Россия ва ўзбеклар: Қази бизнеси фойдалими? Самарқанд нонлариники-чи? Видео O'zbekiston мигрантлар

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Москва, Россия
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия ва ўзбеклар: Қази бизнеси фойдалими? Самарқанд нонлариники-чи? - Қийин, аммо ҳамма нарсани иложини қилса бўларкан, демоқда биз Россияда суҳбатлашган асли ўзбекистонлик тадбиркор.

Икромжон Россияда бу ишлар билан шуғулланишни танлашидан яна бир мақсади борлигини билдирди.

Унинг бизга айтишича, "Одамлар ўзбек деса кўча супурувчини кўз олдига келтирмасин. Ўзбеклар деса, уларнинг қандай ажойиб егуликлари бор дейишсин":

Кириш ўрнида

Москва дўконларида ўзбек тилида «Ҳалол луқма» ёрлиқли қазилар сотилмоқда. Биз унинг ишлаб чиқарувчисини топиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.

Москва вилоятининг Шелково туманидаги уй-цехда бўлиб, самарқандлик тадбиркор Икромжон Бердиев билан танишдик.

У ўзининг муҳожирлик тарихи ва тадбиркорлик фаолияти ҳақида гапириб берди.

Ишчи, киракашлик ва тадбиркорлик

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

- Россияга 2008 йилда кўплар қатори ишлаб бир-икки сўм орттириш, рўзғор, бола-чақа боқиш учун муҳожирликка келганман. Аввал ўзим келгандим, кейин мақсад узоқроқ вақт ишлаш бўлгани учун кейин оиламни ҳам олиб келдим. Биринчи келиб бир фирмада ишлаб, озроқ пул тўплаганман. Ишлаган пулимни ҳаммасини уйга жўнатмаганман-да, рўзғорга ярашасини юбориб, қолганини жамлаб, ўша пайтда «Нексия» машинасини сотиб олганман. Сўнг фирмадан ишдан чиқиб, шу машинада киракашлик қилдим, - ҳикоя қилади Икромжон.

Ургутлик муҳожир 4 йил таксичилик билан бирга колбаса ишлаб чиқариш фирмасида ишлагани, рўзғордан орттириб, пул жамғарганини айтади. Гўшт маҳсулотларини қадоқлаш жараёнларини ўша ерда ўрганган.

- Оддий ишчидан иш бошқарувчиликкача бўлган босқичдан ўтдим. 20 тача ходим ишларди. Аста-секин ўз ишимни бошлашни ўйлай бошладим. Икки-уч ғоядан бирида тўхтаб, ҳаракатга тушдик ва нон ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, - дейди тадбиркор.

Новвойхонадан бошланди

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Аввалига тандир қурилган, унда Самарқанд нони, Тожикистоннинг кулчаси ва қатламалар каби беш-олти хил нонлар тайёрланган. Новвойхона нонлари аввалига шаҳарнинг турли дўкон ва бозорларига тарқатилиб сотилган. Савдоси яхши бўлиб, Икромжон ишини кенгайтиришга киришади.

Москва вилояти Шелково туманидан 4 сотих ер сотиб олади. У ерга 2 қаватли бино қуриб, 1-чи қаватини ишлаб чиқариш цехи, 2-қаватида эса ўзлари учун уй қилади.

- «Қарасам, икки жойда чарчаб қоларканман. Соғлигимга ҳам зўриқиш бўлди. Шундан сўнг бошқа ишларни ташлаб, тўлиқ ишлаб чиқариш соҳасига киришдим. Маҳсулотларни турини кўпайтириш ҳақида обдон ўйлаб, қази тайёрлашни бошлашга қарор қилдик».

Гўштлар Пензадан келтирилади

Ikromjon

Сурат манбаси, videograb

- Москва шароитида қази тайёрлаш қийин эмасми? Отни бу ерда сўйишни иложи бўлмаса керак?, - сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Қийин, аммо ҳамма нарсани иложини қилса бўларкан. Отни ўзимиз сўймаймиз, асосан гўшти Пензадан келтирилади. У ерда татарлар яшашади, улар ҳам мусулмон - отларни ҳалол қилиб сўйишади. Биз борамиз, ёки улар келади, шундай қилиб гўшт узилмайди, - дейди тадбиркор.

Шу пайтда Икромжон ўғли Абдулазизга қази олиб келишини айтди. Бироздан сўнг бир лаган тўғралган қази келтириб, дастурхонга қўйилди. Татиб кўрдик: мазаси Тошкент қазисидан асло қолишмайди.

Қазининг Москва шароитида тайёрланиши жараёни билан қизиқдик. Икромжон бизни корхона иши билан таништирадиган бўлди.

От эмас, той гўшти ишлатилади

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Қази тайёрлаш корхонаси замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Улкан сақлаш ва қуритиш техникаларидан ташқари, битта хона тўлиқ совуткичли экан.

- Бизнинг бойлигимиз шу ерда, дея ҳазил билан хона эшигини очди Икромжон. - Бу хонада ҳарорат -28 даража совуқ, шамоллаб қолмай деб киришга ҳам қўрқаман.

Совуткич-хонадаги илгичларда қаторасига катта, бутун танали гўштлар осиқлик турибди. Икромжон от гўштларининг сифати ва санитария талабларига жавоб бериши ҳақида гапирди. Аммо бу хонада чиндан узоқ туриб бўлмади, совуқлигидан тезгина чиқишимизга тўғри келди.

- Бу ерда эса қази учун тўғраб қўйилган гўштлар, - дея темир идишларни қопқоғини очиб, гўштларни кўрсатди у . - От гўшти дейилади, аммо от эмас, тойларнинг гўштларини ишлатамиз.

«Ҳалол луқма» бренди

Rossiya

Сурат манбаси, videograb

Корхонанинг бир томонига терилган совуткичлардан тайёр қазиларни ҳам олди. Бир хил миқдорда ва кўринишда вакуумли плёнка билан қадоқланган қазиларга «Ҳалол луқма» ёрлиғи ёпиштирилган.

Тадбиркордан бу ўзбекча номнинг танланиши ҳақида сўрадик.

- Биз ҳозир бошловчи тадбиркормиз. Бир кун келиб бу таниқли брендга айланишини мақсад қилдик. Мак-Дональс, КФС лар ҳам бирданига танилмаган, - ниятларини айтди Икромжон.

Ҳозирда Москва шаҳри ва вилоятининг кўплаб дўконларида «Ҳалол луқма» ёрлиғи ёпиштирилган нон ва гўшт маҳсулотларини кўриш мумкин. Маҳаллий аҳолида ҳам ўзбек нонларию гўштларига талаб катта.

- Баъзи руслар қазини нима бу, деб сўрашади. От гўшти десак, «отни ҳам сўядими» деб ачинишади. Исломда ҳалол, сўйиш, гўштини ейиш мумкин, деймиз. Асосий харидорларимиз россиялик мусулмонлар бўлса керак, - дейди Икромжон.

Уй, корхона ва ишчилар ётоғи

Ҳовлининг бир томонида уй, иккинчи томонида корхона, ҳар иккисининг ҳам 1-қавати ишлаб чиқаришга мўлжаллаб жиҳозланган. Бир томондаги уйнинг 2-қаватида Икромжон оиласи билан яшаса, иккинчи томондаги уйнинг 2-қавати ўз ишчиларига ётоқхона қилиб берилган. 10 дан ортиқ мигрантлар шу ернинг ўзида яшаб ишлашади. Уларга яшаш учун зарур ҳамма шароитлар яратилган.

Корхонани айланамиз. Маълум бўлишича, бу ерда фақат қази эмас, нону қатламалар ҳам тайёрланаркан. Нонвойхонада ҳам иш қизғин. Икромжон кунига ўнлаб қоп нонлар ёпиш, дўконларга тарқатиш жараёнлари ҳақида гапириб берди.

- Нон маҳсулотларини тайёрлашдаги деярли барча жараёнлар қўлда бажарилади. Нонлар тандирда, қатлама эса юмшоқ чиқиши учун духовкада ёпилади. Шу ернинг ўзида қадоқланиб, ёрлиқ ёпиштирилади. Кейин машиналарда дўконлар ва бозорларга тарқатилади, - дейди у.

Ўзбек фақат кўча супурувчи эмас

Ikromjon

Сурат манбаси, videograb

Кун давомида ургутлик тадбиркорнинг фаолияти билан танишдик, оиласи ва ишчилар билан суҳбатлашдик. Улар камерага гапиришдан тортинишди.

Икромжоннинг ўзи эса Россияда бу ишлар билан шуғулланишни танлашидан яна бир мақсади борлигини билдирди.

- Одамлар ўзбек деса кўча супурувчини кўз олдига келтирмасин. Ўзбеклар деса, уларнинг қандай ажойиб егуликлари бор дейишсин, - дейди Икромжон.

40 ёшли самарқандлик Икромжон Бердиев Россияга келишидан олдин мустақил равишда рус тилини ўрганини айтиб, унинг муваффақияти ҳозирда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари учун туртки бўлиши мумкинлигини билдирди.

- Ўзим олий маълумотли эмасман, аммо Тошкент давлат маданият техникуми Оммавий байрамлар ташкилотчиси факультетини тугатганман. Шу кичик ўқиш ҳам ҳаётимда асқотди. Ҳаётда барибир ўқиш керак экан, ўқимишлилик ҳамиша сизнинг мавқеингизни кўтаришга хизмат киларкан, - муҳожирларга маслаҳат берди тадбиркор.

Шунингдек, ўзбекларнинг ишбилармонлиги икки давлат учун ҳам фойдали бўлишини Россияда ўзбекларни ҳунарманд, тадбиркор халқ деб танишини исташини айтади.

- Бу ердаги технологияларни Ўзбекистонга олиб бориш керак, шундай ниятларимиз ҳам бор. Ўзбекистондан эса қази сингари Россияда камёб бўлган егуликларимизни келтириш керак (бу ерда тайёрлашни йўлга қўйиш орқали). Шунда ҳар икки томонга ҳам фойдали бўлади, - дейди Икромжон Бердиев.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek