Афғонистон: Толибон қўшиқчиларга тоқат қилолмайди, бироқ мен мусиқасиз яшолмайман Afg'oniston Tolibon

Ayesha Khan

Сурат манбаси, Courtesy Ayesha Khan

Сурат тагсўзи, Ойша Хон Афғонистонни ташлаб кетишга мажбур бўлганини айтади, сабаби - "мен аёл ва қўшиқчиман" дейди у.
    • Author, Ҳумайра Канвал
    • Role, BBC Urdu

Ерга тўшалган жигарранг гилам устида Ойша Хон фисгармония чалиб қўшиқ куйламоқда. Тўсатдан йиғлаб юборади, мен уни юпатишга сўз тополмай қоламан.

Мана бир неча ҳафтадирки, Ойша ўз ватани Афғонистондан узоқда жойлашган мамлакатда, ўзи учун янги бир хонали квартирада ёлғиз яшамоқда.

Толибон қудратга келганидан кейин у Кобулдаги уйини, туғилиб ўсганини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Аммо у "ҳаммасидан ҳам катта йўқотишим рўёбга чиқмаган орзуларим" дейди.

"Мен ватанимни ҳижоб ўрашни истамаган ёки бутун баданини ёпадиган кийим кийишни хоҳламаган муслима қиз бўлганим учун тарк этмадим. Мен мамлакатимни аёл ва қўшиқчи бўлганим учун ташлаб кетдим", дейди у Би-би-сига.

Толибоннинг Исломнинг қаттиқ талқини жонли мусиқани, диний мазмундаги қўшиқлардан ташқари куйлашни тақиқлайди.

Аммо Ойшанинг ҳолатида таҳдид исломий гуруҳнинг аёлнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ янада қаттий ёндашуви билан қўшилган.

"Толибон бизни касбимиздан воз кечишга мажбур қлди. Шу кеча-кундузда афғон аёли бўлиш оғир, лекин қўшиқчини Толибон тоқат қилолмайди", дейди Ойша.

'Aфғон юлдузи'

Ойша Афғонистонда жуда машҳур бўлган "Афғон юлдузи" телешоусида 2018 йили иштирок этганидан кейин машҳур бўлди.

У охирги икки йилда Кобулда мусиқадан сабоқ олаётган, жонли ижрода маҳоратли эканини кўпчилик эътироф этаётган эди.

Ayesha Khan
Сурат тагсўзи, Ойша Хон Афғонистондаги машҳур "Афғон юлдузи" телешоусидаги иштирокидан кейин машҳур бўлди.

Мен мусиқадан ҳеч қачон воз кечмайман, дейди у

"Мусиқага бўлган муҳаббатим туфайли мен кечасию кундузи қаттиқ ишлайман. Уни ташлолмайман", дейди Ойша.

"Менинг учун мусиқа ўзимни ифода этиш усули, маданиятимизни намойиш этиш йўли. Аёл сифатида биз ўз ҳис-туйғуларимизни ташқарига чиқаришимиз қийин. Лекин буни мусиқа билан айтоламиз. Чунки мусиқани ҳамма яхши кўради".

Унинг учун Афғонистонни тарк этиш қарорига келиши осон бўлмаган. У уйидан фақат бир чемодан кийимини олиб чиқиб кетган, чегара томонга хатарли сафарга отланган.

Унинг мусиқага бўлган муҳаббати, мусиқачи бўлиш орзуси аллақачон яқинлари билан муносабатига салбий таъсир қилиб улгурган.

"Мен ҳуқуқ талабаси эдим. Мен яхши мактаб ва коллежда таҳсил олдим. Аммо отам менинг ҳуқуқшунос бўлишимни хоҳларди. Бу касб эса менга қизиқ эмас эди", дейди у.

Ойша яқинлари билан муносабатлари тафсилоти ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Лекин "қўшиқчилик касбини танлаши кўп қийинчиликларга сабаб бўлган"ини айтади.

Мактабида Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В)га бағишланган нашидларни маҳорат билан куйлагани учун Ойша кўпчиликнинг эътиборига тушган, ўқитувчилари унинг истеъдодини олқишлаб, шу йўлда давом эттиришга даъват қилганлар.

Бироқ оиласида Ойшанинг истеъдоди қадрига етишмаган.

"Оилам ўта диндор оила, улар мусиқага қизиқишмайди", дейди у.

Ayesha Khan

Сурат манбаси, Courtesy Ayesha Khan

Сурат тагсўзи, Ўқитувчилари Ойшанинг истеъдодини олқишлаганлар, аммо оиласида истеъдоди қадрига етишмаган.

"Афғон юлдузи" танлови финали иштирокчилари рўйхатига кирган Ойша уйидан кетишга, меҳмонхонада яшаб туришга мажбур бўлди.

У оиласи ўзининг телешоуда қатнашишига русхат бермасликларини яхши биларди.

"Афғон юлдузи" танлови мамлакатда жуда машҳур эди. Агар рухсат сўраганимда оилам менга ҳеч қачон ижозат бермасликларини жуда яхши билардим", дейди Ойша.

Толибон қудратга келганидан кейин авҳол янада оғирлашди. Ойша кечалари ухлолмай қолганини айтади. У "кўплаб қийинчилик ва таҳдидларга дуч келган" дўстларидан хавотирлана бошлади.

"Улар ҳеч қаёққа чиқишолмайдилар, ҳатто уйларидан кўчага. Юраклари вайрон бўлган", дейди у.

"Ҳозирги шароитда интервью бериш осон эмас. Лекин мен ҳамма дўстларим, Афғонистонда таҳдид остида қўрқув билан яшаётган санъаткорлар номидан гапришим керак", дейди Ойша.

"Мен Толибонга мужда юбормоқчиман - Афғонистон ҳамма афғонларга тегишли", дейди у.

"Афғонистон фақат Толибонники эмас. Толибон хотин-қизларга энг асосий ҳуқуқлари билан, бор ҳурмат ва қадр-қимматлари билан яшашларига изн бериши керак".

Ayesha Khan
Сурат тагсўзи, Афғонистон ҳамма афғонларники, дейди Ойша

Ойшанинг дунёга ҳам айтадиган гапи бор.

"Менинг ёшимдаги одамлар ўзларини буткул ҳимоясиз ҳис қилишаяпти. Шунинг учун мен дунёдан эркинликларимизни қайта қўлимизга олишимизда бизга ёрдам беринглар, деб сўрамоқчиман".

Суҳбатимиз охирига яқинлашар экан, Ойша яна кўз ёшларини тўхтатолмайди. Сўнг Урду тилида куйлашни бошлайди.

Ойша қўшиғини тинглаб ўтириб, мен унинг қатъияти ҳақида ўйлайман.

Чунки у зулматнинг янги замонига рози бўлишни хоҳламаётган Афғонларнинг истеъдодли авлоди номидан гапиришга ўзида журъат тополган қиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek