Афғонистон, бешинчи кун: Пойтахт Кобул тиш-тирноғигача қуролланган толибларга тўлиб кетган Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон Афғонистон пойтахтини эгаллаганига бугун беш кун бўлди. Кобулда бўлган мухбиримизнинг айтишича, ҳозир шаҳар тиш-тирноғигача қуролланган толибларга тўлиб кетган. Шунчалик кўплигидан уларнинг аниқ сонини айтиш қийин, дейди мухбиримиз.
Толибон Кобулга якшанба куни кирган.
Кобул ҳаракат Афғонистонда эгаллаган энг сўнгги йирик шаҳар бўлган.
Секундар Керманий Би-би-сининг Афғонистон бўйича мухбири.
У ҳали ҳам Афғонистонда, пойтахт Кобулни тарк этмаган.
Кобулдаги сўнгги вазият

Мухбиримизнинг айтишича, шаҳар ҳозир анча тинчиган.
Бозор, дўконлар, ресторанлар аста-секин очила бошлаган.
Одамлар ҳам нисбатан жонланиб қолган.
Аммо шаҳарда пиёда ва машинада бўлган тиш-тирноғигача қуролланган толиблар юришибди.
Толибларнинг шунчалик кўплигидан сонини аниқ айтиш қийин, дейди мухбиримиз.
Унинг айтишича, Кобулдаги банклар ва давлат идоралари ёпиқлигича турибди, ҳануз очилмаган.
Кўча-куйда аёлларнинг сони ҳам сезиларли даражада камайган.
Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бурқада эмас, дейди мухбиримиз.
90-йиллар бошларида бурқа Афғонистондаги қаттиққўл Толибон тузумининг рамзи сифатида кўрилган.
Бошбошдоқлик

Сурат манбаси, Reuters
У BBC Breakfastga интервью бераркан, кун аввалида қаттиқ отишма садоларини ҳам эшитганини айтган, аммо аниқ қаердан келаётганини билолмаган.
Мухбиримизга кўра, Кобул халқаро аэропортида ҳамон бошбошдоқлик ҳукмрон.
Аэропорт ташқарисида юзлаб, балким минглаб одам, кунларки, чодир тикиб ўтиришибди.

Сурат манбаси, Getty Images
Улар қандай қилиб бўлмасин ичкарига кириш, бирор бир самолётга илиниб, Афғонистонни тарк этиш илинжида.
Толиблар аэропортдаги вазиятни назорат қилиш учун ҳатто ҳавога қаратиб ўт очишмоқда.
Оломонни тартибга солиш учун қўлларидаги хипчин ва қамчиларини ҳам ишга солишаётир.
Умуман олганда, Кобулда ҳаёт аста-секин ўз измига қайтаётгандек.
Аммо ҳали-ҳануз мавҳумлик ҳисси шаҳарда жуда кучли, дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














