Норозилик, севги ва санъат: Ҳиндистонда қондан ноодатий мақсадларда қандай фойдаланишмоқда?

norozilik

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистондаги бир нотижорий ташкилот ўз аъзолари берган қондан фойдаланиб, тасвирий санъат асарлари яратиб келаётганига ҳам ўн йилдан ошди.

Деҳлида жойлашган Шаҳид Смрити Четна Самити (Шаҳидлар хотирасини ёд этиш жамияти) инқилобчилар ва шаҳидлар шарафига 250 дан ортиқ санъат асари ишлаган. Бу асарлар одатда ашрамларга (зоҳидлар зиёратгоҳлари) ва кичик музейларга берилади ва кўргазмаларда намойиш қилинади.

"Қон рамзий жиҳатдан сермаъно. Биз одамлар қалбига ватанпарварликни сингдириш учун картиналаримизни қондан ишлаймиз. Ватанга муҳаббат болалар орасида сусайиб бормоқда", дейди жамият раҳбари Прем Кумар Шукла.

Жамият асосчиси, собиқ мактаб директори Рави Чандер Гупта то соғлиғи кутармайдиган бўлгунга қадар 100 та картина учун қон топширган. "Мен буни одамлар эътиборини тортиш учун бошладим. Қон туйғуларни уйғотади", деган эди Гупта. У 2017 йили вафот этган.

Унинг давомчиси жаноб Шукла 50 ёшли қатъиятли мактаб муаллими ва шоир. У ҳам 100 та асар учун қон топширганини айтади. У каби донорлар маҳаллий лабораторияга бориб қон топширади. Инсон қони тез қуйилиб қолгани боис, уларга антикоагулант аралаштирилади. Улар 50 граммли идишларга солиниб, рассомларга берилади. 100 грамм қон одатда 2-3 асар учун етади, дейди Шукла. "Мен йилига тўрт марта картиналаримиз учун қон топшираман."

Ravi Chander Gupta

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рави Чандер Гупта то соғлиғи кутармайдиган бўлгунга қадар 100 та картина учун қон топширган

"Қонли картиналар, - дейди жаноб Шукла. - мустақиллик қаҳрамонларидан бири Субҳас Сандра Боснинг "менга қон беринг, сизга озодлик бераман", деган сўзларидан илҳомланиб яратилган." У ҳинд аскарларини британияликларга қарши қўзғатган етакчилардан бири бўлган.

Қон сиёсати Ҳиндистонда чуқур тарихга эга. Маҳатма Ганди доимий тарзда қон босимини назорат қилган, деб ёзади Жакоб Коупман ва Двайпаян Банержи, қон ва сиёсат алоқаси ҳақидаги "Гематологлар" китобида.

Қон мустамлакачиликка қарши рамз эди. Дунёнинг энг машҳур пацифисти Ганди ҳиндистонликлар "қони мустамлакачиларнинг заҳари ва бузуқлигига қарши туриши"га умид қилган. 1948 йили ўлдирилган вақтда Гандининг устида бўлган ва қон доғлари қолган либос ҳозир жанубий Ҳиндистондаги Мадурай музейида сақланади. "Қон оқиши ва қурбонлик - қон рамзи Ҳиндистон сиёсий дискурсининг ажралмас қисмидир", деб таъкидлайди Коупман ва Банержи.

Қон содиқлик ва фидойилик рамзи эканлиги ажабланарли эмас. Бош вазир Нарендра Модининг ашаддий тарафдорлари унинг суратларини ўз қонлари билан бўяшди. Қон норозилик кўриниши ҳамдир: 2013 йилда Гужаратдаги қишлоқлардан бўлган 100 дан ортиқ аёл янги йўл қуриш учун ўз ерларини олиб қўйишаётганига норозилик билдириб, Бош вазирга қон мактуби ёзишганди. Бош вазир уларга жавоб бермаган. Уттар-Прадешлик ўсмир қиз тириклайин ёнган онаси учун адолат талаб қилиб, ўз қони билан расмийларга хат ёзди.

