Блинкен Киевда, Россия фонд бозорида қулаш Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен

Сурат манбаси, REUTERS/ALEX BRANDON/POOL

Россия Украинага ҳужум қилади деган асабийлик ортгани манзарасида АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен Киевга етиб борди. Россиянинг АҚШ ва НАТО билан музокаралари бесамар якунлангани ортидан Россия фонд биржасида акциялар кескин тушиб кетмоқда.

АҚШ давлат котибининг Киевда Украина Президенти Владимир Зеленский билан, сўнг Берлинга бориб Европадаги иттифоқдошлари билан, 21 январь куни эса Женевада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувлари режалаштирилган.

18 январь куни АҚШ расмийлари "Россия Украинага ҳар дақиқада ҳужум қилиши мумкин" деган баёнот билан чиқдилар.

Россия Украина чегарасида 100 минг кишилик қўшинни жамлаган, Беларусь билан Россия қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмоқчи эканини эълон қилдилар.

Россия Украинага бостириб кириш ниятида эмаслигини айтиб келади.

Аммо Россиянинг Ғарб олдига қўйган талаблари қабул қилиб бўлинмас деб кўрилмоқда.

Россия Украина НАТОга аъзо бўлиб кирмаслиги керак, НАТОни Шарққа кенгайтирмаслик керак, НАТОнинг Польша ҳудудидагига ўхшаш мудофаа тизимини кучайтириш фаолияти чекланиши керак, деган талабларни илгари сурган.

Бундан олдин Пентагон Россия Украинага бостириб кириш учун "ёлғон байроқ" операциясини тайёрлаяпти, деган баёнот билан чиқди.

Бунда гўё Россия махсус тайёрлаган қуроллилар Украина ҳарбийлари кийимида Россия қўшинларига ҳужум қилади, буни баҳона қилиб Россия Украинага ҳужумини бошлайди.

Россия томони бу хабарни "мутлақо дезинформация" деб рад этди.

18 январь куни Германиянинг янги ташқи ишлар вазири Анналена Баербок Москвада музокаралар ўтказган, у "ҳар қандай ҳарбий эскалация учун Россия режими катта ҳақ - иқтисодий, сиёсий ва стратегик тўлашига тўғри келади" деб огоҳлантиргани хабар қилинди.

18 январь куни Россия фонд биржасида кузатилган акциялар қадрсизланиши охирги йиллардаги энг йирик қулаш деб баҳоланди.

Бундай ҳолат 2014 йили Россия Қримни аннексия қилганидан кейин ва 2020 йил мартида коронавирус пандемияси боис кузатилган.

Бунга Россия компаниялари акцияларини сотиб олганлар ваҳимада ўзларининг қўлларида бўлган акциялардан тезроқ қутулиш мақсадида сотишни бошлаганлари сабаб бўлган.

Мосбиржа индекси 8 фоиздан ҳам зиёд қадрини йўқотган.

"Газпром" акцияларининг қадрсизланиши 7,3 фоиз, Сбербанкники 10,3 фоиз, "Роснефт"ники 9,8 фоиз арзонлаган.

Аксар экспертлар Россия фонд бозоридаги қулаш ортида геополитика турибди, деб ишонадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek