Мейн шаиир ту наҳин - Мен шоир эмасман: Ўзбеклар билган "ошиқ ўспирин" Риши Капур оламдан ўтди - Ҳиндистон

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистонлик кўплаб томошабинлар учун Риши Капур - "Мен шоир эмасман" ашуласини ижро этган ошиқ ўспирин бўлиб қолади.
1973 йили суратга олинган "Бобби" фильми дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида муваффақият қозонган.
Риши унда камбағал қизга ошиқ бўлган бой ўспирин ролини ўйнаган.
Йирик сулола вакили
Риши Капур - ҳинд киноси устунларидан бири бўлган Раж Капурнинг ўғли.
У илк бор отаси суратга олган "Менинг исмим масхарабоз" фильмида ўйнаган.
Риши жуда маҳоратли раққос ҳам бўлган.
Аммо кўпчилик ҳамон унинг қаҳрамонлари ижро этган ашулаларни севишади.
"Бобби" фильмидаги аксар қўшиқларни ўзбекистонлик ҳам катта авлод, ҳам ёшлар яхши билишади.
Фильмдаги "Мен шоир эмасман" ашуласи эса халқ тили ибораларига ҳам сингиб кетган.
Покистондаги илдизлар
Капурлар оиласи асли Покистоннинг Пешовар шаҳридан.
1947 йили Покистон алоҳида давлат бўлгач, улар Ҳиндистонга кўчиб ўтишади.
1990 йили Риши Капур Покистонга саёҳат қилиб, Пешовардаги бобоси туғилган уйни бориб кўрганди.
Оққондан азоб чекиб келган актёрнинг яқинлари у ўз оиласи даврасида жони узилганинин айтишди.
Бир кун олдин "Оскар" олган "Чайладан чиққан миллионер" фильмидаги роли билан дунёга танилган бошқа бир ҳиндистонлик кинактёр - Ирфон Хон дунёдан ўтганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Машҳурлар мотамда
Риши Капур ўлими ортидан ҳамкасби Амитабҳ Баччан твит қилди ва унинг кетганидан қайғуда эканинин билдирди.
Бош вазир Нарендра Моди ҳам кучли истеъдод кетганини ёзиб чиқди.
Ҳатто Покистонда ҳам унинг мухлислари ижтимоий тармоқларда ўз таъзияларини билдиришмоқда.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












