Россия: Носвой учун жарима ошади – 150 минг рублгача чиқади O'zbekiston, мигрантлар

Россия: Носвой учун жарима ошади - 150 минг рублгача чиқади. Жарима вояга етмаганларга носвой сотганларни кўзда тутади. Носвой сўнгги йилларда Россиянинг деярли барча минтақаларига кириб борган. Ёшлар орасида қўлланилиши авж олган. Россияга асосан Марказий осиёликлар билан кириб борган.
Россия 2013 йилда Россияда носвойнинг улгуржи ва чакана савдосини расман тақиқлашгача борган.
Энди эса, Россия Давлат думаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишларни маъқуллаган.
Бунинг ортидан, носвой савдоси учун ҳам жарима миқдори бир неча маротабага ошиши англашилган.
Хабарларга кўра, оддий одамлар учун энди энг кўп жарима миқдори 15-20 минг рублгача боради.
Юридик шахсларнинг эса, 100 мингдан 150 минг рублгача жарима тўлашларига тўғри келади.
Носвой Россиядаги юз минглаб Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари энг кўп истеъмол қилувчи тамаки маҳсулоти бўлади.
Россияга ҳам дастлаб айнан уларнинг эҳтиёжини қондириш учун олиб келингани айтилади.
Талабга қараб, сўнгги йилларда носвойнинг нархи ҳам ошиб бораётгани, килоси 1000 рублгача пулланганига оид хабарлар ҳам олинган.
Маҳаллий ёшлар ўртасида ҳам оммалашиб бораркан, Россия думаси бундан аввал ҳам носвой масаласига эътибор қаратган.
Дума носвойни гиёҳванд моддалар қаторига қўшишни таклиф қилган.
Таклиф матбуот ва ижтимоий тармоқларда кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.
Носвой билан боғлиқ вазият маҳаллий ҳукумат раҳбарларининг ҳам ташвишларига сабаб бўлган.
Алал-оқибат Россия носвойнинг улгуржи ва чакана савдосини тақиқлаган.
Носвой савдоси билан шуғулланганлар учун жарима белгиланган.
Носвой ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, Getty Images
Носвой чекилмайдиган тамаки тури бўлиб, Марказий Осиёда кенг тарқалган.
У аксар Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб эркин сотилади.
Аммо 2008 йилда Туркманистон носвойни расман маън этган биринчи минтақа давлатига айланган.
Орадан етти йил ўтиб, Қозоғистон ҳам бу ишга қўл урган, носвойни тақиқлаган.
Масъуллар ўшанда бунинг сабабини нос таркибида заҳарли маҳсулотлар кўплиги билан изоҳлашган.
Носвой савдоси билан шуғулланганларга $50 АҚШ доллари миқдорида жарима белгиланган.
Бу ишни такрор содир этган тақдирда эса, икки баробар кўп жарима тўлаш кўзда тутилган.
Аммо, тақиқ ортидан ҳам, Қозоғистон шаҳар ва туманларида исталган миқдорда нос сотиб олиш мумкинлиги кўрилган.
Нархи ҳам кескин ошмаганига оид хабарлар олинган.
Бундан учун йил бурун эса, Божхона Иттифоқи ҳам шунга ўхшаш тақиққа қўл урган.
Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудига носвой олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сақлашни маън қилган.
Бу каби ишга қўл урган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилишлари айтилган.
Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар бўлишади.
Ўшанда Ўзбекистондаги нашрлар мамлакат божхона қўмитаси бу ҳақда хорижга чиқаётган фуқароларни огоҳлантирганига ҳақида ҳам ёзган.
Орада Ўзбекистон аэропортларида ҳам нос чекиш тақиқланган.
Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














