Кун саволи: Толибон ярашмоқчими ёки уришмоқчи? Афғонистон, Ўзбекистон ва дунё O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters/arxiv
Толибон юқори мартабали ҳайъати Хитойда. Ҳайъат сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Эрон, Россия ва Туркманистонда ҳам бўлиб қайтган. Ҳаракат шу орада Афғонистоннинг катта қисмини босиб ҳам олган. Толибон нима қилмоқчи?
Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати Хитойда.
Ҳайъат сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Эрон, Россия ва Туркманистонда ҳам бўлишга улгурган.
Устма-уст ташрифлар Толибон Афғонистонда ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир пайтга тўғри келган.
Ҳаракат Афғонистоннинг 85 фоизи ўз назорати остида эканини иддао қилаётган бир манзарада амалга ошган.
Толиблар Афғонистоннинг ярмидан кўпроғини босиб олишгани эса, ҳозир ҳатто халқаро миқёсда эътироф этилади.
Бу Толибон Афғонистонда Исломий Амирлиги қулатилган 2001 йилдан буён эришган энг катта ютуғи экани айтилади.
Аммо ҳайъати Теҳрон ва Москвада экан, уларнинг Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ"лигини баён этишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Афғонистон Толибон ҳаракати билан алоқаларини аввалбошдан бузмай ушлаб келаётган нейтрал Туркманистон пойтахти Ашхободда шу йил ҳисобидан иккинчи бор кечган музокаралар тафсилотлари эса, ноаён қолган.
Худди шу манзарада сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъатининг Хитойга сафари ҳам Афғонистонда толиблар ҳануз ўз ҳужумларини давом этдираётган, кечаётган йил мамлакатда энг қонлиси бўлиши башорат қилинаётган бир фонда амалга ошган.

Айнан расмий Вашингтон билан 2020 йилда эришилган "тарихий" битимга мувофиқ, Афғонистондаги сўнгги АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари шу йилдан қолмай Афғонистондан чиқишмоқчи ва аллақачон аксарияти мамлакатни тарк этиб бўлган.
Улар Афғонистондаги 20 йиллик ҳозирликлари ортидан ҳам афғон можаросига ҳарбий йўлда буткул барҳам бера олишмаган.
Ўтган йил февраль ойида расман имзоланган битим эса, ҳар икки рақиб томон тарихидаги биринчиси бўлган.
Амалдаги афғон ҳукуматининг иштирокисиз эришилган келишув Афғонистонда бундан буёғига фақат афғонлараро мулоқотлар орқалигина доимий оташкесинни қарор топтириш, Толибонни ҳам ўз ичига олувчи янги коалицион ҳукуматни қарор топтиришни кўзда тутади.
Аммо бу мулоқотларнинг яқинда ҳаракат сиёсий қанотининг идораси жойлашган Доҳада бўлиб ўтган навбатдаги босқичи ҳам на-да муваққат ва на-да доимийси, бирор бир сулҳ келишувисиз якунланган.
Толибон ва Афғонистон ҳукумати музокарачиларининг мулоқотларини давом эттиришга рози бўлишларининг ўзи - унда эришилган "энг катта ютуқ" экани айтилган.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати амалий ташриф билан бир неча бор бўлиб қайтган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.
Расмий Тошкент халқаро миқёсдаги тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келади.
Орада Толибон Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш саъй-ҳаракатларини расман ва ошкора эътироф этишгача боргани ҳам кўрилган.
Толибоннинг бир вақтнинг ўзида ҳам жанг ва ҳам дипломатик жабҳада бу қадар фаоллашуви эса, аллақачон кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортишга улгурган.
Ҳатто таҳлилчилар ўзларининг орасида ҳам ҳаракатнинг бугунги мақсади нима эканига оид саволларни пайдо қилмай қўймаган.
Толибон ярашмоқчими ёки уришмоқчи?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
Афғонистондан АҚШ ва НАТО кучларининг тезликда чиқиб кетаётгани Толибон ҳаракатига улар кўпдан бери орзиқиб кутаётган сиёсий фурсатни бермоқда.
Афғонистон Толибон Ҳаракати ўз олдига мураккаб бўлган икки йирик вазифани қўймоқда.
Биринчи вазифа - АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши фонида Афғонистон ҳокимиятини тезда олиш, бунинг учун барча сиёсий-психологик воситалардан унумли фойдаланиш, ҳозир қудратда бўлган расмий Кобулга вазият устидан назоратни сақлаб қолишига имкон берувчи психологик устунликка йўл бермаслик ҳисобланади.
Чунки, агар, АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши манзарасида толиблар Кобул сиёсий элитасига ва афғон жамиятига кучли психологик босим кўрсатиб, ташаббусни қўлига ололмаса ва ҳокимият учун кураш чўзилиб кетадиган бўлса, улар сурункали ва узоқ муддатли қаршиликка дучор бўлишини, бу жараёнда ташқи давлатлар ҳам расмий Кобулга ёрдам ҳажмини яна ошириб боришини яхши тасаввур қилишади.
Иккинчи вазифа - Афғонистон ҳокимиятини қўлга олиш жараёни Толибон ҳаракатининг истиқболдаги манфаатларига, жумладан, унинг репутациясига ўта қимматга тушмаслиги, бу билан ҳокимиятни олиш ва уни сақлаб қолиш имкониятларини ошириш назарда тутилади.
Яъни, агар толиблар яна 90-чи йиллардаги каби кўп қон тўкилишларга йўл қўядиган бўлса, дунё ҳамжамиятининг, жумладан, Ғарб кучларининг толибларга нисбатан ишончсизлиги сифат жиҳатидан яна ошиб боради.
Кейинги йилларда толиблар ва АҚШ, қолаверса, бошқа давлатлар ва иштирокчилар ўртасида кўплаб учрашувлар бўлиб ўтди, бу музокараларда Толибон ҳаракатини масъулиятли сиёсий кучга айлантириш мақсади қўйилди.
Демак, толиблар ва АҚШ ўртасида ҳам Толибон ҳаракатининг Афғонистонда жиддий хунрезликларга йўл қўймаслигини кўзда тутувчи маълум келишувлар бўлиши керак.
Ушбу икки вазиятдан келиб чиқиб, толибларнинг ҳарбий ва сиёсий-дипломатик интилишлари ўртасида зиддият бордек кўринади.
Аслида эса, бу иккала фаолият йўналиши Толибоннинг Афғонистон олий ҳокимиятини қўлга киритиш йўлидаги мантиқий боғлиқ ҳаракатлари ҳисобланади.
Назаримда, Афғонистон Толибон ҳаракатининг энг жиддий муаммоларидан бири бу - ушбу ташкилотнинг анча тарқоқлиги, таркибидаги гуруҳларнинг мафаатлари ва дунёқарашига кўра, ҳар доим ҳам жипслашмаганлиги, марказлашмаганлиги ҳисобланса керак.
Яъни, Толибон ҳаракатининг ичида ҳам кўплаб жангари гуруҳлар мисолида бўлгани каби икки йирик қанот мавжуд - бирлари кўпроқ қўпол куч ишлатиш тарафдорлари, бошқаси эса, сиёсий фаоллик-дипломатияга мойил бўлган томон.
Лекин бу икки қанот ҳаракат ичида бўлинишга йўл қўймаслик учун ички зиддиятларни ташқи дунёга кўрсатмасликка ҳаракат қилади, ўз дунёқараши доирасида фаолиятини давом эттираверади.
Толибон ҳаракатинининг дунёқарашини уруш орқали тўлиқ трансформация қилиш мумкин эмаслиги кўринди.
Энди уларни жамият юки ва давлатчилик масъулияти орқали трансформация қилиш йўли танланаётгандек. Гарчи, бошқа воситалар иш бермади ҳам.
Демак, келажакда толибларнинг нафақат Афғонистон сиёсий майдонидаги иштироки ошиб боради, балки уларнинг Афғонистонда қайта марказлашуви, вазиятга қараб, янгича фикрлаш ва ҳаракатланиш моделларини шакллантириш зарурати пайдо бўлади.
Яқин йилларда, балки ўн йилликларда Афғонистонни жиддий зўриқишлар, тўқнашувлар кутади.
Толиблар ҳокимиятни имкон қадар кам қон тўкишларсиз олишни истайди.
Лекин кейинги 20 йилда шаклланиб улгурган афғон давлатчилиги, этник камчиликлар ва дунёвий давлатчилик тарафдори бўлган паштунлар ҳам осонлик билан ён беришни истамайди.
Шу сабаб ҳам, толиблар бир вақтнинг ўзида икки йўналишда фаолиятни давом эттираверишади: Афғонистон ичида ҳарбий-психологик босимлар орқали ҳокимиятни тезроқ олишга интилиш, ва ташқи дунёда ҳаракатнинг образини юмшатиш ва ижобийлаштирга интилиш...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














