Қудратли Хитой Толибон қудратини тан олдими? Afg‘oniston Xitoy AQSh dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Расмий Пекин Толибонни "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атади. Яна бир бор "дўстимиз", деди. Толибон ҳайъатини Хитойда қанчалик илиқ қаршилангани Ғарбдаги раҳбарлар ва етакчи нашрлар эътиборига тушди.
Ғарб матбуотида "кутилмаган", деб баҳо топган ташриф, бошқа томондан, расмий Пекиннинг таклифи билан амалга ошгани ҳам маълум бўлди.
Бу томонларнинг 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги ортидан АҚШ ва Нато кучлари Афғонистонни тарк этиши фонидаги илк учрашувдир.
Маълум бўлишича, томонлар ўзаро музокаралар чоғида биргина хавфсизлик масаласи билан чекланишмаган, Афғонистондаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳам муҳокама этишган.
Хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиши айнан Марказий ва Жанубий Осиё атрофидаги геосиёсий курашнинг янада кучайишига оид жиддий хавотирларни пайдо қилиб бўлган.
Хитой нимадан хавотирда?

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам чиқиб кетишни бошлаган сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзидаёқ Афғонистоннинг Хитойга чегарадоши дохил катта ҳудудини қайта босиб олишга муваффақ бўлган.
Лекин орада кечган вақт давомида расмий Пекиннинг толибларнинг бу "ютуғи"га бирор бир расмий муносабат билдириб чиққани кўрилмаган.
Аммо Афғонистондаги шиддат билан кескинлашаётган вазият унга чегарадош аксарият минтақа давлатларининг аллақачон жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.
Афғонистон ҳукумати изчил равишда рад этиб келаётганига қарамай, ҳаракат жорий пайтда Афғонистоннинг 85-90 фоизини назорат қилаётганини иддао қилади.
Сўнгги ҳафталарда жанг жабҳасида эришган "ютуқлари"га қарамай, ўзини афғон можаросига дипломатик ва сиёсий йўлда ечим топишга мойил мавқеъда экандек кўрсатади.
Жанг жабҳасидаги мавқеъи кучайиб бораётган бир манзарада ҳаракатнинг дипломатияга ҳам зўр бераётгани кузатилади.
Толибон ҳайъати Хитойгача ҳам Эрон, Россия ва Туркманистонда бўлиш, бу уч давлат пойтахтларининг Ташқи ишлар вазирлигида расман музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.
Бу ташрифлар барчасининг ҳам мезбон давлат ҳукуматларининг расмий таклифлари билан амалга ошгани айтилган.
Толибон ва дипломатия

Сурат манбаси, official
Толибон ҳаракати дунёнинг кўплаб давлатларида расман "террорчи ташкилот", деб тан олинган, фаолияти ҳам қонунан тақиқланган.
Аммо аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида минтақадаги етакчи ўйинчи давлатларнинг бу каби сиёсати унинг легитимлигини ҳам кучайтиришга хизмат қилмай қолмаган.
Айрим Ғарб нашрлари эса, сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг, айниқса, Хитойга қилган сўнгги ташрифини Толибоннинг том маънодаги дипломатик ютуғига йўйишган.
Расмий Пекин сўнгги уч йил ичида Толибон ҳаракати билан музокаралар олиб бориб келаётган эса-да, бундан аввалгиларининг ҳеч бири сўнггисидек бўлмагани ҳақида ёзишган.
Толибон ҳайъати раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахундни шахсан Хитой Ташқи ишлар вазирининг ўзи қарши олган, етакчи Ғарб нашрлари эса, худди шу ўринда икковлоннинг кўришишлари "илиқ" бўлганига ўз эътиборларини қаратишган.
Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Толибон вакиллари ўртасида туриб суратга ҳам тушиб берган.
Бунга Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи ва мамлакат давлат оммавий ахборот воситаларидаги тасвирлар далолат қилган.
Ғарбнинг айрим етакчи нашрларига кўра, буларнинг барчаси Афғонистондаги Исломий Амирлигининг ағдарилишидан 20 йил ўтиб, Толибон дунёнинг энг етакчи қудратларини ҳам ўзлари билан ҳисоблаштириш даражасига етганига далолат қилмай қолмаган.
Минтақадаги энг йирик қуролли жангари гуруҳ бўлган Толибон сиёсий қаноти эса, Қатар пойтахти Доҳада ўзининг идорасига ҳам эга.
Хитой "эътирофи"

