар уюшмаси билан алоқалар ўрнатилган.

Чегараолди шаҳарлар дўстона муносабатларни ўрнатаяпти. Бу жуда яхши.

Икки давлат ўртасида туризм ҳам ривожланаяпти.

Пандемиядан кейин хорижга чиқолмаган ўшликлар Бухоро ва Самарқандга турист бўлиб бориб келишмоқда.

Одамлар яна Ўзбекистонга бориб даволаниб келишаяпти.

Бу, албатта, бизни қувонтиради ва айни муносабатлар давомий бўлишини истаймиз.

Демак, биз энди алоҳида бир "оролчада" эмасмиз, аксинча, қўшниларимиз билан яхши муносабатдамиз ва яқин алоқаларни ўрнатаяпмиз.

Бундан кейин ҳам таълим соҳасида ҳамкорлик кучайса ва Ўзбекистондан адабий ҳамда ўқув китоблари олиб келинса, ўшлик ўзбеклар замонавий ўзбек ижодколари асарлари билан яқиндан танишсалар жуда яхши бўларди.

Фарҳод Абдувализода, Хўжанд:

Фарҳод Абдувализода

Сурат манбаси, Facebook

Мустақиллик кимга нима берди, аммо Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбекларга бу Мустақиллик қайси бир маънода сал қийинроқ кечди.

Ўзимиз яшаётган мамлакат Мустақиллигини олқишлаймиз, албатта.

Бироқ Ўзбекистон билан боғлиқ маънавий, адабий, маданий алоқаларда аста-аста бўшлиқ пайдо бўлди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу сезилмаган эди.

Аммо Ўзбекистон билан Тожикистон орасидаги ўтган даврдаги муносабатлар айнан тожикистонлик ўзбекларга қимматга тушди.

Оддийгина, ўзбек тилидаги даврий нашрлардан айрилдик.

Собиқ Шўро вақтида Ўзбекистонда нашр этиладиган ўзбек тилидаги даврий нашрлар Тожикистоннинг энг чекка қишлоқларигача нашрдан чиққан кунининг эртасигаёқ етиб келарди.

Маориф соҳасида ҳам оқсашлар бошланди.

Ўзбек тилидаги дарслик китоблар келиши тўхтади.

Мавжуд китоблардан фойдаланилди.

Аммо янги дарсликлар ички вазият тақозоси билан янгидан ёзилди.

Бу ёзилган дарсликлар эса таълим соҳасидаги талабларга тўла жавоб беравермасди.

Энг катта ютуқ

Мустақилликнинг дастлабки йилидаги энг катта ютуқ бу - бевосита профессор Ҳомид Пўлатов раҳбарлигида Тожикистонда Ўзбеклар жамияти (нодавлат ташкилоти) тузилиши бўлди.

Бу борада Суғд вилояти пешқадам бўлди.

Айни жамият фаолиятида "Қадрият" газетаси алоҳида ўрин тутади.

Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати Тожикистондаги фуқаролар уруши вақтида минглаб ўзбекларга дўстона ёрдам берди.

Ўзбеклар нима йўқотди?

Тожикистонлик ўзбекларнинг катта адабий-маънавий муҳитдан узилиб қолишгани ҳам бор гап.

Масалан, тожик имлосига асосланган ўзбек ёзуви ишлаб чиқилди, аммо талабга бермагани учун қабул қилинмади.

Тожикистон ўзбеклари саводхонлиги масаласи эса муаллақ қолмоқда.

Ўзбеклар яшайдиган минтақаларда тожик синфлари очилиб, ўзбек синфлари ёпила бошлади.

Таълим талабларига жавоб бермайдиган ўзбек тилидаги дарсликлар ва адабиёт дарсликларидаги муаммолар ана шу сиёсатнинг таъсиридир.

Умид шабадаси

Каримов ва Мирзиёев расмлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Каримов бошқаруви йиллари қўшнилар билан ёмонлашган муносабатлар Мирзиёев даврида яхшиланди.

Тарихни шахс яратмайди дейишади.

Аммо 2016 йилдан бошланган ўзаро ҳамкорлик - бугунги икки давлат раҳбарларининг янгича сиёсати самараси ўлароқ юз кўрсатмоқда.

Бугун Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбеклар ҳам фан, адабиет, маданият соҳасида Ўзбекистондаги катта муҳитдан баҳраманд бўлишини истайдилар.

Тожикистонлик ўзбек зиёлилари ўзаро маданий-адабий ҳамкорлик сари дадил қадам ташлашмоқда.

Бу борада қилинган ишлардан бири - аллома Алихонтўра Соғунийнинг "Тарихи Муҳаммадий" асари тожик тилига таржима қилиниши.

Шунингдек. Тожикистон Фанлар академияси ташаббуси билан устод Садриддин Айнийнинг 30 томлик асарлари нашрга тайёрланди.

Шу кўп томликнинг уч томи адибнинг ўзбек тилидаги асарларидир.

Тожикистонлик шоирлар шеърлари жамланган Антология, тожик шоирлари Фарзона, Лоиқ, Озарахшларнинг шеърий мажмуалари ўзбек тилида Суғд вилояти ҳокимияти қўллаб-қувватлаши билан нашр этилди.

Нима қилмоқ керак?

Аммо ҳар тўкисда бир айб, деган ўзбекона ибора ҳам вақти -вақти билан кўзга чалинади.

Ўзбекистондан ташқарида ҳам кўп соҳаларда юксак мувафаққиятларга эришган ўзбек миллатининг фидойилари бор.

Ана ўша шахсларга нисбатан эътибор йўқлиги сезилади.

Хусусан, дипломатлар бу ўринда вазиятни чуқур билишлари ва дадил ҳаракат қилишлари даркор.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари орасида ўзаро манфаатли ҳамкорликлар сирасига, табиийки, адабий-маданий алоқалар ҳам киради.

Биз тожикистонлик ўзбеклар собиқ Совет даврининг энг яхши анъанаси бўлган Декадалар тикланишини истаймиз.

Бу тожикистонлик ўзбеклар учун маънавий-маданий ёрдам ва хайрли бир ишдир.

Шунингдек, Хўжанд давлат университети ўзбек филологияси факультетининг илмий ҳамкорликлари сирасига Ўзбекистон томонидан маънавий ёрдам сифатида дарсликлар ва кирилл ёзувидаги бадиий китоблар етказиб берилиши хайрли ишларга дебоча бўлади деб умид қиламиз.

Суғд вилоятидаги Ўзбеклар жамияти ўзаро ҳамкорлик борасида кўплаб ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Келгусида шу эзгу ишларни амалга оширамиз ва бу ишда Ўзбекистон ҳукумати хам бизни қўллаб қувватлайди, деб умид қиламиз.

Эслатма: Муаллиф фикри Би-би-си нуқтаи назарини англатмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek