Афғонистон ва Толибон: Ўзбекистонга чегарадош Балхда нималар бўлмоқда, Тожикистон Россияни чегараларига қайтармоқчи эмасми? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Афғонистон муваққат Мудофаа вазири

Сурат манбаси, official

Афғонистоннинг муваққат Мудофаа вазири Балхга жўнаб кетди. Балхнинг аксарият туманлари толиблар қўлида. Тожикистон Толибон ва Россия билан музокаралар олиб бормаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистонга чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан иккитаси саналади.

Толибларнинг сўнгги фаоллашуви манзарасида уларнинг чегаралари афғон ҳарбийлари ва қуролли кўнгиллилари томонидан энг кўп бузилаётгани кузатилган.

Афғонистон томонидан чегарадош ҳудудларининг деярли барчаси толиблар томонидан босиб олинган.

Бисмиллоҳ Хон Муҳаммадийнинг нега айнан бугун Балхга жўнаб кетгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Аммо кеча, 26 июль куни афғон ҳарбийлари, маҳаллий полиция кучлари ва кўнгиллиларнинг бир ой деганда вилоятнинг Ўзбекистон ва Тожикистонга чегарадош Калдор туманини Толибондан қайтариб олишгани маълум бўлганди.

Калдор Шўртепа билан бирга Афғонистоннинг шимолдаги стратегик жиҳатдан муҳим иккита тумани саналади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги халқаро аҳамиятга молик Ҳайратон порти ҳам худди шу икки туман яқинида жойлашган.

Аммо Балх вилоятида жами тўққизта туман бўлса, Шўртепа дохил ярмидан кўпроғининг ҳануз Толибон назорати остида қолаётгани айтилади.

Ҳозирча имконли бўлган расмий хабарларга кўра, Афғонистоннинг муваққат Мудофаа вазири вилоятдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яқиндан ўрганмоқчи.

Бу Бисмиллоҳ Хон Муҳаммадийнинг Афғонистон янги муваққат Мудофаа вазири сифатида шимолий Балх вилоятига ўзи қилган илк сафари бўлган.

Калдор туманининг Афғонистон ҳукумати назорати остига ўтганига оид хабарга ҳалича толиблар ва Ўзбекистон томонининг расмий муносабати маълум эмас.

Ҳайратон кўприги қўриқчиси

Сурат манбаси, Screenshot

Афғонистонни Ўзбекистон билан Ҳайратон (Дўстлик - таҳр.) кўприги боғлаб туради.

Ўзбекистоннинг Амударё кўприги устидан ўтувчи ва Термиздан Мозори Шарифга узанган темир йўл Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи иккита муҳим йўлдан биттаси сифатида кўрилади.

Туркманистонга ҳам улаш режаси баён қилинган ушбу йўл, йилларки, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари учун Шимолий таъминот тармоғининг энг муҳим қисми бўлиб келган.

Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.

Аммо ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг Афғонистондаги вазиятга оид 24 июнь кунги расмий баёнотида чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирган.

"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.

Бетарафликни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий баён қиларкан, вазирлик ўзининг расмий баёнотида Афғонистондаги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳам чақирган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Би-би-си Ўзбек хизмати муносабатларини сўраб, орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ҳам мурожаат қилган.

Вазирлик сўзчиси Ўзбекистон "ўз чегаралари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлашга қудрати" етишини айтиб жавоб берганди.

Балхнинг қудратли собиқ ҳокими генерал Атто Муҳаммад Нур ҳам ўтган ой ўз қуроллилари, афғон ҳарбийлари ва маҳаллий полиция кучлари билан бирга Калдорни толиблардан тозалашга муваффақ бўлган.

Аммо орадан кун ўтиб, Толибон туманни қайта босиб олишга муваффақ бўлганини баён қилган.

Яқинда Ҳайратон шаҳарчаси масъуллари Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатларида Калдор ва Шўртепанинг толиблар Ҳайратон бандаргоҳига таҳдид солишлари мумкин бўлган ҳудудларини улардан тозалашга муваффақ бўлганликларини ҳам айтишганди.

Муваққат Мудофаа вазирининг Балхга сафари Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг вилоят маркази Мозори Шариф шаҳрига кутилмаган ташрифидан саноқли ҳафталар ўтиб амалга ошмоқда.

Афғонистон ва шимолий Балх вилояти

Мозори Шариф шаҳри

Сурат манбаси, courtesy

Расмий Вашингтоннинг Толибон билан ўтган йили имзолаган "тарихий" битимига мувофиқ, Афғонистонда қолаётган сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам жорий май ойидан бошлаб мамлакатни тарк этишга киришишган.

Бунинг ортидан Толибон Афғонистоннинг айнан Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятидаги деярли барча туманларни ҳам босиб олган ва уларнинг ярмидан кўпроғи ҳануз толиблар назорати остида қолаётгани айтилади.

Толибон бунинг ортидан Мозори Шариф шаҳрига ҳам яқинлашишга уринган, аммо уларнинг бу ҳаракати саноқли соатларнинг ўзида Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан йўққа чиқарилган.

Мозори Шариф ҳимоясига мамлакат Қуролли Кучларининг айнан Балх вилоятида жойлашган шимолдаги энг йирик ҳарбий бўлинмаси томонидан қўшимча мадад кучлари ташланган ва шаҳар ҳануз уларнинг ҳимояси остида экани айтилади.

Аммо толибларнинг худди шу уриниши манзарасида Мозори Шарифдаги айрим консулхоналар ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатгани ва ходимлари пойтахт Кобулга кетишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Шимолий Балх вилояти

Сурат манбаси, Reuters/Arxiv

Атрофида ҳануз ҳозирликлари борлиги айтилса-да, Мозори Шариф Афғонистоннинг аксарият шимолий вилоятлари марказларидан фарқли тарзда ҳалича толибларнинг тўғридан-тўғри ҳужуми нишонига айланмаган.

Толибон шаҳарни илк ва сўнгги бор Афғонистонда ўзининг Исломий Амирлигини эълон қилган 90-йиллар бошларидагина босиб олишга муваффақ бўлган.

Аммо толибларнинг ўшанда Эроннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси ўндан ортиқ ходимини ўлдиргани айтилган.

Мозори Шариф Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри бўлади ва мамлакатнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим шаҳарларидан бири саналади.

Шаҳар Афғонистоннинг шимолий дарвозаси сифатида кўриб келинади.

Афғонистон импортининг ярми ўтиши айтилувчи ва Шимолий Таъминот Тармоғининг энг муҳим узви сифатида кўрилувчи Ҳайратон кўприги ва порти ҳам айнан Мозори Шариф яқинида жойлашган.

Ҳайратон Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятида жойлашган Оқина билан бирга Афғонистоннинг ҳозирча Толибон қўлига ўтмаган бешта йирик портидан иккитаси ҳам бўлади.

Порт Афғонистоннинг энг йирик ва муҳим даромад манбаларидан бири экани айтилади.

Афғонистон президентининг Мозори Шарифга сўнгги кутилмаган ташрифи

Сурат манбаси, official

Муҳаммад Ашраф Ғанининг ҳам Мозори Шарифга 13 июль кунги кутилмаган ташриф мамлакат шимолидаги аксарият туманлар ҳамон толиблар назорати остида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Ўшанда Афғонистон раҳбарининг ташрифидан ҳам асосий мақсад Мозори Шарифдаги мавжуд вазият билан яқиндан танишиш экани айтилган.

Матбуот хизмати Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўз ташрифи давомида маҳаллий сиёсий ва жиҳодий етакчилар билан ҳам учрашиш ниятида эканини билдирганди.

Балх катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистонни тарк этган 2014 йилга қадар мамлакатнинг нисбатан тинч ва обод вилоятларидан бири сифатида кўриб келинган.

Аммо бунинг ортидан Балхнинг ҳам хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиққан, вилоят Афғонистон тарихидаги энг қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.

Толибларнинг сўнгги ютуқлари манзарасида Балхнинг собиқ қудратли ҳокими, Афғонистон шимолидаги катта таъсирга эга сиёсатчилардан бири бўлган генерал Атто Муҳаммад Нур маршал Абдулрашид Дўстумга ҳам уларга қарши бирлашиш таклифи билан чиққан.

Ўтган ой, четда даволаниб қайтиши билан ўзининг қуролли тарафдорлари ва Афғонистон хавфсизлик кучлари билан бирга Балхнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманини толиблардан тозалаш учун қатор ҳарбий амалиётларга ҳам қул урган. Аммо бунга муваффақ бўлмаганди.

Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, Афғонистон Мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони алмашиши ортидан, афғон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида фақат саноқли туманлар назоратинигина яна ўз қўлларига қайтариб олишган, холос.

Бунгача Афғонистон ҳукумати ўзининг уруш стратегияси, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятга эътибори ва кадрлар танловидаги қарори учун жиддий танқидлар остида қолиб келган.

Афғонистон президенти ўтган ой охирида мамлакат Мудофаа, Ички ишлар вазири ва Қуролли кучлари Бош қўмондонини янгилаган.

Амалдагиларининг ўрнига вақтинча вазифа бажарувчи қилиб янги шахсларни тайинлаган.

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, Getty Images/arxiv

Айнан Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, мамлакат раҳбарияти ўзининг уруш стратегияси ва масъул лавозимларга кадрлар танлаш борасидаги қарори юзасидан кескин танқидлар остида қолган.

Бу каби танқидлар устма-уст Афғонистон парламентидан ҳам янграган.

Депутатлар афғон ҳукуматини мамлакат шимолидаги вазиятга беэътиборликда ҳам айблашган.

Масъуллар эса, толибларнинг сўнгги ютуқларини "тактик чекиниш" билан изоҳлаб, бу туманлар назоратини қайта ўз қўлларига олишларини баён қилишганди.

Ўзининг янги тайинловларини эълон қилган чиқишида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларни огоҳлантирган.

"Агар Толибон душманлик истаса, бунга жиддий жавоб беришлари"ни айтган.

Аммо расмийларнинг яқинда қилган чиқишларига таянилса, Афғонистон ҳарбийлари сўнгги ҳафталарда Толибон қўлга киритган икки юзга яқин туманнинг бор-йўғи ўттизтасини қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Қайта афғон ҳукумати назорати остига ўтган туманларнинг фақат бармоқ билан санарлиси мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келиши айтилади.

Толибон бош музокарачиси

Сурат манбаси, ANADOLU

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.

"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирган.

Яқинда ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати Москвага қилган амалий ташрифи чоғида ҳам Россия томонини худди шунга ишонтиргани ҳам маълум бўлганди.

Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Шу соатларда пойтахт Душанбедан олинаётган хабарларга кўра эса, Тожикистон томони толиблар билан ҳеч қачон учрашмагани ва мулоқотга ҳам киришмаганлигини маълум қилган.

Расмий Москва билан Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасига Россия чегарачиларини яна қайтариш борасида музокаралар олиб бораётганини ҳам рад қилган.

Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирига иқтибосан мамлакатдаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.

Нашр келтириб ўтган иқтибосига таянилса, вазир Сирожиддин Муҳриддин, "Душанбе ҳар доим расмий Кобулни Афғонистондаги қонуний ҳукумат, деб билган"ини баён қилган.

Унинг сўзларига кўра, яқинда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош минтақаларида вазият жиддий равишда ёмонлашган, аммо "аммо Тожикистоннинг бу йўналишдаги чегаралари ишончли ҳимояланган".

Афғонистоннинг Тожикистон билан икки ўртадаги халқаро аҳамиятга молик Шерхон Бандар ва Ойхоним портлари, энг муҳим икки ўтиш-назорат нуқтаси эса, ҳануз толиблар қўлида қолмоқда.

Афғонистон Мудофаа вазирлигининг расман билдиришича, ўтган 24 соат ичида 190 га яқин толибни ўлдиришган.

Шимолий ва шимолий-шарқий Балх, Фарёб, Жаузжон, Самангон, Тахор, Қундуз ва Бағлон дохил Афғонистоннинг жами 15 вилоятида ҳарбий амалиётлар олиб боришган.

Аммо мустақил кузатувчилар ва маҳаллий журналистлар ҳукуматнинг бу каби баёнотларига анчайин скептик қараб келишлари ҳам бор гап.

Афғонистон ҳукумати тез орада Толибонни "белини синдириш"га ваъда берган.

Уларни "тўхтатиш" учун ўтган шанба куни деярли бутун мамлакат бўйлаб бир ойлик комендантлик соати жорий қилган.

АҚШ ҳарбийлари ҳам толиблар мавқеъларига ҳаводан яна зарба беришга ўтишган.

Аммо уларнинг дастаги аниқ қанча давом этиши ҳали-ҳануз маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek