Ўзбекистон, Россия ва ўзбеклар: Россия ҳаддидан ошган мигрантларга “ўрни”ни кўрсатиб қўядими? - O'zbekiston

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россияда турли байрамларда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб ҳилпиратиш, байроқлар билан безатилган узун-қатор машиналар карвонида сигнал чалиб кўча кезиш каби одатлар кейинги йилларда ўзбекистонлик муҳожирлар орасида оммалашиб бораяпти. Аммо бу Россияга мослашишини истаган россияликларга маъқул келмаяпти.

Санкт-Петербургда Ўзбекистон байроғини кўтариб янги йил нишонлаган 14 нафар муҳожирнинг ватанига депортация қилиниши ортидан Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур мавзуга ҳуқуқшунос билан таҳлил қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ватанпарварлик кимнинг ғашини келтирди?

Одамларнинг Ватанни севиши ҳам феълига кўра, кимдир ичда сақлашни маъқул кўрса, кимдир ҳаммага кўрсатишни яхши кўради. Санкт-Петербургдаги бир гуруҳ муҳожирлар Янги йил кечаси ватанпарварликларини оммага намойиш қилгилари келган кўринади. Улар байрам тантаналари ўтказилаётган майдонга бориб, ўйин-кулгу қилишган. Кейин эса бир-бирларини елкаларига чиқиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, ҳилпиратишган. Бу воқеа телефонларга тасвирга олиниб, интернетга жойланган ва тезда тарқалган ҳам.

Бир қарашда ҳеч бунинг ёмон томони йўқ: Ватанини соғинган муҳожирлар Янги йилни ўзлари истагандек нишонлашган.

Россия ҳукумати муҳожирларнинг адаптацияси, яъни бу жойга мослашишини исташини билдиради ва бу борада қатор дастурлар ишлаб чиққан. Аммо Россияга мослашиб, ўзини эркин ҳис қилган мигрантларнинг ҳаракати эса уларга ёқмади: Уларнинг ҳудудида меҳнат муҳожирлари ўз ватанлари байроғини кўтариши Россия ҳукуматидаги айримларнинг ғашини келтирди. Ва бу ватанпарварларни топишга қарор қилишди.

Санкт-Петербург ИИБ ходимлари томонидан тасвирга олинган ва интернетда тарқалган видеоларни синчиклаб кўриб чиқиб, тасвирдаги ўнлаб муҳожирларни излаб топди. Идорага келтирилиб, уларнинг ҳужжатлари текширилди. Бу 14 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирларнинг ҳужжатларида камчилик топишди. Ва уларнинг иши маъмурий қоидабузарликлар бўйича кўриб чиқилиб, депортацияга ҳукм қилинди.

"Муҳожирлар пул ҳам сочишган"

Хориж фуқароларига ўз ватанпарварлигини бу кўринишда намойиш қилиш қонунга зидми?

- Йўқ, байроқ кўтариб ҳилпиратиш қонунга зид эмас. Шу жумладан, видеода йигитлар бир-бирларининг устига чиқишганини кўрсак бўлади. Ўйинга тушишган, хурсандчилик қийқириқлари бор. Буларни ҳеч бири қонунга хилоф эмас, - дейди асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева.

Юристга кўра, муҳожирларнинг Янги йил кечасидаги айрим ҳаракатларининг Россия қонун-қоидаларига тўғри келмайдиган ҳолатлар ҳам бор.

- Шу бир минутлик видеода ягона ҳуқуқбузарлик сифатида таҳлил қилиниши мумкин бўлган нарса - қоғоз сочишгани. Адашмасам, бу пул эди. Лекин аниқ билмаганимиз учун қоғоз деб ҳисобга олсак ҳам, қоғозни бу тарзда сочиш ахлатни нотўғри утилизация қилиш, деса бўлади. Россия маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 8.1 ва 8.2 моддаларига кўра ахлатни нотўғри равишда утилизация қилиш ҳуқубузарлик ҳисобланади ва бу учун жисмоний шахс 1000 ёки 2000 рубллик жаримага тортилади, - дейди Омониллаева.

Депорт бўлганлар судлашишлари мумкин

Ҳуқуқ фаоли муҳожирлар ўзларига қўйилган айбларни рад қилишлари мумкинлигини билдирди:

"Масалан, ёлғон маълумот тақдим этилганликни инкор қилишса, бемалол ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Россиядаги мақомларини сақлаб қолишлари мумкин".

Аммо бу вазиятда Россия полицияси пухталик билан йўл тутди: муҳожирларни айнан байроқ кўтариб байрам қилгани учун эмас, уларни топиб маҳкамага келтирди, ҳужжатларини текширди ва уларда камчилик топиб, депортацияга йўллади.

Петербург полициясининг бу хатти-ҳаракати қанчалик асосли?

