Афғонистон: Толибон афсусда ҳам, хавотирда ҳам эмас... video Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP via Getty
Толибоннинг Қатардаги сиёсий идораси воизи Би-би-сига интервью берди. Ўзлари Афғонистонда қудратга қайтишлари ортидан қилган айрим хавотирли, шов-шувли ишлари сабабини очиқлади. Янги режаларига ҳам тўхталди. Яқинда толибларнинг Афғонистонни забт этишганига 100 кун тўлади.
Ҳаракат шу йилнинг 15 август куни пойтахт Кобулни эгаллаган, 7 сентябрь куни ўзининг муваққат ҳукуматини дунёга таништирган ва Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Аммо уларнинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман қонуний, деб эътироф этилмаган.
Халқаро ҳамжамият Афғонистонни қуролли йўл билан эгаллаган тақдирда, Толибонни яккалаб қўйиш билан таҳдид қилган.
Инклюзив бўлмаса, ҳукуматини ҳам қабул қилмаслигини айтган.
Қудратда 100 кун: Толибон энди қандай ваъдалар бермоқда?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Суҳайл Шаҳин орада Ўзбекистонни Мустақиллигининг 30 йиллиги билан ҳам Толибон раҳбарияти номидан расман қутлаган, табрик мактуби юборган.
Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик санаси сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни тарк этган ва мамлакат назорати тўлиқ Толибон қўлига ўтган бир кунга тўғри келган.
Табрик мактубида ўзларига қўшни бўлган Ўзбекистон билан "самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатиш" истаги билдирилган.
Яна бир бор Толибоннинг "Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдор эканлиги" тасдиқланган.
Табрик мактуби сўнггида эса, "Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларига бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилиши" таъкидланганди.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:
Суҳайл Шаҳин билан суҳбат:

Сурат манбаси, Reuters
Афғон хотин-қизлари қачон эркин ишлаш ва таълим олиш имконига эга бўлишади - Би-би-си мухбири Ялда Ҳаким Толибоннинг Қатардаги сиёсий идораси воизи билан суҳбатини худди ана шу савол билан бошлади. Бу жорий пайтда халқаро ҳамжамиятни, кенг жамоатчиликни энг кўп хавотир ва ташвишга солаётган иккита масаладан биттаси бўлади:
Суҳайл Шаҳин: Бизда аёллар таълим олиш ва ишлаш ҳаққига эга деган сиёсат мавжуд. Демак, сиёсат бор, аммо ҳозир энди амалга тадбиқ қилинмоқда... баъзи вилоятларда бу сиёсат амалга оширилди, баъзиларида эса, жараён давом этмоқда. Хуллас, аёлларнинг ишлаши биз учун муаммо эмас.
Ялда Ҳаким: Сўнгги 66 кун давомида Афғонистон хотин-қизлари мактабга бориш ҳуқуқидан маҳрум қолганларидан афсусдамисиз?
Суҳайл Шаҳин: Йўқ. Аёллар қўллаб- қувватланади, улар бир йил йўқотмайдилар. Барча қизлар рағбарлантирилади. Кобул бирдан қулади, биз билим юртлари фаолияти, аёл ва эркак талабалар қандай ўқишлари борасида тартиб-қоидаларни ишлаб чиқмаган эдик. Ҳамма нарса билан бирваракайига юзлашдик.
Ялда Ҳаким: Шундай экан, қизлар қишки таътилдан кейин мактабга қайтишларига умид қилишлари мумкинми?
Суҳайл Шаҳин: Ҳа, ҳа.
Ялда Ҳаким: Бу борада Толибон баёноти чиқадими?
Суҳайл Шаҳин: Ҳа. Агар кузатиб бораётган бўлсангиз, бу ҳақда ўзим эълон қилдим. Бундан бир неча кун аввал худди шу хусусда Талибан Амре Бемаъруф Ва Наҳи аз Мункар вазирлиги (Ахлоқсизликка қарши ва эзгулик учун кураш вазирлиги - таҳр.) ҳам баёнот чиқарди.
Ялда Ҳаким: Аммо бу яна қанчага чўзилиши мумкин? Қишки таътилдан кейин қизлар мактабга қайтишлари эҳтимоли борми?
Суҳайл Шаҳин: Мен шуни кутиб қоламан ва умид қиламан.
Ялда Ҳаким: Ва агар бу амалга ошмаса, нима қиласиз?
Суҳайл Шаҳин: Сиёсат бу, нима учун бўлмасин?
Ялда Ҳаким: Демак, сиз бу иш амалга ошишига умидворсиз?
Суҳайл Шаҳин: Ҳа.
Ялда Ҳаким: Мамлакатдаги виртуал иқтисодий таназзулни назарда тутсак, Толибоннинг Афғонистондаги бошқаруви келажагидан хавотирдамисиз?
Суҳайл Шаҳин: Бунда халқаро ҳамжамиятнинг қўли бор, чунки улар Афғонистонда инсоний инқирозни келтириб чиқарган жазо чоралари ва бошқа ҳаракатларни амалга оширди. Менимча, халқаро ҳамжамият ва инсон ҳақлари ҳақида гапираётган, инсон ҳуқуқи бўйича ҳукм чиқараётган давлатлар Афғонистонда инсоний инқирозга етаклайдиган чораларни кўрмасликни қайта кўриб чиқишлари керак.
Ялда Ҳаким: Дунёнинг бирор бир мамлакати Толибон билан ишлаш истагида эканини билдирдими? Яъни, Сиз билан инсоний инқирозни бартараф этиш йўлида ҳаракат қилиш ва ҳукуматни тан олишни истаганлар борми?
Суҳайл Шаҳин: Барча мамлакатлар, жумладан, Европа ва ҳатто Америка ҳам биз билан ишламоқда. Хуллас, барча мамлакатлар исташмоқда буни ва биз билан алоқада, ҳа, улар биз билан ишлашни хоҳлашади. Фақат бир масала бор - улар бизни тан олишмаяпти. Бизга босим ўтказишмоқда, деб ўйлайман, аммо уларнинг босимларидан Афғонистон халқи азият чекмоқда. Сиз болаларни тилга олдингиз... тўйиб овқатланмаслик ва бошқа муаммолар... буларнинг барига сабаб ана шу давлатларнинг қилаётган амалларидир. Биз агар бирор муаммо бўлса, бу ҳақда гаплашишга тайёрмиз. Ечимга фақатгина мулоқот, ўзаро англашув ва ишонч орқали эришмоқ мумкин. Нимага жазо чоралари қўлланилади?
Ялда Ҳаким: Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мамлакат инқироз ва очарчилик, қашшоқлик томон кетаётганини урғуламоқда. Алал-оқибат нима бўлади деб ўйлайсиз?
Суҳайл Шаҳин: Агар улар мамлакат фалокат, очарчилик ва инсоний инқироз томон кетмоқда дейишаётган бўлса... бу улар айни фожеанинг олдини олиш учун амалий қадамлар қўйиши кераклигини англатади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














