100 аёл: Мен Афғон прокурориман, энди мени ўлдиришадими? - Видео Afg'oniston Tolibon 100 ayol

Би-би-сининг "100 аёл" мавсумида "Афғонистондан шошилинч мактублар" серияси учун нуфузли Британ адвокати Ҳелена Кеннедига афғонистонлик собиқ прокурор аёл Маъсума мактуб йўллаб, ўз севимли ишидан айрилганидан кейинги қўрқув ва умидлари ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Унинг хавфсизлиги учун биз унинг асл исмини ошкор қилмаймиз.
Август ойида Толибон Афғонистонда назорат ўрнатгач, адлия тизимидаги аёллар ҳаёти бир кечада ўзгарди.
Улар бир пайтлар қоралаган маҳбуслар, жумладан, минглаб ашаддий жиноятчилар ва исломий жангарилар озод этилди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Толибон ҳукумат амалдорларини амнистия қилганига қарамай, судсиз қотилликлар ва одам ўғирлашлар ҳақида хабар бермоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бир пайтлар қонун ҳимоячилари бўлган кўплаб адвокатлар, судьялар ва прокурорлар ҳозир яшириниб яшамоқда, бошқалари эса эвакуация қилинган.

Маъсума прокурор сифатида, адлия тизимида ишлаган, жиноятчиларга қарши далиллар тўплаган ва суд ишларини тузган. У Афғонистонда сўнгги йигирма йил давомида таълим олган кўплаб аёллардан бири бўлиб, Бош прокуратурада беш йилдан ортиқ ишлаган ва ўз халқига хизмат қилганидан фахрланади. У ҳозир яшириниб юрган кўплаб аёл ҳуқуқшунослардан биридир.
Қадрли Ҳелена,
Ҳар доимгидек тонг эди, лекин ишга пиёда кетаётганимда мен томон югуриб келаётган одамларни кўрдим. Бир йигитдан нима бўлганини сўрасам, "Опа, бугун ишга борманг. Толибон Кобулга кирди" деди. Мен қотиб қолдим. Шу пайт кўз ўнгимдан барча орзу-умидларим ялт этиб ўтди, гўё ўз келажагим ҳақидаги фильмни томоша қилаётгандек эдим.
Мен ўгирилиб, бошқа ҳамкасбларим қатори уйга шошилдим. Уйга қайтар эканман, бу аёлларнинг барча ютуқлари, курашлари кўз очиб юмгунча йўқ бўлиб кетадими энди, деган хаёллар миямда ғужғон ўйнарди?
Миямда тинимсиз саволлар пайдо бўларди: мен энди ишламайманми? Шунчаки уйда ўтиришим керакми? Оиласига боқувчи бўлган ҳамкасбларим чи?
Суд-ҳуқуқ тизимида прокурор лавозимида ишлаганимдан фахрланаман, доимо халқимга хизмат қилишга интилганман. Аммо энди севган ишимга қайтолмайман ва бу ўй хаёлимни банд қилди. Режим ўзгарганидан сўнг Афғонистондаги аёлларнинг порлоқ келажакка умиди йўқ.
Суд ва прокуратурадаги ҳамкасблар мамлакатдан кетишга уринмоқда. Ҳар бир уйғоқ лаҳзада ўлимимизни кутаётганга ўхшаймиз. Балки эртага менинг навбатимдир.
Аёллар ва қизлар дунё аҳолисининг ярмини ташкил қилади. Имконият берилса, аёллар ҳам эркаклар каби ўз халқига, юртига хизмат қила олади. Суд тизимида биз миллий бойлик бўлганмиз ва афғон аёллари сўнгги 20 йил давомида олган таълим ва билимларидан тўғри йўлда фойдаланиш керак.
Тарих қурбони бўлиб қолмаслигимиз учун халқаро ҳамжамият меҳнаткаш аёллар курашига жиддий ёндашиши ва бизни қўллаб-қувватлаши керак.
Мен бир афғон аёли сифатида айтмоқчиманки, миллати, тили, дини, жинси бўйича камситиш бўлмагандагина биз олға интиламиз.
Самимият билан,
Маъсума*
* Унинг хавфсизлиги учун биз унинг асл исмини ошкор қилмаймиз.


Баронесса Ҳелена Кеннеди 40 йилдан бери жиноят ҳуқуқи билан шуғулланади. Халқаро адвокатлар ассоциациясининг Инсон ҳуқуқлари институти директори. #EvacuateHer кампанияси доирасида у Буюк Британия ҳукуматига хавф остида бўлган афғон судьялари ва адвокатлари учун хавфсиз бошпана беришни сўраб мурожаат қилган.
Қадрли "келиним",
Бу сўз одатда уканинг хотинини англатади, лекин мен учун бу сўз ҳамкасбларимга бўлган алоҳида меҳримни ифодалайди.
Ҳимоя қиладиган адвокатлар, мустақил судьялар - аёллар ва эркаклар бўлмаса, бизнинг инсон ҳуқуқларимиз маъносиздир. Адолат асосий қадриятдир, лекин фундаменталистлар кўпинча уни йўқ қилишга интилади.
Афғонистондаги аёл адвокат ва судьялар менинг опа-сингилларим. Улар, худди мен каби, ҳуқуқ амалиётидан завқланадилар ва улар қонун адолатли жамият ва ижтимоий ўзгаришлар учун жуда муҳим эканлигини, у одамларга нима мақбул ва нима нотўғри эканлигини кўрсатишини билишади. Агар аёллар мажбуран турмушга берилса, таълим олишдан маҳрум қилинса, уларга иккинчи даражали фуқаролар сифатида қаралса ва қонунга мувофиқ муносабатда бўлинмаса, ҳар турли зўравонликка дучор бўлса, улар ҳеч қачон тўлақонли ҳаёт кечира олмаслигини билишади.
Мен ўз мамлакатим судларида аёллар номидан курашганман ва ўз парламентимда аёллар ва болалар учун қонун ислоҳотчиси бўлганман. Ҳозирда фаолиятимнинг аксарияти халқаро майдонда. Январь ойида экстремистлар Олий суднинг иккита аёл судьясини ўлдирганларида очиғи йиғладим. Бу ўзгаришлар қаёққа кетаётгани башорати эди. Огоҳлантириш эди бу!
Толибон Кобулни эгаллаганида, мен эркакларни суд қилгани учун, ижтимоий ҳаётда муайян роль ўйнагани учун, паст жонзотдек муносабатда бўлишларига ўрганмагани учунгина жасур аёлларга қарши уруш очишларини билардим.
Кейин баъзиларингиздан менга қўнғироқлар кела бошлади. Мен аёллардан - судьялар, адвокатлар ва ёш аёллар ҳуқуқлари фаолларидан хабар олдим, улар учун юрагим эзилди. Мен уларнинг даҳшатини - сизнинг даҳшатингизни ҳис қилдим.
Мен уларга хавфсиз уй ва транспорт топиш учун шошилинч сафарга чиқдим. Учоқларни ижарага: махфий операциялар ҳақида қизиқдим. Мен шунчаки уларнинг хавфсизлигини истардим. Инсон ҳуқуқлари институтидаги ҳамкасбларим билан биргаликда келинларимизни эвакуация қилишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз.
Ҳурматли Афғонистондаги ҳамкасблар, қадрли Маъсума, шуни билишингизни истардимки, бутун дунёдаги ҳуқуқшунос эркагу аёл сиз билан. У ердан чиқиб кетишингизга ёрдам бериш учун пул тўплаймиз. Биз ҳукуматларимизга сизга виза бериш учун босим ўтказамиз.
Сиз бизнинг эркаклар ва аёллар эркинлик ва тенглик, қадр-қиммат ва ўзаро ҳурмат билан яшаши мумкин бўлган дунёга бўлган интилишимизни ифодалайсиз.
Биз сизнинг жасоратингизни қадрлаймиз ва сизни қўллаб-қувватлаймиз.
Баронесса Ҳелена Кеннеди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Ижодкорлар Жоржина Пирс, Кавун Хомуш, Зуҳал Аҳад, Маҳфуз Зубайд. Муҳаррир Валериа Перассо.
Расмлар муаллифлари Жилла Дастмолчи ва Жой Роксас.


BBC 100 аёл мавсуми ҳар йили жаҳондаги энг нуфузли 100 аёл фаолиятига бағишланадиган лойиҳа. ВВС 100 аёл лойиҳасини Instagram, Facebook ва Twitter да кузатиб боринг.














