Амитабх Баччан: 'Келиним Айшвария Рай ҳомиладор'

Икковлон 2007 йилда "асрларга татигувчи тўй"да оила қуришганди
Сурат тагсўзи, Икковлон 2007 йилда "асрларга татигувчи тўй"да оила қуришганди

Ҳинд киноси афсоналаридан ва Болливуд юлдузи Айшвария Райнинг қайнотаси Амитабх Баччаннинг бутун дунёга маълум қилишича, келини ҳомиладор.

Рай 2007 йилда Амитабх Баччаннинг ўғли Абхишек Баччанга турмушга чиққанди. Бу - уларнинг илк фарзанди бўлади.

Икковлоннинг тўйи эса, асрларга татигувчи тўй сифатида таърифланганди.

Бир неча кун давом этган тўй базми эса, дунёда кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортганди.

Айшвария Рай Болливуд қолиб, Ҳолливуд фильмларида ҳам суратга тушган
Сурат тагсўзи, Айшвария Рай Болливуд қолиб, Ҳолливуд фильмларида ҳам суратга тушган

"Болливуд қироличаси"нинг "Болливуд афсонаси"нинг фарзанди билан оила қуриши - Болливуд сулоласига асос солганди.

"Отасининг эркатойи" экани айтилган Абхишек ҳам юлдузлик бобида Райдан қолишмасликка ҳаракат қилади. У ҳам ўнлаб фильмларда ўйнаган.

Аммо Рай Болливуд қолиб, Ҳолливуднинг ҳам бир қанча машҳур киноларида суратга тушган.

Келин бўлмиш Айшвария Рай яна 1994 йилда "Жаҳон гўзали" унвонига ҳам сазовор бўлган.

Хушхабарни бутун дунёга Райнинг қайнотаси, Болливуд афсонаси Амитабх Баччан эълон қилди

Сурат манбаси, pr

Сурат тагсўзи, Хушхабарни бутун дунёга Райнинг қайнотаси, Болливуд афсонаси Амитабх Баччан эълон қилди

"Янгилик, янгилик, янгилик!!! Мен яқинда бобо бўламан. Айшвария фарзанд кутяпти. Хурсандлигимдан бошим кўкларга етди", деб ёзган ўзининг микроблогида Амитабх Баччан.

Унга кўра, хушхабарни бутун дунёга маълум қилгач, Twitter орқали ярим соат ичида уч мингга яқин табрик муждасини олган.

Одамларнинг тилаклари ва дуоларига кўмилиб кетдим, деб айтган жаноб Баччан.

Орзиқиб кутилган набирасининг қачон дунёга келиши ҳозирча маълум эмас.

Райгача ҳинд актрисаларидан бирортаси Каннда ҳакамлик қилмаган
Сурат тагсўзи, Райгача ҳинд актрисаларидан бирортаси Каннда ҳакамлик қилмаган

Айшвария Рай 2003 йилда Канн кинофестивалида ҳакамлик қилган илк ҳиндистонлик актриса ҳамдир.

У ҳинд киносининг юзи сифатида "Тайм" журналининг муқовасида ҳам кўриниш берганди.

Дунёдаги энг гўзал хонимлардан бири, у нафақат Ҳиндистонда, буёғи Осиёдан нарёғи Африкаю Америкагача машҳур аёл ва киноактрисадир.

Бутун дунёга донғи кетгани боис, Рай узоқ йиллар давомида Франциянинг жаҳонга машҳур атир-упа ишлаб чиқарувчи гиганти "Лореал" маҳсулотларини ҳам реклама этиб келган.