Narendra Modi tarafdorlari

Сурат манбаси, Getty Images

Намойишчилар иш ҳақини ошириш, касалхоналар ва мактаблар очишни талаб қилиб, ўзлари қаттиққўл деб билган қонунларга қарши, петиция ёзмоқда. Баъзилар диққатни жалб қилиш учун қон билан севги мактубларини ҳам ёзади. Шунингдек, одамлар коррупция ва бюрократия каби масалаларга эътибор қаратиш учун рамзий маънода сиёсатчилар "халқ қонини сўрадилар" деб мунтазам шикоят қиладилар.

2008 йилда Ҳиндистон тарихидаги энг даҳшатли саноат аварияси - 1984 йилда рўй берган Бҳопал газ фожиасидан омон қолганлар Деҳлига 800 км йўл босиб, Бош вазир Манмоҳан Сингхга уларнинг соғлиғига эътибор қаратиш ва реабилитациясига ёрдам сўраш учун қонлари билан ёзилган мактуб юборишди.

1980 йилда нефтга бой Ассам штатидаги намойишлар чоғида 22 ёшли йигит штат пойтахти Гуваҳати кўчаларида ўз қони билан норозилик шиорларини ёзган эди. "Биз нефт эмас, қон берамиз", дейилган эди шиорлардан бирида.

Кўча, деб ёзади газета, "зиёратгоҳга айланди, у ерда агитаторлар лой чироқлар, тутатқиларни ёқиб, диний маросимлар уюштира бошладилар".

1988 йилда Ҳиндистон Коммунистик партияси федерал ҳукумат билан молиялаштириш бўйича келиша олмагач, Ғарбий Бенгалияда электр станциясини қуришга пул тўплаш учун ўз тарафдорларидан қонларини сотишни сўради, тўпланган қоннинг аксарияти сақлаш жойи йўқлиги сабабли охир-оқибат йўқ қилинган, станция эса Япония кредити билан қуриб битказилди. Тахминан бир вақтнинг ўзида Калкуттада бир гуруҳ донорлар тиббий муассасани қўллаб-қувватлаш учун қон сотишган. (Орадан 10 йил ўтиб, қон сотиш тақиқланган.)

mumbay

Сурат манбаси, Getty Images

Сиёсий партиялар жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида қон топшириш лагерлари ташкил қилишади. Қўллаб-қувватловчилар обрў учун хайрия қилишади. Қон банки мутахассисларидан бири "Гематологлар" муаллифларига айтишича, сиёсий партиялар томонидан ташкил этилган бундай лагерлар даҳшатли бўлганини айтади, чунки "раҳбарни рози қилиш учун ҳаракат қилишдан бошқа мотивацион омил бўлмаган уларда."

Қон фойдали рамз эканлиги аниқ. "Қон кастанинг поклиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, тарихан қон билан ёзиш жуда эркакча одат эди. Эркак тимсолида каста ва жинс билан боғлиқ поклик Ҳиндистонда ижтимоий ифоданинг иккита асосий шаклидир. Қон, шунингдек, содиқликнинг энг юқори шакли", дейди социолог Санжай Сривастава. Бироқ, замонавий Ҳиндистонда аёллар ҳайз кўриш билан боғлиқ «табу»ни бузиш учун ҳам қондан фойдаланмоқда.

Ахир, қон бир зумда эътибор ва эътироф олиб келади.

2004 йилда Ченнайдаги (ўша пайтда Мадрас) каратэ ўқитувчиси ўз қони билан ўша пайтда Тамил Наду штати бош вазири, марҳум Жаярам Жаялалитанинг 57 та портретини чизганди.

Шиҳан Ҳусайнийга каратэ мактаби учун ер керак бўлиб, Бош вазир билан учрашмоқчи бўлади. "У мени резиденциясига олиб борди ва менга ер учун бир миллион доллар ваъда қилди", деди жаноб Ҳусайний «Гематологлар» муаллифларига. Унинг айтишича, қон санъати "тарғибот, мулоқот ва қарор қабул қилишга таъсир ўтказиш воситаси" эди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek