Афғонистон: Толибон "эшикма-эшик одамларни овлашни бошлаган" ва шиа ҳазораларни "оммавий қатл қилган" - Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, EPA
БМТ учун тайёрланган ҳисоботда айтилишича, Толибон Афғонистонда НАТО кучлари ишлаган одамларни қидиришни бошлаган.
Толибон жангарилари эшикма-эшик юриб, ўз нишонидаги одамларни қидириб топмоқчи бўлаяпти, оила аъзоларига таҳдид қилаяпти.
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган қаттиққўл исломий жангарилар "ҳеч кимдан қасд олинмайди" деб ишонтиришга ҳаракат қилганди.
Аммо Толибон айтган гаплари билан қилаётган ишлари ўртасида фарқ катта деган хавотирлар ортиб бормоқда.
Толибон хорижликларнинг "ҳамкорларини" нишонга олишна бошлагани ҳақидаги махфий ҳужжат Норвегиядаги Глобал таҳлиллар маркази - RHIPTO томонидан тайёрланган, бу марказ Бирлашган Милллатлар ташкилоти учун жосуслик материалларини тақдим этади.
"Толибон томонидан ҳозирги пайтда нишонга олинаётган шахсларнинг сони жуда катта ва таҳдид аниқ", деб айтди Би-би-сига Глобал таҳлиллар Норвегия маркази раҳбари Кристиан Неллеман.
"Бу одамлар ўз ихтиёри билан таслим бўлмагунча Толибон уларнингоила аъзоларини ҳибсга олади, таъқиб этади, сўроққа тутади ва жазолайди", дейилади ҳисоботда.
Кристиан Неллеман огоҳлантиришича, Толибон қора рўйхатида бўлган ҳар қандай одам катта хавф остида, яқин орада оммавий қатллар рўй бериши мумкин.
Айни пайтда хорижий мамлакатлар ўзларининг Афғонистондаги фуқароларини олиб чиқишни давом эттирмоқда.
НАТО расмийсининг 20 август куни айтишича, охирги беш кун ичида Кобул аэропортидан 18000 дан зиёд одам эвакуация қилинган.
Орасида хорижий ҳарбий кучлар собиқ таржимонлари ҳам бўлган 6000 дан ортиқ одамнинг пайшанба ва жума кунлари олиб чиқиб кетилиши кутилаётгани хабар қилинди.
НАТО расмийси сўзларига кўра, шанба-якшанба кунлари эвакуация ишлари икки баравар кучайтирилади.
Кобул аэропорти ташқарисида вазият алғов-далғовлигича қолаётгани хабар қилинади.
Толибон аэропорт орқали Афғонистондан чиқиб кетмоқчи бўлаётган инсонларнинг йўлини тўсаяпти.
Халқаро Амнистия: Толибон Ҳазора эркакларини қийнаб ўлдирган

Сурат манбаси, Getty Images
19 август куни Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Толибон Ҳазора миллий озчилиги вакилларини оммавий қатл этгани ҳақида ҳисобот эълон қилди.
Халқаро ташкилот гувоҳларни интервью қилган, фотосуратларни ўрганган.
Ҳисоботда айтилишича, ушбу ҳодисалар 4, 6 июль кунлари орасида Афғонистоннинг Ғазни вилояти Малистон туманида рўй берган.
Малистон туманида Афғон ҳукумат кучлари билан Толибон ўртасидаги жанглар кучайган пайтда Мундарахт қишлоғида яшайдиган Ҳазоралар тоғларга қочиб чиқиб жон сақлаганлар.
Айрим эркаклар озиқ-овқат учун қайтиб келишганида уйлари талон-тарож этилган бўлган, Толибон уларнинг қайтишини кутиб турган.
Олти эркак отиб ўлдирилган, айримлари бошига ўқ узилган.
Уч эркакни қийнаб ўлдиришган.
"Нега ундай қилаяпсизлар?", деган саволга Толибон жангарилари "Уруш пайти ҳар ким ўлиши мумкин, қуроли борми ёки йўқ, фарқи йўқ", деб айтганлар.
Ҳазоралар Шиа мусулмонлари бўлиб, Афғонистонда охирги йилларда кўплаб бегуноҳ Ҳазоралар ўлдирилди.
Халқаро Амнистия ташкилоти ушбу ҳодиса ҳақиқий Толибон бошқаруви қандай бўлиши мумкинлигидан нишона бўлиши мумкин деган хавотирни билдириб чиқди.
"Ушбу совуққон шафқатсиз қотиллик Толибоннинг ўтмишдаги тарихини эсга солади ва бундан кейинги бошқаруви қандай бўлиши мумкинлигидан даҳшатли нишона бўлиши мумкин. Бу нишонга олинган қотиллик Афғонистонда Толибон бошқаруви пайти миллий ва диний озчиликлар қандай таҳдид остида қолишлари мумкинлигини ҳам кўрсатади", деб айтган халқаро инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари Агнес Калламард.
- Ҳибатулла Охундзода ёки Мулла Бародар - қай бир Толибон етакчиси қудратга келади?
- Толибоннинг лидерлари Афғонистонга қайтди, ҳаракат мамлакатдаги режасини очиқлади
- Афғонистон, бешинчи кун: Пойтахт Кобул тиш-тирноғигача қуролланган толибларга тўлиб кетган
- Толибон қайтди: Ғарб ташвишда, Хитой ва Россия кулмоқда, Марказий Осиё-чи?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















