Толибон Ўзбекистоннинг баёнотини беэътибор қолдирмади, қадрлашини айтди Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва Толибон сиёсий идораси раҳбарининг учрашуви

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан. Ҳаракат ҳам расмий Тошкентнинг баёнотини беэътибор қолдирмаган. Кечанинг ўзидаёқ хуш қаршиловчи муносабатини билдирган.

Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукумат тузиш қарорини Афғонистонда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши, мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолишига умид билдирган.

Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини баён қилганди.

Расмий Тошкентнинг айни мазмундаги баёнотига Толибон номидан Доҳадаги музокарачилар гуруҳининг аъзоси, ҳаракатнинг ўта жангари қуролли қаноти - "Ҳаққоний" жангари тармоғининг етакчиларидан бири Анас Ҳаққоний муносабат билдирган.

У кеча, 8 сентябрь куни твит қилиб, "Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги муваққат ҳукумати борасидаги ижобий қадамини қадрлашлари"ни билдирган.

"Афғонистоннинг қўшнилари, минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳурмат, умумий манфаатлар, ҳамкорлик ва дипломатия меъёрларига асосланган самимий муносабатлар исташи"ни айтган.

Расмий Тошкент ҳам худди шу куни Афғонистон бўйича видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган халқаро учрашув чоғида Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш тарафдори эканини яна бир бор расман баён қилган.

Анас Ҳаққонийнинг акаси, "Ҳаққоний" тармоғининг лидери Сирожиддин Ҳаққоний Афғонистоннинг янги муваққат Ички ишлар вазири бўлади.

Толиблар ҳукумати

Шерик, дўст ва биродар

Забиуҳллоҳ Мужоҳид

Сурат манбаси, Reuters

Толибон ҳаракати яқинда эски Исломий Амирлиги номидан Ўзбекистонни Мустақиллик санасининг 30 йиллиги билан устма-уст табриклаган.

Ҳам Қатардаги сиёсий идораси ва ҳам Афғонистондаги воизи расмий Тошкентга ўз раҳбариятлари номидан табрикномалар йўллашган.

Доимийси бўладими ёки муваққати, ҳали ўз ҳукуматларини расман эълон қилмаган бир мавқеъларида Ўзбекистонни шерик, ҳукумати ва халқини дўст ҳамда биродар, деб аташган.

Ўзларига қўшни бўлган Ўзбекистон билан "самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатиш" истагини билдиришган.

Сўнгги йилларда расмий Тошкентга берган ваъдаларини ҳам такрорлашган.

Яна бир бор "Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдор эканликлари"ни тасдиқлашган.

"Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларига бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилиши"ни таъкидлашганди.

Қўшнилар

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уста давлатидан биттаси бўлади.

Толибон 15 август куни пойтахт Кобулни эгаллаган ва яна Афғонистон назоратини ўз қўлига олган.

Қудратга қайтиши ортидан очиқ, инклюзив, аммо исломий ҳукумат тузиш режасида эканликларини баён қилган.

Афғонистондаги бошқа сиёсий ва жиҳодий кучлар вакиллари билан музокаралар олиб бораётганини ҳам айтган.

Айнан Анас Ҳаққонийнинг орада ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш мақсадида тузилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари - Афғонистон собиқ президенти Ҳомид Карзай ва Афғонистон Миллий ярашув Олий кенгашининг раиси доктор Абдулла Абдулла билан учрашгани ҳам кўрилган.

Томонларнинг халқаро ҳамжамият тан олиши мумкин бўлган имкон қадар инклюзив ҳукумат тузиш масаласини муҳокама этишгани хабар берилган.

Аммо бу мулоқотларнинг қандай якун топгани тафсилотлари ноаён қолган.

Толибон, муваққат ҳукумат ва ташқи сиёсат

Афғонистоннинг янги муваққат Бош вазири

Сурат манбаси, Alamy

7 сентябрь куни Толибон жамоатчиликка ўзининг муваққат ҳукумати ва Вазирлар Маҳкамасини расман таништирган.

Муваққат Бош вазир ва муваққат ҳукумат қолган аъзолари барчасининг толиблар ўзларидан иборат экани кўрилган.

БМТ "қора рўйхати"да бўлган, АҚШ Федерал Қидирув Бюроси излаётган ва оммавий қотилликлардан айбланган айрим етакчиларни ҳам янги ҳукумати таркибига киритган.

Ҳаракат Афғонистоннинг яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Толибоннинг Олий қўмондони, Олий диний, сиёсий ва ҳарбий раҳбари Мавлавий Ҳибатуллоҳ Охундзоданики экани айтилган баёнотда муваққат ҳукумат Шариат қонунига амалга қилишга ундалган.

Толибон воизи муваққат ҳукумат тузиш қарорларини Афғонистондаги бўҳроний вазият билан изоҳлаган.

Аммо айнан муваққати Толибоннинг доимий ҳукумат тузиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳо топган.

Акс-садолар

Музокарачи томонлар

Сурат манбаси, official/arxiv

Расмий Тошкент жанубий қўшнисидаги воқеаларнинг сўнгги икки ой ичидаги ривожини беэътибор қолдирмаган.

Устма-уст расмий баёнотлар билан чиққан, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқ қолишларини билдирган.

Орада "ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлашлари"ни ҳам баён қилганди.

Толибоннинг муваққат ҳукумати ҳалича расман қасамёд келтирмаган.

Ҳаракатнинг вақтинчалик ҳукуматини олқишлаб, қўллаб ёки у билан мулоқот қилавериш истагидаги давлатларнинг ҳозирча бармоқ билан санарли эканини кўриш мумкин бўлган.

Толибоннинг муваққат ҳукумат тузиш қарори ораларидаги зиддиятга барҳам бериб, барча афғонларни бирлашишга ундаган, акс ҳолда халқаро ҳамжамият ўзларини тан олмаслиги билан огоҳлантирган бир манзарада ўртага чиққан.

Толибон Афғонистонни куч билан эгаллагани боис, йирик донорлар мамлакатга бериб келаётган катта миқдордаги ёрдамларини тўхтатишга киришишган.

Афғонистон иқтисодининг қанчалик абгор экани эса, Толибон уни энди қандай бошқара олишига оид савол ва хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Толибларнинг орада дунё давлатларини Афғонистонга сармоя киритишга чақириб чиқишгани ҳам кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон борасида қилган сўнгги чиқишларидан бирида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг "тинчлигига қандайдир таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Афғонистон масаласига ўзининг бугун очиқлаган сайловолди дастурида ҳам тўхталиб ўтган.

"Қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлларидан келган ҳеч бир ёрдамни аямасликлари"ни билдирган.

Худди шу қурултой чоғида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Шавкат Мирзиёевни ўзларидан президентликка номзод этиб расман тасдиқлаган.

Президент Мирзиёев, ўз навбатида, дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этаётганини таъкидлаган.

Келгусида ҳам мамлакат мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ ва манзилли ишлар давом эттирилишини билдирган.

Замонавий коммуникация воситалари ва техник иншоотлар воситасида Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги янада мустаҳкамланишини таъкидлаган.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek