Афғонистон, Толибон: Аёллар жамиятимизнинг муҳим қисми Afg'oniston, Tolibon

Сурат манбаси, Negar family
Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан исломий гуруҳнинг хотин-қизларга нисбатан муомаласи қандай бўлиши ҳақида сўралганда, "аёллар жамиятимизнинг муҳим қисми" деб айтди.
У Толибон ҳаракатининг хотин-қизларга нисбатан сиёсати қандай бўлиши ҳақида Кобулда илк бор ташкил қилинган матбуот анжуманида гапирган эди.
Толибоннинг 1990 йиллардаги сиёсати аёллар ҳуқуқларининг топталиши сифатида тарихда қолган, шунинг учун Афғонистондаги ва хориждаги кўпчиликни исломий гуруҳнинг яна ҳокимиятга келиши хавотирга солган.
Толибон Афғонистонда қудратга келган 1990 йилларда қизларнинг таълим олиши тақиқланган эди.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзларининг эндиги бошқаруви вақтида хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари исломий шариат доирасида ҳимоя қилинади деб айтди.
Толибон 15 августда пойтахт Кобулни босиб олиши билан Панжшер водийсидан ташқари мамлакатнинг барча ҳудудларида назоратни қўлга киритди.
Ҳирот шаҳри яшовчилари Толибон қизларнинг мактабга боришларига рухсат берган, фақат ҳижобга ўраниб келиш талабини қўйганлар.
Пойтахт Кобулда Толибон шаҳар ҳокимлигининг аёл ходималари ҳам ишга чиқишлари мумкинлигини эълон қилганлар, бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган Кобул шаҳар ҳокимлиги ходималаридан бири ишхонасига борганида "исломий кийиниб келишни талаб қилишганини" айтди.
"Мен исломий кийинганман", деб айтдим деди у.
Толибон раҳбариятининг хотин-қизлар ҳуқуқларини шариат доирасида ҳимоя қилишлари ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, Афғонистоннинг кўплаб жойларида аёлларга нисбатан босимлар кучайиб бораётгани хабарлари тарқалмоқда.
Бону Нигор қотиллиги
Энг сўнгги хабарлардан бири саккиз ойлик ҳомиладор полиция ходимаси бўлган аёлнинг қийнаб ўлдирилгани хабаридир.
Қариндошлари Бону Нигор исмли аёл қотиллигининг 5 сентябр куни рўй берганини Би-би-сига хабар бердилар.
Ҳодиса Ғўр вилоятининг маркази Фирузкўҳ шаҳрида рўй берган.
Шанба куни бир неча қуролли Бону Нигор уйига бостириб кирганлар.
Унинг эри ва болаларини боғлашган ва аёлни аввал калтаклаганлар, сўнг отиб ўлдирганлар.
Бону Нигор маҳаллий полиция идорасининг қамоқхонасида ишлаган, яқинлари унинг саккиз ойлик ҳомиладор бўлганини айтишган.
Би-би-си Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан бу ҳақда сўраган.
"Биз бу ҳодисадан хабардормиз ва мен Толибон уни ўлдирмаганини тасдиқлайман. Бу бўйича бизнинг терговимиз давом этаяпти", деган Толибон сўзчиси.
Забиҳуллоҳ Мужоҳид, "Толибон олдинги маъмуриятга ишлаган одамларга аллақачон авф эълон қилган", Бону Нигор қотиллиги "шахсий адоват ёки бошқа сабаб бўлиши мумкин" дея қўшимча қилган.
Қариндошларининг сўзларига кўра, Бону Нигор уйига бостириб кирганлар ўзаро Араб тилида сўзлашганлар.
Мухбирларнинг ёзишича, 15 августда ҳокимият тепасига келганидан буён Толибон ўзини халқаро ҳамжамият кўзи олдида сабр-тоқатли исломий гуруҳ этиб кўрсатишга интилмоқда.
Бироқ Афғонистоннинг турли бурчакларида Толиблар содир этаётган шафқатсизликлар ва қатағонлар ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ўч олиш мақсадида содир этилаётган қотилликлар, Шиа Ҳазоралар каби диний озчилик вакиллари ўлдирилгани, тутқун этилгани ва таъқиб этилаётгани ҳолатларини ҳужжатлаштираяптилар.
Толибон раҳбарлари олдинги ҳууматга ишлаган одамларга қарши қатағон уюштирилмаслигини айтсалар-да, кўчадаги ҳар бир Толибнинг қўлида ўзининг қуроли бор ва ўзини хўжайин ҳис қилиши бор гап.
Университетларда алоҳида синфхоналар
5 сентябр куни Толибон олий таълим ўқув юртларидаги янги тартибни эълон қилган.
Бундан кейин эркаклар ва аёллар ажратилади.
Баъзан синф ўртасида парда тортилиши мумкин.
Толибонга кўра, эркакларга эркак ўқитувчи, аёлларга аёл ўқитувчи бўлганида "идеал бўларди".
Лекин аёл ўқитувчилар бўлмаса, қизларга характери яхши, "кекса эркак ўқитувчилар"нинг дарс беришларига рухсат этилади.
Талаба қизлар юзларини ниқоб билан тўсишлари талаб қилинади.
5 сентябр куни пойтахт Кобулда ўндан зиёд хотин-қиз Толибон томонидан ўзларининг ҳуқуқлари поймол этилаётганига норозилик билдириб намойиш ташкил этганлар.
Улар Афғонистон президенти саройи тараф юриш қилганлар.
Намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирадиган газ ва қалампир суви пуркаб тарқатилганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















