Болливуд ё Ҳинд синемаси 100 ёшга тўлди

Шу кунлар Болливуд номи билан машҳур ҳинд киноси 100 ёшга кирди.
Болливуд номи эса анча кейинроқ Ҳолливудга тақлидан муҳрланди.
Асосан куй-қўшиқлар ва рангоранг саҳналардаги рақслар билан Болливуд миллионлаб одамларни ўзига мафтун этди.
Болливуднинг тарихига бир назар ташласак...
Дҳундираж Говинд Пҳалкенинг оқ-қора овозсиз “Ража Ҳаричандра” филми 1913 йил, 3 май куни суратга олинган эди.
Бу ҳеч қачон ёлғон гапирмаган ҳинд қироли ҳақида ...
Аксарият айнан мана шу филм алал-оқибат миллиард долларга тенг янги бир саноат учун экилган “уруғ” бўлди деб ҳисоблайди.
Айни филмнинг энг машҳур жойларидан бири Қиролнинг ҳаммом тоғорасига тушиши ва ўз рафиқасини чорлаши саҳнасидир.
Қирол рафиқаси ҳам бу тоғорага киради. Саҳнада улар сарилари ҳўл бўлган ҳолда кўринади...аммо актёрларнинг бари эркаклар бўлишган.
Пҳалке 95 та филм ишлайди. Аммо қашшоқликда оламдан ўтади.
Жанубий Осиё синемаси тарихчиси Насрин Раҳмонга кўра, ҳинду тилидаги филм саноати Болливуд номи билан бир неча йиллар ўтиб шуҳрат қозонди.
"Болливуд термини 20 аср охирларида кириб келди. Айнан шу даврда Бомбей синемаси Ғарбнинг назарига тушди”, дейди Насрин Раҳмон.
Болливуднинг рақиблари
Марказий Осиёда Болливуд билан беллашаман дейдиган синема санъати Ўзбекистонда ривожланмоқда дейиш мумкин.
Тошкентда суратга олинаётган аксар филмлар ҳатто саёзлиги билан ҳам Болливуддан қолишмайди.
Эҳтимол, Шўролар даврида Ўзбекфилм номи билан танилган филм саноати Ҳолливуду Болливуд ортидан, дейлик, Тошкент номи ила “Тошливуд”га а йланар, аммо бу ҳақда кейинроқ...

Назаримизни яна Болливудга қаратсак...
Режиссёр Каран Жоҳар: “ Ҳиндистоннинг 1.2 миллиард аҳолисидан бизнинг филмлар камида 300 миллион мухлис назарига тушиши керак, аммо бугун мухлисларимиз сони 45 миллион, холос. Аммо, тасаввур қилинг, агар биз шуни уддасидан чиқсак борми...Филм саноатида ўйин қоидаларини ўзгартириб юборган бўлардик”, дейди .
Шунга қарамай, Болливуд кино санъати муваффақият тимсолига айланди. Бир йилда 1000дан ортиқ филм ишлашни тасаввур қилинг, бунақаси камдан кам бўлади...
Би-би-сининг Бизнес масалаларида мухбири Шилпа Каннанга кўра, Ҳиндистонда маҳаллий кино санъати ҳам ривожланган ва йигирмадан ортиқ тилда филм ишланади.
Аммо, Мумбайнинг ҳинд тилида ишланадиган филмлари шубҳасиз энг йиригидир.
Тамил тилида олинган энг қиммат филм “Робот” бўлиб, унга 35 миллион доллар сарфланган.
Ҳиндлар йилига 2.7 миллиард кино чипталарини сотиб олишади.
Бу дунёдаги энг йирик кўрсаткичдир.
Аммо, чипталарнинг нархи дунёдаги энг арзонларидан саналади, шунинг учун ҳам, фойда кўришда Болливуд Ҳолливудга етиши учун анча бор.
Киносевар мамлакат учун ҳамон кинотеатрлар сони Америка билан солиштирса саноқлидир. Ҳиндистонда 13 минг, Америкада 40000 кинотеатр бор.
Тўрт дақиқалик бўса -1930 йиллар
Девика Ранининг Карма филми синема санъатида энг узоқ чўзилган бўса саҳнаси билан машҳур.
Бу бўса тўрт дақиқа давом этган.

Девика Рани ўз эри билан 1933 йил суратга олинган филмда тўрт дақиқа ўпишади.
1954 йилга келиб бир гуруҳ Ҳинд аёллари ўша пайт Бош вазир бўлган Жавоҳарлал Неруга мактуб-мурожаатнома йўллашади.
Бу мурожаатда улар Бош вазирдан кино санъатини “секснинг эрта одатлари” дан холи қилишда ёрдам сўраган эди.
Аммо, ўтган ўн йилликда ўзгаришлар бўлди...
"Бўса яна ҳинд киносига қайтиб кела бошлади, авваллари унинг ўрнига икки гул ва ё оққушлар бир-бири билан ачоқлашишар эди”, дейди Гупта.
Болливуд фақатгина романтик “ўлдим-куйдим” филмлари билан узоққа бормаслигини тушуниб етди.
Кинотанқидчи Гуптанинг айтишича, томошабинларнинг ёши 15-25 атрофида ва улар суперқаҳрамонларни исташади.
Ана шундай қаҳрамонлардан бири - Криш. Бу серияларда Ҳритник Рошан суратга тушган.
Юлдузлар, юлдузлар
Аммо, Амир Хон ва Шоҳруҳ Хонсиз Болливуд Болливуд эмас.
Ҳолливуд каби Болливудда ҳам об-ҳавони қирқдан ошган актёрлар “белгилашади”.
Кино танқидчи Гуптанинг айтишича, уч нафар хон - Шоҳруҳ Хон, Амир Хон ва Салмон Хон Болливуд киносининг энг юқори шоҳсупасидан ўтган йигирма йилдан бери тушишгани йўқ.
"Мухлислар ўзлари севган Хон ва ё Капурларнинг ёш қизлар билан суратга тушишларини табиий қабул қилишади.
Яъни, Болливуд учун энг катта юлдуз бўлган актриса ҳам бошқаларга ўрнини бўшатиб беравериши мумкин, аммо юлдуз актёрлар беназир ва ўзгармасдир”, дейди кинотанқидчи Гупта












