Афғонистон: Советлар чиқиб кетган 1989 йил қайтариладами? Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Бугунги Афғонистон

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Лиз Дюсет
    • Role, Бош халқаро мухбир

Совуқ уруш роса забтига олиб турган вақтда Кобулнинг аёз қишида менга "сўнгги огоҳлантирув" хати келди. "Одатий рейслар ишлаб турган вақтда кечиктирмай Афғонистонни тарк этишингиз керак", деб маслаҳат берди менга Британия элчиси ёрдамчиси.

Ўн бир кун ўтиб, 1989 йил 30 январь, қорли кунда АҚШнинг вакили йўл йўл, юлдузли байроқни сиёсий маънога бой бир маросимда пастга туширди. Совет қўшинларининг сўнгги қисмлари 10 йил давом этган даҳшатли афғон урушини якунлаб ҳафталар ичида чиқиб кетиш арафасида. Ғарб миссияларининг мамлакатдан чиқиб кетиши Москва дастагидаги заиф ҳукуматни қийин аҳволга солиб қўйиши тайин эди.

Британия ҳам "Осиёдаги энг нафис" дея мақталган оққа бўялган бино мажмуаси дарвозаларини ёпди.

"Британия вазирлари бошқа йўли йўқлигини билар, элчихонамиз ходимлари қолиб, ишни давом эттиришни истаса ҳам, кўпчиликка эргашдик", деб эслайди Британиянинг Афғонистондаги собиқ элчиси Стефен Эванс. Ўша вақтда у Британия Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон бўйича мулозими эди.

1989 йил. Лиз Дюсет Афғонистоннинг Шўролар Иттифоқи дастаклаган президенти Муҳаммад Нажибуллоҳ нутқини ёзиб олмоқда
Сурат тагсўзи, 1989 йил. Лиз Дюсет Афғонистоннинг Шўролар Иттифоқи дастаклаган президенти Муҳаммад Нажибуллоҳ нутқини ёзиб олмоқда

Вашингтон ҳам, Лондон ҳам тезда қайтишга ваъда берганди, аммо уларнинг элчихоналари 2001 йили АҚШ бошчилигидаги ҳужум Толибонни ҳокимиятдан ағдаргунча қайта очилмади.

Ҳозир, қарийб йигирма йил деганда НАТОнинг ҳарбий миссияси хорижий кучлар олиб чиқиб кетилиши билан ниҳоясига етган экан, давлатлар элчиларининг мамлакатда қолиши ёки чиқиб кетиши ҳам бош масала бўлиб турибди.

Огоҳлантириш мактуби

"Аниқ бир хавфсизлик хавотири бўлмаса, биз ўз элчихонамизни ёпиш билан ҳозир аввалги ишлар такрорланишига сигнал бермоқчи эмасмиз", дейди жаноб Эванс. Унинг овози дипломатик ва ёрдам миссиялари ва бир қанча бошқа биноларни ўраб турган баланд деворлар ва тиканли сим тўсиқлар ичида акс садо беради.

АҚШ кутилгандан ҳам юқорироқ суръатда чиқиб кетар экан, туманларнинг Толибон қўлига катта тезлик ва миқёсда ўтиши, Ковид-19нинг янада юқувчанроқ хили тарқалаётганини ҳисобга олмаганда ҳам, келажакни янада мавҳум қилиб қўймоқда.

Эвакуация режалари доимий янгиланади, Ковид ва хавфсизлик хавотирлари боис, ходимлар сони барқарор камайиб келади, айрим сумкалар тайёр турибди. Тинч кунлар ҳам, хавотирли кунлар ҳам бўлади.

"Ҳар бир пойтахтимиздагиларни қизиқтарадиган нарса хавфсизликдир, - деб шикоят қилади бир европалик дипломат. - Охирги бир неча ойда Кобулда фақат хавфсизликни муҳокама қиляпмиз, чунки бу ерга кўп куч сарфлаганмиз ва қолишни истаймиз."

Охирги бельгиялик дипломат шу ҳафта жўнаб кетди, австралияликлар май ойида дўконни ёпган. Французлар деярли кетиб бўлди, британлар бошқалар каби вазиятни доимий кузатяпти.

Кобул ўзгариб бораётган вазиятни яқиндан кузатиб турибди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Кобул ўзгариб бораётган вазиятни яқиндан кузатиб турибди

Вазиятни энг асабий аҳволда кузатаётганлар элчихоналарда ишлаган, хориж кучларига тил ва маданиятни таржима қилиб турган афғонлар ва ҳар бир элчихона ёпилишини юз беражак кўнгилсизлик сифатида кўраётган, вазият оғирлашиб, электр узилишлари одатий тус олган шаҳар аҳлидир.

"Агар мамлакат ҳақида муваффақиятсизликка маҳкум деб айтишса, уруш ҳолатидаги афғонлар яна қандай йўлга умид қилсин?" деб сўрайди Кобулдаги етакчи коммуникация фирмасида бошқарувчи ва тижорат вазирининг собиқ ўринбосари Муқаддеса Юриш.

Австралия ҳукумати май ойида элчихонасини ёпишга қарор қилгани, бу ёпилиш вақтинчалик экани айтилганига қарамай, афғонлар кайфиятига салбий таъсир қилди. Бу сафар Британия элчилиги хат орқали эмас, твит орқали Британиянинг Афғонистондаги барча фуқароларини "имкон қадар тезроқ" мамлакатдан чиқиб кетишга чақирди.

"Афсуски, бу халқаро акс-садо ва дунё афтидан ташлаб кетаётганини биз учун энг ёмон натижани - фуқаролар урушини башорат қилиб оқламоқчи", дейди Юриш хоним хўрсиниш билан. Афғонлар уруш янада қизиб кетишидан қаттиқ хавотирда.

Яна, британияликлар Америкага қараб турибди. Бошқа хорижий миссиялар ҳам шундай. АҚШ эса бошқа мамлакатларда бўлгани каби ўз элчихонасини қўриқлаш учун юзлаб аскарини қолдирмоқчилигини айтмоқда.

Ҳатто бу ҳам хавфли. Шу ҳафта Толибон сўзчиси Би-би-сига ҳар қандай қолган хориж кучларига "босқинчи армия", деб қаралишини таъкидлади. Толибон мамлакатда аскар қолдирилиши ҳозирги чиқиб кетишга йўл очган АҚШ Толибон битимига зиддир, демоқда.

"АҚШ билан музокаралар вақтида бу масалаларнинг бари муҳокама қилинган ва АҚШ томони барча аскарларни, маслаҳатчиларни, мураббийларни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга рози бўлган", дейди Толибон сўзчиси Суҳайл Шоҳин, ундан ушбу масала ҳақида сўраганимда.

Кузатув минораси

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзининг халқаро тан олинишини истайдиган Толибон элчихоналарни ҳам кузатиб турибди. Ўтган ой Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича вакили Томас Никлассон Доҳадаги Толибон етакчилари билан учрашувда хавфсизлик хавотирлари ҳақида гапирган. Улар соатлар ичида баёнот чиқариб, афғон пойтахтидаги дипломатик ва ёрдам миссиялари муҳофаза қилинишини билдирди.

Бир Ғарб дипломати айтгандек "Доҳадаги мулойим дипломатларнинг сўзлари"ни Толибон дала қўмондонлари эътиборга олишига ҳамма ҳам ишонмаяпти. Толибон дунё элчилари Кобулда қолишини истаса ҳам, улар бу элчилар ҳозирги ҳукуматга ёрдам беришини истамайди.

Яшил зона, деб аталадиган ва қаттиқ қўриқланадиган мажмуадан ташқарида жойлашган хориж элчиликлари ҳам ичкарига, дарвозадан ўтиб, дарвоза ичига кўчиб кириб кетишни режалаяпти. Норвегия дипломатлар ва ёрдам хизматчиларига хизмат кўрсатиб келган касалхонани келгуси баҳоргача юритишни давом эттиришга рози ва унгача уни фуқаролар учун касалхонага айлантиришга умид қилмоқда. Ҳаммасидан ҳам муҳими халқаро аэропорт бўлиб, воқеалар ҳеч ким истамаган томонга ўзгарса, у эвакуация йўлаги бўлиши мумкин.

Ҳомид Карзай номидаги халқаро аэропортни ҳозир НАТОнинг қонуний ваколати остида Турк ва АҚШ аскарлари қўриқламоқда. Туркия ҳукумат билан икки томонлама келишув асосида ҳозирги ишини давом эттиришига умид бор.

Аммо ҳатто ўн бир соат ўтса ҳам, Анқара билан бўлаётган оғир музокаралар, Толибоннинг ўжарлик билан қўяётган талабини ҳисобга олмаганда ҳам, сиёсий, хавфсизлик ва юридик масалаларга ўралашиб қолган. НАТО расмийлари келишувга эришилишига ишонч бирдирмоқда.

Афғонистон махсус кучлари Толибон жангариларига бас кела оладими?

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афғонистон махсус кучлари Толибон жангариларига бас кела оладими?

Аксар элчихоналар кетмаслигига ишора қиляпти.

"АҚШнинг Кобулдаги элчилиги очиқ ва очиқлигича қолади", деб таъкидланади уларнинг "Twitter" аккаунтида, эвакуация ҳақидаги хабарлар кўпайгани ортидан.

"Элчиликлар Кобулда қолади, - деб таъкидлайди бир Ғарб дипломати. - Жуда нозик вақт ҳозир, вазиятни яқиндан кузатяпмиз. Элчихона ходимларининг хавфсизлиги муҳим."

"Кузатилиши керак бўлган элчихона Британияникидир, - дейди Кобулдаги бошқа бир дипломат. - Фақат Ғарб миссиялари эмас. Ҳатто Хитой элчиси ҳам хавфсизлик масаласида мулоқотни оширишни исташига ишора қилган."

Яшил зона ичидаги Британия мажмуаси айрим миссияларникидан каттароқ, аммо ҳажман бошқа кўпларникига яқин. Шунинг учун у сигнал сифатида кўриляпти.

Афғону хорижликнинг назари мамлакат бўйлаб тез ўзгараётган хавфсизлик вазиятига қаратилган.

"Толибон босиб олган аксар туманлар стратегик жиҳатдан унчалик муҳим эмас, аммо пропаганда учун муҳим, - дейди Афғонистон мудофаа вазири собиқ ўринбосари, ҳозирда Кобулдаги Уруш ва Тинчлик Тадқиқотлари Институти раҳбари Тамим Осей. - Келгуси уруш мавсуми шаҳарлар учун бўлади."

Уруш вақтида майдонда нима бўлаётгани ҳақидаги ҳикоялар урушнинг ўзи каби аҳамиятли бўлиши мумкин. Элчилар имкон қадар хотиржамлик сақлаб, ишни давом эттиришга ҳаракат қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek