Афғонистон: Россия ўзбекистонликларни ҳам эвакуация қилмоқчи – юзлаб одамни Афғонистондан олиб чиқмоқчи Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Кобул халқаро аэропорти

Сурат манбаси, Reuters/illyustrativ tasvir

Афғонистонда ҳозир аниқ қанча Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум эмас. Россия Мудофаа вазирлиги нега уларни ҳам эвакуация этаётгани сабабини очиқламаган. Янгилик Афғонистонда Толибон қудратга қайтишидан ўн кунча ўтиб бўй кўрсатган.

Бу ҳақда вазирликнинг билдиришномасига таяниб, Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги кеча, 24 август куни хабар берган.

Маълум бўлишича, хабардан кун ўтиб, Россия Афғонистондан 500 дан ортиқ одамни эвакуация этишни бошлаган.

Хабарда уларнинг орасида россияликлардан ташқари Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь ва Украина фуқаролари борликлари билдирилган.

Россия Афғонистондан эвакуация қилишга киришгани айтилаётганлардан аниқ қанчаси ўзбекистонликлар экани, уларнинг кимликлари ҳозирча маълум эмас, ноаён қолган.

Сўнгги янгиликка расмий Тошкентнинг муносабати ҳам ҳалича кўзга ташланмайди.

Россия томонининг мазкур хабарида Ўзбекистоннинг номи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар сирасида тилга олинган.

Бу эса, ҳатто Ўзбекистондаги айрим маҳаллий нашрларнинг эътиборини ҳам ўзига тортган.

Ўзбекистон жорий пайтда Россия шамсияси остидаги мазкур ташкилотнинг аъзоси саналмайди, орада ундан чиққан.

Айнан Афғонистондаги бугунги воқеалар Ўзбекистонни мазкур ташкилотга қайтариш учун расмий Москва қўлида навбатдаги босим воситасига айланиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, Reuters

Россиянинг ўзи эса, Мозори Шарифдаги Бош консулхонасини ўтган ой вақтинчалик ёпган.

Ўшанда дипломатлари Ўзбекистонга олиб келинган. Буни расмий Тошкент ҳам тасдиқлаган.

Аммо расмий изоҳдан аниқ қанча сондаги одамнинг, айнан қаерга, қачон ва не сабаб кўчирилгани тафсилотлари ноаён қолган.

Уларнинг қанча вақтгача Ўзбекистон ҳудудида бўлишлари масаласига ҳам ойдинлик киритилмаган.

Мазкур хабар ўшанда Толибон ҳайъатининг Москвага ташрифи чоғида берган ваъдаю кафолатлари ортидан кузатилган.

Хабар худди шуниси билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Россия ҳукуматининг таклифи билан амалга ошган бу ташриф ортидан эълон қилган расмий билдиришномасида эса, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Толибон Афғонистон ҳудудидаги чет эл консулликлари ва дипломатик ваколатхоналарининг хавфсизлигини таъминлашга кафолат бергани айтилган.

Худди шу ташрифи чоғида толибларнинг Россия ҳукуматини Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтиришгани ҳам расман маълум қилинганди.

Эвакуация

Кобул халқаро аэропорти

Сурат манбаси, AFP

Россия томони эвакуация жараёни шахсан президент Владимир Путиннинг буйруғи билан амалга оширилаётганини билдирган.

Худди шу мақсадда Россия Мудофаа вазирлиги тўртта ҳарбий-юк самолёти ажратгани, уларнинг имкон қадар тезликда Ульяновск аэродромига ташлангани маълум бўлган.

Мазкур самолётлар бортида дори-дармон, тиббий жиҳозлари ҳам бўлган ҳарбий шифокорлар гуруҳлари, сув, озиқ-овқат ва одеялоларнинг ҳам борлиги айтилган.

Аммо 500 дан ортиқ одамнинг Афғонистоннинг айнан қай бир ҳудудидан ва аниқ қаерга эвакуация этилишлари тафсилотлари Россия томони хабарида очиқланмаган.

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Аммо Толибон пойтахт Кобулни эгаллаган 15 август куни ҳам расмий Тошкент Афғонистондаги элчихонаси ва консуллиги ишлаб тургани, ходимлари ҳам ҳали эвакуация этилмаганини билдирганди.

Бугун, 25 август куни эса, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарида президент сайлови даврида сайлов участкаларини очишни режалаётганини расман маълум қилган.

Ўзбекистон президент сайлови шу йилнинг 24 октябрь кунига белгиланган.

Афғонистонда Толибон ҳалича ўзининг янги ҳукуматини эълон қилмаган.

Эвакуация устига эвакуация

Толибон жангарилари

Сурат манбаси, EPA

Афғонистонда ўтган якшанба, 15 август куни амалдаги ҳукумат қулаган.

Толибон пойтахт Кобулга кирган, бутун мамлакатни деярли тўлиғича ўз назорати остига олган.

Ҳаракат Исломий Амирлиги қулатилишидан 20 йил ўтиб, яна қудратга қайтган.

Исломий Амирлиги пайтида Афғонистонда Шариатнинг улар талқинидаги қатъий шакли амал қилган.

Толибон ўшанда хотин-қизларнинг бурқада юришларини шарт қилган, кўчага эркак ҳамроҳсиз чиқишлари, ишлаш ва таҳсил олишларини маън этган.

Тошбўрон, қўлни кесиш каби жазо чоралари амалда бўлган, мусиқа, телевизорни тақиқлаган.

Афғонистоннинг амалдаги дунёвий президенти қочган, ҳукумат ҳалича тинч йўл билан ҳеч кимга топширилмаган, толиблар аллақачон янги ҳукумат тузишга киришишган.

Толибонни мамлакатни "яшин тезлигида эгаллаши" кўпчиликни шошириб қўйган.

Бу ҳатто ҳаракат "тарихий битим"га эришган ва Афғонистонда сўнгги 20 йил ичида ҳозир бўлган АҚШнинг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган.

Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши ортидан, ўн минглаб одам Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида.

Ҳатто дунёнинг етакчи давлатлари ҳам Афғонистондан ўз дипломатлари ва фуқароларини олиб чиқиб кетишга улгуришмаган.

Кобул халқаро аэропорти

Сурат манбаси, EPA

Уларнинг хавфсиз эвакуацияси учун ҳатто АҚШ ва Буюк Британия Афғонистонга юзлаб ҳарбийсини юборган.

Аммо бу ҳам иш бермаган, Кобул халқаро аэропорти кетиш илинжида бўлган одамларга тўлиб кетган, юзага келган бошбошдоқлик эвакуация жараёнини қийинлаштирган.

У ердан дастлаб олинаётган тасвирлар эса, дунё бўйлаб кўпчиликни шокка ҳам солмай қўймаган.

Улар учаётган самолётга ёпишиб бўлса-да, Афғонистонни тарк этишга уринаркан, инсоний фалокатларга оид хабарлар олинган.

Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари Кобулдан АҚШга келиб қўнган самолётдан одам жасади қолдиқлари топилгани ҳақида ҳам ёзишган.

БМТ Афғонистонга қўшни давлатларни афғон қўшинларига ўз эшикларини очишга устма-уст чақириб чиққанди.

Афғонистонни тарк этиш илинжидаги одамлар

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон ва ҳаво йўлаги

Худди шу манзарада расмий Тошкент дунёнинг қатор давлатлари билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга киришган.

Ўзбекистон томони ўз қарори сабабини ўзларига қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавоб ва халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик билан изоҳлаган.

Ўзбекистон ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия ва Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилаётгани маълум бўлган.

Уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида охирги бир неча куннинг ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан икки мингга яқин чет эл фуқароси олиб чиқилгани расман маълум қилинган.

Аммо худди шу каби бир вазият манзарасида Ўзбекистон Афғонистондан ўз фуқароларини ҳам олиб чиқиш режасида ёки ҳаракатида эканига оид хабарлар кўрилмаган.

Россиянинг Афғонистондаги ўзбекистонликларни ҳам эвакуация қилишга киришгани худди шу ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётгани ёки йўқлиги ҳам маълум эмас, хабарларда бунга аниқлик киритилмаган.

Шу кунларда Термизда бўлиб қайтган Би-би-си Ўзбек хизмати мухбирига эса, Афғонистондан келган ўзбекистонликлар Толибон ўзбекларга яхши муомала қилаётганини айтишган.

Толибон Ҳайратонда чегара назоратини ўз қўлига олгани, Ўзбекистонга чегарадош шимолий Афғонистонда ҳозир вазият тинч эканини билдиришган.

Уларнинг сўзларидан Толибон визаси бор афғонистонликларни Ўзбекистонга ўтказишни бошлагани ҳам маълум бўлганди.

Ҳозирча Ўзбекистон илова дунёнинг ҳеч бир давлати Толибон ҳокимиятини Афғонистонда қонуний, деб расман тан олмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek