Толибон Афғонистоннинг ярмини қандай қилиб эгаллаб олди? Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, EPA
- Author, Визуал журналистика таҳририяти
- Role, BBC News
Исёнчи Толибон ўтган икки ой давомида 2001 йил ҳокимиятдан кетганидан буён энг катта ҳудудни босиб олди.
Ўтган 20 йил ичида Афғонистон ҳаритаси доимий ўзгариб турди. Қуйида мамлакатда ким қаерни назорат қилаётганини кўрсатувчи ўзгарувчан тасвирга назар ташлаймиз.
Афтидан Толибон АҚШ кучлари мамлакатдан чиқиб кетиши сабабли кучайди ва ҳукумат кучларидан туманларни тортиб оляпти.
Би би си Афғон хизмати ўрганишлари кўрсатишича, жангарилар ҳозир мамлакат бўйлаб, жумладан, шимол ва Ғазни, Майдон Вардак каби марказий вилоятларда кучли мавқега эга. Улар, шунингдек, Қундуз, Ҳирот, Қандаҳор ва Лашкар Гоҳ каби катта шаҳарларга яқинлашиб келмоқда.

Сурат манбаси, .
Назорат деганда биз маъмурий маркази, полиция идораси ва бошқа барча ҳукумат институтлари Толибон томонидан назоратга олинган туманларни назарда тутамиз.
АҚШ кучлари ва унинг НАТОдаги ҳамда минтақавий иттифоқчилари 2001 йил Толибонни ҳокимиятдан қувган эди. Гуруҳ 2001 йил 11 сентябрда АҚШдаги террор ҳужумига алоқадор Усома бин Лоден ва ал Қоиданинг бошқа етакчиларига бошпана берган эди.
Мамлакатда халқаро ҳарбий ҳозирлик бўлишига, миллиардлаб доллар ёрдамга ва афғон ҳукумат кучларининг ўқитилишига қарамай, Толибон қайта бирлашди ва чекка ҳудудларда куч тўплай бошлади.
Уларнинг асосий таъсир ҳудуди жануб ва жануби ғарб - шимолий Ҳелманд, Қандаҳор, Ўрузгон ва Забул вилоятлари эди. Бироқ шимоли ғарбдаги жанубий Фарёб тепаликлари ва шимоли шарқдаги Бадахшон тоғлари ҳам шулар қаторида эди.
Би-би-сининг 2017 йилги тадқиқоти Толибон бир неча туманда назоратни тўлиқ қўлга олганини кўрсатган эди. Аммо тадқиқот мамлакатнинг бошқа қисмларида ҳам Толибоннинг фаол экани, баъзи ҳудудларда ойда ёки ҳафтада бир ҳужум ташкил қилгани унинг аввал ҳисобланганидан кўра кучлироқ эканини кўрсатган эди.

Сурат манбаси, .

Тахминан 15 миллион одам - мамлакат аҳолисининг ярми Толибон томонидан назорат қилинадиган ёки у очиқ ҳаракат қиладиган ва ҳукумат кучларига мунтазам ҳужум уюштирадиган ҳудудларда яшаши хабар қилинган эди.
Толибон ўз мавқеини сақлай оладими?
Гарчи улар ҳозир 2001 йилдан буён энг катта ҳудудни эгаллаган бўлса ҳам, мамлакатда вазият ўзгарувчан.
Ҳукумат кучлари Толибон томонидан бўлаётган босимга қаршилик қила олмай, айрим туман маъмурий марказларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бошқалари куч билан тортиб олинди.
Қаерда ҳукумат ўз кучларини қайта ташкиллаштира олса ёки маҳаллий жангариларни тўпласа, қўлдан кетган ҳудудларни қайта эгалламоқда ёки ўша ҳудудларда жанглар давом этмоқда. Гарчи июнь ойида аксар АҚШ кучлари мамлакатни тарк этган бўлса ҳам, бир қисми Кобулда қолган ва ўтган бир неча кунда АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари Толибон мавқеларига ҳужум уюштирди.

Сурат манбаси, .

Афғон ҳукумат кучлари асосан шаҳарларни ва текислик ҳамда водийларда жойлашган туманларни ушлаб турибди. Бу жойларда аҳолининг катта қисми яшайди.
Толибон энг кучли бўлган ҳудудларда аҳоли сийрак, аксарида бир квадрат километрга 50 киши тўғри келади.

Сурат манбаси, .

Ҳукумат Толибон хавф солаётган катта шаҳарларга ёрдамчи кучларни юборгани ва шаҳрларни Толибон босқинидан ҳимоя қилиш учун мамлакатнинг барча ҳудудларида бир ойлик тунги комендантлик соати жорий қилганини айтмоқда.
Улар Ҳирот ва Қандаҳор каби марказларга яқин келиб қолган бўлса ҳам, Толибон улардан бирортасини ҳам босиб олгани йўқ. Аммо улар эгаллаб олаётган ҳудудлар уларнинг музокаралардаги мавқеини кучайтирмоқда, солиқ ва ўлжалар ҳисобига фойда келтирмоқда.
Бу йил биринчи ярмида урушлар сабабли рекорд рақамларда тинч аҳоли ўлдирилди. БМТ 1600 тинч фуқаро ўлими учун Толибон ва бошқа аксил ҳукумат унсурларни айблайди. Жанглар яна кўплаб одамларни қочқинга айлантирди, йил бошидан бери 300 минг атрофида одам ўз уйини ташлаб кетган. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари билдиришича, Толибон каттароқ ҳудудларни эгаллар экан, Бадахшон, Қундуз, Балх, Бағлон ва Тохар вилоятларида ички қочқинларнинг янги тўлқини кўтарилмоқда.
Айрим одамлар қишлоқларга ёки қўшни туманларга қочмоқда, ўйларига бир неча кун ўтиб қайтади ёки бир муддат қочқин бўлиб юради. Франс Пресс ахборот агентлиги хабар беришича, Толибон ҳужумлари афғон қочқинлари ва ҳукумат кучларини қўшни Тожикистонга қочишга мажбур қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон, шунингдек, қўшни давлатларга бир неча ўтиш нуқтасини қўлга олгани хабар қилинган. Жумладан, Покистонга ўтадиган катта дарвоза - Спин Болдак уларнинг назоратида.

Сурат манбаси, .

Бу ўтиш нуқталарида тўланадиган божлар ҳам Толибон ғазнасига бориб тушади. Жанглар сабабли савдо кўлами камайиб борар экан, уларга тушадиган бож миқдорини аниқ билиш қийин.
Аммо Эрон билан чегарадаги Ислом Қалъадан ҳар ойда 20 миллион доллар тушиши мумкин.
Импорт ва экспорт оқимидаги бузилишлар бозорлардаги асосий маҳсулотлар - ёқилғи ва озиқ-овқат нархига таъсир қилмоқда.
Би-би-си Афғон Хизмати хабарларидан фойдаланилди
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















