Толибон қўли остида Ҳирот қандай яшамоқда: Ўзимни тутқун ҳис қилаяпман - Afg'oniston Hirot Tolibon

Taliban stand guard at a checkpoint as they took control of Herat, Afghanistan, 15 August 2021.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳирот шаҳридаги блок-постларни ҳозир Толибон қўриқламоқда
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри яшовчилари Толибон Ҳиротни босиб олганидан кейин ҳаётимиз кескин ўзгарди, эртанги кунимиздан қўрқиб яшаяпмиз дейишади.

Ҳирот аҳолисининг сони 500 мингдан зиёдни ташкил этади.

Толибоннинг тўсатдан Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши кўпчилик учун кутилмаган бўлди, август ойи ўртасидан оммавий ахборот воситаларининг асосий эътибори Кобулдаги вазиятга қаратилмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Аммо Толибон охирги ойларда бошида асосан қишлоқ ҳудудларида назоратни қўлига олиб келаётган, сўнг аҳолиси кўп шаҳарларга ҳужумлар уюштирган эди.

Кобулдан олдин исломий гуруҳ Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри, Эрон ва Туркманистон чегараларига яқин Ҳиротни 13 августда босиб олди.

Тарихда Навоий ва бошқа Темурийзодаларнинг пойтахти бўлган Ҳирот учун Толибон билан Афғонистон ҳукумат ҳарбий кучлари ўртасидаги жанглар уч ҳафта давом этди.

Taliban forces patrol a street in Herat, Afghanistan

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Taliban forces also patrol the streets, while Sana says women stay at home

Жанглар оқибатида электр узатиш линиялари вайрон бўлган, аҳоли бир муддат токсиз ва ичимлик сувисиз қолиб кетган.

Би-би-си билан суҳбатда ҳиротликлар "ҳаётимиз кескин ўзгарди" дейишади.

Толибон шаҳарда ўзларининг янги тартиб-қоидаларини жорий этганлар.

Айрим одамлар ўзларининг хавфсизликларидан хавотирда яшаётганларини айтадилар.

"Толибон авф эълон қилганига қарамасдан, уйма-уй одам қидиришаяпти", дейди асли исми ошкор этилишидан қўрқиб, талаба Саид деб аташларига рози бўлган ёш йигит.

Толибондан бутун халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, хусусан, хотин-қизларнинг таълим олишига рухсат беришларини талаб қилмоқда.

Taliban stand guard at a checkpoint as they took control of Herat, Afghanistan, 15 August 2021

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳирот кўчаларидаги Толибон қўриқчилари

1990 йиллардаги бошқаруви замонида Толибон қизларнинг мактабга боришларини тақиқлаган эди.

Ҳиротда Толибон қизларнинг мактабга қатнашларига изн берган, "тўла паранжига ёпинишлари лозимлигини, уларнинг юзини бошқалар кўрмасликлари кераклигини буюришипти", дейди ҳиротлик ноҳукумат нотижорат ташкилотида ишлаб келган ҳиротлик аёл Сано.

Сано ҳам асл исми эмас, эркин фикрлари учун Толибон томонидан жазоланишидан қўрққани учун номи ўзгартирилди.

"Ҳозир ўзимни тутқун ҳис қилаяпман. Баъзан кўзимни юмиб, "балки ухлаётгандирману, бу тушимдир", деб ўйлайман", дейди Сано.

Afghan girls walk near the entrance of a school in the city of Herat, Afghanistan.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Саиднинг сўзларига кўра, қизларнинг мактабга боришларига рухсат берилган, бироқ ҳижобга ўраниш талаб қилинган

"Ҳар куни Толибон оддий одамларга нисбатан зўравонлик қўллагани ҳақидаги ҳар хил хабарларни эшитаман. Уйимиз олдида бир неча Толиб ўғирлик қилган икки одамнинг қўлини кесганини эшитдим. Аёлларнинг ишга боришини тақиқлашди. Агар аёл кўчага чиқмоқчи бўлса, ёнида эркак бўлиши шарт. Аёллар паранжига ёпинишлари, уларнинг юзини бошқалар кўрмасликлари керак. "Эркаклар жинси шим ва футболка киймасин, одатий Афғон кийимини кийсин", дейишди", ҳикоя қилади Сано.

"Менинг ўқишим тугаб қолган, фақат охирги дарсларимиз ўтилмай қолганди. Тўғрисини айтсам, менинг дипломимда уларнинг, "Исломий Амирлик" муҳрини кўришни хоҳламайман. Биз охирги 20 йилда эришган ҳамма ютуқлар ҳавога совурилди", дейди Саид.

Ҳирот Толибон назоратига ўтгандан кейин одамлар уйларидаги музлатгич, кир ювиш машинаси, бошқа рўзғор буюмларини сотишни бошладилар.

Кимдир Эронга, яна кимдир Европага кетишга қарор қилган, дейишади ҳиротликлар.

"Бор ўй хаёлим - Афғонистондан чиқиб кетиш, қаердадир ўз келажагимни барпо этиш. Орзуларимни рўёбга чиқариш Афғонистонда имконсиз, деб ўйлайман", дейди Саид.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek