Афғон қишлоғида Толибонни қучоқ очиб кутиб олган оила Afg'oniston Tolibon

Image shows Shamsullah, his son and his mother Goljuma
Сурат тагсўзи, Гулжума(ўнгда) Толибонни мақтайди: Менга ўхшаган аёллар Кобулдаги аёлларга ўхшамаймиз
    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, BBCнинг Яқин Шарқ муҳаррири, Ҳелманд

Хом ғиштдан қурилган уй ичи салқин, тоза ва сокин. Кичик ўғли оёғини қучиб олган Шамсуллоҳ келган меҳмонларни ичкарига бошлайди.

Полга шолча тўшалган, девор бўйлаб ярим метрча қалин ёстиқлар терилган. Айрим қимматроқ буюмлар кўргазма қилиб қўйилган. Мўъжазгина шкафда ўнлаб рангли майда шиша идишчалар турибди. Аммо оила камбағал, охирги йигирма йиллик урушда бор-будлари вайрон қилинган ё талаб кетилган.

Уй қуёш жазирамаси ва ташқаридаги чангдан бошпана, гир айланган баланд лой девор билан ўралган, худди Ҳелманд вилоятидаги Маржада оилаларнинг жанг майдонига айланган уйлари каби. Уй ичида улар Шамсуллоҳ ташқаридан, даладан тўплаган пахта тойларига қўшиш учун яна олиб келгани ҳозирланишмоқда.

Шамсуллоҳ онаси Гулжумани таништиради, айтишича, унинг ёши 65 да. У бошидан тўпиғигача узун рўмолга ўранган, фақат ташқарини кўриш учун тешик қолган, холос.

Баъзида унинг милтиллаган кўзлари ва қаншари кўриниб қолади. Гулжума андуҳга тўла ҳаёт, ҳаётини барбод қилган, тўрт ўғлини ўлдирган уруш ҳақида гапирганда овози баландлайди. Шамсуллоҳ кенжа, тирик қолган ёлғиз ўғил. Унинг ёши 24 да, аммо ёшидан 10 ёш каттага ўхшайди.

Гулжуманинг 11 йил олдин ўлган биринчи ўғли Зиё ул Ҳақ Толибон жангчиси эди. "Ўғлим Толибонга қўшилди, чунки у америкаликлар Ислом ва Афғонистонни йўқ қилишни исташини тушунган эди", дейди у.

Қолган уч ўғил 2014 йили бир неча ой ичида бирин-кетин ўлди. Қудратуллоҳ ҳаво ҳужумида ўлди. Икки бошқа ака-ука полиция рейди вақтида уйида қўлга олиниб, қамалган. Шамсуллоҳнинг айтишича, улар мажбуран армияга олинган ва ўша ерда хизматда ўлган. Ягона омон қолган ўғил Шамсуллоҳ "Худо мени оилага ғамхўрлик қилишим учун тирик қолдирди" дейди.

"Бир қўлингизда бешта тарвузни мувозанатда ушлаб тура оласизми? Мен ана шундай ҳолатда турибман", дейди у менга. У Толибон жангчиси бўлган акаси Зиёнинг бевасига ҳам ғамхўрлик қилиши керак.

"Акамни соғинаман, - дейди Шамсуллоҳ. - Катта акам ўлгач, хотини кичик акам билан никоҳланди. Униси ўлгач, кейинги акамга никоҳланди, у ҳам ўлгач, тўртинчи акам уйланди. Тўртинчи акам ўлгач, унга ўзим уйландим."

2010 йили АҚШнинг қўшимча юборилган кучларининг илк амалиёт жойи сифатида президент Барак Обаманинг буйруғи билан Маржа танланди. Бундан кўзланган мақсад, Кобулдаги ҳукумат ва уни дастаклаб турган Америка, Британия ва бошқа иттифоқчи кучлар қўлини баланд қилиш учун урушдаги вазиятни тамоман ўзгартирадиган ҳал қилувчи зарба бериш эди.

"Толибонни сиқиб чиқарсак, олдинда ёрқин келажак қолади: яхши мактаблар, яхши клиникалар ва эркин бозор", деб башорат қилинганди ўшанда АҚШ кучлари пресс-релизида.

Маржадаги пахта ва кўкнор далалари Толибон исёнчиларига қарши курашган хорижий кучлар учун даҳшатга айланди. Уч ой ўтгач, АҚШ генерали Стэнли Маккристал Маржани "қонаётган яра" деб атади. Жанглар кейинги ўн йилдан ошиқ вақтда ҳам давом этди.

Гулжума Афғонистонни одамлар учун яхшироқ мамлакатга айлантиришга ҳаракат қилаётганларини айтган Ғарб раҳбарларини ёмон кўради. "Уларнинг мақсадлари ҳақида ҳеч нима билмайман. Улар мамлакатни вайрон қилди", дейди у.

Мен ундан аёллар эга бўлган имкониятлар ва бу имкониятларни ҳозир йўқотган аёлларнинг қайғуси ҳақида гапирганимда у ҳайрон бўлди. "Улар бу ерда эканида халқимиз азоб чекди. Улар эрларимизни, ака-укаларимизни, ўғилларимизни ўлдирди. Мен Толибонни яхши кўраман, чунки улар Исломга эҳтиромли. Мен каби аёллар Кобулдаги аёллар каби эмас."

Толибон ғалаба қилмасидан аввал ҳамма улардан қўрқарди, ҳозир улар анча енгил тортишди, дейди у.

Taliban soldiers in Lashkar Gah
Сурат тагсўзи, Толибон жангчилари Лашкаргохда

Шунга қарамай, бир масала бор: у эркин гапиряптими? Толибоннинг матбуот хизмати Би-би-си гуруҳи толиб тан соқчилар билан юриши кераклигини талаб қилган, қолаверса, таржимон ҳам улар маъқуллаган одам бўлиши кераклиги бизнинг Ҳелманддан репортаж тайёрлашимиз учун шарт эди. Агар улар бўлмаганида эҳтимол Толибон кўплаб афғонлар юрагига солган қўрқув ҳақида кўпроқ эшитган бўлар эди.

Аммо мен Гулжума дунёнинг энг қудратли армияси Ҳелманддаги анъанадор деҳқон жамоага азоб-уқубат келтиргани ва ўлган тўрт ўғли ҳақида гапирганда самимий сўзлаганига шубҳа қилмадим.

2001 йил 11 сентябрида Америкага қилинган ҳужумдан бироз ўтиб, АҚШ, Британия ва уларнинг иттифоқчилари Афғонистонни аниқ мақсад билан ишғол қилди: "Ал-Қоида"ни йўқ қилиш ва Толибонни уларга бошпана бергани учун жазолаш.

Ундан кейин бўлган ҳодисаларни тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин - улар афғонлар ҳаётини яхшилашга уриниши асносида кечган ютиб бўлмас уруш.

Демократия каби тараққиёт милтиқнинг учидан чиқмайди. Ғарб бу йўлда ғолиб бўлиб келган эди. Дарҳақиқат, шаҳарлик эркак ва аёлларнинг бир авлоди таълим кўрди, уларнинг келажакка боқиши ўзгарди. Аммо бу имкониятлар камбағалларга ёки Гулжуманинг оиласи каби қишлоқдаги чала таълим кўрган аҳолига етиб бормади.

Толибон 1996 йили биринчи марта қудратга келганда улар ўз диний ва маданий ишончларини зўрлик билан ўтказа бошлади. Ҳозирги аксар афғонлар ўша вақтда 11 сентябр воқеалари ва ишғолдан олдинги йилларни эслай олмайдиган даражада ёш бўлган.

Лашкаргоҳда ёш толиблар Би-би-си камераларини кўрганда мобил телефонларини олиб, бизни суратга олиб, хорижликлар билан селфи туша бошлади. Мобил интернет арзон бу ерда. Бизнинг толиб ҳамроҳимиз Би-би-си Пуштуни телефонида кўриб ўтирарди. Дунё улар учун 1990 йилларда Толибон суратга олишни тақиқлаган вақтдагидан кўра очиқроқ.

Уларнинг жангчилари ташқи дунё ҳақида ҳеч нима билмай улғайган болалар эмас. Улар кенг аҳолини мажбурлаш у ёқда турсин, ўз жангчиларини смартфонлар, Интернет ва ўзлари қўл сиқишаётган дунёдан воз кечишга мажбурлай олармикан? Бу сафар мамлакатни букиш ва синдириш осон бўлмаса керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek