Толибон яна қудратга қайтди. Энди Афғонистондаги наркобизнесга нима бўлади?Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Reality Check жамоаси
- Role, BBC News
Толибон охирги марта ҳокимиятга келганида Афғонистонда кўкнори етиштириш ва ноқонуний наркотик оқимини тўхтатганини даъво қилади.
Гарчи 2001 йили - Толибон охирги марта ҳокимиятда бўлганда - бу борада кескин тушиш кузатилган бўлса да, Толибон эгаллаган ҳудудларда кейин ҳам кўкнори етиштириш кўпайган.
Афғонистонда қанча афюн ишлаб чиқарилади?
Кўкнори ўсимлиги қайта ишланиб, ундан бир неча турдаги ўзига кучли боғлаб қўювчи наркотик моддалар, жумладан, героин олинади.
БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчилик бўйича идорасига (НЖИ) кўра, афюн ишлаб чиқариш бўйича Афғонистон дунёдаги етакчи давлатдир.
Унинг афюн хирмони дунёнинг 80 фоиз эҳтиёжини қондирмоқда.
2018 йилда, НЖИ ҳисоб-китобига кўра, афюн етиштириш мамлакат иқтисодининг 11 фоизини таъминлаган.

Толибон афюн борасида нима қилмоқчи?
Толибон Афғонистонни эгаллагач, унинг сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид "Биз аввал ҳокимиятда бўлганимизда наркотик етиштириш бўлмаган", деди.
"Биз афюн етиштиришни яна нолга туширамиз" ва ҳеч қандай контрабанда бўлмайди, деди у.
Толибон нима қилган эди?
Аввалига Толибон бошқарувида кўкнори етиштириш кескин ўсган. АҚШ Давлат департаментига кўра, 1998 йилги 41 минг гектардан 2000 йили 64 минг гектарга етган.
Булар асосан Толибон назоратидаги Ҳелманд вилоятида етиштирилган бўлиб, дунёда ноқонуний наркотиклар етиштиришнинг 39 фоизига тўғри келган.
Аммо 2000 йил июлида Толибон ўз назоратидаги ҳудудларда кўкнори етиштиришни тақиқлади.
2001 йил майидаги БМТ ҳисоботида "Толибон бошқарувидаги ҳудудларда кўкнор етиштиришни тақиқлаш қарори деярли буткул муваффақиятли бўлгани кузатилгани" айтилган.
Толибоннинг кўкнорини тақиқлаши ортидан 2001-2002 йилларда глобал миқёсда героин миқдори сезиларли тушиб кетди.
Шунга қарамай, ўшандан бери вазият яна ўзгарди.
Гарчи яқин яқингача ҳукумат назоратидаги ҳудудларда ҳам кўкнори етиштирилган бўлса-да, аксар ўсимлик Толибон эгаллаган ҳудудларга тўғри келган.
Масалан, жанубий Афғонистондаги Ҳелманд вилоятида 2020 йилда энг кўп кўкнор етиштирилган майдонлар айнан Толибон назорати остида бўлган.

Толибон кўкноридан қандай пул ишлайди?
Кўкнори фермалари Афғонистонда катта иш ўринлари яратади. НЖИнинг Афғонистон бўйича ўрганишига кўра, 2019 йили кўкнор йиғиштириб олиш 120 000 иш ўрни яратган.
АҚШ Давлат департаментига кўра, Толибон афюн ҳосили, уни қайта ишлаш ва сотилишидан солиқ йиғади. Экинлардан олинадиган солиқнинг 10 фоизи кўкнори фермерлари зиммасига тушади.

Сурат манбаси, Getty Images
Солиқлар, шунингдек, кўкнорини героинга айлантирадиган лабораториялар, шунингдек, ноқонуний наркотикни контрабанда қилувчилардан ҳам олинади.
Толибоннинг ноқонуний наркотик етиштиришдан оладиган улуши 100 400 миллион доллар деб тахмин қилинади.
Наркотик савдоси Толибоннинг йиллик даромадининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил қилади, дейди Афғон Қайта Қуриш ҳисоботи бўйича махсус бош инспектор генерал Жон Николсон.
Аммо айрим экспертлар бу рақамни шубҳа остига олади.
Ноқонуний наркотик савдоси бўйича тадқиқотчи Дэвид Менсфилд шундай дейди: "БМТ ва бошқалар айтаётган солиқ тизими жойларда сезилмайди, чунки у маъмурий ва иқтисодий томондан ишламайди. Афюндан олинадиган солиқ йилига кўпи билан 40 млн доллар келтириши мумкин."
Наркотиклар қаерга боради?
Афғонистонда ўстирилган кўкнордан олинган героин Европа бозорининг 95 фоизини ташкил қилади.
Шундай бўлса ҳам, АҚШ Гиёҳванд моддаларга қарши кураш агентлигига кўра, АҚШга кириб келувчи героиннинг 1 фоизигина Афғонистондан, аксар қисми эса Мексикадан келади.
2017 ва 2020 йиллар оралиғида наркотикларнинг 90 фоизи автомобил йўллари орқали ташилган.
Аммо охирги йилларда Ҳинд океани ва Европа ўртасида денгиз йўли орқали ўтаётган наркотикларнинг қўлга олиниши кўпайган.

Наркотик етиштириш ва ва уларнинг қўлга туширилиши миқдори ўзгариб турса ҳам ўтган 20 йилда Афғонистондаги кўкнор етиштиришга ҳамоҳанг тарзда бу борада ўсиш кузатилган.
Афғон Қайта Қуриш ҳисоботига кўра, наркотикларнинг қўлга туширилиши ва қамоққа олишлар кўкнори етиштиришга жуда оз таъсир қилган.
2008 йилдан бери қўлга туширилган наркотик миқдори биргина 2019 йили мамлакатда ишлаб чиқарилган наркотик миқдорига тенг, дейилади ҳисоботда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