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг Хитойга икки кунлик ташрифи кеча, 28 июль куни бошланган.
Икки томон ўртасидаги музокараларнинг илк кунидаёқ расмий Пекин Толибонни яна бир бор "дўстимиз" дейиш баробарида, "муҳим ҳарбий ва сиёсий куч", деб атаган.
Расмий Пекин Толибоннинг "Афғонистон урушига тинч ва сулҳу мадора йўли билан барҳам бериш, мамлакатни қайта тиклашда муҳим ўрин тутиши"га умид қилаётганликларини билдирган.
Толибон ҳаракати бундан аввал Муҳаммад Ашраф Ғани президентликдан кетмас экан, Афғонистонда тинчликка эришиб бўлмаслигини айтган.
Афғонистон президенти эса, бугун яна бир бор афғон урушига ҳарбий йўл билан барҳам бериб бўлмаслигини таъкидлаган.
Аммо айнан Толибонникини назарда тутиб, ҳукумати четда ишлаб чиқилган бирор бир тинчлик режасига бўйин эгмаслигини айтган.
Кеча, 28 июль куни эса, Афғонистон Ташқи ишлар вазири Толибоннинг ташрифига ўз муносабатини билдираркан, Хитой ўзларини бундан бохабар этганлигини баён қилган.
Афғонистон "Хитой ҳукумати минтақавий консенсусни мустаҳкамлаш, зўравонликни тўхтатиш, сулҳга эришиш, тинчликни таъминлаш ва Афғонистонда хорижий террорчиларнинг ҳозирлигига чек қўйиш учун толибларга халқаро босим ўтказишда муҳим ўрин тутиши"га умид қилаётганини айтганди.
11 сентябрдан кейин Афғонистонда АҚШ элчихонаси ва Кобул халқаро аэропортини қўриқловчи кам сондагиси назарда тутилмаса, хорижий иттифоқ қўшинларининг умуман қолмайди.
АҚШ ва Нато бундан уёғига амалдаги афғон ҳукуматини жанг жабҳасида қўллаш-қўлламаслиги ҳозирча маълум эмас.
Бу каби вазиятнинг Афғонистондаги уруш ва тинчлик жараёнига таъсири қандай бўлиши ҳам ноаён.
Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, айнан жанг жабҳасидаги бугунги устунлигидан фойдаланиб, Толибон дипломатик фронтда ҳам ўз сўзини айтмоқчи, Афғонистон томонига ўзи истаган шартларни ўтказмоқчи.
Хитой ва Афғонистон

Сурат манбаси, .
Хитой Афғонистон билан 76 километрга узанган ўзаро чегарага эга.
Икки давлат ўртасидаги чегара, бошқа томондан, Хитойнинг беқарор шимолий-ғарбий Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидан ўтади.
Хитой эса, ўзининг айнан Шинжондаги "қаттиққўл" сиёсати туфайли, айниқса, сўнгги йилларда халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидлари остида қолган.
Расмий Пекин Шинжондаги лагерь-ҳибсхоналарида аксарияти уйғур бўлган бир миллионга яқин мусулмонни ушлаб тургани ишонилади.
Хитой ҳукуматининг ўзи эса, уларни "экстремизмни жиловлаш" мақсадида ташкил этилган "қайта таълим бериш марказлари", деб атайди.
Худди шу манзарада Афғонистондан бошпана топган Туркистон Исломий партияси, йилларки, Хитой ҳукуматининг жиддий ташвишларига сабаб бўлиб келади.
Туркистон Исломий партияси айнан уйғур жангари гуруҳи саналади. Унга Хитойнинг Шинжон Уйғуристонида асос солинган.
Гуруҳнинг орада Яқин Шарқда ҳам қайта уюшиш, ўз тармоғини тузишга муваффақ бўлгани айтилган.
Бундан икки йил аввал эса, Туркистон Исломий партиясининг яна Афғонистонда қайта фаоллашганига оид хабарлар ҳам олинган.
Хитой билан алоқалари кескин совуқлашиши фонида орада Дональд Трамп маъмурияти гуруҳни террорчи ташкилотларнинг "қора рўйхати"дан ҳам чиқарган.
Агар, афғон можаросига тезда сиёсий ечим топилмаса, амалдаги ҳукуматнинг олти ойдаёқ қулаши, Афғонистонда воқеалар даҳшатли тус олиши ва мамлакатнинг қайта фуқаролар урушига юз тутишига оид жиддий хавотирлар бор.
Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида эса, Хитой ҳукумати, айниқса, АҚШ, Ғарб билан алоқаларига жиддий дарз етаётган сўнгги йилларда ўзининг жўғрофий яхлитлиги ташвишига тушиб қолган.
Хабарларга кўра, Хитой томони Афғонистонни қайта тиклашга кўмак бериш эвазига Толибон ҳайъатидан Туркистон Исломий партияси билан алоқаларини узиши, унга қарши курашишини сўраган.
"Афғонистоннинг ички ишларига аралашмасликлари, аммо мамлакатнинг муаммоларини ечиш ва тинчликни қарор топтиришга кўмакчи бўлишлари"ни айтган.
Маълум бўлишича, Толибон ҳайъати расмий Пекинни ҳам "бирор бир хорижий жангари гуруҳининг Афғонистон тупроғидан фойдаланишига изн бермасликлари"га ишонтирган.
Ҳарбий ва иқтисодий қудрат

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой АҚШ ва Россия билан бирга минтақадаги учта йирик геосиёсий ўйинчи ва ядровий қудратдан биттаси саналади.
Афғонистонда ўзининг йирик иқтисодий манфаатларига эга давлатлардан бири.
Орада Афғонистонга миллиардлаб доллар сармоя киритиш ва Афғонистонни ўзининг йирик геоиқтисодий лойиҳаларига ҳам жалб қилиш ҳаракатида экани кўрилган.
Энергияга чанқоқ Хитой ҳам Афғонистоннинг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган улкан табиий захираларига кўз тиккан.
Хитой жорий пайтда АҚШ билан бирга дунёнинг иккита йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратидан биттаси саналади.
Хитой Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга ягона давлат сифатида кўрилувчи Покистоннинг ҳам энг йирик ҳарбий ва иқтисодий ҳамкори.
Аммо Америка Қўшма Штатларининг "террорга қарши уруши"га бош қўшган дунёнинг аксарият етакчи давлатларидан фарқли тарзда жанговар амалиётлар учун Афғонистонга қўшин киритмаган.
Оз сондаги ҳарбийлари Афғонистонда фақат афғон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ишларида машғул бўлишган.
Лекин худди шунинг баробарида ўзларига чегарадош Афғонистонда АҚШнинг узоқ йиллик ҳарбий ҳозирлигидан беҳузур эканини ҳам яширмаган.
Ўтган ҳафта эса, Хитой Ташқи ишлар вазир покистонлик ҳамкасби билан ҳам учрашган.
Хитойда кечган музокараларда томонларнинг Афғонистондаги "террорчи кучлар"ни биргаликда қувиб чиқариш режасида эканликлари маълум бўлган.
Аммо "режа" тафсилотлари ноаён қолганди.
Толибон юқори мартабали сиёсий ҳайъатининг сўнгги ташрифи Хитой ва Покистон Ташқи ишлар вазирларининг худди шу музокараларидан саноқли кунлар ўтиб амалга ошган.
Музокарачилар Афғонистондаги барча томонларни "музокаралар орқали кенг қамровли ва инклюзив ҳукуматга эришиш учун биргаликда иш олиб бориш"га ундашган.
Толибоннинг ташрифига оид хабарлар ортидан, АҚШ давлат котиби ҳам Хитойнинг Афғонистондаги вазиятга аралашувига салбий баҳо бермаган.
Агар расмий Пекин ҳақиқатан ҳам афғон можаросига тинч ечим топиш ва Афғонистонда кенг қамровли ҳукумат тузилиши илинжида бўлса, бу "ижобий нарса" эканини айтган.
Энтони Блинкенга кўра, "ҳеч ким Толибоннинг Афғонистонни қуролли йўл билан эгаллаб, яна ўзининг Исломий Амирлигини ўрнатишидан манфаатдор эмас".
Шундай деркан, АҚШ Давлат котиби Толибонни "тинч йўл билан музокаралар столига қайтиш"га ундаган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса, Толибон ҳайъати билан музокаралари ортидан эълон қилган расмий баёнотида, "шоша-пиша чиқиб кетаётгани АҚШнинг Афғонистонга оид сиёсатининг барбод бўлганини англатиши"ни иддао қилган.
Энди "афғон халқи ўз мамлакатини барқарорлаштириш ва ривожлантириш учун муҳим имкониятга эга эканлиги"ни таъкидлаган.
Яқинда Толибон воизи The Wall Street Journal билан суҳбатида уйғурлар масаласида Хитойни қоралашдан бош тортган.
Афғонистоннинг эҳтимолий Толибон ҳукумати Шинжондаги инсон ҳукукларини қоралашда Ғарб давлатларига қўшиладими, деб сўралганида, "ҳар қандай қарор ўша вақтнинг воқеъликларига асосланиши"ни айтиб, жавоб берган.
Бунинг эртасига ҳам South China Morning Post нашридаги мақолада Толибон Хитойни "ўз дўсти", деб атагани маълум бўлганди.
Толибон ҳаракатининг 2019 йилда Ўзбекистон қилган сўнгги амалий ташрифи эса, "илиқ" экани мазмунида Афғонистон томонининг эътирозига сабаб бўлгани ҳам кўрилган.
Афғонистонда ўз вақтида дунёдаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам бошпана топиб келади.
Марказий Осиёда аҳолиси энг каттаси ва Жанубий Осиё орқали денгиз йўлларига чиқиш илинжидаги Ўзбекистон ҳам Афғонистонда ўзининг жиддий иқтисодий манфаатларига эга.
Ўзбекистон ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бир неча бор бўлиб қайтган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Расмий Тошкент халқаро миқёсдаги тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келади.
Орада Толибон Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларини расман ва ошкора эътироф этишгача боргани ҳам кўрилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














