Бугун Россия қандай таҳдид солади? Янги ҳисобот

Сурат манбаси, Wiktor Szymanowicz / Getty Images
Қарийб бир ярим йил олдин тугалланган "Россия Ҳисоботи" очиқланишини Британия жамоатчилиги узоқ кутди.
Ҳужжат Россия соладиган хавф-хатар тафсилотларини келтиради.
Британия Парламентининг Разведка ва Хавфсизлик Қўмитаси энди бу ҳужжатни энди ошкор этди.
Унда Россиянинг Буюк Британияга соладиган хавфи ва кўрилган қарши чоралар ҳақида сўз кетади.
Ўтган йилги сайловга Россия аралашгани ҳақида айбловлар янграган, аммо Кремль буни рад этганди.
Ҳисобот, асосан, жосуслик маълумотлари ва мустақил таҳлилчилар берган маълумотларга асосланган.
Унда Британия ва унинг иттифоқчиларига қарши Россия олиб борган шпионаж ҳамда қўпорувчилик ҳаракатлари ҳақида сўз боради.
Жосуслик ва қотиллик
Ҳисоботда нафақат анъанавий жосуслик ёки кибершпионаж ҳақида сўз кетади.
Унда Россия чет эллардаги ўз душманлари ортидан тушишга ва ҳатто ўлдиришгача боришга қанчалик иштиёқманд эканлиги ҳам таъкидланади.
Масалан, 2018 йили Сергей Скрипалнинг заҳарланиши.
Бу ҳодиса Британия ва Европадаги Москва изини кўрсатувчи ҳолатлардан бири, холос.
Ҳисобот Россия яна Британиядаги сиёсий жараёнларга аралашгани эҳтимолига ҳам эътибор қаратади.
Россия жосуслик агентликлари амаллари 2016 йилги АҚШ президентлик сайловида ўрин тутгани айтилади.
Шу боис Британияда кўпчиликни бир савол ўйлантиради:
2014 йилги Шотландия мустақиллиги референдуми ва 2016 йилги Брексит референдумида ҳам Кремлнинг қўли бўлганми?
Ўтган ҳафта Британия ҳукумати Россия ўйинчилари 2019 йилги сайловга аралашишга уринишганига ишонишларини айтишганди.
Бироқ бу пайтга келиб, Россия бўйича ҳисобот аллақачон тайёр бўлганди.

Сурат манбаси, Reuters
Британия Россия нишонида
Ошкор этилган ҳужжатга биноан, Россия учун Британия ҳам Ғарбдаги асосий нишонлардан биридир.
"Бизга келадиган ҳавф-хатар бевосита Россияга қўшни давлатлар каби эмасдир, бироқ гувоҳларимизга кўра, биз рўйхатда АҚШ ва НАТОдан кейин турамиз" - дейилади Британия ҳисоботида.
Бунинг сабаби эса Лондон ва Вашингтон ўртасидаги яқин алоқалар билан изоҳланган.
Хабарларга кўра, Кремль вакиллари ҳисоботдаги айбловларни рад этишган.
"Россия ҳеч қачон дунёдаги ҳеч бир давлатнинг сайлов жараёнларига аралашмаган: на АҚШнинг, на Буюк Британиянинг, на бошқа бирон давлатнинг. Биз бундай йўл тутмаймиз ва бошқа давлатлар ҳам бизнинг сиёсий ишларимизга аралашишига тоқат қилмаймиз" - деган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. (Интерфакс иқтибоси).
Британия заифлиги ва Россия кучи

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳисобот Британия ҳукумати Россия таҳдидларига қарши етарлича жавоб қайтарганми, деган саволга ҳам жавоб излайди.
Ҳали 2006 йили Александр Литвиненконинг ўлдирилишига нисбатан заиф жавоб берилишини кўплаб кузатувчилар жиддий хато, деб билишади.
Нега Британия қатъий жавоб қайтармаган?
Кўрсатма берган кузатувчиларга кўра, бунга сабаб - Россия таъсири ва пуллари кучи.
Москва таъсири Британия жамиятининг муайян қатламларига сингиб кетган.
Ҳуқуқшунослар, банкирлар, молиячилар ва яна кўплаб бошқа касбдагилар Британияга оқиб келган Россия пуллари ортидан бойишган.
Хусусан, мамлакатнинг молиявий юраги бўлмиш Лондон Ситида бу яққол кўринади.
Шу асно Россияга қарши кескин чораларга ёки жазо қўллашга доим қарши чиқадиган таъсирли гуруҳ пайдо бўлган.
Агар ҳисобот Россиядан келиб тушган сиёсий хайрия ё тушумларга эътибор қаратса, бунинг зиддиятли экани кўринади.
Ҳисобот Владимир Путинга яқин бир нечта россиялик корчалонлар Британия сиёсий ҳаётига муаваффақиятли интергация бўлгани ҳақида эслатади.
Ҳали ўтган декабрда сизиб чиққан маълумотларга кўра, Британияда иқтидорда бўлган консерваторларга бир нечта россиялик ишбилармонлар донорлик қилгани ҳисоботга киритилиши кутилганди.
Аммо ҳисоботда ҳеч қандай исм келтирилмаган.

Сурат манбаси, Reuters
Айрим фикрларга кўра, айнан сиёсий хайриялар масаласи сабабли Даунинг Стрит айнан Россияга оид ҳисоботнинг ўтган декабрдаги сайловдан олдин чоп этилишига йўл қўймаган.
Нима бўлганда ҳам, Россия таҳдидларидан сўз юритувчи ҳисобот билан энди жамоатчилик таниша олади.
Лекин ҳамма тафсилотлар билан эмас.
Ҳисоботнинг айрим қисмлари ёки цензура қилинади, ёки таҳрир этилади.
Шу қаторда, фақат расмийлар ўқишига мўлжалланган бошқа таснифдаги нусхаси ҳам бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














