Афғонистон, Кобул ҳокимлиги аёл ходималарга: Уйда қолинг! Afg'oniston Tolibon Ayollar

Сурат манбаси, AFP
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри ҳокимлиги аёл ходималарига ишга чиқмасликни буюрди. Бу мамлакатнинг янги ҳукмдорлари бўлган Толибоннинг хотин-қизлар учун жорий этган янги чеклови бўлди.
Кобул шаҳрининг янги ҳокими Ҳамидуллоҳ Нўъмоний ҳокимлик маъмуриятида ишлаб келган аёлларни уйда қолишларига буйруқ берган, агар хотин-қизлар бажариб келган ишни эркакларга топшириш уддасидан чиқилмаса, яна ишга чақирилишлари мумкинлиги айтилган.
Оммавий ахборот воситаларининг Ҳамидуллоҳ Нўъмонийдан иқтибос келтиришларича, "Толибон ҳозрича аёлларни ишлашдан тўхтатиб туриш лозим" деган қарорга келган.
Ушбу қадам Афғонистоннинг янги қаттиққўл исломий ҳукумати жорий этган аёлларга нисбатан янги чеклови бўлди.
Ҳамидуллоҳ Нўъмоний сўзларига кўра, Кобул шаҳар ҳокимлиги жами ходимларининг сони 3000 ни ташкил қилади ва шунинг учдан бирини аёллар ташкил этган.
Айрим касбдаги ходималар ишларини давом эттиришлари мумкин, деб айтган янги Кобул ҳокими.
"Мисол учун, шаҳардаги аёллар ҳожатхоналарида ишлайдиган хотин-қизлар ишлайверишади, чунки у жойга эркаклар киролмайди. Аммо эркаклар билан алмаштириш имконияти бўлган мутахассисликдаги аёлларга биз вазият изига тушгунча уйда қолишларини сўрадик. Уларга маошлари тўланаверади", деган Ҳамидуллоҳ Нўъмоний.
Ўзларининг 1990 йиллардаги бошқаруви йилларида Толибон хотин-қизларнинг таълим олиши ва ишлашларини тақиқлаган эди.
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан ўтган ой қудратни эгаллаган Толибон аёлларнинг ҳуқуқларини "Исломий шариат доирасида ҳурмат қилишини" эълон қилган эди.
Лекин кўпчилик назарида Толибоннинг исломий қонунчилик - шариат талқини жуда қаттиқ.

Сурат манбаси, AFP
15 августда Кобул назорати билан бутун Афғонистондаги ҳокимиятни қўлга олган Толибон аёлларнинг таълим олиши ва ишлашларига рухсат беришларини айтган, бироқ ҳозирги пайтдаги хавфсизлик вазияти яхшилангунича хотин-қизларни уйда қолишга чақирган эди.
Толибон ўзининг муваққат ҳукумати таркибини эълон қилди, бу ҳукумат фақат эркаклардан иборатлиги маълум бўлди.
Бунга қарши ўз норозиликларини изҳор этиб намойишга чиққан аёллар калтаклаб тарқатилди.
Толибон Афғонистоннинг хотин-қизлар ишлари бўйича вазирлигини ёпди, бу вазирлик ўрнига диний тартиб-қоидага риоя этилишини назорат қиладиган бошқарма ташкил этилди.
18 сентябрдан Афғонистонда ўрта мактаблар ҳам очилган, фақат юқори синфлардаги ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтишларига рухсат берилган.
Толибонга кўра, алоҳида қизлар мактабларини қайта очиш устида ишлаяптилар.
19 сентябр куни кам сондаги аёллар Кобулдаги собиқ хотин-қизлар вазирлиги биноси олдида норозилик намойиши ташкил қилганлар, бошқа бир гуруҳ аёллар эса матбуот анжумани ўтказганлар.
Улар хотин-қизлар вазирлиги йўқотилишига қарши эканликларини билдиришган.
Афғонистондаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари комиссияси баёнот эълон қилган, Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан буён ўз вазифаларини адо этолмаётганликларини маълум қилган.
Комиссияга кўра, Толибон ўзларига тегишли бўлган бинолар, автомобиллар ва компютерларни тортиб олган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














