100 аёл: Афғонистон ва Толибон: Малала Юсуфзай Роҳилани ташлаб қўймоқчи эмас - Толибон Afg‘oniston dunyo yangiliklar

"Афғонистондан чорасиз мактублар" - Би-би-сининг бу йилги 100 аёл лойиҳасининг бир қисми бўлади. Роҳила -илк қаҳрамонимиз. Толибоннинг тақиғи сабаб, ҳозир таълимдан мосуво қолган. У ўз тақдиридан ҳикоя қилиб, Малала Юсуфзайга мактуб ёзган. Малала Афғонистонга қўшни покистонлик. Нобель Тинчлик мукофоти совриндори. Қизларнинг таълими учун курашиб келади. Худди шу фаолияти учун Толибоннинг ҳужумига ҳам учраган. Зўрға омон қолган. Яқинда дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири - Оксфордни тугатган. У Роҳиланинг мактубини бежавоб қолдирмаган.
Алоқадор мавзулар:
"Афғонистондан чорасиз мактублар" туркумида жабрдийда афғон хотин-қизлари ўз кечмишларини дунёнинг айрим номдор аёллари билан бўлишишган.
Улар билан хайрихоҳлик мактублари алишишган.
Афғонистондаги аксарият хотин-қизларнинг тақдири эса, бир тунда ўзгарган. Толибон шу йил август ойида Афғонистонда яна қудратга қайтган. Ҳокимиятни эгаллашидан қисқа вақт ўтмай, қизларнинг ўрта мактабга чиқишларини тақиқлаган. Фақат ўғил болаларнинг таҳсилига изн берган. Аёл муаллималарни ҳам мактаблардан четлатган. Толибон муваққат ҳукумати қизларнинг таълим олишлари эҳтимолини назардан соқит этмаган. Аммо бунинг аниқ қачон амалга ошишини ҳалича очиқламаган.
17 ёшли Роҳила худди шу боис, тўрт ойдирки, мактабга чиқа олмайди.
У ҳалиям Афғонистонда, Малалага мактубини ҳам худди ўша ердан туриб ёзган.
Хавфсизлигини ўйлаб, қаҳрамонимизнинг асл исми ўзгартирилган.


'Уйда қамалиб қолдим'
Қадрли Малала,
Ҳар тонг мактабга кеч қолаяпман деб, шоша-пиша уйғонаман. Шунда бирданига мактабим ёпиқлиги эсимга тушади. Яна дарров қайғуга ботаман. Мактабим уйимиздан бир неча чақирим узоқликда жойлашган. Мен, акаларим ва опаларим ҳар тонг мактабга рикшада борардик. Ҳозир ҳам ўша рикшалар қатнайди. Аммо мактабга бораётганларнинг ҳаммаси ўғил болалар. Мен эса, уйда қамалиб қолдим.
Янгиликларни ҳар кун кузатаман. Биз турган жойдаги мактаблар очилиб қолармикан, деб қизиқаман. Дугоналарим ва ўқитувчиларим билан тезроқ чақ-чақлашгим келади. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки, ҳеч ким мактабимизнинг қачон очилишини билмайди. Ҳатто ўрта мактабларнинг нега ёпилганидан ҳам бехабар. Фақатгина хотин-қиз бўлганимиз учун энг оддий ҳуқуқимиздан маҳрум этилганимиз учун жуда қайғудаман.
Яна мени муаллималаримизнинг тақдири ўйлантиради. Чунки улар оилаларининг ягона боқувчиси бўлишган. Маошларини эса, ойлаб олишолмайди. Дугоналаримни роса соғинганман. Чунки ижтимоий тармоқларда ҳам мулоқот қилолмаймиз. Негаки кўпчилигининг интернетга имконияти йўқ. Ҳозир инглиз тилини онлайн ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Аммо ўқитувчисиз жуда қийин экан.
Мактаб лабораториясида тажрибалар қилганимизни соғинаман. Яна ўзим маза қилган нотиқлик бўйича беллашувларда қатнашгим келади. Бир гал мактабимиз номидан қатнашиб, унда ютиб ҳам чиққанман.
Мен ҳар доим ўзим ёқтирган фанларни пухта эгаллашга интилганман. Болалагимизда дадам ҳам ўргансин деб, инглиз тилидаги рангли китобчалар олиб келарди. Телевизорда илмий кўрсатувларни томоша қилишга ундарди. Шунинг учун ҳам инглиз тилини ўрганиш ва аниқ фанларга қизиқишим кучли.
Келажакда ҳам шу йўналишдан кетмоқчиман. Яхши мутахассис бўлиш ниятим бор. Четда ўқиш учун грант ютиб олиш, таълим ва тажриба орттириб, Афғонистонга қайтишни орзу қиламан.
Аммо Афғонистон ҳозир дунёдан узиб қўйилган. Бу эса, менинг бутун умидларимни чиппакка чиқарган.
Мен дунё ва халқаро ҳамжамият бизни унутиб қўймаслиги, шунча чеккан заҳматимиз бир тийин бўлиб қолишига йўл қўймаслиги, биз учун туриб беришига умид қилиб қоламан.
Энг яхши тилаклар билан,
Роҳила.


Сурат манбаси, Getty Images
Малала Юсуфзай Нобель Тинчлик мукофотининг энг ёш соҳибаси бўлади. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам Тинчлик элчиси саналади. 11 ёшидан бошлаб хотин-қизларнинг таълим олишлари йўлида курашиб келган. Нотижорат Малала Жамғармасининг ҳамасосчиси. Бу жамғарма ҳам дунёда хотин-қизларнинг ўрни, мавқеини кучайтиришни мақсад қилган.
'Сени ёддан чиқармасликларига ваъда қиламан'
Қадрли Роҳила,
Сен ёлғиз эмассан. Энг аввало шуни билишингни истардим.
Ўзимнинг уйимга ҳам қуроллиларнинг бостириб келиб, қизлар мактабларини қандай ёпиб ташлашгани ҳануз ёдимда. Эртангги кунингдан бехабарлик, энди ҳеч қачон мактабга қайта олмасам керак, деган қўрқув менга ҳам яхши таниш.
Толибон пойтахт Кобулни забт этган август ойида мен касалхонада эдим. Юзимга теккан ўқ оқибатларини ўнглаш учун сўнгги тўққиз йил ичида олтинчи бор жарроҳлик столига ётишга ҳозирлик кўраётгандим. Аммо янгиликларни кузатиб турдим. Афғон хотин-қизлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, кўчаларга чиқишганини кўрдим. Тарих қандай қайталанаётганини кўриб, юрагим роса ачишди. Агар ҳамма қизлар мактабга чиқишга имконли бўлишса, аёллар ҳар бир соҳада етакчи мавқеъларни эгаллай олишади. Ҳаққимизни бериб қўймаймиз. Дунёнинг яхшироқ бўлишига ҳисса қўша оламиз. Ўқиган хотин-қизларнинг сони кўпайса, вакцина яратиш ёки глобал иқлим ўзгаришига ечим топиш масалалари ҳам тезлашади. Мен хотин-қизларнинг худди шу даражага етишларига гувоҳ бўлишни истайман.
Қизларнинг таълими ва тенглик учун курашар эканман, ҳар куни сени - илм-фанга бўлган муҳаббатинг, худди меникига ўхшаб, ўқиб, ўрганишингни қанчалар истаган отангни ёдга оламан. Сенинг кечмишингни бошқалар билан улашиш ва жим турмасликка ваъда бераман.
Сен фақат ўзингга бўлган ишончни йўқотма. Овозингнинг кучига ишон. Сен ҳамма нарсани уддалайсан.
Малала Юсуфзай.

Жоржина Пирс, Лара Оуэн, Кавун Хамуш ва Зуҳал Аҳад продюсерлигида тайёрланган.
Валерии Перассо томонидан таҳрир қилинган.
Жилла Дастмалчи ва Жой Роксас иллюстрацияси.
Би-би-сининг 100 аёл лойиҳаси ҳар йили дунё бўйлаб энг таниқли, илғор ва илдам 100 аёлни танлаб олади. Уларнинг муваффақият сирлари ва қилаётган илҳомбахш ишларини бошқалар билан ўртоқлашади.


BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