- Россиянинг "Полиция ҳақидаги қонун"ига кўра, унинг асосий вазифаларидан бири жамоатчилик тартибини сақлаш ҳисобланади. Жиноий ёки маъмурий ҳуқуқбузарликни ўрганиш вақтида видео тасвирлардан фойдалана олади. Питердаги байроқ билан боғлиқ ҳодисада фақатгина шу ахлат ташлашдек маъмурий ҳуқуқбузарлик бор. Шу ҳуқуқбузарликни баҳона қилиб, видеотасвирлар орқали муҳожир йигитларни излашган бўлиши мумкин. Ортидан мана йигитлар топилди, шахси ўрганилганда яна бир қатор миграция қоидаларини бузиш ҳоллари аниқланди деб, Россиядан чиқариб юборилиш чоралари кўрилган бўлиши мумкин, - дейди юрист.

"Аммо аслини олиб қараганда, албатта ҳеч бир шахсни аниқ сабабсиз жиноят ва қонунбузарликда гумон қилиш мумкин эмас. Бу Россия Конституциясида ҳам, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам қайд этилган. Видеотасвирларни сабабсиз олиш ҳам мумкин эмас".

"Маҳаллий аҳолига ёқмайди"

Бу ҳолат россиялик ОАВ ходимларининг ҳам эътиборини тортди ва ИИВ шаҳар бошқармасини чет эл байроғини ҳилпиратишни тақиқловчи қонун-қоидалар бўйича саволга тутди. ИИВ бундай қоидалар йўқлиги ва хориж байроғини намойишкорона силкитиш тақиқланманлигини маълум қилди. Аммо Россия полицияси матбуотга муҳожирларнинг бу каби ҳаракатлари россияликларга ёқмаслигини "қоғозга ўраб" тушунтирган.

- Ишонамизки, муҳожирларнинг бундай хатти-ҳаракатлари маҳаллий аҳолининг Санкт-Петербург полициясидан мантиқий жавоб кутишларига сабаб бўлади, - дейилади ИИБнинг матбуотга билдирган муносабатида.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур воқеага Ўзбекистон томони ҳам эътибор қаратди. Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида консуллик-ҳуқуқий департаменти "ҳодисанинг барча тафсилотларига аниқлик киритмоқда" эканини маълум қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан "улар бўлган мамлакатнинг қонун ва қоидаларини диққат билан ўрганишни ва уларга қатъий амал қилишларини" сўради.

Бу воқеани нимани кўрсатди?

Бу ҳолат - Россиядаги демократия ва толерантликнинг даражасини фош қилувчи кичик бир кўринишдир. Бундан ташқари, муҳожирларнинг Россияда эркин ҳаракат қилишлари билан боғлиқ айрим вазиятлар ҳам кўтарилди.

14 муҳожир ўз ватанларига ҳайдалгани билан хорижда ватанпарварлик намойиши тўхтайдими? Бундай дейиш қийин. Сабаби, кейинги йилларда Россиянинг турли ҳудудларида байрам кунларида байроқ кўтариб тасвирга олишлардан ташқари, Ўзбекистоннинг Мустақиллик кунида байроқлар билан безатилган машиналар карвони марказий кўчаларда сигнал чалганича кезиши ҳоллари ҳам кузатилаяпти.

Бу каби ватанпарварлик кўринишларининг қайсилари Россия қонунларига тўғри келадию қайсиси ҳилоф? Бу ҳақда ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева тўлиқ изоҳ берди:

- Мустақиллик кунидаги юришларни қонуний амалга ошириш учун шаҳар мэриясига бўладиган оммавий тадбир ҳақида билдиришнома юбориш, рухсат олинганидан кейин оммавий тадбир билдиришномада белгиланган мавзудан четлашмаслиги керак. Акс ҳолда, жавобгарлик бор, - тушунтиради Омониллаева.

Муҳожир байрам қилмасинми?

Ҳуқуқшунос муҳожирлар оммавий тадбирларни ўтказишда қонун-қоидаларни ўрганиб, риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишларини маслаҳат беради.

-Оммавий тадбир ҳеч кимга, ҳеч кимнинг мулкига ва атрофдаги жамоатчилик тартибига зид бўлмаслиги керак. Оммавий тадбирни қонуний равишда ўтказиш жудаям қийин ва нюанслар жудаям кўп. Шунинг учун Мустақиллик кунидаги оммавий тадбирларда иштирок этадиганлар ташкилотчилардан тадбирнинг қонуний ўтказилаётгани ҳақидаги расмий ҳужжатларни сўрашлари керак. Кортежлар бўлса, Россия йўл ҳаракати қоидаларида катта чекловлар билан амалга оширилиши мумкин. Кортеж йўл ҳаракатига халақит бермаслиги керак, машинадан бошни, қўлни чиқариб съёмка қилиш мумкин эмас, бир полосадан чиқиш, сигнал чалиш мумкин эмас ва ҳ.к. Хуллас, бундай тадбирларни қонуний чекловлари кўп, - дейди юрист Зарнигор Омониллаева.

Айни пайтда Россияда расмий рақамларда 2,5 миллиондан зиёд ўзбекистонликлар меҳнат қилаётгани айтилади. Кузатувчилар норасмийси икки баробар кўп бўлиши мумкинлигини билдирадилар. Йилига 4 млрд доллар атрофида пул юбориб, Ўзбекистоннинг иқтисодга салмоқли ҳисса қўшишаётган ўзбекистонликлар Россияда энг ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишлардаги меҳнат муҳожирлари бўлиб қолишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek