Америка генераллари: Афғонистонда 2500 ҳарбий қолдиришни маслаҳат берувдик Afg'oniston AQSh Tolibon

Генерал Марк Милли АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш қарори нотўғри бўлди деб ҳисоблайди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Генерал Марк Милли АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш қарори нотўғри бўлди деб ҳисоблайди

АҚШ ҳарбий кучларининг энг юқори икки раҳбари Президент Байденга Афғонистонда 2500 Америка ҳарбийсини қолдиришни маслаҳат берганлари ҳақида айтдилар,

28 сентябр куни АҚШ Сенати Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш масаласида тинглов ўтказди, унда генерал Марк Милли ва генерал Френк Маккензи кўрсатма бердилар.

Икки генерал баёноти АҚШ Президенти Жо Байден айтган сўзларга зид, у 19 август куни АВС канали журналистининг Афғонистонда Америка ҳарбийларини қолдириш борасидаги маслаҳат ҳақидаги саволга "бундай маслаҳатни эслай олмаслиги"ни айтганди.

2020 йил АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Доналд Трамп ва Толибон Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни кўзда тутган шартномани имзолашган, бу битимга кўра, 2021 йил 31 августи АҚШ ҳарбий кучларининг Афғонистонда қоладиган охирги куни қилиб белгиланган эди.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши Афғон ҳукуматининг қулашига, Толибоннинг 15 августда пойтахт Кобул ва демакки бутун мамлакат бўйлаб қудратни ўз назоратига олишига сабаб бўлди.

АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли АҚШ Сенатидаги савол-жавобда қатнашар экан, Афғон ҳукуматининг қулаши АҚШдагиларни ҳайрон қолдирди, деди.

Хорижий қўшинлар 32 августдан кейин Афғонистондаги қолмаслиги ҳақидаги хабар минглаб инсонларни нима қилиб бўлмасин, мамлакатдан чиқиб кетишга ундади, Кобул аэропортида бир неча кун тартибсизлик юзага келди.

Хорижий фуқаролар, ҳарбийлар ва Афғонларни олиб чиқиб кетиш амалиёти пайти Кобул аэропорти яқинида икки худкушлик портлаши содир этилди.

26 августдаги портлашлар оқибатида 13 АҚШ ҳарбийси, камида 169 афғон ҳалок бўлди.

Америкалик генераллар фикрича, Афғонистондан АҚШ қўшинларини тўла олиб чиқиб кетиш қарори нотўғри бўлди.

Икки генерал фикрича ҳам энди "Ал-Қоида" Афғонистонда ўз кучини кўпайтиради.

Кейинроқ Оқ Уй сўзчиси Жен Псакидан АҚШ генераллари ва Президент Байден гаплари бир-бирига зидлиги ҳақида сўрашди.

"Президент бирлашган штаб бошлиқлари ва ҳарбийларнинг очиқ маслаҳатларини қадрлайди. Лекин бу у доим бу маслаҳатга қўшилади, дегани эмас", дея жавоб қайтарди Жен Псаки.

Псаки хоним айтишича, августнинг охирги куни қилиб белгиланган кундан кейин ҳам қолиш АҚШ ва Толибон учун урушни англатар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek