Толибон қўл остидаги ҳаёт: маҳраминг қани? - Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

- Author, Лиз Дюсет
- Role, Бош халқаро мухбир, Кобул
Аёл Кобулнинг шалоғи чиққан сариқ таксиси орқа ўриндиғида ўтирибди. Машина Толибоннинг қора ёзувли оқ байроғи ўрнатилган текширув нуқтасига яқинлашади.
Ҳозир Кобулда нимага рухсат бериладию, нимага йўқ?
Елкасига винтовка осиб олган саллали толиб аёлдан эрига қўнғироқ қилишни сўради. У ёнида телефони йўқлигини айтгач, толиб бошқа бир таксичига аёлни уйига олиб бориб, эри билан бирга қайтишни буюрди. Шундай қилингач, масала ҳал бўлди.
Кобул ҳамон йўллар тиқилинч бўлган шаҳар, узум ва олхўри ортилган ёғоч аравалар минғиллаб ўтиб туради, кўчаларда устига увада бўлиб кетган туника кийган болалар бир бири билан муштлашади.
Бир қарашда, шаҳар аввалгидек, аммо ундай эмас.
Ҳозир у Толибон буйруғи билан бошқариладиган шаҳар, кўчаларда толиблар кезади.
"Ўз халқинг билан муносабатда эҳтиёткор бўл. Бу халқ кўп азият чеккан. Мулойим бўл", деб даъват қилди Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид, АҚШнинг сўнгги аскари учиб кетгандан сўнг тўла қуролланган жангчилари қуршовида ўтган матбуот анжуманида.
Айрим нарсаларни гапириш шарт эмас. Толибон ўтган ой Кобулни чақмоқ тезлигида эгаллаганда афғонлар Толибон 2.0 ҳукмронлиги даврида нима қилиш кераклигини биларди. Эркаклар соқолни қиришни тўхтатди, аёллар ёрқин рангли рўмолларини қорасига алиштирди, либослари узунлигини текширди.
Қолгани номаълум, одамни асабийлаштирадиган эди.
"Умидлар барбод бўлди"
Қочиш учун "Нима қилишим керак?", деб сўрарди кўплаб афғонлар.
Марям Ражаи Кобул қулаганда нима қилишни биларди.
15 август куни Толибон жангарилари шаҳарга кириб келар экан, у Бош прокуратурада аёл прокурорлар учун узоқ кутилган семинарни ўтказаётган эди.
"Давом этишимиз керак", деди унинг талабаларидан бири у яқинлашиб келаётган хавф ҳақида огоҳлантирганда.
Аммо унинг тингловчилари кутилмаган ўзгариш билан муроса қилишга мажбур бўлди. Ўшандан бери Ражаи оиласи ва икки ёш боласи билан бир уйдан иккинчисига кўчиб юрибди.
Унинг уч ёшли қизи Нилуфар ҳозирдан муҳандис бўламан дейди. Унинг уйча қуриш учун турфа рангли елим доначалари лойдан қурилган хона бурчагида ётибди. Кеч ёз қуёши нури деразадан тушиб турибди.
Толибон етакчиларининг аёлларга "Ислом доирасида барча ҳуқуқлари" берилади, деган гапи айнан нимани англатишини ҳеч ким билмайди.
Аксар аёллар, шу жумладан, Ражаига ҳам "ишга бошқа келма" деб аниқ қилиб айтилган. Кўпчилик аллақачон бегонадек ҳис қила бошлаганлари бу шаҳарда аввалгидек яшашга имкон бермасликларидан қўрқяпти.

Сурат манбаси, Aamir Qureshi
"Таълим олиш, ишлаш, ижтимоий ҳаётда қатнашиш менинг ҳуқуқим", дейди Ражаи уюлиб ётган университет дарсликлари ёнида ўтирганча. Унинг иши гендер ва инсон ҳуқуқлари бўйича маълумотлиликни ошириш бўлимида эди.
"Бутун умидларим барбод бўлди", дейди у овози қалтираб.
Ташлаб кетишди
20 йиллик халқаро алоқалар янги ғоялар, янги ўзликлар учун муҳит яратди. Энди баъзи нарсалар мажбурийдир.
"Мавлуд зиёфатларидан ёқимли хотиралар қолган, бирга мазали таом тайёрлаганимиз, ҳаммамиз бахтли эдик", деб эслайди Ҳамид. У 13 йил давомида Британия элчилигида бош ошпаз бўлган. Оёқларимизни чалиштирганча гилам устида, унинг беш нафар фарзанди билан ўтирибмиз. Олдимизда бир даста униққан фотосуратлар, унинг яхши ишлагани учун олган сертификатлари турибди.
Элчиликда Ҳамид ва 60 нафарча ходим хусусий пудратчи орқали ишга ёлланган эди. Манбалар айтишича, Британия Ташқи ишлар вазирлиги орқали бевосита ёлланган ходимлар Толибон шаҳарга кирмасидан бурун Кобулдан учиб кетган. Шартнома асосида ишловчилар эса қолиб кетган.
"Биз қаттиқ ишладик, ҳатто Ковид карантини вақтида ҳам. Агар улар бизни олиб кетмаса, бу катта хиёнат", деб ёзғиради Ҳамид. Британия айрим бошқа Ғарб давлатлари каби учинчи мамлакатларда ёрдам бериш учун йўлини топишга ваъда берган, аммо кўпчилик учун мамлакатдан чиқиб кетиш хавфли ва оғир.
Толибон билан суҳбат
Айримлар бу шаҳардан шоша-пиша қочиб қолди. Айримлар энди ҳаракат қиляпти.
Толибон жангчилари Кобулга вилоятлардан оқиб келди. Кобул аэропорти дарвозасига яқинлашганимизда марказий Афғонистоннинг Урузгонидан бўлган гуруҳ бизни суҳбатга чорлайди.

"Йиллар давомида Кобулга кела олмадим", дейди Рафиуллоҳ, ўзининг "беҳад бахти"дан тўлқинланиб. Таълим олган кўплаб афғонлардан келажак ҳақида сўраганимизда, келажак йўқ, деб жавоб берган бўлса, Рафиуллоҳ қўлини силтайди: "Биз ҳаммамиз афғонмиз, мамлакат тинч ва фаровон келажак томон кетмоқда", дейди у.
Айрим жойларда толиблар уйма-уй юрибди. Эшикни тақиллатади, ҳукумат берган телефон ва машиналар, эски ишларида тўплаган барча нарсаларини топширишни талаб қилади. Толиблар ҳатто нопоклик қилмаса, сотиб ололмасди, деб ўйлаганлари хусусий машиналарни ҳам мусодара қилган.
Ҳазораларга мансуб аҳоли яшайдиган ғарбий Кобулдаги Дашти Барчи каби мавзеларда аҳоли уйлар текширилгани, олиб кетилган одамлар ҳақида гапирмоқда.
"Қўрқяпман", дейди шаҳар марказидаги ишига қатнайдиган бир аёл. "Биз Толибонга оилада ягона боқувчи эканимиз, ишлашимиз кераклиги ҳақида айтяпмиз", дейди у.
"Чиндан?"
Кобул марказидаги банклар олдидаги навбат кўча бўйлаб чўзилиб кетган. Кўплаб филиаллар ёпилган. Кўпида пул йўқ.
"Бир ҳафтадан бери пул олгани келаман, - дейди оломон ичидаги бир киши. - Қуруқ қайтиб кетиш учун яна келдим."
Шаҳардан олис қишлоқ жойлардан Америка учоқлари осмонни тарк этгани, уруш тўхтаганидан хурсандчилик ифодаланган изоҳлар келмоқда. Очлик ва қийинчиликда яшовчи миллионлаб афғонлар учун ҳаётларида деярли ҳеч нарса ўзгармади.
Эски тартибнинг қулаши ва янгисининг яратилиши асносида ўтаётган бу кунлар улар учун аввалгидан фарқли эмас.
"Шу тарихми? Чинданми? Кўраётганларимга ишонгим келмайди", дейди мустақил афғон журналист Аҳмад Мангли Кобул аэропорти ёнида учрашганимизда.
Одамлар қочиш учун ўзини охирги учоқларга урганда юзага келган тартибсизликдан қолган ахлат ва юклар тўлган кўчада гаплашамиз. Мангли ишни 20 йил олдин - Толибон қувилган вақтда бошлаган.

"Толибон сўзчиси медиани мувофиқлаштиришга уринмоқда, аммо ҳозир ҳар кимнинг қўлида қурол, ҳар ким ўзини қирол ҳисоблайди, - дейди у. - Бу таваккалчиликни яна қанча давом эттиришни билмайман, аммо шу тарихнинг бир қисми бўлишни истайман."
Тарихий давр бошланмоқда. Тарихий ўтмиш бузилмоқда. Оппоқ тўй либосидаги, лаблари қип-қизил келинларнинг кўчалардаги суратлари бўяб кетиляпти.
"Art Lords" ишлаган, жасур журналистлар, фидоий шифокорлар, урушдан кейин тинчлик учун курашганлар тасвирланган катта мураллар бўяб ташланди.
Биринчи ўчирилган сурат ўтган йили Толибон ва АҚШ ўртасида имзоланган битимни нишонлаш учун чизилган оқ қора рангли сурат бўлди.
Шоирлар ҳозир сўз тополмай ҳалак.
Кўплаб фронтларда кўп йиллар урушган эски дўстим Масъуд Халили айрим мисраларни жўнатибди:
"Ўтган тун Тақдир ижодкори қулоғимга шипшиди:
Қисмат китобимиз табассум ва кўзёшларга тўлди."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













