Афғонистон: Синглимни Толибон жангчисига мажбуран никоҳлашмоқда Afg'oniston Tolibon Ayollar

Сурат манбаси, Getty Images
Британиядаги университетда ўқиш учун Афғонистондан қочган талаба Толибон оиласига таҳдид қилаётганини гапирди.
Бу йигитнинг айтишича - Би би си унинг исмини ошкор қила олмайди - унинг 13 ёшга ҳам тўлмаган синглисини Толибон жангчисига хотинликка бериб юборишмоқчи.
Агар синглиси мажбуран эрга берилса, у бир умр қамоққа маҳкум бўлиб қолишидан қўрқаётганини айтади талаба.
Чивнинг стипендияси асосида ўқиши керак бўлган бу йигит Толибон ҳокимиятни эгаллагач, учоқда Британияга олиб кетилган, аммо оиласи ватанида қолган.
У Британияга Чивнинг стипендияси билан олиб кетилган 35 нафар афғондан биридир. Ушбу стипендия Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молияланади ва бутун дунёдан истеъдодли ёшларни Британияда магистрлик даражаси олиши учун ажратилади.
Би би си "Radio 4"нинг "Бугун" дастурида гапирган Чивнинг стипендианти Толибон унга ва онасига унинг синглисини бир ой ичида никоҳлашларини айтишгани ҳақида гапирди.
"Улар синглам уларнинг бир овсар сафдошларига никоҳланишини айтишяпти. Бу ўлим жазоси эмас, аммо бир умрлик қамоқ жазоси."
"У мисоли уруш асирасига айланади, у ҳатто айрим сўзларни талаффуз қилолмайди. Хали мактаб ўқувчиси. Аммо улар синглим мактабга бормаслиги, эрга тегиши кераклигини айтмоқда."
21 август куни бу йигит Чивнинг стипендиясидан мактуб олади ва унда ўзи ва яқинлари Британияга келиши мумкинлиги айтилган эди.
Аммо, унинг айтишича, мамлакат пойтахти Кобул аэропортидаги "тартибсизликда" оиласини олиб кетиш учун "таваккал" қила олмаган.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари, жумладан, Британия ўз фуқаролари ва бошқа рухсат этилган афғонларни 31 августга қадар олиб чиқиб кетиш учун ҳаракат қилаётганда аэропортда жуда ёмон вазият юзага келган эди.
Айрим одамлар АҚШ ҳарбий учоқлари ердан кўтарилаётганда унга осилиб, сўнг йиқилиб ўлди. 26 август куни аэропорт ташқарисида уюштирилган худкушлик ҳужумида 170 тинч фуқаро ва 13 нафар АҚШ ҳарбийси ўлгач, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Хуросон Ислом Давлати ҳужум учун масъулиятни бўйнига олди.
Ўлганларнинг кўпи эвакуация рейсларида шаҳарни тарк этмоқчи бўлганлар эди.
Британия ҳукуматининг айтишича, бу йил Чивнинг стипендиантларига Афғонистондан Британияга келишига кўмак берилган ва ҳукумат сўзчисининг қўшимча қилишича, "Биз хавфсиз йўлак очиш, Британия фуқаролари ва ҳақи бор афғонларни бу мамлакатдан олиб чиқиб кетиш мажбуриятимизни бажариш учун имкон қадар ҳаракат қиламиз".
Чивнинг стипендиантининг айтишича, Толибон уни мамлакатдаги тадбиркорлик фаолияти учун жазоламоқчи.
"Менга "Whatsapp" орқали қўнғироқ қилиб, сен Британия армиясига жосуслик қилгансан, шунинг учун сени олиб кетишди дейишди. Улар менга зарар бермасликларини, аммо оилам бунинг учун товон тўлашини айтишди."
"Толибон ўйлайдики, агар сизда халқаро алоқалар бўлса, демак сиз мамлакатдаги исломий қадриятларга қарши фитнанинг бир қисмисиз."
"Улар ўч олиш учун ҳар бало қилишга тайёр. Улар инсон эмас. Улар одамларни шунчаки шу жамиятимиз учун бирор яхши иш қилса ҳам, оилаларини қўрқувда тутиб туради."
"100% амин"лиги, улар синглисини келаси ой олиб кетишлари, онаси, синглиси ва укасини Британияга олиб келмаса, оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида гапирди талаба.
"Агар шундай бўлса, синглим бу овсарларнинг маҳбусига айланиб қолади."
У бошқа Чивнинг стипендиантлари каби оиласини Британияга олиб келишга "умид" қилишини, аммо ҳукуматдан ҳамон "ижобий" жавоб олмаганини қўшимча қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистондаги оилаларидан хавотир олаётган Чивнинг стипендиантлари билан гаплашган Яшиллар партиясидан депутат Кэролайн Лукас ҳукуматни тезкор чора кўришга чақирди.
У вазирларни Ички Ишлар вазирлиги талабларини юмшатишга чақирди. Яъни Афғонистондан кўчириш бўйича дастурга кўра, фақат турмуш ўртоқ ва 18га тўлмаган фарзандларни Британияга олиб келиш мумкин.
Лукас хоним ҳукуматни Чивнинг стипендиантларига туғишганлари ва ота оналарини Британияга олиб келишга рухсат беришга ундади.
Яшиллар партияси депутати "Radio 4"нинг "Бугун" дастурига шундай деди: "Ҳукумат фаолроқ бўлиши керак. Афғон фуқароларини кўчириш дастури бошланишини ҳамон кутяпмиз.
18 августда эди, олти ҳафта ўтди. Бу дастурни амалга оширишни бошлаш учун шунча вақт кетиши номақбулдир. Ҳар бир кун ҳаёт ё мамот масаласи бўлиб турибди.
Дастур билан алоқадор бўлгани учун бу стипендиантлар айниқса хавф остида, демакки уларнинг оила аъзолари ҳам хавфда. Қачондир оилаларни бирлаштириш қоидалари қайта кўриб чиқлганда бу ҳисобга олиниши керак. Ҳукумат зудлик билан ҳаракатни бошлаши керак, чунки уларнинг ҳаётлари ҳар куни хавф остида."
Ҳукумат ҳануз Афғон фуқароларини кўчириш дастури устида ишламоқда. Ҳукумат биринчи йили 1000 нафар, узоқ муддатда эса 20 000 нафар афғонни қабул қилишни режалаштирмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














