Янгиликлар. Приянка Чопра: Болливудда аёл юлдуз бўлиш осонмасми? Video O'zbekiston va Dunyo, Ҳиндистон, 100 Аёл

Приянка Чопра

Сурат манбаси, Geetty Images

    • Author, Йогита Лимайе
    • Role, BBC
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Би-би-сининг 100 аёл лойиҳасига интервью берган актриса маошлардаги нотенглик, тана ранги сабабли камситилгани ва ижтимоий тармоқлар ўтказадиган босим ҳақида гапирди:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Актриса Приянка Чопра Жонаснинг Би-би-си 100 лойиҳасига айтишича, у ўзининг 22 йиллик карьераси давомида биринчи марта яқин кунларда намойиш этиладиган АҚШнинг жосуслик телесериали "Цитадел"даги роли учун эркак ҳамкасби билан бир хил маош олган.

У Ҳиндистонда юқори мавқеларга эришган актриса саналади ва 60 дан ортиқ Болливуд фильмида суратга тушган. Бундан ўн йилча муқаддам у Ҳолливудга қадам қўйган ва АҚШ кўнгилочар саноатида ўз ўрнига эга кам сонли ҳинд актёрларидан биридир.

"Болливудда ҳеч қачон эркаклар билан тенг маош олмаганман. Эркак ҳамкасбларим маошининг 10 фоизини олардим холос", дейди Чопра Жонас.

Алоқадор мавзулар:

"Тўловлардаги фарқ катта, жуда катта. Кўпчилик йиллар давомида кўниб ишлайди. Ҳозир агар Болливудда ишласам, мен ҳам шундай қиламан", деб қўшимча қилади у.

"Менга тенгдош актрисалар ҳам тенг маош сўрашган. Биз сўраганмиз, аммо ололмаганмиз."

2022 йил учун Би-би-си 100 аёл лойиҳаси рўйхатига киритилгандан кейин гапирган Чопра Жонас хоним ёш актрисалиги вақтида Ҳиндистон кино саноатида илдиз отган патриархалликни қандай "нормал" қабул қилгани ҳақида гапирди.

"Эркак актёр ўзи истаган вақтда суратга тушиши ва бу вақтда биз суратга олиш майдонида соатлаб ўтиришимизни одатий қабул қилардик," дейди у.

Приянка Чопра

Сурат манбаси, Gettty Images

У Болливудда суратга туша бошлаганида танаси сабабли уялгани ҳақида эслайди.

"Мени "қора мушук", "қораой" деб аташарди. Деярли ҳамма қорачадан келган бу юртда "қораой" нимани англатиши мумкин?

"Мен ўзимни етарлича кўхлик деб ўйламасдим. Мен тери ранги очроқ бўлган ҳамкасбларимга нисбатан истеъдодлироқ бўлсам ҳам, улардан кўра қаттиқроқ ишлашим кераклигига ишонардим. Аммо буни тўғри ва нормал деб ўйлаганман", дейди актриса.

"Албатта, бу бизнинг мустамлака ўтмишимиз мероси, Британия рожидан қутулганимизга 100 йил ҳам бўлгани йўқ. Аммо ҳамон унга боғлиқмиз. Кейинги авлодлар тери ранги сабабли камситилмаслиги учун бизнинг авлод бу ришталарни узиб ташлаши керак."

Ҳолливуддаги маошларда фарқ борми деган саволга Чопра Жонас шундай жавоб берди: "Биринчи марта тенг маош олдим, ва у Ҳолливудда. Шунга энди нима қилишни билмайман. Бу эркак актёр билан етакчи ролдаги илк фильмим." У яқинда намойиш этиладиган "Цитадел" номли жосуслик фильмидаги ролини назарда тутди.

Жанубий Осиёда машҳур ва ҳурматли бўлса ҳам, Приянка Чопра хорижда ўз ўрнига эга бўлиш учун ўн йилча тер тўкишига тўғри келган.

Приянка Чопра

"Учрашувларга ўзим боришим, ўзимни танитишим, ролларимни кўрсатишим керак бўларди. Ҳам актёрлик маҳорати бўйича, ҳам тил маҳорати бўйича тренерлар билан ишладим. Мени тинглашарди, рад қилишарди, йиғлардим ва яна бошқасига борардим. Ҳар бир янги пайдо бўлган саноатда ўзимни синаб кўриш учун қўлимдан келганини қилардим. Бу одамни камтарликка ўргатадиган тажриба бўлди", дейди у.

2015 йилда Чопра Жонас хоним АҚШнинг «Куантико» телесерияли орқали тармоқ теледастурда иштирок этган биринчи жанубий осиёлик бўлди. У, шунингдек, бир қанча нуфузли мода журналлари муқовасига чиққан биринчи ҳиндистонлик эди.

Аммо, унинг айтишича, Ҳолливудда инклюзивлик ва турфахиллик аҳамиятини тушунишса ҳам, унинг миллатига мансублар бу ерга ўрнашиши барибир осон эмас.

"Ўйлашимча, маълум даражада ишонч қозондим ва шунинг учун ана шунақа қизиқарли иш билан шуғулланяпман. Кўрамиз, қабул қилинадими ёки йўқ. Ҳолливудда жанубий осиёлик ва ҳиндистонлик бўлиш жуда қийин. Ҳали узоқ йўл бор", дейди у.

Приянка Чопра ва эри Ник Жонас

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Приянка Чопра ва эри Ник Жонас

Глобал воқеалар ҳақида тез-тез гапирадиган халқаро таниқли шахс сифатида Чопра Жонас хоним Ҳиндистондаги ички муаммолар ҳақида деярли лом мим демаслиги боис танқидларга учради. Унинг публицистлари унга бу танқидларга жавоб бермасликни тайинлашган.

Ижтимоий тармоқларда ижобий ва салбий имидж орттириш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у шундай дейди: "Ижтимоий тармоқларда "Сиз бу мавзуда ҳеч нарса демадингиз», «Мана бу масала ҳақида муносабат билдирмадингиз» деб шикоят қиладиган одам доим бўлади. Ҳаммага бирдек ёқиш имконсиз."

Чопра Жонас хоним Ҳиндистон шимолидаги Лакхнау шаҳрида Би-би-си 100 Аёл лойиҳаси билан суҳбатлашди. Бу ерга у ЮНИСЕФнинг Глобал яхши ният элчиси сифатида келган ва соғлиқни сақлаш марказлари, мактабларга бориб, ўқувчилар билан учрашмоқда.

У 15 йилдан бери ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик қилади ва Ҳиндистондан ташқари Зимбабве, Эфиопия, Иордания ва Бангладешга бориб, уруш ва табиий офатлардан жабрланган болалар билан учрашган.

"Сиз таниқли бўлсангиз, одамлар менинг қаерда эканлигимни, қаерга кетаётганимни билишга қизиқишади. Шу тахлит, мен ўз йўлимни топаётгандекман, мен бу платформа орқали болалар дуч келадиган муаммолар ва уларни енгиш бўйича ташаббус кўрсата оламан... балки мени кўрадиган одамлар бу болаларнинг ҳам гапларини эшитар", дейди у.

"Шундай қилиб, мен оддий одамларнинг, айниқса, овози тингланмайдиган болаларнинг овозини кучайтираман. Бу ҳаётимдаги энг буюк ишдир".

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek