Путин Украинанинг бошига “тўппонча тираб турибди”ми? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Британия Бош вазири ва Украина президенти

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Борис Жонсон кеча, 1 февраль куни Киевда берган қўшма матбуот анжумани чоғида Путин "Украинанинг бошига тўппонча тираб турганлиги"ни айтди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Британия Бош вазири Украинага борди. Киевда президент Зеленский билан юзма-юз мулоқот қилди. Қўшма матбуот анжумани берди. "Аниқ ва жуда реал" таҳдиднинг борлигини айтди. Энди Путинга ҳам сим қоқишини билдирди.

Россия келаси ой Украинага ҳужум қиладими? Байден огоҳлантирди

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Қўшма матбуот анжумани

Борис Жонсон кеча, 1 февраль куни Киевда берган қўшма матбуот анжумани чоғида Путин "Украинанинг бошига тўппонча тираб турганлиги"ни айтди.

Россия президентини "сўнгги ўн йилликларда қўлга киритилган улкан ютуқларни чиппакка чиқариш ва Европанинг хавфсизлик харитасини қайта чизиш"га уринаётганликда айблади.

Британия Бош вазири "ҳозир ҳал қилувчи палла экани ва шу боис ҳам, Украина билан бирдам бўлишлари муҳим" эканини урғулади.

Унинг айтишича, "вақт жуда тиғиз ва бу масала ҳозирнинг ўзидаёқ ҳал қилиниши лозим".

Борис Жонсон, ўз ўрнида, чегарасини мустаҳкамлаш учун яқинда Украинага танкка қарши қурол-яроғ юборганликларини эслатди.

Мамлакати ва яна бошқа давлатлар Россияга қарши санкциялар ҳамда бошқа жазо чоралари устида ишлашаётганини тилга олди.

Британия Бош вазирининг баён қилишича, улар "Россия Украина тупроғига қадам қўйиши биланоқ кучга киради".

Унинг сўзларига кўра, "бу - Россияга душманлик ифодаси эмас".

"Бу - ўзларининг ҳар доим эркинлик, демократия ва тажовуз қаршисида Украина суверенитети тарафдори эканликларининг намойишидир".

Борис Жонсоннинг айтишича, Россия жамоатчилиги агар босқин бўлса, украиналиклар "қақшатқич ва қонли қаршилик кўрсатишларини билиб қўйишлари керак".

Даъват ва огоҳлантириш

Британия Бош вазири ва Украина президенти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2020 йил октябрида Буюк Британия ва Украина ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланган. Мазкур битим ўзаро алоқаларнинг жадаллик билан ривожланишига туртки берган

Британия Бош вазири Россияни "ортга чекиниш" ва "дипломатияга қайтиш"га чақирди.

Борис Жонсон чегарада тўпланиб турган 100 мингдан ортиқ Россия ҳарбийси "Украинага қарши ўзлари ҳаётлари давомида гувоҳ бўлиб турган энг катта душманликнинг ифодаси" эканини ҳам айтди.

Британия Бош вазирининг таъкидлашича, Россия яна Украинага бостириб кирса, "бу сиёсий, инсоний, Россия ва дунё учун ҳарбий ҳалокат ҳам бўлади".

Борис Жонсон билан Киевдаги қўшма матбуот анжуманида гапирган Украина президенти эса, ўзлари "ютиб чиқишлари"ни айтди.

Сўз музокаралар ҳақида кетганда, Володимир Зеленский "ёш болалар" эмасликларини таъкидлади.

Украина президенти ҳозир саҳна ортида музокаралар кечаётгани, "осон бўлмаётгани", аммо "ҳеч кимнинг бундан шикоятда эмас"лигини ҳам қўшимча қилди.

Унинг баён қилишича, ўзларининг "қўллари баланд келади".

Икковлоннинг Киевдаги қўшма матубот анжуманида қилган айни мазмундаги баёнотларига расмий Москванинг муносабати ҳозирча имконли эмас.

Глобал сиёсий саҳнада Британия Америка Қўшма Штатларининг энг яқин иттифоқчиси сифатида кўриб келинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek