Афғонистонда аёл прокурорлар ўзлари ҳукм қилган одамлардан яширинмоқда Afg'oniston Tolibon Ayol

Aina
Сурат тагсўзи, Фаришта бугун ўз ҳаётидан хавотирда
    • Author, Анбарасан Эсиражан
    • Role, BBC News

Фаришта август ойигача мамлакатдаги таъсирли прокурорлардан бири эди. У жиноятчиларни, Толибон жангариларини, бузуқ амалдорларни, аёллар ва болаларни калтаклаган эркакларни жавобгарликка тортиб келган.

Энди эса 27 ёшли Фаришта яширинишга мажбур. Қамоқдан қочган каби жойини доимий ўзгартириб юрибди. Унинг хавфсизлиги учун исмини ўзгартирдик.

Асли Афғонистоннинг жануби шарқий вилояти Пактиядан бўлган Фаришта толиблар 2001 йили қудратдан қувилгач, эркаклар ҳукмрон, ўта консерватив жамиятда профессионал муваффақиятларга эришган, аёллардан биридир.

Беш йил илгари, аввалги ҳукумат даврида у Афғонистон Бош прокуратурасида прокурор бўлди. Ўзининг яширинган жойидан Би-би-сига айтишича, "аёлларни зўрлаган, одам ўлдирган ва маиший зўравонлик содир этганларни жавобгарликка тортиш" унинг ишининг бир қисми бўлган. "Қийин, аммо ёқадиган иш эди", дейди у.

Аммо Толибон ҳокимиятни эгаллашдан олдин мамлакатни тезликда босиб олар экан, учраган қамоқхоналардаги маҳбусларни озод қилиб юбораверди, улар орасида исломий жангарилардан ташқари ашаддий жиноятчилар ҳам бўлган.

Толибон ёрдамида озодликка чиққанлар орасида худкушлик ҳужумини режалаганликда айбланган Муҳаммад Гул ҳам бор эди. Фаришта Гулга қарши астойдил далиллар тўплаган ва уни 20 йилга қамаладиган қилиб, панжара ортига тиқиб қўйган.

Толибон Кобулни эгаллагандан бир неча кун ўтиб, Муҳаммад Гул унга қўнғироқ қилган. "У менга мени излаётгани ва қасос олишини, ҳеч ерга яширина олмаслигимни айтди", дейди у.

Ўшандан буён у доимий қочиб юрибди. Маош бўлмагани учун эҳтиёжларига пул топа олмай қийналмоқда. Фаришта ва унинг ҳамкасблари Толибон аёлларнинг судья ва прокурор бўлишига қарши, улар 1990 йилларда бўлгани каби аёлларни ишдан узоқ тутишни истайди, дейдилар.

Taliban patrol in Kabul

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Толибон ҳокимиятга келиши билан қилган биринчи иши қамоқхонадаги жангариларни озод этиш бўлди

Фаришта каби аёллар қўрқиши учун асосли сабаблар бор. Январ ойида Афғон Олий Судининг икки аёл судяси Кобулда отиб кетилган. Бунда махсус нишонга олиб ўлдиришларнинг бир қисми сифатида Толибон айбланган эди. Қасос олиш учун қилинган дея ишонилган охирги ҳужумда Кобулда Афғон Адлия вазирлигининг икки собиқ ходими ўлдирилди.

Толибон собиқ ҳукуматга ишлаганларга умумий амнистия берганини эълон қилганига қарамай, "Amnesty" ва "Human Rights Watch" доҳил халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари судсиз ўғирлашлар ва ўлдиришлар ҳақида маълум қилди.

Гуруҳ августда ҳокимиятга келганда юзлаб аёл судьялар яширинди. Айримлари августда АҚШ бошчилигидаги эвакуация парвозларига илиниб қолди. Қолганлари Афғонистонда тақдир ҳукмига ташлаб қўйилди.

"Шахсан ўзимга Толибондан ва уларга алоқадор шахслардан кўп бора қўнғироқлар ва таҳдидлар бўлган", дейди мамлакатдан қочишга муваффақ бўлган, асли Парвон вилоятидан бир афғон аёл судья.

2018 йилда судда ишлай бошлаган бу судья ҳозир Британияда яшайди. Унинг айтишича, унинг уйи, бор буюмлари ва бошқа нарсалари Толибон қўлига ўтган ва унинг қариндошлари исломий гуруҳнинг таъқиби остида яшамоқда.

"Аёл судьялар қонун устуворлигини қарор топтиришда ва тизимдаги коррупцияга қарши курашишда муҳим роль ўйнади, - дейди у. - Агар улар мамлакатни тарк этса, бу суд ҳуқуқ соҳасида бўшлиқни пайдо қилади."

Афғонистонда 230 нафарча аёл судья қолган ва уларнинг бари яшириниб яшаяпти. Судьялар ва уларнинг номидан ишловчи фаоллардан олинган интервьюларга кўра, уларнинг уйлари текширилган, таланган, қариндошларига таҳдид қилинган.

"Уларнинг карьераси тугади, банк ҳисоблари музлатилган, уларнинг Афғонистондаги аёл сифатидаги ўрни жуда тушкун", дейди Аёл судьялар халқаро ассоциацияси (АСХА)да Британиядан вакил судья Аниса Занжи.

Afghan judges
Сурат тагсўзи, Олдин кучли таъсирга эга бўлган аёл судьялар бугун яширинишга мажбурлар

Ўтмишда бир неча афғон судьяларига ўқув машғулоти ўтган АСХА Толибон ҳокимиятни олгач, Кобул аэропортида бошланган зўравонлик ва тартибсизликларда ўнлаб аёл судьяларни олиб чиқиб кетишни ташкиллаштирди.

Бу бир нечта гуруҳ тун бўйи Кобул аэропорти дарвозаларида нималар бўлаётгани ҳақидаги хабарларни ўрганиши, таржимонлар ва хариталар билан ишлаши билан амалга оширилган мураккаб амалиёт бўлди.

Оғир вазият бўлишига қарамай, 40 нафарча аёл судья ва уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинди. Уларнинг аксариси ҳозир АҚШ ва Европада, айримлари Туркия, Тожикистон, Эрон ва Кўрфаздадир. Аммо энг кўпи Афғонистонда қолган.

Кобулда қолган бир аёл судьянинг АСХАга билдиришича, у терроризмда айблаган ва қамалган одам ҳозир нафақат озодликда ва унга таҳдид қилмоқда, ҳатто Толибон томонидан қозиликка тайинланган.

Бошқа бир аёл судья ҳозир ҳомиладор ва кесар кесиш орқали боласини дунёга келтириш учун касалхонага бориши керак. Аммо ўзини у ерда танитишдан қўрқмоқда.

Бу даҳшатли вазиятлардан ташқари судларнинг бир онда йўқ бўлиб қолгани Афғонистонда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилаётган аёлларга зарба бўлди.

"Судлар ёпилди, ўз эри ёки бошқа бирор эркакнинг зўравонлигига нишон бўлаётган аёллар шикоят қилиб борадиган жой йўқ", дейди Афғонистоннинг бир неча шаҳарларида юридик фирмасини юритган мустақил ҳуқуқшунос Зайнаб. Унинг ҳам исми ўзгартирилди.

"Буни муҳокама қилиш учун ҳеч ким келмаяпти, чунки бошқа аёл ҳуқуқшунослар йўқ", дейди у.

Aina
Сурат тагсўзи, Маҳкумлардан огоҳлантириш олган Фаришта ҳозир яширинмоқда. "Бориб сендан ўч оламан, деди у", дейди Фаришта.

Зайнабнинг барча офислари ёпилди, унинг 15 нафар ходими ишсиз қолди. Ўзининг айтишича, жинсий тажовузда айбланиб қамалган ва Толибон озод қилган ҳиротлик эркак унга таҳдид қилган.

"У менга: ҳатто Ҳиротда яширинган бўлсанг ҳам сени топиб, Толибонга топшираман, деди."

Толибон сўзчиси ва вазири аёл судьяларга ва бошқа юридик соҳада ишлаганларга қилинаётган таҳдидлар, уларнинг мол-мулки таланиши учун жавобгарликни ўз бўйнига олмаслигини айтди.

"Биз бунақа даъволарни рад қиламиз. Бизнинг жангчилар бундай ишга қўл урмайди", деди Забиҳуллоҳ Мужоҳид Би-би-сига.

Аёл судьялар ва прокурорлар ўз ишларига қайтадими деб берилган саволга Мужоҳид шундай жавоб берди: "Қарор қабул қилинади, қоидалар ишлаб чиқиляпти. Кейин ҳаммаси маълум бўлади."

Фаолларнинг айтишича, яширинган афғон аёл судьяларнинг вақти тугамоқда.

"Кетишни истаётганларга ёрдам бериш ҳозир жуда долзарб", дейди судья Занжи.

"Уларнинг ва оилаларининг ҳаёти хавфда. Улар шунчаки эркакларни суд қилгани учун ҳам овланмоқда."

Мақолани ёзишда ВВС Афғон продюссери Маҳфуз Зубайд ёрдамидан фойдаланилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek