Афғонистон, Кобул халқаро аэропортидаги портлашлар: Қурбонлар сони 90 га чиқди Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Шу соатларда қурбонлар ва яраланганларга оид янги рақамлар олинди. Қўшалоқ портлаш аэропорт ташқарисида юз берганди. Унга масъулиятни ИШИД-Хуросан гуруҳи олган. Аммо сабабини очиқламаган. Толибон ҳар икки портлашни ҳам қоралаб чиққан. Ўзларидан ҳам талафотлар борлигини айтган.
Қурбонлар сони ҳозирга келиб 90 кишига етган.
Портлашларда 150 дан зиёд одамнинг яралангани айтилган.
АҚШ ва Толибон ҳам ўз талафотларига оид рақамларни очиқлашган.
Пентагон камида 13 аскарини бой берганини тасдиқлаган.
Толибон 30 га яқин аъзоси ўлганини айтган.

Сурат манбаси, Photo AFP via Getty
Ўзларининг берган талафотлари америкаликларникидан кўп эканини таъкидлаган.
Аммо, шунга қарамай, АҚШ ҳарбийларининг 31 августдан кейин Афғонистонда қолишлари шарт эмаслигини билдирган.
Ҳозир Афғонистонда қудрат толиблар қўлида.
Қўшалоқ портлаш кеча, 26 август куни маҳаллий вақт билан кечга яқин юз берган.
Ҳодиса қатор Ғарб давлатларининг террорчилик ҳужуми "муқаррар" эканига оид огоҳлигидан саноқли соатлар ўтиб кузатилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Хабарларга кўра, ҳозирга келиб, аэропортдан минглаб одамни эвакуация қилиш ишлари янада тезлашган.
Қочқинлар тушган самолётлар яна мунтазам парвозларини бошлаган.
Сўнгги икки ҳафтача вақт ичида эвакуация этилганлар сони 100 минг кишидан ортган.
Аммо кетиш учун навбатда турганларнинг сони ҳали ҳам минглаб экани айтилади.
Дунёнинг юздан ортиқ давлати эвакуация ишларига бош қўшган.
Ўзбекистоннинг ҳам бу масалада ҳамкорлик қилаётгани кўрилган.
Орада сўнгги воқеалар хусусида АҚШ Президенти Жо Байден ҳам чиқиш қилган.
Байден ҳужумчилардан қасос олмай қўймасликлари ва уларнинг ортидан тушишларини айтган.
АҚШ томони янги ҳужумлар эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.
Америка қўмондонлари ҳам аэропортга қаратилган ракета ёки машина воситасида уюштирилиши мумкин бўлган ҳужумларга ҳушёр турганликларини айтишган.
Президент Жо Байден, ҳужумларга қарамай, Кобул халқаро аэропортидан эвакуация ишлари давом этишини айтган.
АҚШ аэропорт атрофи хавфсизлигини таъминлашда Толибонга орқа қилгани учун танқидлар остида қолган.
26 август - воқеалар силсиласи

Сурат манбаси, Reuters
Янги тафсилотлар: Кобул халқаро аэропортидаги портлашлар камида 60 кишини ўлдирган. Юздан ортиғини яралаган. Би-би-си мухбирининг айтишича, аэропорт ташқарисида бир эмас, иккита портлаш юз берган. Кичик отишма ҳам кузатилган. Ўзларидан талафотлар борлигини Пентагон ҳам тасдиқлаган. Портлашлардан АҚШ президенти ҳам бохабар этилган.
Қурбонлар ва яраланганларга оид сўнгги рақамларни ҳозиргина Би-би-сига юқори мартабали тиббиёт мулозими маълум қилган.
Толибон мулозими бундан аввал ҳодисада камида 13 киши қурбон бўлганини айтиб чиққан.
У қурбонларнинг орасида аёллар ва болаларнинг ҳам борлигини таъкидлаган.
Ҳодисада ўз қўриқчилари ҳам яраланганини билдирган, аммо уларнинг сонини очиқламаган.
Ҳаракатнинг бу баёнотини шу пайтгача бошқа манбалар тасдиқламаганди.
Толибон шу соатларда юз берган мазкур қўшалоқ портлашни қоралаб чиққан.
Ҳар икки ҳодиса ҳам ўзлари эмас, АҚШ хавфсизлигига масъул сатҳда содир бўлганини таъкидлаган.
Толибон вакили Суҳайл Шаҳиннинг айтишича, ҳаракат "ўз халқининг хавфсизлиги ва ҳимоясига жиддий эътибор қаратмоқда".

Сурат манбаси, Screenshot
Сўнгги ўн кун ичида Афғонистон учун масъул айнан Толибон ҳаракати бўлади.
Ҳаракат 15 август куни пойтахт Кобулга кирган ва яна ҳокимиятни эгаллаб, қудратга қайтган.
Амалдаги Афғонистон президенти эса, четга қочиб кетган.
Ҳозиргина Пентагон ҳам портлашларда "бир нечта" ҳарбийси қурбон бўлганини тасдиқлаган, аммо уларнинг сонига яна аниқлик киритмаган.
Пентагон матбуот воизи бундан сал аввал ҳам америкаликлар ва ҳам оддий афғонлар орасида талафотлар борлигини маълум қилган, аммо бундан бошқа маълумот бермаган.
Фақат талафотлар оддий ҳужум натижаси эмаслигини айтганди.
Жон Кирби ўз твитида Barron меҳмонхонаси яқинида яна бир портлаш юз бергани ҳақида ҳам маълумот бериб ўтганди.
Британия Бош вазири шу соатларда фавқулодда йиғин ўтказмоқчи.
Би-би-сининг Кобулдаги мухбири интернетда улашилган видеоларда "жасадлар уюлиб ётгани, шу боис ҳам, қурбонлар сони янада ортиши мумкин"лигини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Tolo News эса, Кобул халқаро аэропортидаги портлашда яраланган бир қанча одамнинг маҳаллий касалхонага етказилгани ҳақида хабар берган.
Аммо улар ҳам яраланганларнинг аниқ сони ва айнан кимлар эканини ҳалича очиқламаган.
Бундан аввал ҳам Пентагон портлашда талафотлар борлигини расман тасдиқлаган, аммо бирор бир аниқ тафсилот бермаганди.
Сатҳда отишмалар юз берганига оид хабарлар ҳам бор.
Мухбиримиз Жонатан Билнинг айтишича, ҳар икки портлаш ҳам аэропортнинг британ аскарлари жойлашган ва сўнгги кунларда катта сондаги афғон қочқинлари тўпланган Abbey кириш эшигида содир бўлган.
Бундан сал аввал Туркия Мудофаа вазирлиги ҳам бир эмас, иккита портлаш юз берганини маълум қилган.
Аммо уларнинг бу баёноти ҳам ҳалича бошқа томонлар томонидан тасдиқланмаганди.
Шоҳидлардан бирининг айтишича, портлаш "жуда кучли" бўлган.
Ўша пайтда сатҳда "камида 400-500 киши"га кўзи тушган.
У қурбонлардан айримларининг хорижий аскарлар бўлганини ҳам айтган.
Франция элчиси эса, барчани зудлик билан Кобул халқаро аэропорти эшикларидан узоқлашишга чақириб чиққан.
У яна бир портлаш эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Abbey террорчилик ҳужумига оид огоҳлик ортидан Кобул халқаро аэропортининг кучли қўриқланаётган учта кириш эшигидан биттаси бўлган.
Британия Мудофаа вазирлигидаги манба ҳозирча талафотларга оид ҳеч бир маълумот йўқлигини билдирган.
Аммо аниқ бир нарса дейишга ҳали эрта эканини ҳам қўшимча қилган.
Америкалик мулозим Рейтерга портлашни худкуш ҳужумчи амалга оширганини айтган.
Аммо ҳодисага масъулиятни бирор бир гуруҳ ҳалича ўз зиммасига олмаган.
Бундан аввал таҳдид ИШИДга боғланаётганига оид тахминлар ҳам бўй кўрсатганди.
Оқ Уй портлашдан АҚШ Президенти Жо Байден бохабар этилганини расман тасдиқлаган.
Портлаш ва отишмага оид хабарларга қарамай, эвакуация жараёни давом этаётгани айтилмоқда.
Кобул халқаро аэропорти теракт хавфи остидами?

Сурат манбаси, Reuters
Бугун, кун аввалида АҚШ ва Буюк Британия бир вақтнинг ўзида огоҳлик билан чиққан.
Германиянинг ҳам уларга қўшилгани кўрилган.
Кобул халқаро аэропорти ташқарисидаги минглаб одамдан ҳудудни бўшатиб қўйишлари сўралган.
Террорчилик ҳужуми хавфи "муқаррар" экани айтилган.
Аммо таҳдиднинг кимдан, аниқ нимадан иборат экани очиқланмаганди.
Кобул халқаро аэропорти ҳануз тирбанд, минглаб одам ҳамон Афғонистонни тарк этиш илинжида.
Британия Қуролли кучлари вазири Би-би-сига таҳдиднинг "жиддий" эканини билдирганди.
Ҳозир қудратда бўлган Толибон АҚШ ва Натога аъзо давлатларнинг ўз фуқаролари, ходимлари, ҳарбийлари ва улар билан бирга ишлаган минглаб афғонларнинг эвакуацияси жараёнига тўсқинлик қилмасликларини айтган.
Улар айнан толиблар ҳокимиятни эгаллаши ортидан Афғонистонни тарк этиш ҳаракатига тушиб қолишган.

Сурат манбаси, EPA
Ҳаракат саноқли ҳафталарнинг ўзида, ҳорижий иттифоқ қўшинлари ҳозирлигида мамлакатни эгаллаган ва 15 август куни пойтахт Кобулга кириб келган.
Афғонистоннинг амалдаги президенти Ашраф Ғани ўша куниёқ мамлакатни тарк этган ва ҳозир Бирлашган Араб Амирликларида.
Толибларнинг орада Кобул халқаро аэропорти ҳимоясига ўзининг қўриқчиларини ташлагани кўрилган.
Уларнинг аэропортда тартиб-интизомни сақлашга уринишаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Сурат манбаси, Reuters
Қатор Ғарб давлатларининг нега айнан бугун бу каби огоҳлик билан чиқишгани сабаби маълум эмас, аммо таҳдиднинг ИШИД билан боғланаётганига оид тахминлар бор.
Террорчилик ҳужумига оид таҳдид эвакуация жараёни ўзининг якуний босқичига кирган бир паллага тўғри келган.
Шу пайтгача 80 мингдан ортиқ одам Афғонистондан олиб чиқиб кетилган.
Аммо кетиш учун яна ўз навбатини кутаётган 10 мингдан зиёд одам бор.
Кобул халқаро аэропортини жорий пайтда ҳам юзлаб АҚШ ва британ ҳарбийлари назорат қилиб туришибди.
31 августга қадар улар ҳам Афғонистонни тарк этишлари керак, Толибон АҚШ президенти билан келишилган якуний муҳлатни узайтиришга рози бўлмаган.
Худди шу боис ҳам, кетиш илинжидаги минглаб афғон кетолмай қолиши мумкинлигига оид хавотирлар бор.
Юз берган портлашнинг эвакуация жараёнига таъсири ҳозирча маълум эмас.
Аммо бундан аввал АҚШ ва Британия ўз фуқароларидан Кобул халқаро аэропортига келмаслик, аллақачон келишган бўлса, у ерни зудлик билан тарк этишларини сўрашган.
Россия кеча, 25 август куни Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилишга киришган.
Жами 500 дан ортиқ одамни олиб чиқиб кетиш истагида эканини билдирган.
Россия томони хабарида уларнинг орасида россияликлардан ташқари Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь ва Украина фуқаролари борликлари ҳам айтилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













